muslim.uz
МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорате дўзахға (Қирқ биринчи мавзу)
ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...
* * *
Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари
* * *
МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ
* * *
ИЙМОН-ЭЪТИҚОД КИТОБИ
* * *
НАЗМ
Кимки дўзахқа тушса кофирдин,
Чиқмагай жовидон ўшал ердин.
Ҳар азобеки эл тасаввур этар,
Дўзахийларға ул азоб етар.
Тушса гар мўъмин жаҳаннамға,
Гунаҳича қолур ўшал ғамға.
Ё шафиъе шафоъат эткай анга,
Манзиле жаннат ичра еткай анга.
Ё Худо анга маҳз лутф этгай,
Андин ул меҳнату алам кетгай.
Кимки мўъмин борур бу оламдин,
Қутулур, билки, жовидон ғамдин.
Гунаҳича агарчи ранж етар,
Лек охир биҳишт сари кетар.
НАСРИЙ БАЁН
Дўзахнинг сифати баёни
Кофирлардан кимки дўзахга тушса, у ердан абадий чиқмайди. Одамлар тасаввур қиладиган ҳар қандай азоб бўлса, дўзахийларга ўша азоб етади.
Агар мўъмин киши жаҳаннамга тушса, қилган гуноҳи миқдорича ўша ғам-азобда қолади. Ёки бир шафоъатчи зот унга шафоъат қилиб, кейин унга жаннат ичра бир манзил тегади.
Ёки Аллоҳ таъоло унга соф ва холис лутфу марҳамат қилиб, ундан у меҳнат – ғам ташвиш ва алам, азобу уқубат кетади (ва жаннатга киради).
Кимки бу оламдан мўъмин ҳолида ўтса, билгинки, у абадий ғамдан қутулади. Гарчи унга ўз гуноҳи миқдорича ранж-азоб етса ҳам, лекин охири жаннат томон боради.
ИЛОВА. Бақара сураси, 161-162-оятлари (маъноси): “Шубҳасизки, (оятларимизга ва ҳукмларимизга қарши) куфрга кетиб, кофир ҳолида ўлганлар (борки) – Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча инсонларнинг лаънати ана ўшаларга бўлур. (Улар) шу (лаънатланган) ҳол ичра абадий қолурлар. Уларнинг азоблари енгиллатилмас, юзларига назар ҳам қилинмас” (“Файзул-Фурқон”).
ИЗОҲ. Мўъминларнинг охир-оқибат жаннатга киришларига далил ушбу ояти каримадир; Марям сураси, 72-оят маъноси: “Кейин муттақий бўлган (ибодат ва итоат билан гуноҳлардан сақланган) кишиларни қутқарурмиз (жаннатга киритурмиз). Золимларни эса у ерда тиз чўккан ҳолларида қолдирурмиз”.
Энг охирида дўзахдан чиқиб,
жаннатга кирадиган киши
Имом Молик, Ибн Умардан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилдилар: “Энг охирида (дўзахдан чиқарилиб) жаннатга кирадиган киши Жуҳайна қабиласидан Жуҳайна исмли бир кишидир. Жаннат аҳли (бир-бирларига): “Жуҳайнада энг аниқ хабар бор, ундан сўранглар-чи: “(Дўзахда гуноҳкор мўъминлардан) азоб кўраётган бирор киши қолдими?” – дейдилар. У: “Йўқ (бошқа қолмади)”, деб жавоб беради” (“Ромузул-аҳодис”, I, с.4:1; Дороқутний, Хотиб, “Таърих”).
Насрий баён ва шарҳ муаллифи:
Мирзо КЕНЖАБЕК
Испания компаниялари ҳалол бозорга интилмоқда
Мусулмонларнинг харид қобилияти ошиши, Ислом олами мамлакатларида иқтисодий ўсиш кузатилаётгани боис Бирлашган миллатлар ташкилоти халқаро савдо маркази катта бизнес имкониятларига эга бўлган янги глобал бозор сифатида белгиланган тенденцияни юзага келтирди.
Сертификатланган ҳалол маҳсулотлар – Ислом қонунчилиги томонидан рухсат берилган маҳсулотлари кўплаб Испания компаниялари учун Жануби-Шарқий Осиёда бизнесни ривожлантириш учун катта имкониятни тақдим этади. Испанияда Ҳалол институт томонидан тасдиқланган 500 та компания бор, улардан фақат 12 таси Малайзия ва Индонезияга ўз молини экспорт қилади.
Халқаро ҳалол институти жамоатчилик билан алоқалар бўйича директори Барбара Руис-Бежаранонинг сўзларига кўра, ушбу йўналиш сифатли, соғлом ва барқарор маҳсулот ва хизматларнинг синонимига айланган. Ва бу аграр озиқ-овқат соҳаси чегараларидан анча узоққа чиқиб, туризм, мода, фармацевтика, косметика, ҳаттоки молия каби соҳаларда кенг имкониятлар очади.
Islam.ru маълумотларига кўра, ислом иқтисодиёти бўйича эксперт Томас Герреро ҳалол маҳсулот ва хизматларга глобал сарф-харажатлар 2024 йилда 3 триллион долларга етиши кутилаётганини эслатди. Испания озиқ-овқат ёки косметика каби юқори талабга эга бозорларда кўплаб компанияларга эга. Аммо ҳали ўз салоҳиятини тўла намоён қила олгани йўқ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларидан лавҳалар: Аллоҳ учун муҳаббат (Аудио)
Алломаларимиз дунё олимларининг доимий эътибор марказида
Ислом дунёсининг буюк мутафаккири, калом илми пешвоси Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий каби мамлакатимиздан етишиб чиққан калом илми етакчиларининг ҳаёти ва бой илмий-маънавий меросига, ақидавий манбаларни тадқиқ этиш ва алломалар меросини кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги қизиқиш ҳамиша халқаро жамоатчилик, хусусан, дунё олимларининг доимий эътибор марказида бўлиб келган.
Шу муносабат билан, жорий йилнинг 18-феврал куни Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Туркиянинг Салжуқ университетининг Имом Мотуридий дастурлар ва тадқиқотлар маркази ўртасида зоом платформаси орқали онлайн конференция бўлиб ўтди.
Жазоирда масжидлар қайта очилмоқда
Жазоир президенти коронавирус тарқалиш ҳолатлари камайганидан сўнг мамлакат бўйлаб барча масжидлар қайта очилишини эълон қилди. Бу ҳақда iqna.ir манбаси хабар берди.
Frans 24 янгиликлар сайтининг хабар беришича, Жазоир президенти ўз баёнотида ҳукумат коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда мамлакат бўйлаб масжидларни қайта очишга қарор қилганини айтди.
Шунингдек, баёнотда, ҳукумат меҳмонхоналар, давлат ва хусусий марказларнинг барча фаолиятини давом эттириш ниятида эканлиги таъкидланган.
Бироқ, Жазоирнинг айтишича, комендантлик вақти соат 22:00 дан 05:00 гача амал қилган ва мамлакатнинг 48 вилоятидан 19тасида икки ҳафтагача узайтирилган.
Айни пайтда Жазоирда байрамлар, оилавий йиғилишлар, намойишлар ва норозиликлар тақиқланган.
Жазоир ҳукумати мамлакатда коронавирус ҳолатларини камайтиришга қарор қилганини ҳам қўшимча қилган.
Хуршид Маъруф,
тайёрлади