muslim.uz

muslim.uz

Среда, 06 Июнь 2018 00:00

Мусулмонлик ҳаққи

Унинг кўриниши сизни мафтун қилган, пишиқлиги ажаблантирган ва мустаҳкамлиги хайратган солган бинони кўрганмисиз?! Бундек бинолар асос ва устунлардан, девор ва тиргаклардан, ғиштлардан ташкил топган бўлади. Бинонинг жиҳозлари бир қанча бўлиб, бир-бирини мустаҳкам тарзда ушлаб туради. Бинонинг жипслиги ва салобати мана шуларнинг натижасида юзага келади.

Мусулмонлар ҳам асосларининг пишиқлиги, биноларининг юксаклиги ва алоқаларининг мустаҳкамлигида худди юқорида сифатланган бинога ўхшайдилар. Уларнинг бу ҳолатга эришишлари Аллоҳ таолонинг “Оли Имрон 103” оятидаги амрига бўйинсунганларидан бўлса, эҳтмимол.

Пайғамбаримиз с.а.в. ўз умматларини сифатлаб айтган сўзлари бунга ёрқин намунадир: “Мўмин мўминга нисбатан баъзиси-баъзисини мустаҳкам тарзда ушлаб турган бино сингаридир”. Имом Бухорий ривояти.

Мусулмонлар Аллоҳ таоло ўзининг каломида (Анбиё 92) дея марҳамат қилганидек бир уммат – бир жасаддирлар. Ундаги бир аъзо бошқа аъзодаги дардни ҳис қила олади. Нўъмон бин Башир р.а. Пайғамбаримиз с.а.в. дан ривоят қилган ҳадисда шундай марҳамат қилинади:  “Мўминларни ўзаро меҳр-муҳаббатда бир танадек эканларини кўрасиз. Агар танада бирон аъзо касалланса, ундаги бошқа аъзолар бедорлик ва иситма билан унга ҳамдард бўлишади”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Шу сабабли ҳам ушбу бирликни муҳофаза қилиш учун ислом бир мусулмонни бошқа мусулмонда ҳақлари борлигини белгилаб қўйди.

  1. Мусулмонни ҳурматини сақлаш. Ҳар бир мусулмонни қони, моли ва обрўсида ҳурмати бордир. Булар умумий ҳуқуқлар бўлиб, осуда инсоний ҳаёт биноси ана шунинг устига барпо бўлади. Инсон ўз нафсида хотиржам бўлиши керак. Унга бирор зўравон ноҳақ зулм қилиши керак эмас. Инсон ўз молида хотиржам бўлиши керак. Унга бирор ўғри ёки зўрлик ила тортиб олувчи тажовуз қилиши керак эмас. Инсон ўз обрўсида ҳам хотиржам бўлиши керак. Уни шарафи оёқ ости қилинишига ёки насабига доғ тушурилишига йўл қўйилмаслиги лозим. Инсонни қони, моли ва обрўсини сақлаш маъносида, жонга ва аъзоларга қилинган жиноятларга қасос, ўғирлик ва зинода ёлғондан айблашликка ҳад жорий қилинган. Пайғамбаримиз с.а.в. ҳам ушбу ҳақларни сақлаш лозимлигини таъкидлаб, шундай марҳамат қилганлар: “Бир мусулмонни бошқа мусулмонга қони, моли ва обрўси ҳаромдир”. Муттафақун алайҳ.
  2. Саломга жавоб қайтариш. Мусулмонни бошқа мусулмон зиммасидаги ҳақи, унинг олдидан ўтганда ёки уни зиёрат қилиб борганда ёки унинг уйига ё иш жойига киришга изн сўраганда унга тинчлик-омонлик тилашлигидир. Тоинки бу билан унинг кўнглини кўтариб, ҳаётини барқорорлигини сўраган бўлади. Бу эса, “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи” дейишлик ила бўлади. Агар бирор кишига салом берилса, у ўзининг самимий муҳаббатини изҳор қилган ҳолда “ва алайкум ассалому ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳу” деб, жавобни унданда чиройли шаклда қайтариши лозим бўлади. Аллоҳ Қуръонда шунга буюрган: (Нисо 86).

Салом беришликда саломдан бошқаси унинг ўрнига ўтмайди. Зеро салом мусулмонларнинг дунё ва охиратдаги кўришишларидир. (Иброҳим 23).

  1. Беморни зиёрат қилиш. Инсон бемор бўлганда мадорсизлик сезади ва руҳан бўшашади. Унга умидсизлик оралайди. Ўлим шарпаси гўё уни ютиб юборгудай кўз олдида намоён бўлади. Касаллик саломатлигини адо қилганини ҳис қилади. Бемор мана шундай ҳолатда ўзига тасали берадиган бир инсонни, дуо қиладиган зиёратчини ва шифо топишига умид ўйғотадиган биродарни қидиради...

Беморни зиёрат қилишлик Ислом буюрган мусулмонлик ҳақ-ҳуқуқларидан биридир. Бу беморни кўнглини кўтариб, унга тасалли бериш,  шифо топиш ва ҳаётга бўлган ишончини ошириш ҳамда мана шундай машаққатли дамда у билан бирга эканини намоён қилиш каби юксак мақсадларни амалга ошириш учун машруъ қилинган. Шу билан бирга зиёратчи ҳам бемор ва беморликни кўрганда соғликни қийматини янада билиб, ўзидаги соғлик неъмати учун Аллоҳга шукр қилади.

Киши беморни зиёрат қилмоқчи бўлганда муносиб вақтни ихтиёр қилиши керак. Уни олдида узоқ вақт ўтирмаслиги ёки зиёрат қилиши билан унга ва  оиласига машаққат туғдирмаслиги ҳамда табибларнинг бемор билан кўп гаплашмаслик каби кўрсатмаларига риоя қилиши лозим бўлади.

  1. Жанозага қатнашиш. Мусулмон кишининг биродарига нисбатан бўлган алоқаси уни ҳаётдан ўтишлиги билан тўхтаб қолмайди. Балки бу алоқа унинг жаноза намозига иштирок этиш ва қабрига кузатиб бориш бўлган охирги видолашув билан ҳам давом этади. Яна шу билан бирга вафот этган кишининг оила аъзолари ўз мусибатларига ҳамдардлик кўрадилар.

Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Пайғамбаримиз с.а.в. шундай марҳамат қилганлар: “Ким жанозага иштирок этиб, (жаноза) намозини ўқиса унга бир қийрот (савоб) бор. Ким жанозага у дафн этилгунича иштирок этса, унга икки қийрот (савоб) бор” дедилар. “икки қийрот нима?”- дейилди. Пайғамбаримиз с.а.в. “икки буюк тоғ мислича” дедилар.

  1. Чақириққа ижобат қилиш. Инсонга уйланиш ёки фарзанд кўриш ёки касалдан тузалиш каби уни хурсанд қиладиган Аллоҳнинг неъматлари ҳосил бўлади. Шунда ўзининг хурсандчилигига шерик бўлишлари учун яқинларини ва дўстларини зиёфат уюштириб чақиради. Икки кишининг бир-бирини Аллоҳ йўлида яхши кўришиши иймон рукнларидан ҳисобланади. Бунинг аломати эса, мусулмон киши биродарининг чақириғига лаббай деб ижобат қилишидир. Бу билан биродарлик алоқаларини ҳам мустаҳкамлаган бўлади. Жамиятда кишилар ўртасидаги бирликни сақлаш мақсадида ҳам чақириққа ижобат қилишлик мусулмоннинг зиммасидаги ҳақ деб белгилаб қўйилди. Пайғамбаримиз с.а.в. “Агар сизлардан бирортангиз валимага чақирилса унга борсин” дедилар. Муслим ривояти.
  2. Насиҳат қилиш. Насиҳат деганда насиҳат қилувчи тамонидан насиҳат қилинаётганга яхшиликни раво кўриш тушунилади. Бу ҳам мумулмоннинг зиммасидаги ҳақ ҳисобланади. Буни насиҳат қилишга салоҳияти бўлган барча инсон адо қилиши мумкин. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз с.а.в. бир мусулмоннинг бошқа мусулмондаги ҳаққини санаб: “агар сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қил” деганлар. Бунда албатта белгиланган шартларга амал қилиш талаб қилинади.
  3. Ғам-аламларини аритиш. Инсон ҳаётда соғлигида, молида, фарзандида ўзига тақдир қилган мусибатларга йўлиқади. Шунда у мусибатларини енгиллаштирадиган кўмакдошга муҳтож бўлади. Мусулмон киши ҳаёти давомида турли-туман қийинчилик, ғам ва бало-мусибатларни бошидан кечиради. Ана шундай оғир дамларда мўминлар бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари лозим. Баъзан киши молиявий жиҳатдан қийналиб қолади. У ейиш-ичиш, бошпана, даволаниш каби асосий эҳтиёжларини қондириш учун биродарларининг ёрдамига муҳтож бўлади. Ана шундай ҳолатларда мусулмонлар қийналган биродарларига саховат қўлини чўзишлари, ҳеч бўлмаса унга қарзи ҳасана беришлари лозим.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишига енгиллик келтирса, Аллоҳ таоло унга дунёю Охиратда енгиллик беради. Модомики, банда биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ таоло унинг ёрдамида бўлади” .

  1. Айбини беркитиш. Мусулмон киши ҳеч қачон биродарини одамлар ўртасида шарманда қилиш учун камчиликларини қидириб, гапириб юрмайди. Аксинча, дин йўлидаги биродарларида нуқсон кўрса, уни бошқалар кўзидан беркитади. Бу ҳақда бир қанча ҳадисларни келтириб ўтиш мумкин:

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ким мусулмон биродарининг айбини беркитса, Қиёмат куни Аллоҳ унинг айбини беркитади. Ким биродари айбини очиб юрса, Аллоҳ унинг айбини очиб, уйида турган ҳолида шарманда қилади". (Ибн Можа ривоятлари).

Салафлардан бири айтадилар: "Мен айбсиз одамларни кўрдим. Бироқ улар бошқалар айбини гапирдилар ва бошқалар ҳам уларни айблаб гапиришди. Айб-нуқсонли одамларни ҳам кўрдим. Улар бошқалар айбини гапирмадилар, бас, унутилдилар: уларнинг ҳам айблари кўринмади".

Мусулмонларнинг айб-камчилигини қидириб юрмоқ мунофиқлик саналади. Бировларни кўпчилик ўртасида изза қилиш учун фақат нуқсонларини излаб юрувчи кимсалар қалбига иймон неъмати мустаҳкам ўрнашмаган бўлади. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга кўтарилиб, баланд овозда нидо қилдилар: "Эй, тилида мусулмон бўлиб, қалби иймонга тўлмаган кимсалар! Мусулмонларга озор берманглар, уялтирманглар, камчиликларини қидирманглар! Кимда-ким мусулмон биродарининг камчилигини қидирса, Аллоҳ ҳам унинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни кўч-кўрони ичида бўлса ҳам шарманда қилади". (Термизий ривоятлари). Абу Довуд ва Аҳмад ривоятларида: "Мусулмонларни ғийбат қилманглар!" - ҳам дейилган.

 

 

Тошкент ислом институти

ўқитувчиси Ф.ЖЎРАЕВ

 

Среда, 06 Июнь 2018 00:00

Қадр кечаси учун 27 тавсия

  • Кечаси тетик туриш учун пешиндан кейин бироз дам олинг.
  • Ибодатга халал бермаслик учун ифторда кўп овқат еманг.
  • Бу кечани ибодат билан ўтказаётганда тавба қилишга азм қилиш.
  • Барча мўминлар ва мўминалар учун истиғфор ва дуони кўпайтиринг.
  • Бутун аъзоларингиз билан Аллоҳга юзланинг, ҳаттоки, ақлингиз ва қалбингиз У Зотдан бошқасидан узилсин.
  • Жанжал ва тортишувлардан узоқда бўлинг, сизнинг ҳаққингизни поймол қилганларни кечиринг.
  • Фикрингизни бир жойга қўйиб, ибодат қилинг, Қадр кечасида хаёл бошқа нарсаларда бўлиб, юз ракатни тугатиб қўйишни фойдаси йўқ.
  • Дуо ва ибодатда ихлосли бўлиш қалбингиз Аллоҳдан бошқаси билан машғул бўлиб ракатларни кўпайтиришдан муҳимроқ.
  • Қадр кечасида имкон борича таҳоратли бўлишга ҳаракат қилинг.
  • Дуоингиз ижобат бўлишига аниқ ишонинг. Чунки ижобат бўлишига ишонмаслик дуонинг орасига тўсиқ пайдо қилади.
  • Аллоҳ дуоларингизни қабул қилиб, ижобат қилишига ишончингиз комил бўлсин.
  • Дуода бор вужудингиз билан ёлвориб сўранг, чунки Аллоҳ азза ва жалла ёлвориб дуо қилган бандасини яхши кўради.
  • Ҳар бир гуноҳингиз учун Аллоҳ таолога истиғфор айтинг, У Зот сизни афв қилишини сўранг.
  • Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, У зотнинг оилаларига кўп саловот ва саломлар айтинг, саҳобаларга Аллоҳдан розилик сўранг (яъни “Розияллоҳу анҳу” деб айтиш).
  • Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиб ортидан: “Аллоҳумма иннака аъфуввун, туҳиббул аъфва фаъфу аннаа” (яъни: “Эй Аллоҳ, албатта Сен гуноҳларни афв қилувчи зотсан, афв қилишни яхши кўрасан, бизларни афв эт”), дуосини кўп айтинг.
  • Аллоҳ таоло барча мусулмонларни дўзахдан озод қилишини кўп сўранг.
  • Ҳалол ризқни осон қилиб беришини ва ҳолатларни яхши томонга ўзгартиришини сўраб дуо қилиш.
  • Ўтган ота-оналарингизнинг ҳақига дуо қилиб, Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўранг.
  • Дуо қилганда ушбу дуоларни ҳам айтиш: “Роббанаа ҳаб ланаа мин азважинаа ва зуррияатинаа қуррота аъюн”, (яъни, Эй Роббимиз, бизларга жуфти ҳалолларимиздан, фарзандаларимиздан кўз қувочнчлари бер).
  • Эр ёки хотин бир-бирининг ҳақига гўзал ҳолат, нафс ва фикрнинг роҳатини тилаб дуо қилиши керак.
  • Сажда қилган ҳолатингизда кўп дуо қилинг. Чунки банданинг Роббисига энг яқин бўлган ҳолати сажда қилган ҳолатидир.
  • Саждада узоқ вақт дуо қилиб туринг. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай деганлар: “Белларингиз гуноҳларингиздан оғирлашиб кетган. Уларни саждада узоқ туриш билан енгиллатинглар”.
  • Бир сонияни ҳам зое кетказманг, вақтни ғанимат билинг. Чунки, илоҳий раҳмат ва шаббодалар бу тунда очик бўлади.
  • Қодир бўлганингизча Қуръон ўқинг.
  • Қадр кечасини ибодат билан ўтказиш тонг отгунича давом этади, ўша вақтда фаришталар осмондан тушиб, чиқиб туришади.
  • Аллоҳ таоло сизни бу кечани ибодат билан ўтказишга муваффақ қилганига шукрлар айтинг, сиздан бошқа қанча-қанча кишилар бу бахтдан бебаҳра қолди.
  • Қадр кечасида имкон қадар садақа беришни унутманг. Чунки бу кечада қилинган ҳар бир амалнинг ажри улуғ.

 

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Муҳаммадяҳё НИЗОМИДДИН

тайёрлади

Фарзандларига яхшилик қилиш ота – онанинг фитратларида бор. Эҳтимол, шу сабадан ҳам бирор оят ёки ҳадисда ота-онани ўз фарзандига меҳр кўрсатиб, яхшилик қилишга алоҳида тарзда тавсия қилганини кўрмаймиз. Улар ҳатто ўзлари касал бўлишлари эвазига ҳам болалари  соғ-саломат юришларини, оч қолишса ҳам, фарзандлари тўқ бўлишларини хоҳлашади. Қўлларидаги мазали таомни  болаларига едириб, ҳузурланишади. Лекин баъзилар улғайгач, қандай катта бўлишганини тез унутиб қолишади. Шу боис фарзандларга ота-онанинг ҳақини қайта – қайта эслатиб  туриш керак. То фарзандлар боласини деб тунларини бедор ўтказган, ўғил – қизини ўзидан ҳам ортиқ кўрган зотларнинг қадрига етишсин. Энг муҳими Қуръони каримда ота-она ҳақи Аллоҳнинг ҳақидан кейин зикр этилганини, ота-онага шукр қилиш Аллоҳга шукр қилиш билан тенг эканини ҳамда Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилигига боғлиқ эканини унутмасин.

Ота-онага яхшилик қилиш ва унинг мукофати борасида оят ва ҳадисларда қуйидаги кўрсатмаларни кўришимиз мумкин:

       “Аллоҳга ибодат қилинглар  ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онанинга эса яхшилик қилинг! Шунингдек, қариндош...га ҳам” (Нисо 36).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам  ота-онага яхшилик қилишни Аллоҳга суюкли амалларнинг энг улуғи деганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд  розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Мен Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан: ” Аллоҳ таолога  қайси амал энг суюкли?” деб сўрадим. У зот “Ўз вақтида ўқилган намоз”, дедилар. Мен: “Кейин қайси амал? дедим. У зот: “Ота –онага яхшилик  қилиш ” , дедилар” (Муттафақун алайҳ).                   Фарзанд зиммасига ота –онанинг бир қанча ҳақлари бор:

  1. Яхшилик қилиш. Уларни моддий жиҳатдан муҳтож ҳолатда қолдирмаслик, яшаш шароитларини яхшилаш, қўллаб-қувватлаш. Яъни, уларнинг диний ва дунёвий манфаатлари йўлида сайъ-ҳаракат қилмоқлиги лозим бўлади.
  2. Ширин сўз ва чиройли муомалада бўлиш. Ота-онанинг ёши ўтган сайин ёрдамга ва эътиборга зориқади. Фарзанд уларга доимо чиройли муомала қилиб, ширинсўз бўлиши керак. Аммо ғазаб қилиш, сиқилганини кўрсатиш, ота-онанинг юрагини ларзага солади.

“Роббингиз, Унинг Узигагина ибодат қилишингиз ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Эй инсон! Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, улага “уф!...” дема ва уларни жеркима! Уларга доимо ёқимли сўз айт!” ( Исро,23) .

  1. Тавозе ва мулойимлик кўрсатиш. Гоҳо фарзандлар оталаридан кўра бойроқ, бошқалар разарида обрўлироқ бўлиб қодишади. Динимиз бундай ҳолатда, болалар қанча бой ва обрўга эга бўлмасин, ота-онасига мулойим ва меҳрибон бўлишни буюрган: “Уларга меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут...” (Исро,24).
  2. Ота-она ҳаққига дуо қилиш. Фарзанд гўё ота-она парваришлаган ниҳол. Инсон яхшиликни қайтаришга ожиз бўлса, унинг учун дуо қилиш гўзал вафодорликдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам  ҳадисларида одам вафот этилганида, унинг барча амали тўхтаб, фақат уч нарсадан савоб етиб туриши айтилган. Улардан бири солиҳ фарзанд қилган дуодир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “...Ва айт: “Эй Раббим! Мени гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!” (Исро,24).             

  1. Ота-онанинг дўстлари билан алоқани мустаҳкамлаш. Фарзандлар ота-онанинг вафотларидан кейин қариндошлар билан алоқаларини мустаҳкамлашлари, уларнинг дўстлари ҳолидан хабар олиб туришлари керак. Бани Салама қабиласидан бўлган бир киши Пайғамбаримиздан: “Эй Аллоҳнинг Расули! Ота-она вафотларидан кейин улар учун яхшилик қилишимга бирор иш борми?” деб сўради. Пайғамбаримиз: “Ҳа, уларнинг ҳақига дуо қилиб, истиғфор сўрашинг, васиятларини амалга оширишинг, қариндошлари билан алоқани мустаҳкам-лашинг ва дўстларини ҳурмат қилишинг” дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Имом Муслимдан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз: (Ота-она вафотидан кейин) қилинадиган энг катта яхшилик – уларнинг  дўстлари билан алоқа ўрнатишдир” , деганлар.

Уламолар ота-онага нисбатан қилинадиган мазкур ҳақларда онанинг ҳаққи отанинг ҳаққидан уч баробар ортиқроқ бўлишини алоҳида таъкидлайдилар. Зеро Оналар заиф ва кўнгилчан, доимо бир суянадиган, саховатини ҳис қилиб турадиган кишига муҳтож бўлади. Шу сабабдан ҳам Аллоҳ таоло онанинг ҳақини алоҳида таъкидлаган.

“Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдик:) “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтиш Менинг ҳузуримгадир”” (Луқмон,14).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир саҳобий келиб: “Менинг гўзал суҳбатимга энг ҳақли инсон ким” деб сўради. Пайғамбаримиз: “Онанг” дедилар. У: “Сўнг ким?”, деди. Пайғамбаримиз: “Сўнг онанг дедилар”. У: “Сўнг ким?”, деди. Пайғамбаримиз: “Сўнг онанг дедилар”. У: “Сўнг ким?”, деди. Пайғамбаримиз: “Сўнг отанг дедилар”.

Динимиз ота-онага яхшилик қилишни буюрар экан, уларни яхши-ёмонга ажратмайди. Ота-онага яхшилик қилиш фарз, ҳар бир фарзанд зимммасидаги бурчдир.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Фарҳод ЖЎРАЕВ

тайёрлади

 

 

 

Бугун 6 Июнь, Муборак Рамазон ойининг мағфират даҳаси, 21-кунларидир. Тошкент шаҳридаги бир неча жоме масжидларда бу кеча Қуръони Карим хатмонаси яъни, Каломуллоҳнинг сўнгги суралари ўқилиб, чин ихлос ила дуолар қилинади.

Бугун 06.06.2018 санасида Тошкент шаҳридаги учта масжидда Қуръони Карим хатмонаси якунига етади:

1. “Минор” жоме масжиди.
(Манзил: Юнусобод тумани, Минор маҳалласи Минор берк кўчаси 1-уй. Тел. :+998 71 235 17 33, +998 71 234 77 74, +998 90 355 55 21. Масжид расмий веб-сайти: www.minor.uz)
Масжид имом-хатиби: Турсунов Анвар қори
Қорилар: Нематов Жаҳонгир Тўлқинович, Қобулов Абдулбосит Бадриддинович

2. “Авайхон” жоме масжиди.
(Манзил: Мирзо Улуғбек тумани, Қорасувбўйи кўчаси 87а уй. Тел.: +998 71 265 66 26, +97 771-95-33)
Масжид имом-хатиби: Холиқов Алиқул
Қорилар: Шукруллаев Мухаммад Алихон Хайруллоҳ ўғли, Шукруллаев Омилхон Хайруллоҳ ўғли

3. “Оққўрғон” масжиди.
(Мирзо Улуғбек тумани, “Оққўрғон” маҳалласи, Ойдинкўл кўчаси 29-уй. Тел.: +998 93 595-74-03, +998 91 162-60-42)
Масжид имом-хатиби: Айсаков Файзираҳмон
Қорилар: Бобораҳимов Фазлиддин Низомиддинович

Хатми Қуръондан кейинги дуолар мустажобдир. Рамазоннинг энг баракотли онларини қўлдан бой берманг азизлар.

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

Қуръон мусобақаси ғолиблари Умрага жўнаб кетди

Ўзбекистон Қуръон мусобақасининг Республика босқичи ғолиблари Умра зиёратига ота-оналари ва ҳамроҳлари билан биргаликда бориш имкониятини қўлга киритганлари ҳақида маълум қилган эдик.

Бугун, 6 июнь куни, муқаддас Рамазон ойининг 21-кунида эрта тонгдан Тошкент халқаро аэропортида Умра зиёратига отланган бир гуруҳ ватандошларимизни кузатиш маросими ўтказилди. Ушбу маросим Muslim.uz портали ходимлари томонидан онлайн намойиш этилди ва кўплаб юртдошларимизнинг қўллаб-қувватлашига сабаб бўлди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top