muslim.uz

muslim.uz

Мисрнинг Шайх Зойд шаҳар ҳокимияти “Энг узун ифтор дастурхони” ташкил этилишини эълон қилди ва шаҳар аҳолисини ифторликка таклиф этди. Ифтор дастурхони тахминан икки километр қилиб тайёрланди.

Ифторлик “Қўшнингиз – сизнинг уйингиз” шиори остида бўлиб ўтди. Шайх Зойд шаҳар ҳокимияти иштирокчиларни жамоат бирдамлиги сифатида таомларини ўзлари билан олиб келишга ва ифторлик маросимини маҳалла аҳли билан баҳам кўришга ва очиқ ҳавода шаҳардаги энг узун дастурхон атрофида овқатланишга чақирди. Ифтор тадбиридан сўнг болалар учун кўнгилочар тадбирлар ташкил этилди.

Бу тадбир Рамазон ойида Шайх Зойд шаҳрида илк маратоба ташкил этилган бўлса-да, маҳаллий аҳоли фаол иштирок этди ва бу тадбир улар томонидан илиқ қарши олинди. Шу боис шаҳар ҳокимлиги бундай ифторлик дастурхонини келгуси йил ўтказишга қарор қилди.

“аш - Шарқ ал-Aвсат” нашрига берган хабарда Рамазон дастурхони дастлаб 2000 кишига етиши кутилгани аммо маҳалла аҳлидан келган иштирокчилар сони 5 мингдан ошиб кетгани таъкидланди.

Шаҳар ҳокимлиги баёнотида: “Биз бу тадбирни ташкил этиш (Aл-Матария ифтор дастурхони) билан рақобат қилишни режалаштирмаган эдик ва агар биз (Гиннес) китобига ифторлик дастурхонини энг узун зиёфат дастурхони сифатида ёзишни ўйлаган бўлсак, 5 минг рўзадорни жамлагани ҳолда бу рекордни янгилаган бўлардик. Келгусида шунга ҳаракат қиламиз”, дейилади.

Миср шаҳарлари орасида “Энг узун дастурхон” ташкил қилиш мавзуси давом этмоқда. Дақҳилия вилоятидаги (Шимолий Миср) Мансура шаҳри ҳам “Мансура аҳли ҳамжиҳатликда ифторлик қилади” шиори остида ифторлик дастурхонини (сешанба) ташкил қилиб, бу мусобақага қўшилди”  ва Мисрнинг янги маъмурий пойтахти 2019 йилдаги каби "Дунёдаги энг узун ифторлик дастурхони" деб таърифлаган ифторлик дастурхонининг ташкил этилишини эълон қилди. Бу билан у "Гиннеснинг рекордлар китоби" танловига кирди, ифторлик дастурхони 3 минг метрдан ошди ва ифторликда 7 мингга яқин киши иштирок этди.

 

         ЎМИ ходими И.Аҳмедов тайёрлади

Шу кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бир қатор уламо ва имом-хатиблари Туркия, Қозоғистон, Россия Федерацияси, Жанубий Корея, АҚШ ҳамда Канада давлатларида хизмат сафарида бўлиб турибдилар. Улар ташрифлари давомида бу юртларда меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан мулоқотлар ўтказмоқда, диний-маърифий суҳбатлар қилиб ватандошларимизни яхшиликка ундамоқдалар.
Учрашувлар давомида мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, диний-маърифий соҳадаги ўзгаришлар ҳақида ҳам маълумотлар берилмоқда. Шунингдек, жорий йилнинг 30 апрел куни бўлиб ўтадиган миллий референдумда ватандошлар дипломатик ваколатхона биносида фаол иштирок этиб, ўз фуқаролик позициясини намойиш этишга ишонч билдирилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Рамазон ойи қувончли хабарларга ва савобли амалларга бой бўляпти. Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани "Қоравой ота" жоме масжиди янги биносига илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят вакиллиги Матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси "Қуръон ва тажвидни ўргатиш" бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги ҳудуд раҳбари Мусохон домла Бобоев, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари, нуроний отахонлар иштирок этди.

Намозхонларнинг кўзларидаги севинч уларнинг Аллоҳнинг уйига муҳаббати нақадар юксак эканидан дарак.

Аллоҳ таоло тез орада ушбу байтини мўмин-мусулмонларнинг ихтиёрига топширилишини насиб қилсин.

Бу хайрли ишга ҳисса қўшаётган барча азизларимиздан Ўзи рози бўлсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2023 йил 11 апрель куни муборак Рамазон ойини муносиб нишонлаш мақсадида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котибияти виртуал симпозиум ўтказди. Симпозиум ташкилот Бош котибияти томонидан Рамазонга оид масалаларни муҳокама қилиш мақсадида ўтказилиб, уни Халқаро ислом фиқҳи академияси қошидаги Фатволар ва мурожаатлар расадхонаси раҳбари, доктор Муҳаммад Мустафо Шуайб олиб борди.

Анжуман “Рўза ва тақво”, “Рўза ва Қуръон”, “Рўза ва намоз тушунчалари”, шунингдек, “Қадр ва Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги фазилати”, “Саховат ойида меҳр-мурувват ва саховат тушунчалари” каби мавзулар доирасида бўлиб ўтди.  Шунингдек, Гвинея Республикасининг Конакри шаҳрида бўлиб ўтган 40-сессиянинг вазирлар кенгаши қарорига мувофиқ, Рамазон ойининг 15-кунини “Етимларга ғамхўрлик кўрсатиш” куни қилиб белгилаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Пятница, 14 Апрель 2023 00:00

Нажот – намозда

Кўпчилигимиз ёмон одатлардан қутулиш учун турли чоралар ахтарамиз. Иллатлардан халос бўлиш учун ҳар хил усулларни қўллаймиз. Лекин буларнинг уддасидан, ҳарчанд уринсак-да, чиқа олмай оворамиз.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда мар­ҳамат қилади: “Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур” (Анка­бут сураси, 45-оят).

Барча шартларига риоя қилиб, хушу ва хузу билан ўқилган намоз намозхонни фаҳш ва ёмон ишлардан қайтаради.

Ишхонада бирор айб иш қилиб қўй­сак, раҳбарнинг юзига қарашга уяламиз. Оилада фарзанд қилган ножўя иши туфайли ота-онасидан ҳайиқади. Худди шундай биз бирор айб иш қилсак, ҳар куни беш маҳал ҳузурида турадиган Раббимиздан ҳаё қиламиз. Шу боис намозлар орасида, умуман, ҳар доим фаҳш ва ёмон ишлардан узоқ бўлишга интиламиз.

Имом Абу Олия айтади: «Албатта, намознинг уч дўсти бор. Қайси намозда ушбу уч дўст топилмас экан, унинг маъноси қолмайди. Улар: ихлос, хавф ва Аллоҳнинг зикридир. Ихлос яхшиликка буюради, хавф ёмонликдан қайтаради ва Аллоҳнинг зикри Қуръонга буюради» («Тафсири ибн Абу Ҳотим»).

Қуёш билан мусобақалашгандек, тонг отмасдан уйғониб, покланиб, Аллоҳга ибодат қилиш, зикр ва тас­беҳлар айтиш, илтижолар қилиш қан­чалик завқли-мароқли... БОМДОД вақтининг ифорини туйишнинг гашти бўлакча... Бундай ибодат ёлғончи ва ўткинчи дунёга қарши кийилган мустаҳкам зирҳдир.

Куннинг серташвиш онларида, яъни ПЕШИН вақтида тирикчилик­ни бироз четга суриб, Набий алай­ҳиссалом “Кўзимнинг нури” (Имом Насоий ривояти) ва “Диннинг устуни” (Имом Дайламий ривояти), дея таърифлаган намоз сари чоғланамиз. Ибодатни адо этгач, ич-ичимиздан руҳий енгиллик туямиз.

Дунё ҳаётининг бир кунлик йўлида АСР намози тайин этилган “бекат”ида тўхтаб, яна бироз тин оламиз-да, ожиз банда эканлигимизни, “Дунёда гўё ғариб ва йўловчи каби бўлишимиз” (Имом Бухорий ривояти)ни эсга олиб, Ҳақ таолодан абадий саодатни умид қилиб, муножот айлаймиз.

Қош қорайгач, яна ихлос билан қиб­лага юзланамиз. Қуёш ботиши билан кундузимиз ҳам поёнига етиши, вақти-соати келиб, умримиз ҳам ниҳояланишини эслаб, ШОМ намозига киришамиз.

Кундузи билан бирга дунё ҳам тун бағрига ғарқ бўлган онларда, ўлимнинг рамзи бўлган уйқуга ётишдан олдин яна бир бор жойнамоз устида туриб, ХУФТОН намозини адо этамиз. Хуфтонни ўқиб бўлгач, кунлик ҳисобот топширгандек кун давомида билиб-билмай қилган гуноҳларимиз учун истиғфор айтиб, чарчоқларни унутиб, меҳрибон ва раҳмли Раббимизнинг раҳмат уммонига чўмган ҳолда шукроналар айтамиз.

Бир кунда барчаси жамланса, бир соатдан ошмайдиган, инсонга ҳузур-ҳаловат, хотиржамлик, ором ва оройиш берадиган энг мукаммал чора бу – НАМОЗ.

Аллоҳ таоло: “Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва тас­кин топур) (Раъд сураси, 28-оят), деб марҳамат қилган.

Намоз ўқиган одам руҳан тетик бўлади, руҳан тетик бўлган одам ҳар қандай ташвишу муаммони ҳеч қийинчиликсиз енгиб ўта олади.

Нобель мукофоти лауреати, инглиз ёзувчиси Бернард Шоу: “Мусул­монларнинг намози 2000 йилларга келиб дунёдаги энг машҳур профессор-шифокорларнинг рецептидан жой олади...” деган эди.

Ҳа, ихлос билан ўқилган намоз на­фақат инсоннинг охирати учун, балки соғлиги, руҳияти учун ҳам кони фойдадир.

Толибжон НИЗОМ

“Ҳидоят” журналининг

2023 йил 2-сонидан олинди

Мақолалар

Top