muslim.uz

muslim.uz

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда умра зиёратини адо этиб келган аёлни кутиб олишда унинг қадами остига шолчалар, кийимлар тўшалгани, ёш болани зиёратчининг оёғи остига бостирилиши акс этган видеолавҳа кўпчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлди.

Ҳақиқатда умра ибодатига бориб келаётган айрим зиёратчилар ва уларнинг яқинлари билган ёки билмаган ҳолда риёкорликка йўл қўйиши кузатилмоқда. Баъзи ҳолларда умра сафаридан келганларни дабдаба-ю асъаса ила кутиб олиш, кўча бошидан паёндозлар солиш ҳолати кўпаймоқда. Бу кабилар динимизга мутлақо зид бўлиб, ундай ишларни қилаётганлар ўта жоҳил ва нодон кишилардир. Эҳтимол, бу ишлари билан улар ўзларининг Аллоҳнинг байтига бўлган эҳтиромларини ёки уни тавоф қилиб келган кишига нисбатан ҳурматларини ифодаламоқчидирлар. Лекин, ибодатга ҳурмат-эҳтиром бу тарзда намоён қилинмайди. Аксинча, бу риёкорлик ва оғир гуноҳ.

Аслида, динимизда ибодатни одамларнинг кўзидан яширишга, кўз-кўз қилмасликка буюрилади. Риёкорлик – одамлар кўриши учун бир ишни қилиш. Чунки ундан Аллоҳнинг розилиги эмас, балки бандаларнинг кўриши назарда тутилган бўлади. Мусулмон киши ҳар бир ишни қилишда Аллоҳ таолонинг розилигини қасд қилиши лозим. Агарда киши бир амалга “одамлар мени кўриб қўйсин”, деган қасд билан киришса, шу амали бекорга кетиб, устига-устак гуноҳкор ҳам бўлади.

Имом Шамсуддин Заҳабий “Ал-Кабоир” номли китобида: “Риёкорлар Қиёмат кунида тўртта ном билан чақирилади: “Эй риёкор!”, “Эй хиёнаткор!”, “Эй фожир!”, “Эй зиёнкор!”. Ким учун амал қилган бўлсанг, ўшандан ажр-мукофотингни ол. Бизнинг ҳузуримизда сен учун ажр йўқ”, дейилади”, деб баён этилган.

Шундай экан, дабдабали маросимлар учун қиладиган сарф-харажатларни тежаб, ён-атрофимиздаги муҳтож кишиларга берсак, фарзандларимизнинг талим олиши йўлида сарфласак, ибодат қабул бўлиши учун бир васила бўлар эди, инша Аллоҳ.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази

2023 йил 5 январь куни Тошкент шаҳри Юнусобод тумани “Минор” жоме масжидининг янги имом-хатиби намозхонларга таништирилди. Ушбу маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Жалолиддин домла Ҳамроқулов Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасини бажарувчиси Абдуқаҳҳор домла Юнусовга “Минор” жоме масжиди имом-хатиби вазифаси ҳам юклатилганини маълум қилди.

Жалолиддин домла Ҳамроқулов шаҳар бош имом-хатиби вазифаси катта масъулият ва юксак шараф эканини изоҳлаш баробарида Абдуқаҳҳор домлага келгуси фаолиятларида куч-ғайрат ва улкан муваффақиятлар тилади.

Масжид жамоаси томонидан янги имом-хатиб илиқ кутиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ҳозирги кунда сохта салафийликка мансуб деб ҳисобланадиган юздан ортиқ ташкилот фаолият олиб бормоқда. Улар қаторида «ат-Тавҳид вал-жиҳад» («Яккахудолик ва жиҳод», Фаластин), «Ат-талиъа ал-муқатила» («Жангчи авангард», Сурия), «Фатҳ ал-ислам» («Ислом фатҳи», Ливан), «Жайш ал-Қудс ал-исламий» («Муқаддас ислом армияси», Иордания), «Ҳаракат аш-шабаб ал-мужаҳидин» («Мужоҳид ёшлар ҳаракати», Сомали), «Жайш Аби Бакр ас-Сиддиқ ас-салафий» («Абу Бакр Сиддиқ салафий армияси», Ироқ), «Ҳумаат ад-даъва ас-салафия» («Салафий даъват ҳимоячилари», Жазоир), «ал-Жиҳадия ас-салафия» («Салафийлик жиҳоди», Марокаш), «Толибон» («Талабалар», Афғонистон), «Туркистон ислом ҳаракати» («ТИҲ», собиқ «Ўзбекистон ислом ҳаракати»), «Иттиҳад ал-жиҳад ал-исламий» («Ислом жиҳоди уюшмаси», «ТИҲ» таркибидан ажралиб чиққан гуруҳ), «Жамаат Ансаруллоҳ» («Ансоруллоҳ жамоати», Тожикистон), «Жундул хилофа» («Халифалик лашкарлари», Қозоғистон), «Жайшул-Маҳдий» («Маҳдий армияси», Қирғизистон) ва бошқа бир қатор ташкилотларни санаб ўтиш мумкин.


Қандай шаклда чиқмасин ва қандай ғоя остида ҳаракат қилмасин сохта салафийликнинг бузғунчи моҳияти ўзгармай қолмоқда. Буни унинг ислом асослари бузилишига олиб борадиган:
– Қуръон оятларини сўзма-сўз талқин қилиш, оятларнинг мажозий маъноси борлигини рад этиш;
– тавҳиднинг яхлит, бўлинмаслигини инкор этиш;
– мавлудни нишонлаш ва Расулуллоҳнинг шафоатидан умидвор бўлишни инкор этиш;
– ўзларига эргашмаган мусулмонларни кофирликда айблаш;
– жиҳодни исломнинг олтинчи аркони, деб эълон қилишдек ғоялар мисолида ҳам кўриш мумкин.


Чуст тумани бош имом-хатиби Б.Шарипов

Андижон вилояти бош имом-хатиби

Мирзамақсуд домла Алимов

Мадина ҳокимлиги пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам васаллам тамал тошини қўйган илк ибодатгоҳ – Қубо масжидини кенгайтиришнинг биринчи босқичи бошланганини эълон қилди.
Лойиҳани амалга ошириш учун Мадинада Қубо масжидининг ҳозирги биноси яқинида жойлашган 200 та кўчмас мулк объектлари бузилади, деб хабар беради Saudi Gazette нашри.
Масжиднинг кенгайиши натижасида унинг умумий майдони 10 баробар оширилади ва 66 000 намозхонни сиғдира олади. Бу лойиҳага кўра, Қубо масжиди сиғимига кўра Маккадаги Масжидул Ҳаром ва Мадинадаги Масжидун Набавийдан кейин учинчи йирик масжидга айланади.
Қубо масжиди Ислом тарихида Мадинада қурилган биринчи масжиддир. У 622 йилда қурилган ва Масжидун Набавийдан 5 км узоқликда жойлашган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мақолалар

Top