muslim.uz
Мисрликлар Рамазонни қандай ўтказади?
Эртага, чоршанба куни Миср ҳукумати Covid-19 инфекциясининг олдини олиш учун муқаддас Рамазон ойида фуқаролар бажаришлари керак бўлган хавфсизлик чораларини муҳокама қилади. Унда камбағаллар учун хайрия ифторлари ёки узоқ вақт давомида масжидларда бўлиб туриш каби баъзи тадбирлардан воз кечиш масаласи кун тартибига қўйилади.
Islam.ru маълумотларига кўра аввалроқ коронавирус инқирозини бошқариш бўйича Олий қўмита йиғилишида бош вазир Мустафо Мадбули эҳтиёт чораларига кучли талаб қўйилганини таъкидлаган.
Жумладан, 13 апрелдан ёпиқ хоналарда катта йиғин, марака, тўй ва бошқа оммавий тантаналарни ўтказиш маън этилади. Мусулмонлар масжидларда ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб кийиш, шахсий жойнамозлардан фойдаланиши керак.
Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги сурункали касаллиги ва болалари бўлган одамларнинг уйда намоз ўқишини сўради.
Бироқ қоидалар 2020 йилга қараганда анча мослашувчан бўлади. Бу сафар оммавий тунги намозлар (таровиҳ) ўтказилади, кафе ва ресторанлар эрталаб соат биргача, дўконлар эса кечки соат 11 гача очиқ бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Рамазон – Қуръон ойи ёхуд салафи солиҳларнинг ҳаётидан лавҳалар (Аудио)
Оксфорд масжиди Рамазонда эҳтиёжмандлар учун таом тарқатади
Британиянинг Оксфорд шаҳридаги Марказий масжид Рамазон ойи мобайнида эҳтиёжмандлар учун иссиқ таом тарқатишни режалаштирмоқда.
Масжид кўнгиллилари ҳафтада бир марта таом тарқатишни йўлга қўйишган. 12 апрел – Рамазондан бир кун аввал эса ушбу хайрли амални ҳар куни бажаришга киришишади ва бу иш муқаддас ойнинг охиригача давом этади.
Марказий масжид бошқаруви аъзоси Файсал Азизнинг айтишича, кампанияга жамиятнинг турли қатламларига оид кишилар ўз ҳиссасини қўшди.
“Севимли шаҳримизни бирлаштирганимиз жуда ажойиб бўлди, – дейди у. – Барча зарурий нарсаларни сотиб олишга, таомларни манзилларга етказиб беришга ёрдам берадиган жамоатимиз аъзолари борлиги учун жуда омадлимиз. Масжидимиз ушбу хизматни Рамазон ойи давомида амалга ошириши ҳақида хабар беришдан хурсандмиз”.
Масжид томон босилган қадамларнинг мукофоти
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўз уйида таҳорат қилиб, Аллоҳнинг уйларидан бирига Аллоҳнинг фарзларидан бирини адо этиш учун юриб борса, унинг икки қадамидан бири ила хатоси ўчади, бошқаси ила даражаси кўтарилади», дедилар» (Муслим, Насаий ва Термизийлар ривоят қилганлар).
Ҳадиси шарифда яхши ният билан масжид томон босилган ҳар бир қадам беҳуда кетмаслиги ажойиб услубда васф қилинмоқда.
Эҳтимол, масжидга жамоат намозига қатнайдиган ҳар бир киши ҳам ўзининг қилаётган амали нақадар улканлигини тасаввур эта олмас. Агар ҳақиқатда тасаввур эта олмаса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифлари ила яхшилаб танишиб олсин. Ундай одам масжидга жамоат намози ўқиш учун бориш ниятида таҳорат қилиб, биринчи қадамини босиши билан бир гуноҳи ювилади, иккинчи қадамини босиши билан даражаси бир поғона кўтарилади. Масжидга етиб боргунича ҳар қадамда даражаси кўтарилиб бораверади.
Таҳорат ва намоз учун бериладиган савоблар, кечириладиган гуноҳлар алоҳида бўлади. Шунингдек, даражалар масаласи ҳам ўзига яраша бўлади.
Демак, фарз намозларни доимо масжидда, жамоат ила адо қилишга уринишимиз, иложи борича масжид томон босадиган қадамларимизни кўпайтиришимиз лозим.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан
Чеченистон биринчи президенти Аҳмат ҳожининг юртимизга оид хотира материаллари Қодиров Давлат галереясига топширилди
Чеченистон Республикаси пойтахтига Рустам Қўрғонбоев ва Хўжабаҳлил Асамовлардан иборат Ўзбекистон делегацияси келди, деб хабар берди grozny.tv. Улар Чеченистон аҳолиси учун Ўзбекистоннинг зиёрат туризми имкониятларини тақдим этдилар.
"Диний саёҳатлар минтақада ҳам, хорижда ҳам туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшади, икки республика ўртасидаги муносабатларни яхшилайди ва ёш авлод ўртасида таълим олиш имконини беради", - дейди Чеченистон туризм вазири Муслим Баитазиев.
Делегацияда Бухоро мадрасаси Мири Арабда таҳсил олган, Чеченистоннинг биринчи Президенти, Россия қаҳрамони Ахмат-Ҳожи Қодировнинг устози бўлган ҳаттотлик ўқитувчиси Ҳабибулло Солиҳов ҳам бор эди. У киши Чеченистон Республикасининг биринчи президентига тегишли хотира нарсаларини Қодиров Давлат галереясига топширди.
Йиғинда Ингушетиядан туризм вазирлиги вакиллари ва сайёҳлик компаниялари вакиллари ҳам таклиф этилди. Шунингдек, Чеченистон Республикаси диний идораси вакиллари, минтақа ижро этувчи органлари, Грознийдаги Россия ташқи ишлар вазирлиги ва минтақа туризм соҳаси вакиллари иштирок этишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати