muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Наврўз” умумхалқ байрами арафасида халқимизга хос эзгулик, бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 140 нафар фуқаро афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 4 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 69 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 8 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 59 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 12 нафарини чет эл фуқароси, 9 нафарини 60 ёшдан ошган шахс, 13 нафарини аёл ҳамда 14 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахс ташкил этади.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

 

uza.uz

Пятница, 19 Март 2021 00:00

Фолбинларга борманг!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугун сизлар билан жуда ҳам долзарб ва муҳим бўлган бир мавзу ҳақида суҳбатлашмоқчимиз. У ҳам бўлса, фолбинлик, мунажжимлик ва сеҳргарлик ҳақидадир. Бу нарсалар айни дамда бутун дунёнинг энг катта муаммоси, тўғрироғи мусибатига айланган, балвои омма бўлган масалалардан биридир, десак сира янглишмаган бўламиз.  

Фолбинлар, коҳинлар, мунажжиму сеҳргарлар каби ғайб илмининг даъвогарлари қанча-қанча одамларни тўғри йўлдан адаштириб, дўзах сари бошлаб бораяптилар. Жаҳолат, илмсизлик, мусаффо динимиз таълимотларидан бехабарлик заминида уларнинг бозори чаққон бўлиб бораяпти. 

Парвардигори олам ўзининг илми азалийси билан қиёматга қадар ва ундан кейин ҳам бўладиган ҳамма воқеа ва ҳодисаларни олдиндан билади. Лекин, Ўзининг ҳикмати билан бандаларини имтиҳон қилиш учун ғайбий ишларни ва келажакда бўладиган воқеаларни сир тутади. Ислом ақидасидек очиқ, аниқ ва равшан ақидани англамаслик ҳар бир инсон, ҳар бир жамият учун жуда ҳам офатдир. 

Бугунги кунда Фолбинлик ва ғайб илмини билишга даъвогарлик шу қадар кенг ривож олганки, замона ривожланиши билан фолбинлик ҳам ўзининг эски тўнини ечиб, янги-янги қиёфага кирмоқда. Энди улар ўзларининг полвун, коҳин ёки афсунгар каби хунук ва қўрқинчли номларини ташлаб “экстрасенс”, “паранормал ҳолатлар бўйича мутахассис”, “экзорцист” ва “ноёб қобилият соҳиби” каби бир-биридан чиройли, беозор ва ҳатто баландпарвоз номларга эга бўлишмоқда. Оммавий ахборот нашрлари ҳам мунажжимлар башоратига алоҳида эътибор қаратиб, одамларнинг юлдузига қараб фол очиш билан овора. Дунёвий ва техник жиҳадан ривожланган ғарб олами ҳам бугун мана шундай фолбину сеҳргарлар тузоғига илинган бўлиб, улардаги деярли барча машҳурлар, пулдорлар ва ҳоказолар ўзларининг аксар муҳим ишларини юқоридагидек беозор номлар остида фаолият юритувчи шахсий фолбинлари маслаҳати билан режалаштирадилар. 

Ислом таълимотига буткул бегона бўлган ғарб дунёсинику, қўя турайлик ўзимизда ҳам мусулмонликни даъво қила туриб, ҳали ҳануз ўз тақдирини фолбиннинг гапига боғлайдиган, бировга ҳасад қилса. сеҳргарга бориб “иссиқ-совуқ” қилдирадиган гумроҳ кишилар кўплаб топилади. 

Фолбину, сеҳргар, мунажжиму коҳин, буларнинг бари бир гўр. Чунки, мазкурларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло қатъий таъқиқлаган ишлар билан шуғулланади. Жинларга шогирд тушиб, бировларни сеҳр қилади, Аллоҳдан бўлак ҳеч ким билмайдиган ғайб илмини даъво қилади.    

Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча мавжудот ва  махлуқотнинг ҳолатини, ғайбий нарсаларини ёлғиз Ўзи билади. Келажакни ҳам, инсонларнинг тақдирини ҳам фақат Аллоҳ билади. Бу нарса Қуръони каримда кўп бора такрорланган. Буюк Парвардигор ғайб сирларидан ҳеч кимни, фаришталар, жинлар, ҳатто дўстларини (валийларни) ҳам хабардор этмайди. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат этилади: 

 

وعنده مفاتح الغيب لا يعلمها إلا هو ويعلم ما في البر والبحر وما تسقط من ورقة إلا يعلمها ولا حبة في ظلمات الأرض ولا رطب ولا يابس إلا في كتاب مبين 

 

яъни: “Ғайб (яширин сирлар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас. Яна, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни (ҳам) билур. Бирор япроқ (узилиб) тушса (ҳам) уни билур. Ер зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин, ҳўлу қуруқ бўлмасин, (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул-Маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Анъом сураси, 59-оят).

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ғайбни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди”, деганлар (Имом Табароний ривояти). Ривоятларда келишича, жин ва шайтонлар осмондан фаришталарнинг сўзларини ўғирлаб, кейин бу хабарларни Ердаги инсонларнинг шайтонларига, яъни турли усуллар билан фол очиб, ғайбни билишни даъво қилувчи фолбинлар, шайтон ва жинлар билан алоқага киришиб, улар ёрдамида келажакни билиш даъвосидаги коҳинлар ва юлдузларга қараб фол очувчи раммолларга узоқ-юлуқ ҳолда етказар экан. 

Ўтмишда инсонларнинг шайтонлари эса бу билан ғайбий (яширин) нарсаларни билиш, кишиларнинг келажак тақдирини айта олиш даъвоси билан уларни алдаб, қўрқитиб, бойлик орттирган. Инсонлар ва жинларнинг ғайб илмини, сирларни билиш ҳақидаги даъволари ёлғондан бошқа нарса эмас! Шундай бўлгач, ҳозирги айрим мунажжим, коҳин, фолбин, «башоратчи»ларнинг ғайбни билиш даъволари, алдамчиликдан бошқа нарса эмас!.. 

Шу ўринда «Ғайб» калимасига ҳам тўхтаб ўтсак. Ғайб икки турли бўлади: 1) Келажакда бўладиган барча ишларга боғлиқ ғайб. 2) Бўлиб ўтган нарсаларга боғлиқ ғайб. Биринчи турдаги ғайбнинг илми фақат Аллоҳгагина хос. Аммо иккинчи турдаги ғайбни бошқалар ҳам билади. Бу ғайб нисбийдир. Масалан: бир киши 10 минг сўм пул йўқотди, бу пул эгасидан ғойиб бўлди. Бу пулни кимдир топиб олди, ёки унинг қаерда турганини кўриб-билди. Бу пулнинг қаердалиги эгасига нисбатан ғайб, аммо унинг ўрнини билган одамга нисбатан ғайб эмас. Демак, фолбинга бориб, йўқолган нарса ҳақида сўралса, у жавоб берса ва жавоби тўғри чиқса, бундан ажабланишга ҳожат йўқ, чунки у йўқолган нарсани ўзи билан бирга ишлайдиган жиндан сўраб билиши мумкин. У жин дарҳол ўзи ва бошқа шериклари билан у нарсани излашга тушади, ёки нарсанинг ўрнидан бирортаси хабардор бўлади, у келиб фолбинга хабар беради. Кўп ҳолларда улар ҳам йўқолган нарсани тополмайдилар. 

Шуни алоҳида таъкидлаш керак, Ислом шариати бундай номақбул, ҳаром ишлардан мусулмонларни қатъий қайтаради. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:

وما ذبح عاى النصب وأن تستقسموا بالأزلام ذلكم فسق 

 

яъни: “...Яна, бут-санамларга атаб сўйилган ҳайвонлар (гўшти) ва фол чўпларидан қисматингизни исташингиз (ҳам ҳаром қилинди)...” (Моида сураси, 3-оят).

 

Аллоҳ азза ва жалла марҳамат қилади:

 

يا أيها الذين آمنوا إنما الخمر والميسر والأنصاب والأزلام رجس من عمل الشيطان  

 

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз” (Моида сураси, 90-оят).

 

Аллоҳ таоло бандаларини Аллоҳнинг ғайбий нарсаларини билишни даъво қилувчи фолбин, коҳин, раммоллар фитнасига учмасликка чақириш билан бирга бу каби одамларнинг шайтонларига охиратда аламли азоблар тайёрлаб қўйгани хабарини беради:

ولقد زيننا السماء الدنيا بمصابيح وجعلناها رجوما للشياطين وأعتدنا لهم عذاب السعير وللذين كفروا بربهم عذاب جهنم وبئس المصير

 

яъни: “... ва уларни шайтонларга отиладиган тошлар қилиб қўйдик. Яна улар (шайтонлар) учун (охиратда) дўзах азобини ҳам тайёрлаб қўйгандирмиз. Парвардигорларига кофир бўлган кимсалар учун жаҳаннам азоби бордир. Нақадар ёмон оқибат бу!” (Мулк сураси, 5-6-оятлар).

 

“Насафий тафсири”да бундай дейилган: “Фол чўплари билан тақдирни аниқлаш одати Исломдан олдин, жоҳилият пайтида одат бўлган. Бунда фол чўпларидан бирига “Раббим менга буюрди”, иккинчисига “қайтарди”, учинчисига эса “ёпиқ” деб ёзув қўйиб, сафарга, жангга, тижоратга, совчиликка чиқиш олдидан қуръа ташланган. Биринчи ёзувли чўп чиқса, ўша ишга боришган, иккинчиси чиқса боришмаган, учинчиси чиқса қайтадан қуръа ташлашган. Бу нарса қисматни аниқлаш бўлгани учун Ислом шариати томонидан тақиқланган”. 

Ғайбни билиш даъвосидаги қораланган илм «фолбинлик» деб аталади. Фолбинликнинг «коҳинлик», «илмул-рамл», «мунажжимлик», «аррофлик» каби бошқа номлари ҳам бор. Фолбинлик Қуръони карим ҳукми билан ҳаром қилинган ва шаръан қораланган ишлардандир. Фолбин, коҳиннинг ғайбдан берган хабарини тасдиқлаш ояти карима ва ҳадиси шарифга асосан куфрдир. 

Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб бундай деганлар: 

 

من أتى كاهنا فصدقه بما يقول لم تقبل له صلاة أربعين ليلة (رواه مسلم)

 

яъни: “Кимки бир фолбин ҳузурига бориб бирор нарса ҳақида сўраса кейин фолбин берган жавобга ишонса, ўша кишининг қирқ кун ўқиган намози қабул бўлмайди”.

Оиша розийаллоҳу анҳо айтдилар: «Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фолбинлар ҳақида сўрашди. У зот розийаллоҳу ануо: 

- «Улар ҳақ эмаслар», дедилар.Улар: 

- «Ё Расулуллоҳ, улар гоҳида шундай гапларни айтадиларки, у ҳақ бўлиб чиқади», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай жавоб бердилар: 

- «Бу ҳақ калимани жин ўғирлаб (ўғринча билиб) олади-да уни дўсти (фолбин)нинг қулогига қуяди. Фолбинлар эса унга юзта ёлғонни аралаштириб юборадилар». (Муттафақун алайҳ).

     Оишадан розийаллоҳу анҳодан ривоят: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Фаришталар булутга тушадилар ва осмонда ҳукм қилинган ишни зикр қиладилар. Шайтон ўғринча қулоқ тутиб, эшитиб олади-да, уни фолбинларга «ваҳий» қилади (уқтиради). Улар эса унга ўзларидан юзта ёлғон қўшиб, ёлғон гапирадилар» (Бухорий ривояти).

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки юлдузлар илмидан (мунажжимликдан) биронта илмни эгалласа, сеҳрнинг бир бўлагини ўғирлаган бўлади. У зиёда бўлган сайин бу ҳам зиёда бўлаверади» (Абу Довуд ривояти).

Зайд ибн Ҳолид Жуҳаний (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан бомдод намози ўқидилар. Туни билан ёмғир ёғиб чиққан эди. Намозни ўқиб бўлгач, одамларга юзланиб: «Раббингиз нима деганини биласизларми?» дедилар. Улар: «Аллоҳнинг Расули билгувчироқ», деб жавоб беришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «У зот айтдики: «Бандаларимдан айримлари менга иймон келтириб, айримлари куфр келтириб тонг оттирди. Кимки: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила бизга ёмғир ёғди», деса у Менга иймон келтириб юлдузларга куфр келтирибди. Аммо кимки: «Бу ва бу ходисалар (шамол, булут) бўлиб бизга ёмғир ёғди», деса, у Менга куфр келтириб, юлдузлар (осмон жисмлари)га иймон келтирибди» (Муттафақун алайҳ).

     Уламолар айтадиларки: «Агар бир мусулмон: «Фалон ҳодиса бўлиб ёмғир ёғди», деса ва бу гапини шу ҳодиса, масалан ҳаво булут бўлишининг ўзи ёмғирни пайдо қилади, вужудга келтиради ва ёмғир ёғаверади, деган маънода айтган бўлса, у шубҳасиз, муртад бўлиб кофирга айланади.

 Агар бу гапни шу ҳодиса ёмғир ёғишининг аломати, одатда шу ҳодиса бўлганда ёмғир ёғади, бироқ ёмғирнинг яратувчиси Аллоҳ таоло ва у Аллоҳнинг фазли ила ёғади, деган маънода гапирган бўлса, кофир бўлмайди.

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги пайтда бошига бирор ташвиш тушган ёки бирор нарсасини йўқотган айрим кишилар дарров фолбин ҳузурига бориб, фол очтиришга, «иссиқ-совуқ» қилдиришга, унинг айтганларини бажаришга ўрганиб қолишган. Ҳозирги кунда кенг тарқалган китобга, қартага, сувга ва бошқа нарсаларга қараб фол очиш, шунингдек юлдузларга қараб келажакни билишни даъво қилиш кабиларнинг барча-барчаси мусаффо шариатимиз томонидан таъқиқланган ношаръий амаллардан саналади. 

Мустаҳкам ва равшан ақида бўлмагандан кейин турли бидъат, хурофот, афсона, сафсаталарга ҳам ишониб кетавериш кузатилади. Оқибатда битмас-туганмас мусибатларга дучор бўлинади. 

Фолбинларнинг олдига борган кишилар турли мақсад билан боришади, уларнинг аксари ўз келажакларини билишга қизиқадилар. Аммо оддий бир фаросат билан ўйлаб кўришмайдики, бораётган жойларида ўтирган одам худди ўзлари каби бир одам. Агар фолбин бўлиб, келажакни билса, нима учун турли конларни топиб, лотореяларни ўйнаб бойиб кетмаган? Нима учун камбағал ва хор бўлиб яшамоқда? Fайбни биладиган одамга ярашадими бу ҳолат?!..

Ҳолбуки, ҳамма фолбинлик ва сеҳргарлик балосига гирифтор бўлганларни ўта хор, бефайз ва ивирсиқ бир муҳитда яшаётганига гувоҳ бўламиз. Лекин қизиғи шундаки, содда ва жоҳил одамлар ана шундай тубан кимсаларнинг эшигидан нажот, бахт ва саодат излайдилар. Мана шу мусибатларнинг асл илдизи илмсизлик ва эътиқоднинг сустлигида. Мўмин киши бошига мусибат етганда сабр қилади. Бу нарса Аллоҳдан эканини билади. Ва Аллоҳга янада кучлироқ тазарруъ билан сиғиниб, мусибатига кушойиш, ғамандуҳига юпанч излайди. Мўмин киши касал бўлса, дарров азайимхонга югурмасдан шариат рухсат берган тиббий воситалар билан даволанади. Ўзига ўзи Қуръон оятларини ўқиб дам солади. Ва Ҳоказо... 

Ҳозирги кунда турли дуохон ва азайимхонларга бориш ҳам хатарли бўлиб қолган. Чунки, уларнинг кўпи шариатда ворид бўлмаган аллақандай шубҳали дуолар ва қасидалар билан дам соладилар.      

Ислом уламолари сеҳргар шак-шубҳасиз, кофир бўлади, деган ҳукмни ўқишган. Бунга ҳужжат сифатида қуйидаги оят келтирилади: 

 

وما كفر سليمان ولكن الشياطين كفروا يعلمون الناس السحر 

 

«Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар» (Бақара сураси, 102).

 

Сеҳр, яъни кўзбўямачилик, “иссиқ-совуқ” қилишлар  ҳаром ва катта гуноҳдир. Сеҳр қилгани учун олинадиган ҳақ ҳам, шариатда тақиқланган ишни қилгани учун, ҳаром. Лаънати шайтоннинг одамларга (фақат зарар келтирадиган) сеҳрни ўргатишдан кўзлаган бирдан-бир мақсади – уларни мушрикка айлантириш экани, Аллоҳ таолонинг изни бўлмаса, ҳеч кимга зарар етказа олмаслиги Қуръони каримда баён қилинган. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сеҳрни етти машҳур ҳалок этувчи улкан гуноҳлар қаторида санаганлар. Мўмин киши дунё ва охиратда пушаймон бўладиган ишлардан сақланмоғи лозим.

Ислом шариатида сеҳргарнинг жазоси – ўлим, қатл этмоқ. Чунки у Аллоҳга куфр келтирган ёки шунга яқинроқ, ўхшаш иш қилган бўлади.

 Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Еттита ҳалокат қилувчи гуноҳлардан сақланинглар», деб улардан бири сеҳр эканлигини баён қилганлар (Бухорий, Муслим).

 Сеҳрга аралашиб юрган гумроҳ кимсалар ишларида аксарият қисми ширк ва куфр бўлган сўзларни қўллайдилар. Ваҳоланки, кимки имон шартларидан бирини рад этса, кофир бўлади. “Иссиқ-совуқ” Аллоҳ таоло тақдирига таъсир этади, деб эътиқод қилиш ширкдир. 

Али ибн Абу Толиб (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: «Фолбин – сеҳргар, сеҳргар эса кофирдир». 

Абу Мусо (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Уч тоифа одам жаннатга кирмайди: «Маст қилувчи нарсага одатланиб қолган кимса, қариндош-уруглар билан алоқани узган кимса ва сеҳрни тасдиқловчи кимса» (Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким).

Cеҳр ва сеҳргарлик деганда фақатгина бир ишора билан ўртадаги деворни йўқ қилиб қўядиган ёки дарёни орқага айлантирадиган даражадаги ғаройиб ва ҳайратомуз ишларни тушунмаслик керак.  Одамларни бир-бирига иссиқ-совуқ қиладиган, кимларнидир касал бўлиб қолиши учун нималаргадир дам солиб берадиган ва шундай йўллар билан уларга зарар еткизадиган кимсалар ҳам айни сеҳргардирлар. Чунки, сеҳргар деб , кофир жинлар ёрдамида мазкур жиноят амалларни қиладиганларга айилади. 

Баъзи одамлар шу даражада тубан бўлиб кетишганки, ўз душманларига зарар етказиш учун энди катта катта пулларни тўлаб, сеҳргарларга борадиган бўлганлар.

Дуохонлик, азайимхонлик, дам солиш каби одатлар қадимдан ҳамма халқда мавжуд. Бу нарсалар ичида шаръан рухсат этилган ва рухсат этилмаганлари бор. Ислом таълимоти бу ишлардан шариатга зидларини тақиқлаган, мос келадиганларини аниқлаб берган. Масалан, дуо ўқувчи касалга ёки бошига бирон ташвиш тушган кишига оятлардан ўқиб дам солса, ҳадисларда келган дуолардан ўқиб шифо тиласа, жоиз, балки суннат. Аммо куфроний сўзлар, маъносиз тўқима дуолар ўқиб дам солиш тақиқланади. 

Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳи сўзига кўра, уламолар дам солишнинг уч шарти борлигига ижмоъ қилишган: 

1. Аллоҳнинг каломи, исм ва сифатларидан ўқиш. 

2. Араб тилида ёки бошқа тилда бўлса ҳам, маъноси маълум ва шаръий бўлиши. 

3. Дуо ва дам солишнинг ўзи мустақил таъсир қилмайди, балки Аллоҳнинг изни ва тақдири билан таъсир қилади, деб эътиқод қилиш. 

 Демак, оилаларимиз тинч ва омон бўлиши, айниқса янги турмуш қурган ёш келин-куёвлар ўзаро муҳаббат, иттифоқлик, бир-бирларига меҳр-мурувват кўрсатиб яшашлари, муборак ва муқаддас оила қўрғонининг янада мустаҳкам бўлиши учун ҳаётимизда озми-кўпми учраб турадиган, ижтимоий зарарли иллатлардан бўлиб ҳисобланувчи фолбинларга ишонмаслик ва уларга мурожаат қилмаслик бўлади. Жамият аъзоларининг ҳаётларига салбий таъсир кўрсатувчи бу иллатлардан сақланиш ва узоқда бўлиш барчанинг бурч ва вазифаси  эканлигини асло унутмаслигимиз лозим бўлади. 

Паноҳ сўралувчи Зот ҳам, суянишга лойиқ Зот ҳам, бандаларининг тақдиринию келажагини биладиган Зот ҳам фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Аллоҳ таоло Islom.uz портали ходимларини ва барчаларимизни Ўзидан бошқага муҳтож қилмасин, Ҳақ йўлидан, ҳидоят йўлидан адаштирмасин, омин! 

 

Одилхон қори Исмоилов

Бугун, 19 март куни Самарқанд вилояти Ургут шаҳрида янги қад ростлаган “Ургут” марказий жоме масжидида илк жума намози ўқилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кадрлар бўлими мудири Эрдон домла Эсонов, Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов, Ургут тумани бош имоми Шоди домла Ҳақбердиев, уламолар, тажрибали имом-хатиблар, мўйсафид отахонлар ва намозхонлар иштирок этди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло масжидларни Ўзига энг маҳбуб маконлар қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Шаҳарларнинг Аллоҳга энг маҳбуб жойи – масжидларидир” деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бунинг сабаби – масжидларда Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилингани, у ерларда Унинг исми зикр этилгани, у ерларда Унинг буйруқ ва қайтариқлари эълон қилингани, у ерларда мусулмонлар ибодатларнинг турли кўринишлари, жумладан, намоз, зикр, Қуръон тиловати, тасбеҳ, дуо кабилар билан Унга қурбат ҳосил қилганлари, у ерларда нафслар гуноҳ ва исён кирликларидан поклангани, у ерларда роҳат, унс, хотиржамлик, иймон, Аллоҳга муножот лаззати пайдо бўлгани учундир.

Ишонч билан айта оламизки, ушбу муҳташам масжид ҳам мўмин-мусулмонларимизнинг руҳий тарбиясини сайқаллашда жуда катта хизмат қилади. Зеро, масжидлар ободлиги юрт ободлигидир. Масжидга ибодат қилиш учун келган кишилар она-Ватан тинчлиги, халқ осойишталигини сўраб, дуо қилишади. Бу мустажоб дуоларнинг шарофати ила Яратган юртимизни янада фаровон қилади, иншааллоҳ.

Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидларни тез кунларда бунёд этилиб, халқимизга муборак айлашини насиб этсин!

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Махачқалада 27 март куни Қуръондан кейинги иккинчи муҳим бўлган китоб – "Саҳиҳул Бухорий" ҳадислар тўпламининг рус тилидаги таржимаси тақдимоти бўлиб ўтади. Учрашувда Доғистон муфтийси шайх Аҳмад Афанди, Татаристон муфтийси Комил ҳазрат Самигуллин ва нашр муаллифлари жамоаси - икки республика муфтиятларининг шариат мутахассислари иштирок этишади.

“Саҳиҳул Бухорий” — мусулмонлар учун Қуръондан кейинги иккинчи муҳим китоб ва суннийларнинг асосий ҳадис тўпламларидан бири. Шу билан бирга, мусулмон уламолари турли даврларда маълум бир давр эҳтиёжларидан келиб чиқиб, "Саҳиҳул Бухорий"ни қисқартиришган. Энг муваффақиятли қисқартирилган талқинларидан бири – XIX асрда доғистонлик мусулмон олими Умар Зиёуддин ад-Доғистоний томонидан тузилган Зубдат китобидир.

Ҳозирга қадар ушбу асар рус тилида сўзлашадиган ўқувчи учун мавжуд эмас эди, аммо рус мусулмонлари жамоатида сохта исломий урф-одатлар ва ғояларнинг тарқалиши рус диний тафаккурининг тикланишини тақозо этмоқда. "Саҳиҳул Бухорий" ҳадислар тўпламининг "Зубдат" талқинидаги рус тилига таржимаси Россия мусулмонлари учун саҳиҳ ҳадислар ва ҳақиқий сунний урф-одатлар маъноларини очиб берди.

Шуниси эътиборга лойиқки, нашрнинг нашр этилиши Татаристон Республикаси мусулмонлари диний идораси ва Доғистон Республикаси муфтиятлари шариат мутахассисларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари натижасидир: у Татаристонда таржима қилинган ва нашр этилган, Доғистонда таҳрирланган.

Шундай қилиб, замонавий фундаментал диний асар Россия мусулмон халқлари дўстлигининг тимсолига айланди. Бу Татаристон Республикаси мусулмонлари диний идораси ва Доғистон муфтияти ўртасидаги исломий адабиётларнинг таржимаси соҳасидаги ҳамкорликнинг биринчиси эмас. Аввалроқ Қозонда доғистонлик шариат мутахассислари иштирокида тайёрланган Қуръоннинг рус тилига семантик таржимаси «Калом Шариф” россиялик олимлар орасида яхши кутиб олинди.

 

azon.uz

Мақолалар

Top