Рамазон

Ҳайит байрами ва унда адо этиладиган амаллар

Мана яқиндагина интиқиб кутганимиз муборак Рамазон ойи ҳам тобора поёнига етиб бормоқда. Аллоҳ таоло бу ой давомида қилган барча тоат-ибодатларимизни Ўз даргоҳида қабул қилган бўлсин! Бу ой давомида туйганимиз ибодат лаззатидан келгуси Рамазонгача бизларни айирмасин! Рамазондан айрилишни ўйлаб маҳзун бўлаётган қалбимизга энг улуғ байрамларимиздан бири бўлган Ийдул фитр ҳайит байрами ташрифи таскин бағишламоқда. Аллоҳ таоло бу байрамни барча мусулмонларга муборак айласин ва уни шариатда кўрсатилганидек ўтказиш бахтига барчаларимизни муваффақ қилсин!

Биз ҳайит байрами деб атаётган байрам араб тилида “ийд” яъни “қайтиш”, “такрор келиш” маъноларини англатади. Бу байрам қайта-қайта келгани учун мазкур ном билан аталган. Баъзи уламолар: “Бу байрам инсонларга уларнинг қийинчилик ва ғам ташвишларига қарамасдан  ҳар йили уларга хурсандчилик ва шодлик билан қайта-қайта келгани учун “ийд” деб номланган, деганлар.

Муқаддас динимизда учта улуғ байрам бор:

  1. Ийдул фитр. Бу байрам ҳар йили Шаввол ойининг биринчи куни нишонланади;
  2. Ийдул азҳо. Бу байрам ҳар йили Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни нишонланади;
  3. Ҳафталик байрам. Ҳар ҳафтанинг жума куни мусулмонлар учун байрам ҳисобланади.

Икки ҳайит байрами кунлари ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилган:

 عَنْ أَنَسٍ قَالَ قَدِمَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم الْمَدِينَةَ وَلَهُمْ يَوْمَانِ يَلْعَبُونَ فِيهِمَا فَقَالَ « مَا هَذَانِ الْيَوْمَانِ ». قَالُوا كُنَّا نَلْعَبُ فِيهِمَا فِى الْجَاهِلِيَّةِ. فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم « إِنَّ اللَّهَ قَدْ أَبْدَلَكُمْ بِهِمَا خَيْرًا مِنْهُمَا يَوْمَ الأَضْحَى وَيَوْمَ الْفِطْرِ ». رَوَاهُ اَبُو دَاود.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келдилар. Уларнинг (Мадиналикларнинг) ўйнаб ҳордиқ чиқарадиган икки кунлари бор эди. У зот алайҳиссалом: “Бу икки кун  қандай кун”, дедилар. Мадиналиклар: “Биз жоҳилиятда бу икки кунда ўйнаб ҳордиқ чиқарар эдик”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта Аллоҳ таоло сизларни бу иккисидан яхшироқ кунларга алмаштирди, ийдул азҳо ва ийдул фитр”, дедилар”. (Имом Абу Довуд ривоят қилган).

Ушбу икки ҳайит байрами Исломнинг икки улуғ рукнлари ортидан келади. Улардан бири Рамазон рўзаси тугаганидан сўнг, иккинчиси ҳаждан кейин яъни ҳожилар Арафотда турганларидан сўнг нишонланади.

Ҳайит байрамлари  барча мусулмонлар шодлик ва хурсандчилик изҳор қиладиган кунлар ҳисобланади. Бу кунларда мўминлар Аллоҳ таолога берган сон-саноқсиз неъматлари учун, шукрона сифатида садақаи фитрларни берадилар, қурбонлик қиладилар такбир айтадилар, ҳайит намозларини адо этадилар. Ҳайит байрами кунлари ибодат ва шукрона кунлари, хурсандчилик ва шодлик кунларидир. Шунга кўра бу кунлар дунё ва охират яхшиликлари жамланган улуғ кунлар ҳисобланади.

Уламолар жума намозини адо этиш фарз бўлган кишиларга ҳайит намозларини адо этиш вожиб бўлади, деганлар.

Ҳайит намозлари қўёш бир ё икки найза бўйи кўтарилгандан сўнг ўқилади.

Ҳайит намозига чиқишда ғусл қилиб, тоза-озода бўлиб чиқилади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда қуйидагича хабар берилган:

 عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ : كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَليْهِ وسَلَّمَ يَغْتَسِلُ يَوْمَ الْفِطْرِ وَيَوْمَ الأَضْحَى. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَةَ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайити кунида ва Қурбон ҳайити кунида (албатта) ғусл қилар эдилар” (Имом Ибн Можа ривояти). 

Шунингдек ҳайит намозига чиқишда ювиниб тоза-озода бўлганидан сўнг ширин мушк ва атирлар билан хушбўйланиб чиқилади. 

Ҳайит кунида имкони бор киши янги кийим кийиши мустаҳаб саналади. Чунки бу иш Аллоҳ таолонинг бандасига берган неъматларини изҳор этиш, шоду-хуррамлигини намоён қилиш  бўлади. Бунга имкони йўқлар энг яхши тоза-озода кийимларини кийиб чиқадилар.  

Ҳанафий мазҳабига кўра “ийду фитр” куни тонги отиши билан “садақаи фитр”ни бериш вожиб бўлади. Аммо ундан олдин Рамазоннинг аввалги кунларида бериш ҳам жоиз ҳисобланади. “Садақаи фитр”ни бериш туфайли камбағалларнинг хонадонларига ҳам хурсандчилик улашилган бўлади. Бунга қуйидаги ҳадисда далил бор:

  عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَمَرَ بِزَكَاةِ الْفِطْرِ أَنْ تُؤَدَّى قَبْلَ خُرُوجِ النَّاسِ إِلَى الصَّلاَةِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини инсонлар намозга чиқишларидан олдин адо этилишига амр қилганлар” (Имом Муслим ривояти).

Рамазон ҳайити байрамида намозгоҳга чиқиш олдидан бирор ширинлик тановул қилиш суннат ҳисобланади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда бундай хабар берилган:

عَنْ أَنَسٍ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لاَ يَغْدُو يَوْمَ الْفِطْرِ حَتَّى يَأْكُلَ تَمَرَاتٍ رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғиз очиш кунида (Рамазон ҳайитида) бир нечта хурмо емасдан (намозгоҳга) чиқмасдилар” (Имом Бухорий ривоят қилган).

Қурбон ҳайитида Рамазон ҳайитининг акси ўлароқ то ҳайит намозини адо этилгунича таомланмаслик суннат бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилган:

عَنْ بُرَيْدَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، كَانَ النَّبِيُّ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  لَا يَخْرُجُ يَوْمَ اَلْفِطْرِ حَتَّى يَطْعَمَ وَلَا يَطْعَمُ يَوْمَ اَلْأَضْحَى حَتَّى يُصَلِّيَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр кунида таомлангунларича (фитр намозига) чиқмасдилар ва қурбонлик кунида намоз ўқигунларича таомланмасдилар”. (Имом Термизий ривоят қилган).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбон ҳайити кунида намозгоҳдан қайтганларидан сўнг қурбонлик қилиб, дастлаб унинг гўштидан тановул қилганлари ривоят қилинган.

Агар бирор узр бўлмаса, ҳайит намозига пиёда юриб бориш ҳам суннат ҳисобланади. Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган:

كَانَ يَخْرُجُ إِلَى الْعِيدَيْنِ مَاشِيًا وَيُصَلِّي بِغَيْرِ أَذَانٍ وَلَا إِقَامَةٍ ثُمَّ يَرْجِعُ مَاشِيًا فِي طَرِيقٍ آخَرَ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَةَ.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда чиқар эдилар. Азон ва иқоматсиз намоз ўқир эдилар. Сўнгра бошқа йўлдан уйга қайтар эдилар” (Имом Ибн Можа ривоят қилган).

Шунга кўра бирор касаллик, ёки узоқлик ёки қору-ёмғир сингари бирор узр бўлмаса, намозгоҳга пиёда бориш суннат бўлади.

  Ҳайит намозини ўқиш учун уйдан чиқилган пайтдан то намозгоҳга етиб боргунча “Ла илаҳа иллаллоҳ” ва “Аллоҳу акбар” ларни айтиб бориш ҳам суннатдир. Ушбу такбир ва таҳлиллар билан  ҳайит байрами келганидан хурсанд бўлиш ва бу куннинг бошқа кунлардан  фарқли кун эканини билдириш ҳисобланади. Аммо такбир айтишда ҳамма жамланиб, ораларидан бири баланд овозда такбир айтиб қолганлар унга жўр бўлишлари суннат эмасдир. Чунки бундай такбир айтиш ривоят қилинмаган.

Ҳайит намози икки ракатлик намоздир. Ҳайит намози вақти кирганида имомга иқтидо қилган ҳолда азон ва такбирсиз икки ракат намоз ўқилади.  Бу ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилган:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ وَعَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ الأَنْصَارِىِّ قَالاَ لَمْ يَكُنْ يُؤَذَّنُ يَوْمَ الْفِطْرِ وَلاَ يَوْمَ الأَضْحَى. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Ибн Аббос ва Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий розияллоҳу анҳумолар: “Фитр кунида ҳам, Қурбонлик кунида ҳам азон айтилмаган”, дейишди”, (Имом Бухорий ривоят қилган).

Чунки азон ва такбир фарз намозлари учун суннат бўлади.

Имом ийд намозининг қироатини жаҳрий қилади ва биринчи ракатига “Аъла” сурасини, иккинчи ракатига “Ғошия” сурасини зам қилиши мандуб бўлади. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳайит намозларида “Қоф” ва “Қамар” сураларини зам қилганлари ҳам ривоят қилинган.

Ҳанафия мазҳабига кўра ҳайит намозлари қуйидаги тартибда адо этилади:

  • Имомга иқтидо қилиб ҳайит намозини адо этишни қалбида ният қилинади ва мазкур ният ҳам талаффуз қилинади;
  • Кейин имом ортидан такбири таҳрима айтилиб қулоқ қоқилади. Такбири таҳримадан сўнг қўллар киндик осига боғланиб “сано” дуоси ўқилади;
  • Кейин имомга эргашиб уч марта такбир айтилади. Ҳар такбир айтишда қўлларини бош бармоқлари қулоқлари юмшоғига тегадиган миқдорда кўтариб сўнг ёнга туширилади. Учинчи такбирдан сўнг қўллар боғланиб киндик остига қўйилади;
  • Кейин имомнинг қироатига қулоқ солинади. Қироатдан сўнг имом ортидан такбир айтиб руку ва саждаларни адо этади;
  • Иккинчи ракатда имом такбирлардан олдин қироат қилади. Қироатдан сўнг имом билан биргаликда уч марта такбир айтилади ва ҳар такбирда қўлларни бошбармоқ қулоқ юмшоғига тегадиган миқдорда кўтарилиб  сўнг ёнга тушурилади;
  • Тўртинчи такбир айтишда қўлларни кўтармасдан имомга эргашган ҳолда рукуга борилади ҳамда имомга эргашган ҳолда саждалар қилинади;
  • Саждалардан сўнг охирги қаъдада ўтирганида аттаҳиёт, салавот ва дуо ўқилиб, имом ортидан салом бериш билан ҳайит намози якунланади.

Агар биров ҳайит намозига бир ракат кеч келиб қолса, имом салом бергандан сўнг, салом бермасдан туриб қироат қилади кейин уч такбир айтади, ҳар такбир айтганда бош бармоқлари қулоғи юмшоғига тегадиган миқдорда қўлларини кўтаради тўртинчи такбирда рукуга кетади.

Ҳайит намози хутбадан олдин ўқилади.   Бу ҳақида жуда ҳам кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган:

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ شَهِدْتُ الْعِيدَ مَعَ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَأَبِي بَكْرٍ وَعُمَرَ وَعُثْمَانَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ فَكُلُّهُمْ كَانُوا يُصَلُّونَ قَبْلَ الْخُطْبَةِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳам, Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумлар билан ҳам ҳайит намози ўқиганман, барчалари ҳайит намозини хутбадан олдин ўқир эдилар” (Имом Бухорий ривоят қилган).

Имом орқасини қибла тарафга қилиб жамоатга юзланиб хутба ўқийди. Бунинг далили қуйидаги ривоятдир:

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَخْرُجُ يَوْمَ الْفِطْرِ وَالْأَضْحَى إِلَى الْمُصَلَّى فَأَوَّلُ شَيْءٍ يَبْدَأُ بِهِ الصَّلَاةُ ثُمَّ يَنْصَرِفُ فَيَقُومُ مُقَابِلَ النَّاسِ وَالنَّاسُ جُلُوسٌ عَلَى صُفُوفِهِمْ فَيَعِظُهُمْ وَيُوصِيهِمْ وَيَأْمُرُهُمْ فَإِنْ كَانَ يُرِيدُ أَنْ يَقْطَعَ بَعْثًا قَطَعَهُ أَوْ يَأْمُرَ بِشَيْءٍ أَمَرَ بِهِ ثُمَّ يَنْصَرِفُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр ва Қурбонлик кунлари намозгоҳга чиқар эдилар. Аввал бошлайдиган ишлари намоз ўқиш бўлар эди. Сўнгра бурилардилар ва инсонлар билан юзма-юз турар эдилар. Инсонлар саф-саф бўлиб ўтирар эдилар. Уларга ваъз-насиҳат қилиб, (тўғри йўлга) буюрар эдилар. Агар бирор жойга юбориладиган кишиларни ажратмоқчи бўлсалар ажратар эдилар, ёки бирор нарсага буюрмоқчи бўлсалар буюрар эдилар. Сўнгра ортга қайтар эдилар” (Имом Бухорий ривоят қилган). 

Ҳайит намозидан сўнг инсонларнинг бир-бирлари билан кўришишлари ва ҳайит байрами билан қутлашлари ҳам ҳайит кунининг одобларидан ҳисобланади. Ҳайит кунида бир-бирларини табриклаш маъносида ўқиладиган муайян дуо бўлмаса ҳам, “Аллоҳ биздан ҳам сизлардан ҳам қабул қилсин” маъносидаги тилаклар билдириш яхши саналади. 

Ҳайит кунида намозгоҳдан уйига қайтишда борган йўлидан бошқа йўлдан қайтиш ҳам суннат бўлади. Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бу ҳақида бундай дейилган:

كَانَ يَخْرُجُ إِلَى الْعِيدَيْنِ مَاشِيًا وَيُصَلِّي بِغَيْرِ أَذَانٍ وَلَا إِقَامَةٍ ثُمَّ يَرْجِعُ مَاشِيًا فِي طَرِيقٍ آخَرَ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَةَ.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда чиқар эдилар. Азон ва иқоматсиз намоз ўқир эдилар. Сўнгра бошқа йўлдан уйга қайтар эдилар”( Ибн Можа ривоят қилган).

Ҳайит байрамида сайлгоҳларга чиқиш, қавму-қариндошларни зиёрат қилиш билан бу кундаги умумий хурсандчиликлар доираси кенгаяди, уларга совғалар ҳам улашиладиган бўлса ўзаро меҳр-муҳаббат ришталари мустаҳкамланиб шоду-хуррамликлар янада зиёда бўлади. Мусулмон киши ҳайит кунларида имкон қадар қавму-қариндошларга хусусан муҳтожларга хурсандчилик улашишга ҳаракат қилиши мақсадга мувофиқ бўлади. 

Шунингдек уламолар ва толиби илмларни зиёрат қилиш ҳам ҳайит байрамидаги фазилатли амаллардан  саналади. Албатта бунда уларнинг вақтларига риоя қилиш лозим бўлади.

Умуман олганда ҳайит байрамининг жамият вакиллари орасидаги гина-адоватлар ва турли кўнгилсизликларни кетказиш ҳамда улар ўртасида меҳр оқибат ришталарини янада мустаҳкамлаш сингари ҳикматлари кўпдир.

Яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити байрами барчамизга муборак бўлсин!

 

Жалолиддин Ҳамроқулов

ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

“Новза” жоме масжиди имом хатиби

92799 марта ўқилди

Мақолалар

Top