Рамазон-2018

Рўза  – тан закоти

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Ҳар нарсанинг бир закоти бор. баданнинг закоти рўзадир” (Имом ибн Можа ривояти).

Сайёрамизда ўн бир ойнинг султони, муборак рамазон ойи кезмоқда. Исломнинг беш шартидан бири бўлган рўза ибодати ҳаётимизни ўзгартирди. Раббимизнинг ризолигини истаб нафсимизга ҳам хуш келувчи нарсаларга  бир ой давомида кундузлари яқинлашмаймиз.

Рўзани ният қилар эканмиз, унинг маънавий ҳаётимиздаги маъно ва аҳамияти ҳақида тафаккур этамизми, нима дейсиз?

Ажабо, Пайғамбар алайҳиссалом “Рўза баданнинг ибодати” деганларида нимани назарда тутган эканлар?

Албатта, бу иборанинг илк ақлга келган маъноси аниқ. Эҳтиёжидан ортиқча моли бўлган кишининг ўша молидан бир қисмини закот сифатида бермоғи унинг бандалик бурчи бўлса, соғлом бир танали бўлган одамнинг ҳам рўза тутмоғи айни шундай масъулиятлидир. Яъни рўза тутмоқ бажарилиши шарт бўлган бурчдир. 

Ояти карималарда ва ҳадиси шарифларда закоти берилмаган молнинг бир балога учраши айтилган. Модомики, соғлом тананинг закоти рўза бўлса-ю, бу бурчни бажармаган тана ҳам бир азобга гирифтор бўлиши тайиндир.

Шунинг билан бирга, ҳадиси шарифнинг бошидаги “Ҳар нарсанинг бир закоти бор...” иборасининг ўзиданоқ ҳар бир неъмат ва имкондан уни берган Аллоҳ таолога шукр маъносида бир закот беришимиз керак бўлишини тушунамиз.

Демак, соғлом тананинг шукрини рўза тутиб адо этишга ҳаракат қилганимиз каби ёшлик, бўш вақт, зако, қобилиятга ўхшаган неча имконларни ҳам Аллоҳ таолонинг неъмати билиб, уларга ҳам шукр этмоғимиз ва улардан закот бермоғимиз даркор бўлар экан.

Ҳар неъматнинг шукри ва закоти ўзининг жинсидан бўлмоғи эътиборига кўра, улардан ҳам Аллоҳнинг йўлида сарф этмоқ учун закотларини беришимиз лозим. Рамазон ойи бир ҳақиқат устида тафаккур этмоғимизни талаб этади. Рўза туфайли нафснинг хизматидан қутулганимиз бу баракотли ойда ақлимизни илм ва маърифат-ла, кўнглимизни илоҳий маърифат-ла, вақтимизни солиҳ амаллар-ла кечириб, ҳаммасининг закотини беришга ҳаракат қиламиз.

Омонатнинг асл соҳибини унутмайлик!

Закот бериш бир ерда инсоннинг нафсига юзланиб “Соҳиб бўлганинг бу мол аслида сеники эмас, фақат сенга бир имтиҳон учун муайян вақт сенга берилган бир омонатдир. Шундай экан, бу омонатнинг асл соҳибини унутма. ҳечқурса, бир қисмини У амр этган ерга бер”, демоғи учун василадир.

Айни шаклда рўза тутмоқ ҳам инсоннинг нафсига юзланиб: “Соҳиб бўлганинг бу бадан сенга омонат қилиб берилгандир. Ундан фақат ҳақиқий Соҳибининг амрига уйғун шаклда фойдаланиш ҳаққинг бор. Шундай экан, Раббингнинг амри ила шу бир ой давомида уни ҳалол неъматлардан узоқ тутганинг каби умринг бўйи ҳаром ва шубҳали таомларнинг ёки амалларнинг лаззатидан узоқ тутажаксан”, дейишга васила бўлади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шунга ишорат этиб, “Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Аллоҳга қасамки, рўзадорнинг оғзидан келадиган нохуш ҳид Аллоҳнинг ҳузурида мушку анбарнинг ҳидидан ҳам севимлироқдир. Рўзадор одамга икки марта севиниш насиб этади: биринчиси, ифтор қилганида; иккинчиси, рўзадорлик савоби билан Раббисининг қаршисида ҳозир бўлганида”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Мўмин учун бу дунё ҳаёти рўза тутишга ўхшаган амаллар билан чегаралаган. Ғофил инсонлар дунё ҳаётининг завқларини асл ғоя ҳолига келтириб олганлар, ҳалол-ҳаром демасдан тўғри келган ишни қилиб кетаверадилар. Аммо мўминлар ўзларини нафслари ёқтирган баъзи нарсалардан узоқ тутадилар. Буни ҳам фақат Раббининг ризоси учун қилади. Албатта, бундай қилиш билан айни замонда нафсини қийнайди. Шундан ҳам закот тушунчасининг яна бир маъноси намоён бўлади.

Раббимизнинг амрларини бажариш ва тақиқларидан қайтишнинг икки дунёда мукофоти бор. Аллоҳнинг амрларига итоат этган киши ҳам охиротда буюк мукофотга эришади ҳамда ундан олдин бу дунёда нафсини жиловлагани учун турли разилликлардан ва ҳаётини қадрсиз нарсаларга сарфлаб қўйиб кейин пушаймон бўлишдан қутулиб қолади.

Рўза бу маънода ҳам закотга ўхшайди. Чунки рўза тутган банда нафсини сабрга ўргатиб, уни сабрсизликдан ва унинг ортидан келадиган бало-қазолардан халос қилади.

Сабр – нафс хуш кўрадиган нарсалардан узоқ туриш ва қийин вазиятларда матонатли бўлмоқдир. Одатда нафсга ёқадиган нарсалар ҳар доим ер юзида лаззатланишлардан бўлгани учун  тақвонинг ва гўзал ахлоқ соҳиби бўлишнинг йўли нафснинг орзуларига қарши сабрли бўлмоқдан бўлади. Шунингдек, маънавиятимизни инкишоф эттирган ибодатлар ва Аллоҳнинг динига хизмат каби солиҳ амаллар ҳам нафсга ёқмагани боис нафсни сабр билан тарбия қилинади. Нафсга сабрни ўргатиш, завқ ва орзуларга очиладиган “иштаҳа”дан покланмоқ жуда муҳим бир закотдир.

Нафсни итоатга ўргатиш ойи

Тасаввуф истилоҳида нафс деганимиз баданимизнинг орзу-ҳавасларининг маркази бўлган  худбинлик моясидир. Ана шу моянинг қуввати еган-ичганимиздан келади. Инсоннинг қорни тўқ бўлса, яна бошқа орзу-ҳавасларга навбат келади. Емоқ-ичмоқни бир оз чеклаганимиз заҳоти нафс очлик дардига тушади, ҳар куни еб-ичишнинг нақадар буюк неъмат эканини англаб етади.  Ана ўшанда узмирлиги камаяди ва уни итоат остига олиш осонлашади. 

Агар танамиздан келган ҳавас ва иштаҳа сигналларини қувватли бир ирода остига олиб уларга ҳоким бўлмоқни истасак, бунинг энг самарали йўли рўза тутмоқдир. Чунки рўза очлик ва сувсизлик-ла нафснинг қувватини кесади, адашиб-улоқишдан воз кечтиради. Ундан сўнгра танамизга ҳоким бўлиб унга фойдали ишлар ва маънавий амаллар қилдириш мумкин бўлади. Солиҳ амаллар қилиш эса умрни баракасидир. Ана шу ерда закотнинг яна бир тури кўзга ташланади.

Закот айни замонда юксалиш, баракатланиш маъноларини ҳам англатади. Молдан берилган закот кўринишда молни камайтирган ўхшайди, Аммо Раббимиз ўша молни кўпайтириб қўйишининг хабарини берган: “Аллоҳ судхўрликни (фойдасини) йўқ қилади ва садақа (берувчиларга бойлик)ларни зиёда қилади” (Бақара, 276).

Одам боласи мол тўплашга ҳирсли бўлгани боис закот берса, молим камайиб кетади деб ўйлайди. Ҳолбуки, унга ўша молни берган Раббимиз истаса бир фалокат юбориб ҳаммасин қўлидан олади. Ёхуд киши молини қўриқлаб умрини қоровуллик билан ўтказади ва меросхўрларига ташлаб кетади. Асл юртига борганида қараса қўлида берган закоти ва садақаларидан бошқа ҳеч нарса кўрмайди.

Закотни берган мўмин эса боқадики, берганларининг ўрнини Раббиси янгилари билан зиёд қилиб тўлдириб қўйибди. Буни кўриб у янада кўпроқ закот беришни орзу  қилади.  Ва ниҳоят дунёда ҳам бирор зарар кўрмайди, охиротда эса буюк мукофотга эришади. Чунки Раббимиз амр этиб: “...Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ, 39) , деган.

Рўзанинг закотга шу жиҳатдан ҳам ўхшаш тарафи бор. Рўза тутишни ният қилишдан олдин шайтон инсонни: “Рўза тутиш қийин иш, чидай олмайсан. Рўзага ният қилиш сенинг эркинлигингни чеклаб қўяди, еб-ича олмайсан, бошқа кўнгихушликларни қила олмайсан... Айниқса, рўзангни очиб қўйсанг, 60 кун узмасдан рўза тутиб беришинг керак бўлиб қолади”, деб ваҳимага солади. Ваҳоланки,  инсон Аллоҳга таваккал қилиб рўза тутишни ният қилганидан кейин Аллоҳ таоло унга чидаш учун куч-қувват бериб қўяди ҳамда маънавият ва баракат насиб айлайди.

Рўзадор киши бошқа ибодатлардан ҳам файз олади. Очлиги сабабли қалби юмшагани боис намозни ўқиётган чоқда хушу туяди.  Фақирларнинг ҳолини англагани ва нафснинг очкўзлик ҳисси сўнгани учун закотини ҳеч қийналмасдан беради. Қуръони карим тиловатининг лаззатини ҳис қилади. Зикр, тасбеҳ ва дуолар қалбидан келади. Шу тариқа, рўза туфайли умрининг  ҳақиқий ғоясини топади ва баракатга эришади. Ана шу тушунчалар рўзанинг маънавий зиёфатга даъват эканини намоён этади.

Рўза тутганга буюк мужда!

Албатта, худди закотда бўлгани каби нафсга зўр келадиган тарафи ҳам бор. Чунки бу ибодатлар тўғридан-тўғри нафсга дахл қилиб унга зўр келувчи вазифани юкламоқда. Савоби ҳам шунга яраша бўлади.

Ҳаммамиз биламизки, рўза ибодатининг савоби ҳақида Пайғамбар солаллоҳу алайҳи васаллам жуда кўп муждалар берганлар:

Аллоҳ таоло: Рўзадор одам Мен учун ейишни, ичишни, жинсий орзусини тарк этади. Рўза фақат Мен учундир. Унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман. Шунингдек, бошқа гўзал амалларнинг ҳаммасининг савоби ўн баробар ортади”, дейди” (Имом Бухорий).

Ушбу ҳадиси шарифни тасаввуф алломаларидан бири Абу Бакр Муҳаммад Қулабузий раҳматуллоҳи алайҳ бундай изоҳлаган: “Аллоҳ таоло рўзани бандасининг душманининг шафқатсизлиги ва ҳисоб-китоб вақтида чалғитишга уринишидан ҳимоя қилиш учун ўзига олган. Мўминнинг амалларини рақиблари ўзлаштириб олиб унинг ҳеч бир амали қолмаганида Аллоҳ таоло девонга унинг Ўзи учун тутган рўзаларини келтиради. Шуни асос қилиб Рубубиятни ҳақ эттиради ва унга мукофотини беради. Чунки у рўзани Аллоҳ учун тутгандир, савоби ҳам Аллоҳнинг қудратига мос бўлиб Унга оиддир”. 

Бинобарин, ҳеч биримиз амалларимиз Аллоҳнинг ҳузурида қабул бўлган-бўлмаганини билмаймиз. Балки нафс ва шайтон уларга бир неча хато ва нуқсонлар қўшиб юборган бўлиши мумкин. Масалан, намоз ўқиганда унинг вақтига риоя этмаган бўлишимиз, кўнглимизни хушу ила Аллоҳга қаратмаган бўлишимиз мумкин. Агар Раббимиз афв этмаса, улар билан юизмизга уриши тайин. Закот ва садақага берган пулларимиз ҳам шубҳали бўлгани боис ёки уларни берган чоқдаги риёкорлигмиз сабаб бўлиб рад этилиши мумкин. 

Ана шу вақтда Раббимиз рўзамизнинг савобини келтиради. Агар ғийбат, ёмон сўзлар ва бошқа гуноҳлар билан зарар етказилмаган бўлса. рўза ибодатининг савоби боши-ю охири кўринмайдиган бир нур уммони каби келади.

Раббимиз “Унинг мукофоти Менга оиддир”, дедими, албатта у мукофот ҳисобсиз, чегарасиз бир мукофот бўлади. 

Рўзани ана шу шуур ила тутайлик ва унинг биз учун буюк бир маънавий неъмат эканини унутмайлик.

 

Муаллиф: Хадича Кубро ЭРГИН

Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ

49409 марта ўқилди

Мақолалар

Top