muslim.uz
Мукофот муборак!
2021 йил 30 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилоят вакиллигида Наманган вилоятидаги бир гуруҳ имомлар, мударрислар, фаол отинойилар “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан мукофотланди.
Хабарингиз бор, 2021 йил 23 август куни Давлатимиз раҳбари “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонни имзолаган эдилар.
Диний-маърифий соҳада фидокорона меҳнат қилаётган диний соҳа ходимлари ҳам “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони соҳиби бўлганлари жуда ҳам қувонарли ҳол бўлди.
Мазкур фидоий ва жонкуяр инсонларга Аллоҳ таолодан дин, халқ ва Ватан йўлидаги хизматларида улкан муваффақиятлар бардавом бўлишини тилаймиз, хусусан, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони муборак бўлишини сўраймиз.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги ва Дин ишлари бўйича қўмита вилоят бошқармаси масъуллари иштирок этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакиили
Матбуот хизмати
Барча пайғамбарларнинг суннати
Албатта, инсон касб кор қилиб, ҳалол меҳнат қилса, унинг турмуши лаззатли бўлади. Яхши касб кор қилиш ҳалол меҳнат қилишнинг энг муҳим жаҳатидир. Инсон ҳалол меҳнат билан халқ орасида обрў ва шараф топади. Уламоларнинг сўзларига кўра: “Ўзини ва оиласини таъмин этадиган миқдорда меҳнат қилиш вожиб, ундан зиёдаси учун меҳнат қилиш мубоҳдир”. Бандалар Аллоҳ таолонинг буйруқларини беками-кўст адо қилиши учун либос ва нафсининг озуқасига муҳтож. Банда бунга фақат меҳнат қилиш билангина этишади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони карим Жума сураси 10-оятида шундай марҳамат қилган: “Энди қачон намоз адо қилингач, ерга тарқалиб, Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар”. Демак, ризқ талабида саъй-ҳаракат қилишлик, ҳалол меҳнат қилишлик динимизда буюрилган иш экан.
Ҳаким Абул Қосим айтадилар: “Ҳалол меҳнат қилиш иффатли камбағални гўзаллаштиради, заифнинг муҳтожлигини беркитади, пасткаш ғийбатчининг тилини кесади”.
Касбу ҳунарли, меҳнаткаш бўлиш ўтган барча пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг одатидир. Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Нуҳ алайҳиссалом дурадгорлик, Идрис алайҳиссалом хаттотлик, Иброҳим алайҳиссалом газлама савдоси, Закариё алайҳиссалом ҳам дурадгорлик билан шуғулланганлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам савдогарлик касби билан шуғулланганлар. Энг улуғ зотлар бўлмиш Пайғамбарлар ҳам ўз ризқларини ҳалол пешона терлари, касблари билан топганлари инсоният учун буюк ибрат бўлмоғи лозим.
Шу пайтгача ўтган улуғларимиз, авлиёлар ҳам бирор касб билан шуғулланганлар. Ҳунарли кишининг бировга эҳтиёжи бўлмайди, таъмадан узоқ бўлади. Зеро, халқимизда ҳам “Ҳунарли киши хор бўлмас”, деган пурмаъно ҳикмат бор. Ҳунар туганмас бойликдирки, у қанча сарф қилинмасин камайиб қолмайди. Ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун ана шу касбга тааллуқли илмни мукаммал эгаллаш зарур.
Шунинг учун ёшларимиз вақтидан унумли фойдаланиб, бирор касб ўрганишга ҳаракат қилмоғи, илм ўрганмоғи ва ҳалол меҳнат қилмоғи мақсадга мувофиқдир. Чунки, ёшликда ўрганган илму ҳунар тошга ўйилган нақш кабидир. Улуғларимиз ҳар бир нарсанинг зеб-зийнати бор, йигитликнинг безаги ва зийнати ҳалол меҳнат ва касб орқасидан дейишган. Фарзандларини илму ҳунарли бўлишларига ота-оналар жиддий эътибор қаратишлари лозим.
Инсон Аллоҳ таоло берган қобилияти ва ақл идроки туфайли орттирган касбидан фақат хайрли мақсадларда фойдаланиши, ўзидан сўнг шогирдлар етиштирмоғи ҳам зарурдир. Аллоҳ таоло ризқларимизни ҳалол меҳнат ва касбу-корларимиздан ато қилсин!
М. Қораев,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги
вакили ўринбосари.
Онлайн: "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!" шиори остида тадбир бўлмоқда
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!" шиори остида Тошкент ислом институти ўқитувчи ва ходимлари иштирокида тадбир бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов, ТИИ ректори Уйғун Ғафаров ва устоз-ходимлар қатнашмоқдалар.
Тадбирда мустақиллик йилларида диний-маърифий соҳада эришилган ютуқлар, Олий маъҳадда ўқув, илмий ва маърифий йўналишларда олиб борилган хайрли ишлар ҳақида маълумот берилади.
2020-2021 ўқув йили якунлари натижаларига кўра энг фидойи ўқитувчилар, қорилар ва ходимлар тақдирланмоқда.
Муслима қиз дунёдаги энг яхши талаба бўлди
Нигериянинг Лагос шаҳридан Фарида Ойолола Жонс Хопкинс истеъдодли ёшлар маркази (CTY) томонидан дунёнинг энг иқтидорли талабаларидан бири деб топилди. Islam.ru хабар беришича, Greensprings School ўрта мактаб ўқувчиси Ойолола CTY Talent Search дастури доирасидаги тестда алоҳида ўзлаштириши учун бу шарафга сазовор бўлди. "Тест оғзаки ва миқдорий фикрлашнинг кўплаб танлови билан қобилиятларнгинг текширувини ўзида намоён қилди ва мен 44 дақиқа ичида 100 та саволга жавоб беришим керак эди!", - дейди Ойолола.
"Устозларимнинг тушуниш қобилиятим ва математик фикрлаш қобилиятимни ривожлантиришга қаратилган катта ишлари бўлмаганда ҳеч қачон бундай чекланган вақт ичида бундай юқори балларни қўлга кирита олмаган бўлардим. Мен улардан жуда миннатдорман", - дейди муслима аёл.
CTY 1979 йилдан бери иқтидорли болалар учун таълим соҳасида дунёда етакчи ҳисобланади. Марказ 84 мамлакатдан келган талабаларга 4 миллион доллардан ортиқ моддий ёрдам кўрсатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати