muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 31 Август 2020 00:00

Гуноҳларнинг катталари (Аудио)

 

ЎМИ матбуот хизмати

Понедельник, 31 Август 2020 00:00

Буюк неъмат шукронаси

Аллоҳ таоло бизга ато этган энг улуғ неъматлардан бири мустақилликдир. Неъмат бўлганда ҳам, ҳар доим фикр юритиладиган, шукр қилинадиган, қадри, шарафи, давомийлиги кўз қорачиғидай асраб- авайланадиган бебаҳо неъматдир.

Истиқлол туфайли мамлакатимизда эътиқод эркинлиги қонуний кафолатлаб қўйилди. Миллий ва диний қадриятлар тикланди, масжид ва мадрасалар очилди, нодир тарихий манбалар, асори-атиқалар мусулмон халқимизга қайтариб берилди. Юртимиздаги бошқа гўшалар қатори Бухорода ҳам диний-маърифий соҳада туб ўзгаришлар бўлмоқда.

Қадимдан илм маркази бўлган заминимизда сўнгги йилларда мадраса ва масжидлар, муборак қадамжолар обод этилиши ва улар фаолиятининг такомиллашиши, Етти пир уламолар номини бутун оламга тараннум этиш мақсадида уларнинг илмий меросларини ўрганиш ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича замонавий лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ижобий ўзгаришларга мисол бўлади.   

Ана шу имкониятлардан тўғри фойдаланиш ва бу улуғ неъматлар шукронасини қилиб, унинг қадрига етиб яшаш ва мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиш барчамиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Мустақиллик ва ибодатларни эмин-эркин адо этиш неъматига доимий шукрона айтишимиз лозим.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “…Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…” (Иброҳим сураси 7-оят). Ояти каримада таъкидлаганганидек, шукр қилсак Ҳақ таоло Ўз неъматларини янада зиёда қилиши, шубҳасиз.

Муборак ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким инсонларга улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукр қилмас экан, демак Аллоҳга ҳам шукр қилмабди”, деганлар (Имом Аҳмад ва Термизий ривояти).

Инсон учун дунёга келган, униб-ўсган ери Ватандир. Киндик қони тўкилган жой эса унга бошқа жойдан қимматли бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага кўчиб ўтганларида Маккаи мукаррамани эслаб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, деганлар. Демак, Ватанни севиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.

Ҳаким уламолар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг халқига бўлган садоқати ва фидойилиги Ватанни ҳимоя қилиши, юрти тараққиёти, тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига ҳисса қўшиши билан ўлчанади.

Дарҳақиқат, бугунгача бўлган йўлни осонликча босиб ўтмадик. Шу заминда яшаётган ҳар бир инсон ўзига “Ким эдигу ким бўлдик?” деган ҳақли саволни бериб яшаши замирида жавобни тинчликка бўлган ҳурмат, истиқлолга бўлган шукрона туфайли топишига аминмиз. Кечаги кун билан бугуннинг орасида жуда катта тафовут бор. Яқин тарихда кимнингдир измидан чиқолмай, ўз тили, ўзлиги, ҳақлигини исбот этишга ожиз кишилар бугун соф миллат тили – ўзбек тилида баралла ва эркин суҳбатлашаётгани, ҳатто жаҳон минбарларида туриб сўзлаётгани юракни чексиз фахрга тўлдиради.

Ватан тинчлиги ва унинг ҳар томонлама ривожланиб, тараққий топиши учун ўзаро ҳамжиҳатлик асосида саъй-ҳаракат қилишимиз зарур.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “…Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси 2-оят).

Яратган Эгамиз ато этган улуғ неъмат – ҳур заминимизни ёмон кўз, хавф-хатар, бало-офатдан паноҳида асрасин. Барчамизга бу неъматнинг қадрини тўғри англаш, шукронасини адо этишни мушарраф қилсин!

Жобир Элов,

Бухоро вилоят бош имом-хатиби

Воскресенье, 30 Август 2020 00:00

Қисқа муддатдаги катта ўзгаришлар

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши 2017–2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг
5-йўналиши: «Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат» деб номланиб, мана шу асосда юртимизда кейинги йиллари бир қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил
19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюциясини қабул қилиш таклифи билан чиқди. Резолюция жаҳонда экстремизм, терроризм муаммоси авж олиб, турли дин ва эътиқод вакилларига нисбатан тоқатсиз, муросасиз муносабатлар кузатилаётган бир вақтда глобал таҳдидларга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида маърифат, таълим-тарбия масаласини илгари сургани билан аҳамиятлидир. БМТ томонидан 2018 йил 12 декабрь куни «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси қабул қилинди ва дунёнинг етакчи давлат ва халқаро ташкилотлари томонидан тан олинди.

Тўғри йўлдан адашганларни ижтимоий реабилитация қилиш
ва уларни соғлом турмушга қайтариш мақсадида бу шахслар билан кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда тушунтириш-профилактика ишларини тизимли ташкил этиш, уларни махсус рўйхатдан чиқариш бўйича механизм яратилди. Бу механизмнинг самараси ўлароқ адашган ғоялар таъсирига тушиб қолган фуқароларнинг ички ишлар органларининг рўйхатидан чиқарилиши жамиятда катта натижа берди.

Шунингдек, билиб-билмай диний экстремистик ва террористик ташкилотлар сафига кириб, Сурия, Ироқ сингари юртдарда қуролли ҳаракатларга қатнашган шахсларнинг аёллари ва фарзандлари «Меҳр-1», «Меҳр-2» тадбирлари доирасида юртимизга қайтарилиши оламшумул воқеа бўлди.

2020 йил 11 августдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши ва Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида “Имом Термизий” мадрасасининг фаолияти йўлга қўйилаётгани диний таълим ва илмий тадқиқот фаолиятини янги босқияга олиб чиқиш йўлидаги улкан аҳамиятга эга иш бўлди.

Мустақиллик йилларида Қорақалпоғистон диёрида ҳам халқнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, жоме масжидларимизнинг сони кўпайди. Олдингилари қайта реконструкция қилиниб, намозхонлар учун барча шароитлар яратилди. Ҳаттоки, узоқ қишлоқлардаги масжидлар ҳам кўрганда кўзни қувонтадиган даражада қайта таъмирланиб,  ободонлаштирилди. Айниқса, сўнги йиллари юртимизнинг қайсидур бурчагида жоме масжиди қуриб, фойдаланишга топширилди, деган мазмундаги хушхабарларнинг тез-тез гувоҳи бўляпмизки, бу барча мўмин-мусулмонларимизни бирдек шод этмоқда.

Юртимизда 10 та ўрта махсус ислом билим юрти фаолият юритаётган бўлса, шулар қаторида Нукус шаҳридаги Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти ўзига яраша обрў-эътиборга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятларининг минтақавий филиаллари фаолият бошлади, унда имом-хатиблар, диний соҳа ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олий ва ўрта махсус таълим тизимининг соҳага оид педагог кадрлари малака оширмоқда.

Мўмин-мусулмонларнинг диний саволларига ўз вақтида тезкор жавоб бериш мақсадида, call-марказ, телеграм бот ва алоҳида fatvo.uz сайти йўлга қўйилиши ҳамда қўшимча равишда маҳаллий фуқароларимиз учун қорақалпоқ тилидаги pazıylet.uz, nasiyat.uz ва alberuniy.uz сайтлари ва уларнинг ижтимоий тармоқлардаги каналларининг фаолият бошлаганини эътироф этиш керак.

Диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ишлар бутун дунё жамоатчилиги томонидан юқори даражада тан олинди. Айниқса, БМТ, АҚШ давлат департаменти ва бошқа ташкилотлар юқори баҳо бермоқда.

Маълумки, дунё цивилизацияси ривожига муносиб ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг асарларини ўрганиш ва шу асосда улар ёзиб қолдирган бой бебаҳо меросни келажак авлодга етказиш – бугунги куннинг давр талаби.

Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистонга бўлган ташрифи давомида Нукус шаҳридаги “Имом Эшон Муҳаммад” жоме масжидида бўлиб, бу ерда нуронийлар ва имом-хатиблар билан учрашув пайтида ҳам имом-хатибларимизга, биринчи галда, ота-боболаримиздан қолган бебаҳо мерос бўлган эски қўлёзмаларни ўрганган ҳолда ўқув қўлланмалар ва асарлар ёзиш бўйича бир қатор топшириқлар берган эди. Мана шу асосда,  халқимизга соф ислом динининг мазмун-моҳиятини очиб берадиган бир қанча китоблар устида кўп йиллардан буён меҳнат қилаётган эдик. Ҳозирги кунга келиб, халқимизнинг диний адабиётларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида қорақалпоқ тилида “Ислам нуры” газетаси ва “Ҳидаят”  журнали фаолият юритмоқда. Шунингдек, қорақалпоқ тилида бир неча китоблар, жумладан, “Кәмил инсан”, “Саламат ана ҳәм бала – жәмийет гиреўи”, “Ораза пазыйлети”, “Намаз оқыў қағыйдалары”, “Марҳумларға азар бермейик”, “Қурбанлық китабы”,  “Сарф сабақлығы”, “Қураны кәрийм мәнилериниң қарақалпақ тилиндеги аўдармасы ҳәм тәфсири”, “Шамаили Муҳаммадия”, “Ибадати Исламия”, “Ислам мәрипаты: негиз ҳәм түсиник”, “Ислам динине улыўма тәрийп”, “Ҳаж ҳәм умра қолланбасы”, “ИШИМ фитнасы”, “Интернетке ин қурған өрмекшилер”, “Ийман”, “Муҳаммад алайҳиссалам (қысқаша өмир тарийхы)”, “Тәжўийд қағыйдалары” каби китоблар нашр қилиниб, халқимизга тақдим этилди. Мана яқинда ҳазрати шайх Муҳаммад Содиқ  Муҳаммад Юсуфнинг 37 жуздан иборат Ҳадис ва ҳаёт китобининг 3 жузи чоп этилди. Қолган жузлари эса нашрга тайёрланмоқда.

Албатта, ушбу қорақалпоқ тилидаги илк нашрларнинг чоп этилиши ҳам юртимиздаги диний соҳада олиб борилаётган хайрли ишлардан ҳисобланади. Айниқса, Қураны кәрийм мәнилериниң қарақалпақ тилиндеги аўдармасы ҳәм тәфсирини халқимиз катта қувонч билан кутиб олди.

«Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистон!» шиори остида нишонланаётган бу йилги мустақиллик байрами пандемия билан боғлиқ вазият туфайли, карантин қоидаларига амал қилинишини таъминлаш мақсадида хонадонларда, оила аъзолари билан биргаликда нишонлаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Мамлакатимизда карантин қоидалари жорий этилган вақтдан бошлаб ўтган давр мобайнида халқимиз инфекцияга қарши кураш бўйича ўзига яраша тажриба тўплади.

Тинч ва обод юртга доимо байрамлар, қувончли кунлар ярашади. Барчамизга мустақиллигимизнинг 29 йиллиги муборак бўлсин! Аллоҳ таоло юртимизни ҳар хил бало-офатлардан омон сақлаб, халқимизнинг тинчлик-хотиржамлигини мангу, ризқ-рўзини мўл-кўл айласин!     

 

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти қозиси

ШАМСУДДИН БАҲОУДДИНОВ

Воскресенье, 30 Август 2020 00:00

Иймон сари очилган эшик

Бу йил Ватанимиз истиқлолга эришганига 29 йил тўлди. Аллоҳ таоло бу саодатли ва қутлуғ айёмни барчамизга муборак қилсин!

Мустақиллик неъматини яхши англаб, қадрига етиш учун атрофга ибрат назари билан қарасак, баъзи давлатлардаги нотинчлик, етишмовчилик ва тартибсизликларни кўриб, юртимиздаги тинчлик-хотиржамликка бениҳоя шукр айтамиз.  

Уламоларимизнинг ҳикматларида: соғлик қадрини билмоқчи бўлсанг – касалга боқ, фарзанд қадрини билмоқчи бўлсанг – фарзандсиз инсонга қара, тинчлик қадрини билмоқчи бўлсанг – нотинч юртга эътибор қил, деганлар. Мустақиллик – ҳурлик, озодлик, ўз Ватани, тили ва эътиқодига эга бўлиш демакдир.

Мустабид тузуми даврида аждодларимиздан мерос бўлиб қолган қадриятлар, имон-эътиқодимиз, миллий урф-одатларимизни халқимиз онги ва шууридан сидириб ташлаш ҳаракат қилишди, буюк маданиятимиз, диний эътиқодимиз ва кенг дунёқарашимизни йўққа чиқармоқчи бўлишди, не-не олимлар, маърифатимизнинг буюк сиймолари уларнинг қўлларида шаҳид бўлишгани аччиқ ҳақиқат.

Истиқлолдан сўнг халқимиз барча соҳада эмин-эркин саъй-ҳаракат қилиш имконига эга бўлгани каби динимиз кўрсатмаларини хотиржам адо этиш бахтига ҳам муяссар бўлди. Минглаб масжидлар очилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди, ўнлаб диний таълим муассасалари барпо қилиниб, у ерда ёшлар диний ва дунёвий фанлардан таҳсил олмоқдалар. Азиз авлиё, улуғ аллома ва фозил инсонларнинг мақбара ва зиёратгоҳлари таъмирланди. Ҳар йили давлат кўмаги билан минглаб ватандошларимиз муборак ҳаж ва умра зиёратига бориб келмоқдалар. Буларнинг ҳаммаси, албатта, Аллоҳнинг инояти билан бизга берилган истиқлолимиз сабабидандир.

Шунингдек, буюк аждодларимизнинг бебаҳо асарларини ўрганиб, уларни она тилимизга таржима қилиш имконига эга бўлдик. Ўтган йиллар давомида Қуръон, ҳадис, тафсир, фиқҳ, ислом тарихи, маданияти ва фалсафасига оид кўплаб йирик тадқиқотлар амалга оширилди. Турли мавзудаги диний адабиётлар, юртимизда яшаб, ижод қилган буюк алломаларимиз илмий мероси нашр этилиб, кенг оммага тақдим қилинмоқда.    

Бундан ташқари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, вилоятларда калом, ҳадис, фикҳ, ақида ва тасаввуф илми мактаблари очилгани ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилгани диний-маърифий соҳани ривожлантиришга бўлган эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари бошчилигида юртимизни юксалтириш, халқ фаровонлигини ошириш каби хайрли ишлар “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган шиор остида амалга оширилмоқда. Натижада халқнинг ватанга бўлган меҳри-муҳаббати тобора ортиб бормоқда.

Айниқса, давлатимиз томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондига 150 миллиард сўм маблағ ажратилиши тарихий воқеа бўлди. Бу юртимизда инсон омилига бўлган ижобий муносабатнинг исботидир.

Ҳар йили мустақиллик байрами арафасида алоҳида шиор танлаб олинади. Бу йил мустақилликнинг 29 йиллик байрами “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистон!” шиори остида нишонланмоқда. Ушбу шиорлар замирида халқни бирлаштириш, инсонни туғилиб ўсган, киндик қони тўкилган ватанига муҳаббатини ошириш мақсад қилинган. Ҳақиқатан, халқ бирлашса, катта кучга айланади.

Халқимизда “Ватан остонадан бошланади” деган нақл бор. Ҳар бир инсон учун киндик қони тўкилган тупроқ, энг кичик Ватан – уйи ҳисобланади.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳ сизга уйларингизни оромгоҳ қилди” (Наҳл сураси, 80 оят).

Уйимиз бизга омонлик, хотиржамлик маскани, тинчлик-осойишталик марказидир. Унда хотиржамлик бўлиши учун юртда тинчлик қарор топиши лозим. Оқибатда жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирига бўлган ишонч ва садоқати, меҳр ва мурувватининг самимий бўлиши ҳам асосан тинчлик ва хотиржамликка боғлиқдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин”, деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади” (Имом Ибн Можа ривояти) деганлар.

Демак, мустақиллик, тинчлик, хотиржамлик ва саломатлик каби неъматлар – Аллоҳ томонидан бизга ато қилинган улуғ неъматдир. Ҳадисга мувофиқ, биз шукр қилсак, бу неъматлар қадрига етсаккина, зиёда бўлади. Акс ҳолда қиёмат куни неъматлар борасида сўралишимизни ҳам унутмаслик лозим.

Аллоҳ бизларни ҳар бир неъматнинг қадрига етувчи, унга шукр қилувчи бандаларидан қилсин!

Убайдуллоҳ АБДУЛЛАЕВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби

Мақолалар

Top