muslim.uz

muslim.uz

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.

Савол: Ассалому алейкум 1. Онам қанақадир домлага борадилар лекин ҳеч ҳам тушунтира олмаябман уларга, ишлари юришмаса бўлди ўша домлани олдига борадилар, бир марта қўшилишиб боргандим қанақадир кирсовун олиб келинг ип олиб келинг чой олиб келинг, расмларга қараб яхши ё ёмон одам экан деб айтади, кейин у одамларни даволаяпман деб қамчи билан уради, онамларни айтишларича уни одамлари бор эмиш, йўлларини очиб берармиш, шу ҳақида кўп уришиб қоламан. Онамлар билан ахир биз қазои қадарга иймон келтирганмиз яхши ҳам ёмон ҳам Аллоҳдан десам тўғри дедилар, аммо яна ўшани олдига борадилар. Алҳамдулиллаҳ ўзим намозимни тўкис адо этаман, онажонимни шу ишларини яхшимаслигини айтсам дарров сен ақлли бўлиб кетибсан, манга ақл ўргатма деб айтадила намоз ўқисанг ўзинг учун ўқийсан онага қанақа муомала қилишни билмайсан деб бир икки кун гапирмай қўядилар менга. Илтимос шу ҳақида батафсил гапирсангиз Аллоҳ сиздан рози бўлсин ! Раҳмат !

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Онангизнинг ишлар шариатимизга зиддир. Бу ишларидан қайтсинлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай марҳамат қилганлар: “Ким коҳинга ёки мунажжимга борса ва унинг айтганларини тасдиқ қилса Муҳаммадга нозил бўлган нарсага кофир бўлибди”. Яъни уларни ғайбий нарсаларни билади дейиш инсоннинг эътиқодига таъсир қилади.

Савол: Ассалому алайкум! Никоҳдан сўнг ҳали жинсий яқинлик қилмасдан эр хотиннинг айби билан талоқ берса, кейин хотин афсусланиб, эрга қайтишни хоҳласа, эр ражаъат қилса кифоями ёки қайта ақди никоҳ қилиш керакми? Жавоб учун ташаккур!

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Жинсий яқинлик қилмасдан талоқ қўйган бўлса у аёлга қайтадан уйланмоқчи бўлса янгидан никоҳ ўқитиш керак, чунки қилинган ражъий талоқ боинга айланади.

Савол: Ассалому алайкум саволим шундан иборатки бир куннинг қазо бўлган намозларини ўша куннинг ўзида витр намозидан кейин ўқиса бўладими баъзилар витрдан олдин хуфтоннинг суннатидан сўнг ўқиш керак дейишади қай бири тўғри. Раҳмат

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Витрдан сўнг ўқисангиз бўлади.

 

Барча жавобларга ўтиш

 

 

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Қуръони карим мусобақасидан сўнг юртимизда Ҳадиси шариф мусобақаси ўтказилиши ҳақида хабар берган эдик. Ана шу кутилган онлар яқинлашмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорлигида ўтказилаётган «Ҳадиси шариф билимдони» республика танловининг Тошкент шаҳар босқичи 4-5 Май кунлари бўлиб ўтади.

4 Май куни аёллар ўртасида ўтказилса, 5 Май куни эркаклар ўртасида бўлиб ўтади. Мусобақалар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Саройи (Мўлжал: Ўзбекистон миллий университети) да соат 9-00 да бошланади.

(Мусобақага кириш бепул ва алоҳида таклифнома талаб қилинмайди.)

Ҳикмати Расул анжуманига марҳабо азизлар. Қаердаки муборак ҳадислар айтилса, ўргатилса, ҳудди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзлаётгандек бўладилар!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги

Яланг текислик. Қарасангиз, дунёнинг нариги тарафи кўринади. Бу – маҳшар майдони. Ҳамма халқ, яратиқ тўпланган. Даҳшатли кун. Бу куннинг муқаррарлигининг хабарини бериб Аллоҳ таоло бундай дейди: “У кунда (эй, инсон!) Ёлғиз Раббинг (ҳузурида) қарор топишгина бор” (Қиёмат сураси. 12-оят).

Ҳамма тиз чўкиб, Аллоҳга ёлвориб узрлар айтмоқда. Ахир бу ҳолатнинг неча минг йиллар бурун хабари берилган эди: “Гарчи (у) узрларини (ўртага) ташласа ҳам(Қиёмат сураси, 15-оят). Бироқ ким бу оятларга қулоқ солди-ю, ким ёлғонга чиқарди. 

Мен ҳам тиз чўкиб турибман. Бутун вужудим кучли қўрқувда. Буни тасвирлаш жуда мушкул. Қўрқувнинг зўридан бутун аъзои баданим қалтирайди. Кўзларимдан ёш сел каби оқмоқда. Фақат Уни зикр қилардим, мен бу куннинг келишидан хабардор эдим. Шундай бўлса-да, қўрқувимнинг на чеки бор, на чегараси. Илоҳий амрни ҳамма кутарди. Баногоҳ танамдаги аъзолар бўлак-бўлак жонли мавжудотдек туйила бошлади. Чунки ҳар бир аъзомнинг Улуғ кун қўрқувидан алоҳида-алоҳида титраётганини аниқ ҳис қилдим.

Ёнимдаги одам бу куннинг келишига шубҳа қилган ва Қуръон амрларини бажармаган, дунёнинг ҳою ҳавасларига берилган бир банда эди. У тўхтовсиз бир сўзни такрорларди: “Менга яна умр бер, ҳаммасини бошдан бошлашимга изн берсанг барча амрларингга итоат этаман”, дейди ва зор-зор йиғлайди. Ўша чоқ шундай хитоб эшитилди: “Кўряпсанми, у дунёдалигида шайтоннинг йўлида юрган баднафс киши эди, унинг ҳеч қайси узри қабул бўлмайди”. Мен бир лаҳза ёнимдагига кўз қиримни ташлашга ботинолдим, холос. Аммо юзини кўрар даражада ўгирила олмадим. Аммо аввалгидан-да кучлироқ қўрқувда қолдим.

Бу парда мендан кўтарилди. Манзаралар йўқолди, аммо мени ҳали ҳам қўрқув тарк этмади.

Қарасам, пешиннинг вақти кирибди. Секин ўрнимдан турдим. Юзимни шашқатор кўз ёшларим юварди. Қалтирай-қалтирай жойнамозга келдим, ҳатто тилим ҳам айланмаяпти, шунда оламларга раҳмат қилиб юборилган буюк зотнинг: “Агар шу йўлдан юрсанг, оиланг ҳам юришга ҳаракат қилса, қиёматда сени ва оилангни ўз шафоатимга оламан”, деганларини эшитдим. Бу муборак сўзлардан сўнг танамдаги қалтироқ ҳам, қўрқув ҳам мени тарк этди.  Руҳиятимни аллақандай хотиржамлик чўлғаб олди. Ва яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Даъват қилиш масаласида мен мисоли улкан дарахт бўлсам, сен заррасан”. Бу сўзларнинг мазмун моҳиятига тўлиқ тушунмаган бўлсам-да, қалбим бошқача ҳузурни туйди. Кўзимни очсам, бари бир хуш туш экан.

Биздан кўп нарса талаб қилинмайди: яхшилик, хушфеъллик, меҳр-оқибат ҳамда итоат. Унга чин дилдан итоат қилсак, барча ишларимиз осон бўлиб қолади.

 

Нилуфар Қўчқорова

 

 

 

 

 

Среда, 02 Май 2018 00:00

ОИТС бўйича махсус дарс

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 25-январдаги “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 1 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллигида вилоятда фаолият кўрсатаётган имом-хатиблар учун ОИТС иллатига қарши курашишга қаратилган махсус дарс ташкил қилинди.

Унда Андижон вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази мутахассислари Тиббиёт фанлари номзоди, доцент М.Алимов ва вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази бўлими мудири К.Маматов иштирок этди.

Дарсда ОИТСга қарши курашиш маркази мутахассислари ОИТС инфекцияси ва унинг келиб чиқиши, юқиш эҳтимоллари бор ҳолатлар, аҳолининг тиббий маданиятини оширишда имом-хатибларнинг ўрни тўғрисида атрофлича маълумотлар бердилар.

 

ЎМИ Андижон вилояти вакиллиги

ходими Искандарбек Зокиров

Мақолалар

Top