muslim.uz

muslim.uz

Жорий йилнинг 10 сентябрь куни Қурбон ҳайити байрамини республикамизда муносиб кутиб олиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги барча диний таълим муассасаларида оммавий ҳашар ташкил этилди.

Ушбу ҳашар кунида билим юртларининг ўқитувчи, ишчи-ходимлари ва барча курс талабалари иштирок этдилар.

Шунингдек, ҳар бир курс талабаларига ажратиб берилган синф хоналари, тикувчилик хонаси, АРМ хонаси, масжид, талабалар турар жойи, спорт майдончаси, ошхона, таҳоратхона ҳамда билим юртининг ички ва ташқи ҳовлисида ҳам кенг кўламли тозалик ишлари амалга оширилди.

 

 Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими

Суббота, 10 Сентябрь 2016 00:00

Хурсандчилик байрами

 

Ҳайит хурсандчилик байрамидир. Қурбон ҳайитини қиёматгача тарих саҳифасидан ўчмас, виждонимизда ва ҳаётимиздаги унутилмас воқеа сифатида нишонлашга одат қилганмиз.

Қурбон ҳайити Иброҳим (алайҳиссалом) ҳамда ўғли Исмоил ва хотини Ҳожар онамизнинг нафс истаги, шайтон васвасаси устидан қозонган ғалабалари сифатида тарихда қолган.

Ушбу фазилатли кунларда дунё мўмин-мусулмонлари қатори юртимиздан ҳам минглаб ватандошларимиз Байтуллоҳда улуғ ҳаж ибодатида ҳозир бўлиб туришибди. Аллоҳ таоло уларга ўз раҳматини ҳайит либоси қилиб кийдирди, уларга фазли-карами билан мағфират нишонини тақди.

Қурбон ҳайити кунлари шуни мамнуният билан эслаймизки, мустақиллигимизнинг илк онлариданоқ диёримиз мусулмонларига ўзларининг диний маросимларини тўла адо этишлари учун барча зарур шароитлар яратиб берилди. Виждон эркинлиги ҳақида муҳим Қонунлар қабул қилинди. Ҳар йили муборак ҳаж сафарига борувчи фуқаролар учун қулай шароитлар вужудга келди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига кўра, муборак Қурбон ҳайитининг халқимиз маънавий ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини эътиборга олиб, миллий-диний қадриятларимизни сақлаш ва улуғлаш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний байрам – Қурбон ҳайитини дам олиш куни деб эълон қилиш ҳақида”ги 1991 йил 20 июндаги ПФ-221-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жорий йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 12 сентябрь душанба кунига тўғри келиши ҳақидаги мурожаатини инобатга олиб, 2016 йил 12 сентябрь дам олиш куни деб белгиланди. Барча юртдошларимиз ҳайитни кўтаринки байрам руҳида кенг нишонлайдилар.

Қурбон ҳайитининг номидан маълумки, бу байрамда асосий амалга оширилиши лозим бўлган иш Аллоҳ йўлида жонлиқ сўйишдир. Қурбонлик қилиш ўз юртида муқим, айни вақтда закот нисобидаги мулкка эга ҳар бир мўмин-мусулмонга вожиб ҳисобланади. Унинг вақти ҳайит намози ўқилгандан сўнг бошланиб, ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботишидан олдин тугайди.

Қурбонликка сўйиладиган ҳайвон мол, туя, қўй ва эчки бўлиши мумкин. Битта мол, ёки туяни етти киши номидан сўйиш шерикларнинг ҳаммаси қурбонлик ва садақани ният қилиш шарти билан жоиз. Бу ҳайвонларнинг эркаги, урғочиси, бичилгани ва бичилмагани ҳам қурбонликка ярайди. Булардан бошқа ҳайвонлар қурбонликка ўтмайди. Шу билан бирга, қурбонликка аталган ҳайвон жиддий айбдор бўлмаслиги керак. Қанча соғлом ва кўркам бўлса, шунча савоби кўп бўлади.

Ҳайит мусулмонларнинг азиз байрами бўлгани учун бу айём шоду хуррамлик, хурсандчилик қилинадиган, кексалар, ота-она, қариндошлар зиёрат этиладиган, беморлар ҳолидан хабар олинадиган, кўплаб хайр-эҳсон улашиладиган кундир.

Ҳайит кунлари оила ичида ҳам байрам кайфиятини тиклаш керак. Уйга қилинадиган харажатларни одатдагидан яхшироқ қилиш даркор. Иложи бўлса, уларга совға ва махсус ҳадялар улашилса, янада яхши бўлади.           Ҳайит кунларида беморларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳам ҳайитни нишонлашларига кўмаклашиш айни савоб иш бўлади. 

Ҳайит кунлари силаи раҳм қилиш, қариндош-уруғ, кексалар ва беморларни, қуда-андаларни зиёрат қилиш ҳар қачонгидан ҳам кўра таъкидланган бўлиб, савоби кўпроқ бўлади. 

Узоқлашиб кетган қариндошлар билан, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш лозим. Зеро, силаи раҳмни узган ёки инсонларга гина қилган кишиларга фазилатли кунларнинг яхшилиги етмаслиги ҳақида ривоятлар бор. Шу боис, бунга жиддий қараш керак. Болаларга муносиб ҳадя ва совғалар улашилса, айни мақсадга мувофиқ бўлади. Фарзандларимиз йил давомида ҳайитни эслаб юрсин, уни орзиқиб кутсин, унинг буюклигини ҳис қила билсин, ана шунда яхши бўлади. Бу каби ишлар фарзандларимиз онгида миллий-диний қадрятларимизга нисбатан эҳтиром туйғусининг шаклланишига, уларнинг Ватан ва миллатга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади.

Таниш-билиш, ёру дўст ва ҳар бир кўринган мусулмон кишини ҳайит билан табриклаб, уларга хурсандчилик ва шодлик изҳор қилиш керак.

Ҳайит арафасида кўни-қўшниларга меҳр-мурувват кўрсатиш билан бирга моддий ёрдамга муҳтож кишилар, яъни кам таъминланган оилаларга хайр-эҳсон қилинса, уларнинг хонадонларига ҳам байрам шукуҳи кириб келган бўлади.

Ҳайит кунлари дуолар қабул қилинадиган кундир. Бу кунда баъзи жойларда одамлар урф қилиб, тўп-тўп бўлиб қабристонга, азадор хонадонларга бориши, йиғи-сиғи қилиши шаръан дуруст эмас. Бундай ношаръий амаллардан қайтайлик, ўзимизни ортиқча бидъат амаллардан сақлайлик. Бунинг ўрнига Аллоҳнинг тинчлик, хотиржамлик каби неъматларига шукр қилиб, эрта тонгдан ҳайит намозини адо этиб, кўпчилик билан қўлларимизни дуога очсак, қалбимиздаги истакларимизни Яратгандан сўрасак, иншоаллоҳ, бунинг савоби ўзимизга ҳам, биздан умидвор бўлиб ётганларга ҳам етиб боради.

Буюк истиқлол шарофати ила юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда. Бу тинчлик неъматининг қадрига етмоғимиз, уни асраб-авайлаш учун ҳар биримиз ҳаракат қилмоғимиз лозим. Чунки бу доруломон кунларга ўз-ўзидан эришилгани йўқ.

Аллоҳ таоло барчамизга Қурбон ҳайитини муборак қилсин. Кейинги йил Ҳайит байрамларига ҳам соғлик-саломатлик, хурсандчиликда етишлигимизни Яратган барчаларимизга насиб этсин! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

 

Режаболи НОРҚЎЧҚАРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари

Мақолалар

Top