Рамазон

Рамазон – зикр ойи

Рамазоннинг келиши қийин, кетиши осон, дейдилар. Бу гапда бир оз мажоз бўлса-да, муболаға йўқ. Йил давомида ушбу муборак ойни интиқлик ила кутамиз. Рамазон эшик қоқишни бошлаганда қалблар ҳаяжондан титрашга тушади... ниҳоят, биз соғинган ойлар султони кириб келади ва ўзининг файзу баракотларидан ҳаммамизни файзиёб этади.

Бу йилги Рамазон ҳам ҳар йилдагидек файзли ўтмоқда.  Диёримиздаги, кўплаб масжидларда хатми Қуръон қилиниб, таровеҳ намозлари адо этилмоқда. Бу зикрларнинг файзу футуҳидан ихлосимиз  ошмоқда. Зеро, рўза – қалбни поклагувчи амаллардандир. Бу ойда биз руҳан покланиб, нафсимиз тарбияланади ва зеҳнимиз ўткирлашади. Натижада теварагимизга ақл ва ибрат кўзи билан боқадиган бўламиз.

Бу ой зикр ва инсонларни бир-бирига меҳрли-муҳаббатли қиладиган саховат ойи ҳамдир. Бизга Рамазон мана шу буюк хислатдан сабоқ беради. Ҳадиси шарифда бундай дейилади: "Мусулмон мусулмоннинг биродари, унга зулм қилмайди, уни ҳалокатга ташламайди. Ким биродарининг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ таоло унинг ҳожатини раво қилади. Ким мусулмоннинг бир ғамини аритса, Аллоҳ таоло уни қиёмат кунидаги ғамларнинг биридан халос этади. Ким бир мусулмоннинг айбини ёпса, Аллоҳ таоло унинг айбини ёпади» (Имом Бухорий ривояти).

Рамазон ойида бутун инсониятнинг Китоби – Қуръони карим нозил қилингандир. Ҳадиси шарифда бундай дейилади:

نْ وَاثِلَةَ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أُنْزِلَتْ صُحُفُ إِبْرَاهِيمَ أَوَّلَ لَيْلَةٍ مِنْ شَهْرِ رَمَضَانَ، وَأُنْزِلَتِ التَّوْرَاةُ لِسِتٍّ مَضَيْنَ مِنْ شَهْرِ رَمَضَانَ، وَأُنْزِلَ الْإِنْجِيلُ لِثَلَاثَ عَشْرَةَ خَلَتْ مِنْ شَهْرِ رَمَضَانَ، وَأُنْزِلَ الزَّبُورُ لِثَمَانِي عَشْرَةَ خَلَتْ مِنْ رَمَضَانَ وَأُنْزِلَ الْقُرْآنُ لِأَرْبَعٍ وَعِشْرِينَ مَضَتْ مِنْ رَمَضَانَ.

«Набий (солллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Иброҳим саҳифалари Рамазон ойининг биринчи кечаси, Таврот Рамазоннинг олтинчи куни, Инжил Рамазон ойининг ўн учинчи куни, Забур Рамазон ойидан ўн саккиз кун ўтганда, Қуръон Рамазон ойидан йигирма тўрт кун ўтганда нозил этилган», дедилар (Имом Аҳмад, Табароний, Байҳақий ривояти).

Ҳалимий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: «“Йигирма тўрт кун ўтганда” дейилишдан мурод йигирма бешинчи кеча ирода қилинган». Яъни ушбу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бўлган Қадр кечаси бор. Уни бошқа ривоятларда учинчи ўн кунлигининг тоқ кечаларидан бирида излаш кераклиги айтилади. Зикр калимаси луғатда “эслаш” маъносини англатади. Демак, бу ойни “зикр ойи” дейилишининг яна бир сабаби  - инсонлар бир-бирларини эсга олишининг кўплиги, яъни саховат ва ҳиммат билан хабар олиши ҳам англанади. Зеро бу ойда Фитр садақаларимизни мамнуният билан адо этамиз. Кўнглимиз ғиллу ғашлардан, бир-бирларимизга  нисбатан пайдо бўлган гина-кудуратлардан арийди.  Натижада, муносабатларимиз бир оз узоқлашган инсонлар билан ҳам самимий меҳр ила кўришамиз. Кўнгли ярим, меҳр-мурувватга ташна кишиларнинг уйларига кириб, уларни табриклаб, кўнгилларини кўтариб, илиқ сўзларимиз билан ҳайитликлар улашиб, дилдан қилган дуоларини  оламиз.

Шундай экан, бизга шу кунларни инъом этган Аллоҳ таолога ҳамдлар айтиб, мустақиллигимиз абадий бўлишини сўраб дуо қилайлик. Байрамлар байрамларга уланаверсин. Қалбларимиз ғуборлари ювилиб, ўзимизни ўнглайлик. Аллоҳ таоло бизни ҳақ йўлдан асло адаштирмасин!

 

                                                                         Абдувоҳид ЎРОЗОВ,

“Мовароуннаҳр” нашриёти ходими

 

77026 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « САҲАРЛИК – БАРАКАДИР Хуш келдинг, ойлар шоҳи! »

Мақолалар

Top