muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 13 Апрель 2018 00:00

Тўёна қарзга айланмасин десак...

Халқимизда бир урф борки, албатта, уни Ислом динида шарт қилинган жойи йўқ. Буни элимиз “тўёна” дейди. Аслида у яхши бўлган одатлардан бўлса ҳам, асорати келажакда панд бериб қўйиши мумкин. Албатта, тўёна ўғил уйлантираётган, айниқса, қиз чиқараётганларга фойдадан ҳоли эмас. Чунки харажатларнинг бир қисмини бўлса ҳам оқлайди. Никоҳ тўйлари ва бошқа ҳурсандчилик муносабати билан бирор кишиникига борилса чин дилдан қайтиб келишини кўзламаган ҳолда ҳадя бериш меҳр-оқибатни зиёда бўлишига асос бўлади.

Ҳадиси шарифлардан бирида бу ҳақда: “Бир-бирларингизга ҳадя бериб туринг, чунки у қалбга муҳаббат солади ва гиналарни кетказади”, дейилган. Демак, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадя беришни айтганлар, аммо уни қарз эмас, ҳадя деб сифатлаганлар. Бугунги кунимизда сир эмас никоҳ тўйи қиладиган оилаларга тўёна берилади, бу албатта яхши, лекин берилаётганида тўй эгаси кимдан қанча келганини қоғозга тушириб қўйиши худди узилиши шарт бўлган қарзга ўхшаб қоляпти. Гап ҳадянинг кам-кўплиги, яхши-ёмонлигида эмас. Ҳамма имконият даражасига яраша топганини беради. Ўзига тўқ одам балки саховат кўрсатиб, кўпроқ берса Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: “Бир-бирингизга ҳадя беринглар, оқибат кучаяди” деган ҳадисларига амал қилиб ҳам бу дунёси учун, ҳам охирати учун захира тўплаган бўлади.

Бироқ тўй қилиб тўёна олган одамнинг баъзида бир ойда иккита, учта тўёналарни қандай қилиб қайтараман деб ўйга ботганини кўриш ачинарли ҳол. Чунки баъзилар берган тўёнасига умидвор бўлиб тўй бошлайди. Шундайлар борки, агар тўёна берган яқини бирор узрли сабабларга кўра тўйга келолмай қолса, берган тўёнасини миннат қилиб етти маҳаллага жар солади. Қани улфатчилик, қани дўстлик, қариндош-уруғчилик-чи? Бундан келиб чиқади-ки тўёна ҳадя эмас, балки қарздир. Шунинг учун қарз бўладиган бўлса, берилмагани маъқул эмасми? Чунки қарз ўзганинг ҳаққи. Ўзганинг ҳаққидан жуда эҳтиёт бўлишлик мўмин-мусулмон учун ўта муҳим бўлган амалдир. Тўйда ҳаммани ҳам қамраб олиш қийин. Чунки тўйга келаётганларни кети узилмайди. Энди тасаввур қилиб кўринг, агар кимнингдир тўёнасини қанчалигини билмай қолсангиз нима бўлади.

Инсон қанча умр кўришини билмайди. Худо кўрсатмасин агар тўёна қарз сифатида берилган бўлса, қарзни қайтармай ёки васият қилмасдан вафот этиб кетилса охират нима бўлади. 

М.Абдусаитов,

 Бўстонлиқ тумани “Дониёр бин Озод” жоме масжиди имом ноиби

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Бугунги кунда Жанубий Кореядаги мусулмонлар сони насронийлар ва конфуцийчиларнинг  ададига жадаллик ила яқинлашиб бормоқда. Жанубий Кореяда АҚШ Терминалининг юқори майдон мудофаа тизими жорий қилгандан сўнг мамлакатга хитойлик сайёҳлар сони кескин қисқарди. Уларнинг тўлдириш учун мамлакат мусулмон сайёҳларга ўз эшигини кенгроқ очишга ҳаракат қилмоқда. 2015 йил мусулмонлар сони 33 фоизга ўсди, кейинчалик Корея сайёҳлик агентлигини аниқлашича, 2017 йил уларнинг сони 1,2 миллионга етибди. Ушбу иқтисодий имтиёзга эга бўлган мамлакат ресторанлар ва масжидлар учун сертификатлар сонини кўпайтирмоқда, Сеул туризм ташкилоти пойтахт атрофидаги ҳалол ресторанларни намойиш этадиган бир қатор видеороликларни тарғиб қилмоқда.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.

Бангладешда бўлиб ўтган йиллик Бисва Ижтема йиғилишида 130 дан ортиқ мамлакатдан икки миллондан ортиқ одам қатнашди.

Ғазипур,    Бангладеш. Дунё мусулмонларининг тўпланиши жиҳатидан ҳаждан кейин иккинчи ўринда турадиган навбатдаги йиғилишида 130дан ортиқ мамлакатдан икки миллиондан зиёд одамлар иштирок этди. Ушбу Бисва Ижтема йиғилиши ҳам ҳар йилгидек якшанба куни Бангладеш пойтахти Дакка шаҳридан 35 км. масофада жойлашган Туроқ дарёси бўйида бўлиб ўтди ва ҳар йилги одатий ибодат билан якунланди. Уч кунлик йиғилиш давомида мусулмонлар Қуръон оятларини ўқидилар ва уларни шарҳлаб имонлашдилар.

Ушбу йиғилиш мусулмонларнинг имонини ва исломий қадриятларга бўлган садоқатини мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилади. Бисва Ижтема мусулмонларнинг ҳаждан кейинги иккинчи йирик йиғилиши ҳисобланади. У биринчи марта 1967 йил бўлиб ўтган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Қоҳирадаги Ислом санъати музейида Қуръоннинг тарихий қўлёзма нусхалари, жумладан, энг кичик қўлёзмаларидан бири намойиш қилинмоқда. Ушбу қўлёзма нусхалар турли тарихий даврларга оид саналади.

Музей мутахассиси Аят Аҳмад бундай дейди: “Мусулмон рассомлари ва хаттотлари Қуръони каримни ёзишнинг ўзига хос усулларига эга, уларнинг орасида усмонийлар даврига оид қўлёзма Қуръонни ажратиб кўрсатиш мумкин”. Кўргазмада Қуръони каримнинг дунёдаги энг кичик нусхаларидан бири ҳисобланган 20 сантиметрлик  кичик Қуръон ҳам намойиш этилади.

 

    

Халқаро алоқалар бўлими

Пятница, 13 Апрель 2018 00:00

Яхшиларнинг яхшилари

Абадий китоби бўлмиш Қуръони каримни бутун оламларни ҳидоят қилиш учун нозил қилган Аллоҳ таолога Ўзининг жалолига муносиб ҳамду санолар бўлсин.

Ушбу Китобни умматларига омонат ила етказиб, унга амал қилишни ўргатган Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал ва муаттар салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбаримиздан Қуръони каримнинг бирор ҳарфини ўзгартирмай ўта аниқлик ила қабул қилиб, унга худди шундай аниқлик ва ихлос ила амал қилган саҳобаи киромларга Аллоҳнинг ризвони бўлсин.

Қуръони каримга имон келтирган, уни ўргатган, ўрганган ва унга амал қилган ҳар бир мусулмонга Аллоҳнинг раҳмати, хайри баракаси бўлсин.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий «соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир», дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти).

Бу ҳадиси шарифнинг иборалари оз бўлгани билан маънолари, далолатлари кўпдир. Унда мусулмонларнинг яхшилари ҳақида хабар берилмоқда.

Ҳадиси шарифнинг маъносидан келиб чиқадиган бўлсак, Қуръони каримни ўрганадиганлар мусулмонларнинг яхшиси бўлади. Қуръони каримни ўргатадиган мусулмонлар яхшиларнинг яхшисининг устози бўлади. Устоз эса ўз шогирдидан қанчалар устун туриши ҳаммага маълум.

Мир Араб мадрасаси асрлар давомида алломалар, машҳур имом ва муфтийларни, фақиҳлар ва муҳаддисларни, қорию қурроларни етиштириб келган.

Халқимиз, нафақат ўзбек халқи, балки собиқ иттифоқ таркибидаги барча халқларнинг маънавий, маърифий, эътиқодий, диний онг ва тушунчасини юксалишига ўз ҳиссасини қўшган буюк шахсларни етиштирган.

Мадрасага ҳар йили 24 нафар талаба қабул қилинар эди. 2017 йил эса 48 нафар талаба қабул қилинди. Ана шу талабалар 4 гуруҳга бўлинган. Улардан бири Қуръони каримни ёдлашга иқтидорли ва қобилиятли талабалардан иборат “Таҳфизул Қуръон” гуруҳидир. Бу гуруҳда 12 та талаба бўлиб, улар режа асосида Қуръони каримни 4 йил давомида мустаҳкам ёд оладилар, иншоаллоҳ. “Таҳфизул Қуръон” гуруҳининг ташкил қилиниши неча йиллардан буён кутилаётган орзунинг рўёбга чиқиши бўлди. Чунки сўнгги йилларда Бухоро вилоятида Қуръони каримни тўлиқ, мустаҳкам ёд олган қориларга эҳтиёж сезиларли даражада эди. Масалан, вилоят масжидларида рамазон ойида таровеҳ намозларида Қуръони каримни хатм қилиб бериш учун республикамизнинг бошқа вилоятлари (Андижон, Наманган ва Фарғона)дан қорилар таклиф қилинар эди. “Таҳфизул Қуръон” гуруҳининг ташкил қилиниши, ана шу камчилик ва нуқсоннинг ўрнини тўлдирадиган бўлди. “Таҳфизул Қуръон” гуруҳининг ўзига хос хусусиятларидан бири: талабалар ҳар куни эрталаб биринчи жуфтлик (пара) дарсни Аллоҳнинг каломини ўқиш, ёдлаш ва қалбларига жо айлаш билан бошлайдилар. Бу эса талабаларга кун давомида яхши кайфият, шижоат, илмга бўлган рағбат ва муҳаббатни бахш этади.

2017-18 ўқув йилининг 1-ярмида Мир Араб мадрасасида 4 нафар талаба Аллоҳнинг каломини тўлиқ ёд олди. Бу эса “Ўрик ўрикка қараб гуллайди” деганларидек, талабаларда Каломуллоҳнинг ёдлашга бўлган муҳаббатларини фақат ва фақат зиёда бўлишига сабаб бўлди.

Мир Араб мадрасасида Аллоҳнинг каломига мислсиз хизмат қилаётган, талабаларга қироат ва тажвид фанидан илм бераётган Абдулбосит Раҳимов домла, Мақсуд Акромов домла ва “Таҳфизул Қуръон” гуруҳининг раҳбари Абдусамад Тожиддинов домлаларга Аллоҳ таоло икки дунёда барча яхшиликларни берсин ва барча ёмонликлардан Ўз паноҳида асрасин.

 

Аъламбек ҲИКМАТОВ,

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти “Таҳфизул Қуръон” гуруҳи талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top