muslim.uz

muslim.uz

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ёлғончи менинг умматимдан эмас, дедилар. Яъни бу уммат ичида ёлғончилик бўлиши мумкин эмас.

Аслида мусулмон киши Ислом тарихини яхши ўрганиши керак. Имом Абу Ҳанифа, Имом Шофеъий, Имом Ашъарий ва Имом Мотуридий каби олимларнинг ҳам ҳадисда айтилгани каби ростгўй ва ҳақиқий олимлигини кўради. Улардан кейинги олимлар имом Нававий, Ибн Ҳажар Асқалоний каби олимлар ҳам юқорида зикр қилинган буюк имомлар олдида талабага ўхшаб қолади. Шунинг учун Ислом олимлари бир овоздан мусулмонлар, аввало, мазҳабларнинг тўрт имомига эргашиши лозимлигига иттифоқ қилишган.  

Буюк олим Абдуллоҳ ибн Муборак “Иснад минад дин” – “Иснод (муайян масалалар бўйича айтилган лафзлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошланиши) диннинг асосларидан биридир”, деган. Агар Исломда илм бундай узлуксиз бўлмаса, кишилар хоҳлаган нарсани диндан деб айтиши мумкин эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган нарсага мос келиши ё келмаслигини текшириб кўриш имконига эга бўлмаган бўлардик.

Бирор киши иснод билан таълим берса, унга ишониш мумкин. Агар у ўзича бирон нарсани кашф қилса ёки ўз фикрига асосланиб, Қуръон ва ҳадисни шарҳласа, Қуръонни улуғ олимлардан талқин қилишни одат қилмаса, унга ишониб бўлмайди. Бу жуда муҳим бир масала.

Дин фалсафа ёки илмий изланиш мактаби эмас. Бу каби фалсафа ва илмий изланиш мактабларида кўплаб фикрлар бўлади ва уларнинг барчаси тенгдир. Биздан талаб этиладиган вазифа эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсаларга эргашишимиз, фикримизни ёки фалсафамизни айтиш эмас.

Шунинг учун бутун уммат ҳақиқатни асл илмни иснод асосида гувоҳлик берилган олимлардан олиши керак. Абу Ҳанифа, Шофеъий, Молик ва Аҳмад ибн Ҳанбалнинг тўрт мазҳаб имомларига ҳам шубҳалардан холи энг юқори даражадаги ишонч билан қарашимиз лозим. Мусулмонлар 14 асрлик тарихи давомида уларга ҳар доим эргашди. Фақат сўнгги 50-100 йил ичида мазҳаблардан воз кечишимиз ҳамда Қуръони карим ва суннатнинг ўзидан ёки исноди мавжуд бўлмаган кимсаларга эргашамиз, деган ақлий фикрлар пайдо бўла бошлади. Мазҳаблардан воз кечиш, Қуръони карим таржималарига ёки Бухорий ва Муслимнинг ҳадисларини таржима қилиш ва у ердаги нарсага эришиш кифоя, деган фикрлар пайдо бўлди. Ҳеч қачон мазҳаблар бирор куч таъсирида ёки босимлар натижасида сингдирилмаган, лекин мусулмонлар неча асрлардан буён мазҳабларга онгли равишда эргашиб келишган.

Агар бирор фикр куч билан сингдиришга уринилса, бу ҳеч ҳам амалга ошмайди, имконсиздир. Коммунистик ғоялар одамларга куч билан киритилди, лекин совет ҳокимияти қулаганидан кейин бу ғоялар ғойиб бўлди, деярли ҳеч ким уларга эргашмайди. Агар  самимий бир нарса юзага келса, одамлар унга эргашганини кўрамиз.

Таассуфки, бугунги кунда кўпчилик ўзларини ҳанафий ёки шофеъийлар дейишсада, лекин имомлари ҳақида ҳеч нарса билишмайди. Шунинг учун одамлар бу кишиларнинг кимлигини тушунмаган ҳолда уларнинг тақводорлиги ва билимлари даражасини тасаввур қила олмайди. Кўпчилигимиз улар айтган ёки ёзиб кетган илмларини эмас, балки уларнинг исмларини ҳам билмаймиз. Ушбу олимларнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш уларга бўлган муҳаббатимизни оширади.

Ҳадисда “Охиратда сиз севган кишингиз билан бирга бўласиз”, дейилади. Агар бизнинг уларга бўлган муҳаббатимиз самимий бўлса, Аллоҳ бизни бу одамлар билан тирилтиради.

Пўлатхон КАТТАЕВ,

Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси

Четверг, 22 Сентябрь 2022 00:00

Китобхонликка эътибор (видео)

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юрти

Четверг, 22 Сентябрь 2022 00:00

Кубада илк масжид қурилмоқда

Кубанинг Саудия Арабистонидаги элчиси Қироллик мамлакатдаги биринчи масжид қурилишини молиялаштириш ниятида эканлигини айтди.
"Саудия томонининг ушбу хайр-эҳсони туфайли Гаванада илк масжид барпо этилмоқда. У ерда мусулмонлар кўп бўлмаса-да улар аҳил ва иноқдирлар. Кубада мусулмонлар учун шароит яратишда иштирок этиш мен учун шарафдир", - дея хабар берди элчи Владимир Гонсалез.
Қизиғи шундаки, Саудия Арабистони 1956 йилда Куба билан дипломатик алоқаларни ўрнатган биринчи араб мамлакатидир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Фарғонада ташкилот ва корхоналар ҳамда жамоат ташкилотларида “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остидаги тарғибот тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири “Фарғона Азот” МЧЖда ўтказилди. Тадбирда Фарғона шаҳар бош имом-хатиби Жўрабек Раҳмонов Исломда илм-маърифат, инсон қадрига бўлган эътибор ва тинчлик ва хотиржамликнинг қадрига етиш ҳақида сўз юритди.

Шунингдек, тадбирда сўзга олганлар хатарли таҳдидлардан сақланишнинг ягона йўли маърифат экани, яхшилик қилиш, шукроналик ҳисси билан яшаш лозимлиги ҳаётий мисоллар орқали тушунтириб берилди.

Очиқ мулоқот сўнгида иштирокчилар халқимиз, хусусан, ёшларнинг маънавий дунёсини бойитиш йўлида бир тану бир жон бўлиб хизмат қилишларини таъкидлашди.

 

***

Шу йил 19 сентябрь куни Андижон туманидаги “Ҳақиқат” маҳалласида ҳудуд фаоллари иштирокида ёшлар тарбияси бўйича суҳбат бўлиб ўтди.
Маърифий тадбирда Андижон туманидаги “Нажмиддин қори Отабоев” жоме масжиди имом-хатиби Илёсбек домла Зиёҳиддинов мавзу юзасидан кенг тушунча ва маълумотлар берди.

***


19 сентябрь куни Бухоро вилоятидаги “Дилкушо” жоме масжидида умра сафарига бориш арафасидаги зиёратчилар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда сафарга тайёргарлик ва муборак ибодат давомида зарур масалалар ҳақида суҳбат ўтказилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Мақолалар

Top