muslim.uz

muslim.uz

“Жумадан жумагача” рукни орқали muslim.uz сайтида эълон қилинган энг муҳим хабарларнинг қисқача шарҳи билан танишиш мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Андижон вилоятининг Пахтаобод тумани “Маданият” қишлоғида жойлашган “Отақўзи” масжиди 1907-1914 йилларда маҳаллий бой Долимҳожи ўғли Отақўзи ҳожи маблағига қурилган. Ўз вақтида бу масжид мадраса вазифасини ҳам ўтаган. Унинг лойиҳаси наманганлик меъмор, уста мулла Қирғиз ва пайтуғлик уста Мамажонлар томонидан ишлаб чиқилган ва бунёд этилган. Лойиҳада қурилиш жойи ва бинонинг зилзилага чидамлилигига алоҳида эьтибор қаратилган. Бинонинг асоси 1.5 метр чуқурликда, эни 70см қилиб қўйилган.

Мадраса учун ишлатиладиган ғиштлар адир тупроғидан тайёрланган. Тупроқ текисланиб, шўри бир неча маротаба сув билан  ювилган, сўнг лойга от билан ишлов берилиб, ғишт ҳумдонларда пиширилган. Тайёр бўлган ғиштлар от араваларда бино қурилаётган жойга етказилган. Ғишт деворларни кўтаришда усталарга халқ ҳашар йўли билан ёрдам берган.

Мадрасанинг ёғоч ишларини уста Мамажон охирига етказган.

Намоз ўқиладиган 18х8 метр ўлчамдаги катта хонанинг шифт қисми уч қисмга сарроф билан бўлиниб, тўсин ташлаб вассажуфт терилган. Катта хонага ўн олти қиррали чўққиси қубба шаклидаги муқарнас устунлар ўрнатилган. Хона шифтининг марказига катта ҳовузак усулида ишлов берилиб, нақшлар билан безатилган. Мадрасанинг гул солинган нақш шифтлари алоҳида бадиий қимматга эга.

Наққошлик ишларида уста Асадуллоҳ ўз маҳоратини намоён қилган. Бинонинг асосий ғарб томонидаги катта дарвозанинг чап томонидаги тўртинчи минорага унинг қурилган йили, ҳижрий 1333 сана деб ёзилган. Бу милодий 1914 йилга тўғри келади. Мадраса биноси қурилиши нечанчи йилларда бошланганлиги ҳақида ёзма маьлумотлар учрамайди.

Аньанавий шарқ услубида қурилган бинонинг умумий кўлами, тархи, тузилиши ҳам ўзига хос бўлиб, ғарб томонда пештоқ гумбазли асосий кириш дарвозаси, жануб ва шимол томонларида ҳам дарвозалар мавжуд. Айвон икки қаватли қилиб қурилган. У ерда тўртта хона бўлиб, биринчи қаватда иккита катта хона бири ибодат, иккинчиси талабалар сабоқ олишга мўлжалланган. Бундан ташқари, у ерда 21 та ҳужра ҳам бўлиб, бу хоналарда талабалар яшаган.

Мадраса тўртбурчак шаклда қурилган. Бинонинг жануб томондаги асосий энг катта, баландлиги 16.5 метрлик минорасида азон чақирилган. Катта хонақоҳ гумбазининг энг юқори қисмида “зулматдан ёруғлик сари”, деган маънога ишора қилиб ой ва юлдуз тасвири чизилган.

Мадраса қурилиши тугагандан сўнг 1914 йилда Отақўзи ҳожи водийнинг чор атрофидан илмли кишиларни мударрислик қилиш учун мадрасага таклиф этган. Бу жойда ўқиш иштиёқидаги талабалар  ҳам кўп бўлган. 1919 йилгача исломий билимлар ўқитилган.

Фахрий тарих фани ўқитувчиси, Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси, ҳозирда 89 ёшли устоз Муҳаммадюсуф Мирзажоновнинг маълумот беришича, мадрасага тамал тоши 1907 йили қўйилган. Мадраса қурилиши узоқ йилларга чўзилиб кетишига сабаб ҳожи ота кўп маблағларини оч-ночор инсонларнинг қорнини тўйғазишга, уларни кийим-кечак билан таъминлашга сарф қилган. Бу маълумотларни Отақўзи ҳожи ўғли Абдуғаффор ота (1905-1996) ҳам ҳаётлик даврида тасдиқлаган.

Таасссуфки, ўтган асрнинг қатағон йилларидаги таҳқирлардан бу маскан ҳам бебаҳра қолмаган. 1937 йилларда мадрасадаги катта дарсхонаси бузилиб материаллари бошқа мақсадларда ишлатилган.

Собиқ шўро даврида мазкур мадраса клуб ҳамда турли хилдаги минерал  ўғитлар сақланадиган омборхонага айлантирилди. Ҳаттоки қўй, эчки, товуқ, чўчқа боқиладиган молхона вазифасини ҳам бажарган. Мадраса деворларининг минерал ўғитлардан зарарланиб, шўрлангани бунинг исботидир.

1970 йилда мадраса Андижон вилоятининг биринчи раҳбари Б.Рахимов мадрасани таъмирлаб музейга айлантириш тўғрисида қарор чиқарган. 1973 йилда обида туман халқ таълими бўлими ихтиёрига берилган ва музей ташкил этилган.

1989 йилдан масжид сифатида фойдаланиш учун халқ ихтиёрига қайтарилди. Долимҳожи ўғли Отақўзи ҳожи номидаги жоме масжид ҳозирги кунда халқимизнинг диний, эътиқодий эҳтиёжларини таъминлаш учун хизмат қилмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар билан ишлаш бўлими

Суббота, 07 Январь 2023 00:00

Гуноҳларга каффорат амал

Динимизда ўзаро низолашиб қолган инсонлар ўртасини ислоҳ қилиш савобли амаллардан саналади. Бу борада Аллоҳ таоло: “Албатта, мўминлар ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз”, дея марҳамат қилган (Ҳужурот сураси, 10-оят).

Абу Дардо розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллалло­ҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга (нафл) рўза, намоз, садақа даражасидан афзал ишнинг хабарини берайми?” дедилар. Саҳобалар: “Ҳа, ё Расулаллоҳ!” дейишди. Шунда у зот: «Ке­ли­шолмай қолганларнинг орасини ислоҳ қи­­лиш. Чунки келишмовчиликнинг фасоди “қирувчидир” (худди сартарош сочни қириб олганидек)», дедилар (Имом Баззор ривояти).

Инсонлар ўртасини ислоҳ қилиш шу даражада муҳимлигини қарангки, бу иш банда­чиликда қилган баъзи гуноҳларимизга каф­форат бўлар экан.

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким инсонлар ўртасини ислоҳ қилса, Аллоҳ унинг ишини ислоҳ қилади ва улар учун айтган ҳар бир сўзига бир қул озод қилганлик савобини беради, у улар олдидан гуноҳлари кечирилган ҳолатда қайтади”, дедилар (Имом Асбаҳоний ривояти).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса бундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуёш балқиган ҳар бир кунда икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этиш садақадир. Бир кишининг уловига минишига ёрдам бериш ва юкини уловига юклаб бериш садақадир. Бир кишига табассум билан яхши сўз айтиш садақадир. Намоз сари босган ҳар бир қадам баробарида садақа бор ва одамларга азият берадиган нарсаларни йўлдан олиб қўйиш садақадир”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Инсонларнинг ўзаро аҳил-иноқ яшашлари жамият фаровонлигининг асосидир. Шу боис ўзаро келишмовчилик, адоват, гина-кудурат сабабли хафалашиб юрган кишилар орасини ислоҳ қилиш динимиз амри эканини, бу хайрли амал нафл ибодатлардан афзал эканини асло унутмаслик лозим.

Аллоҳ таоло халқимизнинг ўзаро аҳил-иноқ, меҳр-оқибатли бўлиб яшашларини бардавом қилсин!

Обиджон ИСМОИЛОВ,

Сариосиё тумани “Имом Низомиддин Сангардакий”
жоме масжиди имом
-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 11-сонидан олинди

Бугун, 7 январь куни Саудия Арабистони Макка Амири, Икки муқаддас масжид ходими маслаҳатчиси Шаҳзода Холид ал-Файсал ташаббуси билан ташкил этилаётган Ҳаж ва умра хизматлари халқаро кўргазмаси ва анжуманида иштирок этиш учун Ўзбекистон делегацияси Жидда шаҳрига жўнаб кетди.

Ушбу делегация таркибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва бир қатор соҳа мутахассислари жалб этилган.

2023 йилнинг 9-12 январь кунлари анжуман доирасида хорижий делегацияларга ҳаж сафарини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар ҳамда зиёратчиларга сифатли хизмат кўрсатиш борасидаги янгича ёндашувлар ва инновацион лойиҳалар тақдимот қилинади.

Сафар давомида Ҳаж ва умра вазирлиги раҳбарияти билан мулоқотлар ўтказиш, меҳмонхона, транспорт, Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш ҳамда бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш кабилар режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Суббота, 07 Январь 2023 00:00

Экстремизм – жамият учун зарар

Экстремизм - жамият учун анъанавий бўлган диний қадриятлар ва ақидаларни рад этиш, уларга зид бўлган ғояларни алдов ва зўрлик билан тарғиб қилишга асосланган назария ва амалиётни англатади.

 

Экстремизм ва терроризм бир-бири билан боғлиқ бўлган ягона жараённинг бирин-кетин ривожланадиган босқичларидир.

 

Экстремизм келиб чиқишининг биринчи ва асосийси сабаби мутаассиб фикр ва қарашларнинг пайдо бўлишидир. Мутаассиблик муайян ғояларнинг тўғри эканига қаттиқ ишониш, уларга муккасидан кетиш, “ўзгалар” ва “ўзгача” қараш ва ғояларга муросасиз муносабатда бўлиш, бошқа фирқа ва мазҳабларни бутунлай рад этган ҳолда, уларни тан олмасликда намоён бўлади. Мутаассиблик барча даврларда турли дин ва йўналишлар орасида кескин низо ва тўқнашувлар келиб чиқишига сабаб бўлган.

 

Айни пайтда, дунёвий ва диний билимларнинг саёзлиги, соф диний тушунчаларнинг асл мазмунини билмаслик ҳам экстремистик ғояларнинг тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.

 

Юқорида қайд этилганидек, экстремистик ташкилотларнинг аксарияти ўз номини муқаддас ислом дини билан боғлашга уринади. Улар ўзларини “нажот топган гуруҳ”, қолган мусулмонларни эса кофир деб ҳисоблайдилар.

 

“Ислом” сўзининг луғавий маъноларидан бири “тинчлик” бўлиб, у ҳеч қачон бузғунчиликка, қотилликка ундамаган ва ундамайди ҳам. Замонавий террорчилар эса бузғунчилик ва қотиллик, одамларни даҳшатга солишни ўзларининг маслакларига айлантириб олганлар.

 

Қуръони каримда бегуноҳ одамларнинг жонига қасд қилиш қораланади. Жумладан, “Нисо” сурасининг 93-оятида бундай марҳамат қилинади: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай”. 

 

Ҳадисларда ҳам бу борада кўплаб хабарлар келган. Жумладан, Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолонинг наздида бир мусулмон кишининг ноҳақ қатл этилишидан кўра, ёруғ дунёнинг барбод бўлиб кетиши енгилроқдир”, дедилар”.

 

Уйчи туман бош имом-хатиби

Олимхон Исаков

Мақолалар

Top