muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 16 Январь 2023 00:00

Даврон элининг жисмида жон бўлғил...

"Кўкалдош" ЎМИТМ матбуот хизмати

Понедельник, 16 Январь 2023 00:00

Хоразм вилояти вакиллиги

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан 2003 йилгача вилоят бош имом-хатиби сифатида Муҳаммадсаид ҳожи Аҳмаджон Раҳматуллоҳ ўғли; 2003–2005 йилларда Ҳошимжон Собиров иш олиб борган. 2005–2015 йилларда Давронбек Абдуқадиров бош имом бўлиб ишлаган. 2015 йилдан буён Хайрулла домла Абдуллаев бош имом бўлиб ишлаб келмоқда.

Вилоятдаги фаол имом-хатиблар: Алижон домла Матёқубов, Хива шаҳар бош имом-хатиби ва “Саид Ниёз Шоликор” жоме масжиди имоми; Санжар домла Сафоев, Хива тумани бош имом-хатиби ҳамда “Ҳасан Басрий” жомеси имом-хатиби; Ҳасанбой домла Кенжаев, Урганч шаҳар бош имом-хатиби; Муҳаммадамин Муҳаммадзариф ўғли, Урганч тумани бош имом-хатиби; Қўзибой домла Машарипов, Урганч шаҳридаги “Мискин бобо” масжиди имом-хатиби; Маҳмуджон домла Собиров, Урганч туманидаги “Ғойиб ота” масжиди имом-хатиби; Музаффар домла Авезов, Урганч тумани “Шайдлар бобо” масжиди имом-хатиби; Тожибой домла Вайисов Урганч тумани “Қамбар бобо” масжиди имом-хатиби.

Хоразм вилоятида "Имом Фахриддин ар-Розий" ўрта махсус ислом билим юрти фаолият олиб боради.

Сўнгги йилларда Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги “Охун бобо” ва “Кўзли ота” жоме масжидлари, Урганч туманидаги “Ших Шароф бобо” ва “Муоз ибн Жабал”, Қўшкўпир туманидаги “Қутбиддин бобо”, “Ибн Ямин бобо”, Хива туманидаги “Мулла Абдуқодир бобо”, Шовот туманидаги “Қори Эшон бобо” масжиди, Хива шаҳридаги “Абдуқодир бобо”, Хонқа туманидаги “Мусо ал-Хоразмий”, Гурлан туманидаги “Шайх Жалолиддин Гургоний” жоме масжиди ҳамда Янгиариқ туманидаги “Ҳазрати Ғойиб ота” жоме масжидлари бинолари янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилоят вакиллиги 2014 йилда Адлиядан рўйхатдан ўтган. Ҳозирда вакиллик ҳудуддаги 97 та жоме масжид фаолиятини мувофиқлаштириб, мўмин-мусулмонларнинг ҳанафий мазҳаби асосида ибодатларни адо этишига кўмаклашиб келмоқда.

Хайрулла АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хоразм вилояти вакили,
Хоразм вилояти бош имом-хатиби

Понедельник, 16 Январь 2023 00:00

Сохта салафийларнинг ботил даъволари

Сохта салафийларнинг кўплаб ботил даъволари бўлиб, улардан айримларини келтириб ўтамиз.

Улар: – Қуръон ва суннат матнларининг зоҳири билан чекланиб, юзаки ҳукм чиқарадилар; – “такфир” (ўзгани куфрда айблаш) ва “ҳижрат” (ватанни тарк этиш) каби диний атамалардан фойдаланиш орқали мусулмонларни ватангадо қиладилар;

– фиқҳий мазҳабларни бидъат деб бемазҳабликни тарғиб қиладилар;

– тасаввуф ва урфни шариатга хилоф деб ҳисоблайдилар;

– ғайридинларга ўта муросасиз муносабатда бўлиб, диний бағрикенгликни ёқламайдилар. .

Сохта салафийларнинг ҳанафий мазҳабига зид асосий даъволари қуйидаги ғояларда ўз аксини топади:

– “Исолус-савобга” (إِيصَالُ الثَّوَابِ), яъни бировларга атаб қилинган савобларнинг уларга етиб боришига муросасиз муносабатда бўладилар. Масалан, маййитга Қуръон тиловатидан ҳосил бўлган савобнинг етиб боришини инкор этадилар;

– “Васийла” (الْوَسِيلَةُ), яъни дуо жараёнида Пайғамбар алайҳиссаломнинг номларини тилга олишни ёхуд дуо қабул бўлиши учун у кишини воситачи қилишни ширк деб биладилар;

– қабрларни зиёрат қилиш ва марҳум кишиларга Қуръон тиловат қилишни бидъат деб ҳисоблайдилар. Мақбара ва мозорларни зиёрат қилувчиларни “қубурий” (яъни қабрларга сиғинувчи)лар деб аташдек жирканч иш қиладилар;

– ҳар қандай янгиликни “бидъат” деб, уни рад этадилар;

– ўзларини “юқори табақа мусулмонлари” деб ҳисоблаб, мазҳабларга мансуб мусулмонларни паст табақа, заиф ва ноқис мусулмонлар деб биладилар. Улар ўзларини салафларга эргашувчилар деб ҳисоблаб, мазҳабдаги мусулмонларни эса айрим олимларгагина эргашадилар деб даъво қиладилар.

Ҳозирги кунда замонавий салафийлар бир неча гуруҳларга бўлиниб кетган. Уларни умумлаштириб, икки гуруҳга ажратиш мумкин:

Биринчиси, давлат бошқарувида шариатнинг устуворлигига эришиш учун жангу жадаллар билан ҳаракат қиладиган кескин фикрдаги салафийлар.

Иккинчиси, ўзларини гўёки давлатдаги мавжуд қонун-қоидаларга итоат этадиган ва қарши чиқмайдиган қилиб кўрсатадиган, жангарилик фаолияти билан шуғулланмайдиган “мўътадил” салафийлар деб ҳисоблайдиганлар. Улар ўзларини диний мутаассибона қарашларидан қайтмаган ҳолда, бошқа қарашларга нисбатан ҳурмат билан қарайдиганлар гуруҳига мансуб бўлиб, муайян мазҳабга мансуб бўлишни ёқламайдилар.

Ҳозирда сохта салафийлик ғоялари остида, асосан, Шимолий Африка, Яқин Шарқ, Кавказ ва Марказий Осиёнинг айрим ҳудудларида фаолият олиб борадиган ҳаракатлар жамиятдаги эътиқодий бирлик, барқарорлик ва тараққиёт учун реал таҳдидга айланганини алоҳида таъкидлаш зарур.

«Сохта салафийларнинг саёз сабоғи»
китобидан

Суббота, 14 Январь 2023 00:00

Ватан ҳимоясига барчамиз масъул!

Инсон учун киндик қони тўкилган ер қадрли бўлади, қаерда бўлмасин унга талпинаверади. Ватанни севиш, уни ардоқлаш инсон табиатидаги нозик, теран туйғу. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилаётиб, туғилиб ўсган Ватани – Макка шаҳрига юзланиб: “Қандай яхши юртсан! Мен учун нақадар севимлисан! Агар қавмим мени сендан чиқармагинда, сендан бошқа юртда яшамас эдим”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Ҳаётимизга маъно ва мазмун олиб кирувчи тинчлик-ҳотиржамлик каби илоҳий неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукр қилиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамиздир. Буни, айниқса, юрт ҳимоячиси деган шарафли ва масъулиятли касбни танлаган ҳарбийларимиз янада теранроқ англайди.

1992 йил 14 январь куни мустақил давлатимиз тарихида муҳим воқеа юз берди. Республикамиз Қуролли Кучлари ташкил топди. Бугун ушбу тарихий воқеага 31 йил тўлди. 1993 йилдан эътиборан 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни”, деб эълон қилинди. Жорий йил ана шу шонли сананинг 30 йиллигини нишонлаяпмиз.

Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидоийлиги она Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.

Ушбу қутлуғ сана билан юрагида Ватан ва халқ севгиси маҳкам жой олган шижоатли ўғлонлар, юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган ака-укаларимиз қатори юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида турли соҳаларда хизмат қилаётган барча ватандошларимизни муборакбод этамиз.

Баҳриддин ХУШБОҚОВ
тайёрлади.

Мақолалар

Top