muslim.uz
Ташриф тақдимотга уланиб кетди
Бугун, 5 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков Олмазор туманидаги “Ҳазрати Имом”, Диний идора раис ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов “Абу Бакр Қаффол Шоший”, Салоҳиддин домла Шарипов “Сирож Солиҳ”, Ўзбекистондаги Ислом цвилизацияси маркази масъул ходими Аброр Мухтор Али домла тумандаги “Ислом нури”масжидларига ташриф буюришиб, пешин намозидан сўнг мўмин-мусулмонларга маъруза қилиб беришди, уларни ўйлантирган ва қизиқтирган саволларга жавоб қайтаришди.
Жумладан, Ҳомиджон қори Ишметбеков “Ҳазрати Имом” жоме масжидида маъруза қиларкан, мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган хайрли ислоҳотлар, уламоларнинг юртимиз бўйлаб қилаётган ташрифлари ҳақида маълумот берди, “Ҳазрати Имом” мажмуаси тарихи, бу ердаги илм масканлари, уларда етишиб чиққан уламолар ҳақида сўзлади. Шунингдек, динимизда илмга бўлган тарғиб тўғрисида тарих манбаларида қайд этилган ва бугунги кунда илмий исботини топган далиллар асосидаги сермазмун маъруза қилиб берди. Масжидга келган намозхонлар ушбу маърифий суҳбатдан баҳра олиб, бундан миннатдор бўлди.
Суҳбат давомида “Ҳазрати Имом” масжиди имоми Ҳабибуллоҳ қори Садриддин қори ўғли ва Муҳаммадайюб Кароматуллоҳлар ҳаммуаллифлигидаги “Фаришталар” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги бир гуруҳ уламолар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ташрифлари давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
ЖАЗИРАМА ЖОНГА ЖАБР БЎЛМАСИН!
Шу кунларда мамлакатимизга Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келаётгани кузатиляпти. Бу ҳақда гидрометеорология маркази ходимлари, об-ҳавони доимий таҳлил қилиб борадиган мутахассислар юртдошларимизни огоҳлантиришяпти.
Хўш, бундай жазирама шароитида нима қилишимиз керак?
Ислом динининг бош шиорларидан (яъни, талабларидан) бири, зарардан тийилишдир. Мусулмон киши бировга асло зарар бермаслиги, шу билан бирга, ўзини ҳам таҳликага қўймаслиги лозим.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг», деб марҳамат қилади (Бақара сураси, 195-оят).
Муфассирлар бу ояти кариманинг кўплаб маъноларини очиб беришган. Аввало, бахиллик қилиб, ўзингизни ва молингизни ҳалокатга дучор этманг. Иккинчиси эса, ўзингизни ўзингиз ҳалок қилманг (ўлдирманг).
Бу ояти кариманинг яна кўплаб маънолари бор. Одам ўзини турли таҳликали, хавотирли, зарарли ҳодисалардан, хатти-ҳаракатлардан, ҳолатлардан, касалликлардан сақлаши зарур.
Худди шундай айни кунларда кузатилаётган аномал, яъни ўта иссиқ об-ҳаво шароитида ҳар бир киши ўзини-ўзи асраши керак. Зарур иши бўлмаса, иссиқ об-ҳаво шароитида кўчага чиқмаслиги, мабодо, чиқишга мажбур бўлиб қолса, мутахассисларнинг таклиф ва тавсияларига қатъий риоя қилиши шарт.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Зарар бериш ҳам ва зарар кўриш ҳам йўқ” деганлар (Имом Ибн Можа, Имом Дорақутний ривояти).
Демак, ҳадиси шарифда инсон ўзига ёки ўзгаларга зарар келтирадиган сабаблардан узоқ бўлишга буюрилган.
Мўътабар фиқҳий китобларимизда: “Зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан олдинга қўйилади”, дейилган. Шулардан келиб чиқиб, шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ўз кўрсатмаларини енгил тарзда бажаришга рухсат беради.
Ҳар бир киши ўзини ўзи таҳликага, хавотирга қўйиши, ён-атрофдаги салбий ҳодиса ва жараёнларга енгил-елпи ўйлашию эътиборсиз бўлиши тўғри эмас. Айни кунларда юртимизда кузатилаётган иссиқ об-ҳаво шароити ҳар бир кишидан ҳушёр бўлишни талаб этади. Айниқса, қон босими кўтарилиб-тушиб ўйнаб турадиган кишилар, ёши улуғ инсонлар, сурункали хасталиги бор беморлар жуда эҳтиёт бўлишлари шарт.
Ҳукуматимиз июль ойининг биринчи ярмида Ўзбекистонга иссиқ ҳаво оқими кириб келиши оқибатида ҳудудларда об-ҳаво ҳарорати ўта кескин кўтарилиши кутилаётгани муносабати билан шошилинч чоралар кўришга киришди.
Хуллас, ҳар биримиз, ўз соғлигимизга эътиборсиз бўлмайлик, ўзимиз ва оила аъзоларимиз тинчлигини, соғлигини таҳликага қўймайлик. Агар биз ўзимизни ҳам, бошқаларни ҳам таҳликадан, касалликдан сақлашга интилмасак, бефарқ бўлсак, ояти карима ва ҳадиси шариф талабини бажармаган, бунинг оқибатида эса гуноҳкор бўлишимиз ҳеч гап эмас.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўз паноҳида асрасин!
Жасурбек домла РАУПОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби
90 ёшли қория талабаларга Қуръондан дарс бермоқда
Мисрлик 90 ёшли кўзи ожиз муслима аёл Руҳия Арафаҳ Maнсур Қуръони каримни ёддан билади ва ёшига қарамай талабаларга муқаддас китобни ўргатишда давом этмоқда. Islam.ru хабарига кўра, Мансур мусулмонларнинг муқаддас китобини ўн қироат (ўқиш услубига) эгалик қилади.
Руҳия Арафаҳ Maнсур 1931 йилда Қоҳиранинг шимоли-шарқидаги Дакалия провинциясидаги қишлоқда туғилган. Отаси, полиция ходими Руҳияни етти ёшида Қуръон билимдони Шайх Абдул Ғани Гумадан ўрганишга юборди.
У икки йил ичида бутун Қуръонни ёд олиб, беш йил давомида исломий таълимни давом эттирди. Шундан сўнг муслима аёл ўз қишлоғига қайтиб, ҳаммага Қуръон ўқишни ўргата бошлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати