muslim.uz

muslim.uz

Рамазон шукуҳи юртимизда кезиб юрган ажойиб дамларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий телеграм каналида ЖССТ нинг тавсияларини эълон қилди.

Рамазон ойида нотўғри овқатланиш инсон саломатлигига зарар етказиши мумкин. Шу боис Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти рўзадорлар учун соғлом овқатланиш юзасидан ўз тавсияларини ишлаб чиқди. Уларга амал қилиб, ортиқча вазндан халос бўлиш, қон босими ва организмдаги холестерин миқдорини пасайтиришга эришиш мумкин. 

Кўп миқдорда сув ичинг!

Бу йил одамлар кунига ўртача 14−15 соат давомида рўза тутишларига тўғри келади. Кундузи ҳаво ҳарорати юқори бўлган пайтда салқин ва сояли жойларда қолиш ҳамда қуёшда узоқ юрмаслик тавсия этилади.

Ифторлик ва саҳарлик оралиғида кўп миқдорда сув ичиш тавсия этилади. Кундузи ҳаво ҳарорати юқори бўлиши кўп терлашни келтириб чиқариши мумкин. 

Шу боис кун давомида йўқотилган суюқлик ўрнини қоплаш эҳтиёжи юзага келади. Бунинг учун эса камида 10 стакан сув ичиш тавсия этилади.

Серсув маҳсулотлар тановул қилиш орқали ҳам бу меъёрни қисман қоплаш мумкин. Масалан, саҳарлик пайтида ёки ифторликдан кейин дессерт сифатида ҳўл мевалардан ейиш фойдали. 

“Ачиқ-чучук” салати таркибидаги бодринг ва помидор ҳам серсув неъматлар ҳисобланади. 

Шўрва ёки сабзавотли салатлар сингари сувга бой таомларни ҳам истеъмол қилиш мумкин.

‼️Таркибида кофеин мавжуд бўлган кофе, чой, кола каби ичимликлардан воз кечиб турган маъқул. Чунки бу модда инсон организмида сув миқдори камайиши (дегидрация)га олиб келади. 

Шунингдек, газланган шакарли ичимликлар калорияга бой бўлишини эсдан чиқармаслик зарур.

Кун давомида жуда кўп ҳаракат қилиш организмнинг кўп миқдорда сув йўқотишига олиб келади. Қисқа муддатли сайр ёки чигалёзди машқлари сизни тонусда ушлаб туриши мумкин. Аммо кун бўйи ҳаракатсиз ўтириш ҳам тавсия қилинмайди.

Саҳарлик дастурхони учун маслаҳатлар

Қайд этилишича:

“оғизни ёпиш”дан олдин овқат ейиш лозим. Саҳарлик пайтида енгил таомланинг. Бу айниқса рўза тутишни мақсад қилган катта ёшдаги инсонлар, ўсмирлар, ҳомиладор аёллар, эмизикли фарзанди бор оналар ҳамда болалар учун ҳам муҳим!

Енгил нонушта сифатида сабзавотлар, таркибида углевод мавжуд бўлган донли нонлар ёки булочкалар, сут маҳсулотлари (тузсиз пишлоқ, сузма, сут) ва/ёки тухум каби оқсилга бой неъматларни истеъмол қилиш фойдали.

Секинроқ ва майда чайнаб овқатланган маъқул. Кўп миқдордаги танаввул жиғилдон қайнаши ва безовталикка сабаб бўлади. 

Саҳарлик учун ЖССТ тавсиялари:

  • икки  бурда нон;
  • сабзавотли омлет ёки яхши қайнатилган тухум;
  • тўғралган сабзавотлар;
  • пишлоқ ёки сут маҳсулотлари;
  • чой;

етарли миқдорда сув ичишни унутманг!

Манба:

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати

Собирхон ота жоме масжиди имом-хатиби
Суннатуллоҳ Абдулбосит

Фотиҳа сураси етти оятдан, йигирма етти сўз ва бир юз қирқ ҳарфдан иборатдир. Ибн Аббос, Қатода ва Абул Олия Фотиҳа сураси Маккада нозил бўлган, дейди. Фотиҳа сурасининг номи кўплиги унинг шарафи ва фазлининг юқорилигига далилдир. Фотиҳа сураси билан намознинг ҳар бир ракати аввалида ўқилиши ва Қуръони карим у билан бошлангани учун “Фотиҳа” (очувчи) деб номланади.

Анас, Ҳасан ва Ибн Сирин бу сурани “Уммул Китоб”, яъни Китоб (Қуръон) онаси дейишган. Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Алҳамдулиллаҳи Роббил аъламийн Уммул Қуръон, Уммул Китоб, Сабъул масоний (етти такрорланувчи) ва Ал-Қуръанул аъзийм (улуғ Қуръон)дир”, дедилар. Яна “Ас-солат” (намоз) деб ҳам номланади. Чунки у намознинг шартларидан биридир.

Ушбу сура “Шифо” деб ҳам номланган. Имом Доримий Абу Саъид розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолатда ривоят қилган ҳадисда: “Фотиҳатул Китоб – ҳар бир заҳарга шифодир”, дейилган.

Бу сура “Руқия” деб ҳам номланади. Сўфён ибн Уйайна Фотиҳани “Воқия”, Яҳё ибн Аби Касир эса “Кофия” деган. Яна у “Намоз ва хазина” ҳам дейилади. Буни Имом Замахшарий ўзининг “Кашшоф” тафсирида келтирган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Фотиҳатул Китоб – Аршимнинг хазиналаридан бир хазинадир”».

 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

”Ҳазрати имом" жоме масжиди

имом-хатиби

Ҳабибуллоҳ қори  Садриддин қори ўғли

Мақолалар

Top