muslim.uz

muslim.uz

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда сўнгги йилларда туризм иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири сифатида изчил ривожлантирилмоқда. Мазкур тармоқ тараққиёти учун қонунчилик асослари такомиллаштирилмоқда, давлатимиз раҳбарининг қатор фармон ва қарорлари асосида ушбу йўналишдаги шароитлар кенгайтирилмоқда.
Зиёрат туризми – тармоқнинг энг катта ва истиқболли манбаларидан биридир. Мамлакатимизда Ислом ва бошқа динларга оид кўплаб зиёратгоҳ ва ёдгорликлар бор.
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлигининг “Дунё” ахборот агентлиги мамлакатимизнинг Ислом муқаддас қадамжоларига бағишлаб туркум тақдимот видеороликлари тайёрламоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Миллий телерадиокомпания билан ҳамкорликда суратга олинаётган ушбу туркумнинг биринчи мавзуси пойтахтимиздаги “Ҳазрати Имом” мажмуасида сақланаётган Қуръони каримнинг энг қадимий нусхаси – Ҳазрати Усмон Мусҳафига бағишланди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матубот хизмати

 

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зайтун ёғини енг ва уни суртинг. Чунки у муборак дарахтдандир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Зайтун инсон организми учун жуда фойдали ҳисобланади. Ундаги Е моддаси инсоннинг тез қаришини олдини олади. Зайтун дарахтининг баргларидан қон босимини олдини олувчи дорилар тайёрланади. Шунингдек, зайтуннинг ошқозон шиллиқ пардаси яллиғланишига қарши самарали фойдаси бор.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Ўзбекистон делегацияси БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Ижроия кенгашининг 113-сессиясида иштирок этди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари – Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов тадбир иштирокчилари эътиборини иккита масалага қаратди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар беришича, биринчи масала Ўзбекистон номзодини 2021-2023 йилларда UNWTO Ижроия кенгашига аъзоликка қўйишга доир бўлди.
Тадбир доирасидаги муҳокамаларда Кенгаш таркибига кўрсатилган номзодлар орасида Ўзбекистон имкониятлари юқори эканлиги таъкидланди. Ташкилот Ижроия кенгашига аъзо бўлиш Ўзбекистоннинг глобал миқёсда туризм соҳасида олиб борилаётган сиёсатда фаол иштирок этиш ҳамда унда мамлакатимиз манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади. Иккинчиси масала 2023 йилда UNWTO Бош Ассамблеяси 25-сессиясини Самарқанд шаҳрида ўтказиштаклифи билан боғлиқ бўлди. Бунинг учун Самарқанд шаҳрида мавжуд ва келаси 3 йилда амалга ошириладиган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот берилди.
— Бош Ассамблеяга мезбонлик қилиш жаҳон туризм индустриясининг етакчи вакиллари, ишбилармонлар ва инвесторларни Ўзбекистонга жалб қилиш имконини беради, - деди А.Абдуҳакимов. — 158 та аъзо давлатнинг 2 мингдан ортиқ вакили ташрифини ташкил этиш орқали эса туризм соҳасидан тушадиган даромадни ошириш мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Понедельник, 25 Январь 2021 00:00

Овқатланишга вақтини қизғанган олим

Араб тилида: бир нарсани қаттиқ хоҳлаб, унга қизиқишга "ҳарис" дейилади.

Аллоҳ таоло тарафидан инсонга берилган энг улкан бойлик бу — вақтдир. Шунинг учун ҳар бир кимса, вақтнинг қай даражада аҳамият касб этишини теран англаши ва унга жуда ҳам ҳарис бўлиши керак. Чунки ўтаётган ҳар бир лаҳза асло қайтиб келмайди. Мусулмон инсон вақтини дунё ва охират учун фойдали амаллар билан тўлдириши шарт. Йўқса, эрта қиёматда юзи қизариб, афсус-надоматлар ичра қолади.

Ибн Абу Усойбиа ҳикоя қилади: Фахриддин Розий раҳматуллоҳи алайҳи айтдилар: "Аллоҳга қасам! Овқат вақтида таомланиш билан банд бўлиб, шу вақтни илм ўқимасдан ўтказганимга афсусдаман. Чунки вақт жуда азиз нарсадир".

Шундан маълумки, олдинги уламолар қай даражада вақтини фойдали ишларга сарф этишга ҳарис эканлари. Қиёмат кунида ҳар бир жон дунёда берилган қимматли вақтини нималар билан ўтказгани борасида албатта сўралади.

Аллоҳ таолонинг ҳузурида юзимиз ёруғ бўлиши учун ҳозирдан вақтимизни яхшиликларга сарф этишимиз ва фойдали ишлар ила машғул бўлишимиз зарур.

Аллоҳ таоло барчамизни вақтнинг қадрини биладиган ва уни яхшиликлар билан тўлдирувчи бандаларидан қилсин!

 

Муҳаммад Юнус Муҳаммад Мусо ўғли,

Мир Араб Олий мадрасаси талабаси

Понедельник, 25 Январь 2021 00:00

Жаннатга биринчи бўлиб кирадиганлар

Улуғ тобеин Абу Абдуллоҳ Саид ибн Жубайр ибн Ҳишом Асадий Волибий ҳижрий 46 йил (милодий 665 йил)да Куфада туғилган. Одамлар Ибн Жубайрни “кўринишлари қора бўлса ҳам, хислатлари оппоқ эди”, деб таърифлашган. Абдуллоҳ, Муҳаммад ва Абдулмалик исмли уч нафар фарзанди бўлган.

Дастлаб бир муддат Куфада Абдуллоҳ ибн Утбанинг котиби бўлган. Сўнгра бутун умрини илмга бағишлаган. Ибн Аббос, Ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Муғаффал, Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳум каби йирик саҳобалардан таълим олган. Макка тафсир мактабининг устози, “Қуръон таржимони” Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан тафсир ва бошқа илмлардан сабоқ олди. Ибн Жубайр худди инсонга соя эргашиб юргандек, доимо Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу билан бирга юрарди. Шу сабаб, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу шогирдининг илмига қаттиқ ишонар, масала сўраб келганларни унга йўллаб: “Ахир орангизда Саид ибн Жубайр борку!” деб танбеҳ берардилар.

Ибн Жубайр роҳматуллоҳи алайҳи Макка мадрасасининг олд талабаларидан, тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмлари имомларидан бўлиб етишди. Ҳаммод ибн Абу Сулаймон, Амр ибн Дийнор, Муҳаммад ибн Восеъ, Ҳишом ибн Ҳассон, Ҳилол ибн Ҳиббон, Сулаймон Аъмаш роҳматуллоҳи анҳум каби зарабдаст олимларга устозлик қилди, ҳар куни бомдод ва аср намозларидан сўнг дарс берди. Саид ибн Жубайр роҳматуллоҳи алайҳи талабаларга: “Ҳақиқий тавбанинг учта шарти бўлмаса, қабул бўлмайди: тавбанинг қабул бўлмаслик қўрқуви, қабул бўлишидан умид ва тоатларда бардавомлик”, деб айтарди.

Қатода роҳматуллоҳи алайҳи: “Билимдонлар тўрттадир: Ҳаж амаллари борасида Ато ибн Абу Равоҳ, тафсир илмида Саид ибн Жубайр, сийрат илмида Икрима, ҳалол ва ҳаромда эса Ҳасан Басрийдир”, деган.

Рамазон ойларида Ибн Жубайр роҳматуллоҳи алайҳи имомликка ўтарди. Агар ёлғиз ўзи ибодатни адо этса Қуръонни тўлиқ хатм қиларди. Қуръони каримнинг «Китоб (Қуръон)ни ва Биз пайғамбарларимиз билан юборган нарсаларни (Китобларни) ёлғон деган кимсалар яқинда (қиёмат Кунида) билажаклар. Ўшанда улар бўйинларида кишан ва занжирлар билан судралурлар» (Ғофир сураси, 70-72-оят) оятини тиловат қилганда ранги оқариб, бутун вужудини титроқ тутарди.

Ҳар йили ражаб ойида умра, зулқаъда ойида эса ҳаж ибодатини адо этарди. Ибн Жубайр роҳматуллоҳи алайҳи Қуръони карим маъноларини ва қироат илмини чуқур ва пухта билса-да, ўз фикри билан тафсир қилишдан ниҳоятда эҳтиёт бўларди ва “Мен учун тупроққа қоришиб кетишим, Қуръонни ўзимча тафсир қилишимдан кўра яхшироқдир”, дерди.

Саид ибн Жубайр роҳматуллоҳи алайҳи ҳадисларни ёзиб саҳифаларга тўплаган. Абдуллоҳ ибн Зубайр, Анас ибн Молик, Саид ибн Худрий розияллоҳу анҳум каби саҳобалар билан учрашиб, улардан ҳадислар ривоят қилган.

Саид ибн Жубайр роҳматуллоҳи алайҳидан «Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман…» (Бақара сураси, 152-оят) оятининг тафсирини сўрашганда “Ибодат, итоат билан «Мени ёд этингиз...» шунда «(Мен ҳам) сизларни ёд этурман…» яъни, гуноҳларингизни мағфират этаман, деб тафсир қилган.

Саид ибн Жубайр роҳматуллоҳи алайҳидан зикр нима деб сўрашганда: “Киши бирор амални бажаришда Аллоҳга итоат, Унинг розилигини топиш ниятида бўлар экан, ушбу амали зикр ҳисобланади. Агар Аллҳ таолога итоат этмаса, гарчи тунларини Қуръон тиловати ва зикр билан ўтказсада зикр қилувчилардан бўлмайди”, деб жавоб берган.

Саид ибн Жубайр роҳматуллоҳи алайҳи золим Ҳажжож томонидан ҳижрий 95 йили (милодий 714) қатл этилган. Бир қанча саҳобаларнинг қонини тўккан бу золим: “Саид ибн Жубайрнинг ўлимичалик ҳеч кимнинг ўлими менга оғир келмади”, деган. Ибн Жубайрнинг вафотини эшитган Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳи: “Ер юзи Саид ибн Жубайрнинг илмига муҳтож”, деб чуқур қайғуга ботган.

 

Саид ибн Жубайр роҳматуллоҳи алайҳи ҳикматларидан

 

"Жаннатга биринчи бўлиб кирадиганлар қийинчилик ва хурсандчилика ҳам Аллоҳга ҳамд айтадиган кишилардир".

 

"Аллоҳ таолога таваккул қилиш иймоннинг ҳуснидир".

 

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар

Top