muslim.uz
Покистон аҳолисининг аксарияти ўзбек тилини билади. Улар Ўзбекистонга сайёҳат қилишни орзу қилади
Муҳаммад Жавед Чаудри, Покистондаги “Express News” телеканалида сиёсий ток-шоулар бошловчиси ва муаллифи:
– Биз Афғонистонда тинчлик ҳукм суришидан, қўшничилик муносабалари ўрнатишдан жуда манфаатдормиз. Ваҳоланки, Афғонистон маҳсулот айланмасининг 80 фоиздан ортиғи Афғонистон-Покистон транзит йўли орқали амалга оширилади. Денгизга тўғри чиқиш йўли бўлмаган Афғонистон кенг турдаги маҳсулотларни Покистон орқали олади. Бу юртдаги сиёсий муаммолар бизга ҳам албатта ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.
Ўз юртимнинг, халқимнинг бир вакилли сифатида айтишим мумкинки, Исломобод ва Қобул муносабатларининг яхшиланиши икки давлат фуқароларининг чегарадан ўтиб юриши юзасидан вақти-вақти билан юзага келиб турадиган шикоятларни бартараф этишга ҳам асос бўлади.
Шу ўринда Афғонистонга тинчлик ўрнатиш учун кўмак бераётган Ўзбекистон ҳукуматига ҳам миннатдорчилик билдирамиз. Покистон аҳолисининг аксарияти ўзбек тилини яхши билади ва мамлакатингиздаги ислоҳотларни кузатиб боради. Улар Ўзбекистонга сайёҳат қилишни жуда ҳоҳлайдилар. Биз урф-одатлари, анъаналари, ҳаёт тарзи бир-бирига ўхшаш халқлармиз. Келгусида Покистон-Ўзбекистон алоқаларини янада кенгайиши ва сайёҳлик йўналиши ривожига ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман.
Маълумотларга кўра, Покистон Ислом Республикасида буунги кунда 70 минг нафардан ортиқ ўзбек миллатига мансуб кишилар яшайдилар.Уларнинг асосий қисмини 20 асрнинг бошида Марказий Осиёдан Афғонистон орқали Покистонга кўчганлар ташкил этади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Самарқанд дунёнинг энг гўзал 15 та маскани рўйхатига киритилди
Австралиянинг “Skyscanner” ахборот портали экспертлари “Instagram” ижтимоий тармоғидан фойдаланувчилар учун сайёрамизнинг энг гўзал жойлари рейтингини тузиб чиқди.
Ер юзидаги 15 та энг ажойиб шаҳар киритилган рўйхатнинг олтинчи поғонасидан ўзининг тарихий дурдоналари билан дунёга танилган кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри ҳам ўрин олди, деб ёзмоқда “Халқ сўзи”
Мутахассисларнинг айтишича, улар фотосуратлар олиш учун жуда ҳам мос ҳамда унутилмас таассуротлар ҳадя этади.
Қуйида мазкур рейтинг билан тўлиқ танишиб чиқиш мумкин:
- Рейкьявик, Исландия;
- Квинстаун, Янги Зеландия;
- Скай ороли, Шотландия;
- Байкал кўли, Россия;
- Аннапурна, Непал;
- Самарқанд, Ўзбекистон;
- Гиза ва Луксор, Миср;
- Йеллоустоун миллий парки, АҚШ;
- Лангкави, Малайзия;
- Мачу-Пикчу, Перу;
- Киото, Япония;
- Гуйлинь, Хитой;
- Нанди, Фижи;
- Улуру, Австралия;
- Килиманжаро, Танзания.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусида ўтказилган халқаро конференциядаги нутқи
Муҳтарам Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани Жаноби Олийлари!
Ҳурматли Федерика Могерини хоним!
Ҳурматли ташқи ишлар вазирлари ва делегациялар раҳбарлари!
Хонимлар ва жаноблар!
Мамлакатимиз пойтахтида бўлиб ўтаётган Афғонистон бўйича юқори даражадаги халқаро конференциянинг барча иштирокчилари ва меҳмонларини Ўзбекистон халқи номидан самимий табриклашга ижозат бергайсиз.
Ушбу анжуманда иштирок этаётганингиз учун сизларга чуқур миннатдорлик билдираман ва меҳмондўст ўзбек заминида сизларни кўриб турганимдан ғоят хурсандман.
Бугунги конференция Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикасининг биргаликдаги ташаббуси билан ўтказилмоқда.
Мазкур анжуман халқаро ҳамжамият томонидан Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир.
Форумда шахсан иштирок этаётгани учун Президент Ашраф Ғани Жаноби Олийларига алоҳида миннатдорлик билдирмоқчиман.
Шунингдек, халқаро конференция ўтказиш бўйича бизнинг ташаббусимизни аввал-бошданоқ қўллаб-қувватлаган ва барча қатнашчиларга ўзининг табрик хатини йўллаган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби жаноб Антониу Гуттеришга самимий миннатдорлик изҳор этаман.
Биз жаноб Антониу Гуттеришнинг Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш жараёнлари доирасида музокаралар ўтказиш тарафдори эканини, шунингдек, минтақамизда хавфсизлик ва барқарор тараққиётни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолаймиз.
Шу йилнинг январь ойида БМТ Хавфсизлик Кенгашида Қозоғистон раислигида Марказий Осиё ва Афғонистон бўйича фикр алмашувлар бўлиб ўтган эди. Фурсатдан фойдаланиб, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Абишевич Назарбоевга ана шу ўта муҳим муаммони муҳокама этиш бўйича кўрсатган ташаббуси учун самимий ташаккур билдираман.
Шунингдек, бўлиб ўтган муҳокамалар чоғида билдирган зарур ва қимматли таклифлари учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг барча аъзоларидан миннатдорман. Бу таклифларнинг катта қисми ушбу конференциянинг афғонистонлик ҳамкасбларимиз билан биргаликда тайёрланган якуний ҳужжати лойиҳаси – Тошкент декларациясида ҳисобга олинди.
Шу билан бирга, бугунги анжуманда иштирок этаётган:
- Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерико Могерини хонимни;
- Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Америка Қўшма Штатлари, Япония, Германия, Буюк Британия, Франция, Италия, Туркия, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи сиёсат маҳкамалари, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакилларини чин қалбимдан қутлашдан ғоят мамнунман.
Бугун ушбу залда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлган давлатлар ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар вакиллари тўпланганини алоҳида таъкидламоқчиман.
Ҳурматли конференция иштирокчилари!
Биз шу кунларда баҳор ва янгиланиш байрами бўлган Наврўз айёмини кенг нишонламоқдамиз. Азал-азалдан бу фаслда уруш-жанжаллар тўхтатилган, одамлар эски гина-кудуратларни унутиб, бир-бирини кечирган ва ҳатто энг мураккаб, ҳал этиб бўлмайдигандек туюлган масалалар бўйича ҳам келишиб, ҳамжиҳатликка эришган.
Ишончим комил, бугун биз ҳам давримизнинг энг ўткир минтақавий ва глобал муаммоларидан бири – Афғонистондаги қарама-қаршиликни ҳал этишни амалий руҳда муҳокама қилиб, биргаликда умумий бир ечим ишлаб чиқишга қодирмиз.
Минг афсуски, жафокаш Афғонистон заминидаги бу тўқнашув қарийб 40 йилдан буён давом этмоқда.
Маълумки, “уруш олови” афғон халқига четдан тиқиштирилди, бу – унинг танлови эмас.
Ана шу йиллар мобайнида юз минглаб тинч аҳоли уруш қурбонига айланди, миллионлаб инсонлар ўз уйларини ташлаб кетишга ва бошқа мамлакатлардан бошпана излашга мажбур бўлди.
Бу можарога янги-янги кучларнинг жалб этилиши унинг мислсиз даражада кескинлашиб кетишига олиб келди. Ушбу уруш нафақат Афғонистоннинг муаммоси, балки тобора мураккаблашиб бораётган халқаро муаммога айланди.
Афғонистонда халқаро террорчи гуруҳлар сонининг кенгайиши, зўравонлик ва қон тўкишлар, наркобизнеснинг барҳам топмаётгани – буларнинг барчаси бу мамлакатдаги вазиятни жаҳон жамоатчилиги томонидан инкор этилишига йўл қўйиб бўлмаслигини кўрсатмоқда.
Энг ёмони, Афғонистондаги қуролли қарама-қаршилик ва зўравонлик шароитида бутун бир авлод вояга етди. Лекин бу, айрим экспертлар андишасизларча таъкидлаётганидек, “бой берилган авлод” эмас. Улар уруш, муҳтожлик ва қийинчиликлардан чарчаган одамлар, холос. Улар ўзаро низоларга чек қўйиб, тинч ҳаётга, ўз мамлакатини тараққиёт ва фаровонликка олиб борадиган бунёдкор меҳнатга қайтишни хоҳлайди ва шунга интилади.
Мен қатъий аминман: афғон халқида ўз фарзандлари ва келажак авлодларнинг бахт-саодати йўлида янги, тинч ҳаётни бошлаш ва барпо этиш учун куч-ғайрат, донишмандлик, мардлик ва матонат етарли.
Бугунги анжуманимизда вакиллари иштирок этаётган давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар бу жафокаш мамлакатдаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этишга кўмаклашишда муҳим роль ўйнашга қодир ва шундай бўлиши керак.
Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги воқеалар оқибатида Афғонистондаги вазият маълум бир вақт давомида халқаро сиёсат эътиборидан четда қолди. Аммо бунинг натижасида мазкур можаро ўз кескинлиги ва жиддийлигини йўқотгани йўқ.
Ўзбекистонда халқаро конференция ўтказиш таклифи ва Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаша қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурати қуйидаги омиллар билан боғлиқ.
Биринчидан, бизнинг ташаббусимиз Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат концепциясига тўла мос келади. Бу концепцияда аввало қўшни мамлакатлар билан яхши қўшничилик, дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш устувор вазифа этиб белгиланган Иккинчидан, Ўзбекистон ва Афғонистон халқлари асрлар давомида ягона маданий-цивилизацион маконда яшаб келган.
Азал-азалдан Амударёнинг икки томонида ўзаро ўхшаш тиллар, умумий муқаддас дин ва муштарак маънавий қадриятлар бирлаштириб турадиган халқлар яшаб келмоқда.
Амударё биз учун ҳамиша тириклик манбаи бўлиб келган, аммо одамларнинг эркин ҳаракат қилишига, савдо алоқаларини яқиндан ривожлантиришга, илм-фан соҳасидаги ютуқлар билан ўртоқлашишга ва бир-бирини маданий жиҳатдан бойитишга ҳеч қачон тўсқинлик қилмаган.
Афғон заминида Марказий Осиё Уйғониш даврининг Абу Райҳон Беруний, Лутфий, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб каби буюк намояндалари ва бошқа кўплаб бизнинг улуғ аждодларимиз яшаб ижод қилганлар.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида яқин сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар йўлга қўйилган. Афғонистонда миллионлаб ўзбеклар яшайди. Афғонистон Конституциясига мувофиқ ўзбек тили мамлакатнинг расмий тилларидан бири ҳисобланади.
Учинчидан, барчамиз қатъий ишонамизки, хавфсизлик ягона ва бўлинмасдир ва уни фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан таъминлаш мумкин. Биз хавф-хатарларнинг баъзи бирларини “ўзимизники”, бошқасини эса “бировники”, деб қабул қилмаслигимиз керак, аниқроқ айтганда, бундай қилишга ҳаққимиз йўқ.
Афғонистон хавфсизлиги – бу Ўзбекистон хавфсизлиги, бутун бепоён Марказий ва Жанубий Осий минтақаси барқарорлиги ҳамда тараққиётнинг гаровидир.
Халқаро террористик ташкилотлар Афғонистонни ўзининг доимий маконига айлантириб олишига йўл қўйиб бўлмайди.
Тўртинчидан, Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ўрнатишга кўмаклашиш бўйича тажрибага эга.
Ўзбекистоннинг ташаббуси билан 1999 йилда Тошкентда Афғонистонга қўшни давлатлар, Россия ва АҚШ ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари даражасида “6+2” гуруҳининг учрашуви бўлиб ўтган эди. Бу учрашувда Шимолий Иттифоқ ва “Толибон” ҳаракати вакиллари ҳам иштирок этган эди.
Музокаралар якуни бўйича Афғонистондаги низоларни тинч йўл билан бартараф этишнинг асосий принциплари ҳақидаги Тошкент декларацияси қабул қилинди ва у Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 54-сессияси ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг расмий ҳужжатига айланди.
Шу муносабат билан биз Афғонистон билан умумий келажагимиз, афғонистонлик биродарларимизни ҳам, бизни ҳам бирдек ташвишга солаётган масалалар ҳақида гапириш учун барча асосларга, сиёсий ва маънавий ҳуқуққа эгамиз.
Айнан мана шунинг учун ҳам Ўзбекистон бутун дунё мамлакатларини бизнинг бу эзгу ишдаги саъй-ҳаракатларимизни қўллаб-қувватлашга даъват этади.
Қадрли дўстлар!
Бугунги кунда Афғонистондаги вазиятни бартараф этиш бўйича кўп қиррали ва мураккаб масалалар минтақа ва халқаро миқёсда кенг муҳокама қилинмоқда.
Бу ўринда Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий инқирозни ҳал этиш йўлларини топиш мақсадида ташкил этилган Кобул жараёни, Москва формати, Халқаро мулоқот гуруҳи, “Осиё юраги” деб номланган Истамбул жараёни, “ШҲТ-Афғонистон” мулоқот гуруҳи ва бошқа кўп томонлама муҳокама жараёнлари алоҳида диққатга сазовордир.
Ўзбекистон Кобул жараёни доирасидаги иккинчи мажлис иштирокчиларининг Афғонистон ҳукумати билан “Толибон” ҳаракатининг “олдиндан шарт қўймаслик ва куч ишлатиш билан таҳдид қилмаслик” асосида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишни бошлаш ҳақидаги қарорини қўллаб-қувватлайди.
Аммо тинчлик сари ҳаракатнинг энг асосий шарти, бизнингча, аввало минтақа ва глобал даражада келишилган, Афғонистон учун ягона кенг қамровли тинчлик дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан иборатдир.
Шундан келиб чиққан ҳолда, бизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизнинг асосий мақсад ва вазифалари қуйидагилардан иборат бўлиши лозим:
биринчи – афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этишнинг асосий тамойилларини ишлаб чиқиш ва улар бўйича кенг ва қатъий халқаро консенсус – муросага эришиш;
иккинчи – Афғонистон ҳукумати ва қуролли мухолифат ўртасида музокараларни бошлаш механизмини ишлаб чиқиш;
учинчи – Афғонистонда миллий келишув жараёнига халқаро ҳамжамият томонидан кўмак бериш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш.
Ва ниҳоят, барча манфаатдор ташқи кучларнинг қуролли мухолифатдан Афғонистон ҳукумати билан музокаралар столига ўтиришини, қарама-қаршилик ва зўравонликка чек қўйишни қатъий ва бир овоздан талаб қилиши беқиёс аҳамият касб этади.
Бундан бошқа йўл йўқ. Бизнинг фикримизча, бугунги учрашувимизнинг бош ғояси шундан иборат.
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Афғонистондаги низолар ғоят мураккаб ва қарама-қарши хусусиятга эга эканини, уларга турли кучлар жалб этилганини эътиборга олган ҳолда, шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюциясидан келиб чиқиб, кенг қамровли тинчлик жараёнини учта ўзаро боғлиқ даражада амалга оширишни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз.
Афғонистон мамлакати даражасида – марказий ҳукумат ва қуролли мухолифатнинг асосий кучлари, биринчи навбатда, “Толибон” ҳаракати ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқотни бошлашни таъминлаш зарур.
Томонларнинг бир-бирига нисбатан саволлари ва талаби бўлажак музокараларда муҳокама қилиниши мумкин.
Ўз-ўзидан равшанки, Афғонистон ичидаги сиёсий жараёнларни бошлашни энди орқага суриб бўлмайди. Бу жараённи чўзиш яна кўплаб бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлишига олиб келади.
Тинчлик жараёнининг муваффақиятли бўлишини таъминлаш учун афғонистонликларнинг ўзларига ташаббус кўрсатиш, музокаралар қандай форматда, қачон ва қаерда олиб борилиши бўйича танлаш имконини бериш керак.
Бу ўринда гап, аввало, қуролли мухолифат томонидан ҳам, Афғонистон миллий хавфсизлик кучлари томонидан ҳам жанговар ҳаракатлар олиб боришдан воз кечилиши ва ўт очишни тўхтатиш режимига сўзсиз риоя қилиниши ҳақида бормоқда.
Афғонистоннинг келгусидаги тинч тараққиёти учун умумий масъулиятни ҳис этган ҳамда ўзбек ва афғон халқининг азалий дўстлик алоқаларига таянган ҳолда, биз Ўзбекистон ҳудудида тинчлик жараёнларининг исталган босқичида Афғонистон ва “Толибон” ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри музокараларни ташкил этиш учун барча шароитларни яратиб беришга тайёрмиз.
Мухолифат тинч музокараларда иштирок этадиган ва миллий келишувга эришилган тақдирда Афғонистоннинг сиёсий ҳаётига мухолифатнинг интерациялашуви учун барча шароитларни яратиш зарур бўлади.
Қуролли мухолифат вакиллари, жумладан, толиблар ҳам афғон жамиятининг бир қисми ва Афғонистон фуқаролари сифатида ўз мамлакати келажагини белгилаш учун овоз бериш ҳуқуқига эга.
Бу борада мамлакатда парламент ва президентлик сайловларигача бўлган даврда афғонлар ўртасида ўзаро мулоқотни бошлаш ва шу тариқа жамиятнинг барча қатламлари, жумладан, мухолифатдаги кучларга ҳам янги Афғонистон давлатини қуришда тўлақонли иштирок этиш учун кенг имкониятлар яратиш ғоят муҳимдир.
Минтақавий даражада – аввало Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Туркия, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Марказий Осиё давлатларининг қўллаб-қувватлаши билан томонлар ўртасида мустаҳкам келишувни таъминлашга эришиш зарур.
Афғонистонда иқтисодий ривожланиш, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш билан боғлиқ бир қатор жиддий муаммоларни ҳал этиш кўп жиҳатдан унга қўшни бўлган давлатларга, бизнинг эзгу хоҳиш-иродамиз, қатъий қароримиз ва бу мамлакатда миллий ярашувни таъминлаш, зўравонликка барҳам беришда фаол иштирок этишга қанчалик тайёр эканимизга боғлиқлигини, ўйлайманки, ҳаммамиз яхши тушунамиз.
Барча қўшни ва ҳамкор мамлакатларнинг саъй-ҳаракатлари бир-бирини такрорламаслиги, балки тўлдириши керак. Биз бу муаммони ҳал этиш бўйича ўзаро келишилган чора-тадбирлар, ёндашув ва механизмларни ишлаб чиқишимиз зарур.
Шу йилнинг январь ойида БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш жаноблари таъкидлаганидек, минтақавий ҳамкорликнинг янги жадал суръатлари “умумий, аллақачон пишиб етилган ва долзарб вазифаларни ҳал этиш бўйича барчамизнинг олдимизда катта имкониятлар очади”.
Биз энди Афғонистонга унинг ҳудудидан тинчлик ва барқарорликка таҳдид солмайдиган давлат сифатида қарай бошлашимиз керак. Афғонистон – бизнинг дўстона ҳамкоримиз ва қўшнимиздир.
Ишонаманки, Афғонистонни қўшни мамлакатлар билан савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар алоқалар тизимига жалб этиш бўйича умумий саъй-ҳаракатларимиз бу мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш ва уни тинч ҳаётга қайтариш жараёнига сезиларли ҳисса қўшади.
Ҳеч шубҳасиз, охир-оқибатда афғон заминида тинчлик ўрнатилиши бепоён Евроосиё қитъасидаги барча давлатлар учун янги имкониятлар очади ва реал наф келтиради. Бу умумий хавфсизлик ва барқарорликни мутаҳакамлаш, автомобиль ва темир йўллари қуриш, табиий ресурсларни ташийдиган қувурлар ўтказиш, минтақавий ва трансминтақавий савдо-сотиқнинг ривожланиши учун қулай шароитлар яратади.
Имкониятдан фойдаланиб, Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тикланиши учун Ўзбекистон имкон даражасида ҳисса қўшаётганини қайд этмоқчиман.
Биз 2002 йилдан буён Афғонистонга электр энергияси етказиб бермоқдамиз. Сурхон-Пули-Хумри янги электр тармоғининг ишга туширилиши билан Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш ҳажми кескин ортади.
Биз биргаликда яна бир стратегик лойиҳани амалга ошириш таклифини илгари сурмоқдамиз. Бу ўзбек мутахассислари томонидан қурилган ва ҳозирги кунда фаолият кўрсатаётган Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўлини Ҳиротгача давом эттириш лойиҳасидир.
Бу лойиҳа Афғонистон иқтисодиётини тиклаш учун аниқ ва амалий ҳисса бўлиб қўшилади, янги иш ўринлари яратади ва мамлакатнинг транзит салоҳиятини оширади.
Трансафғон транспрот-коммуникация лойиҳалари бўйича ишларнинг шу каби катта аҳамиятга эга бўлган “Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон” ва “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” каби бошқа минтақавий лойиҳалар билан узвий боғлиқ ҳолда бошлангани Шимолдан Жанубгача ҳамда Шарқдан Ғарбгача бўлган барча йўналишларда қитъалараро транспорт коридорларини энг қисқа йўллар билан ривожлантириш учун зарур шароитлар яратади.
Гуманитар алоқалар фаол ривожланмоқда. Шу йилнинг январь ойидан бошлаб Афғонистонга чегарадош Термиз шаҳрида махсус ташкил этилган Афғон фуқароларига таълим бериш маркази иш бошлади. Ҳозирги кунда бу масканда 100 нафарга яқин афғонистонлик йигит-қизлар таълим олмоқда.
Биз мазкур марказда афғон мутахассисларини тайёрлаш бўйича ихтисослик ва йўналишлар сонини кенгайтиришни режалаштирмоқдамиз.
Глобал даражада – дунёнинг етакчи, буюк давлатлари ва донор ташкилотлар томонидан Афғонистондаги тинчлик жараёнлари принципиал жиҳатдан сиёсий қўллаб-қувватланиши ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланиши учун молиявий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш зарур. Уларнинг ёрдами туфайли мамлакат тинч ривожланиш йўлига ўтди. Бугунги Афғонистон – бундан атиги йигирма йил олдинги мамлакат эмас.
Очиқ демократик сайловлар ўтказилган пайтдан бошлаб бу юртда давлат қурилишининг янги даври бошланди, оддий афғон фуқаролари ҳаётида ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Мамлакат ҳукумати аҳолини таълим ва соғлиқни сақлаш хизмати билан кенг қамраб олишга муваффақ бўлди. Буларнинг барчаси афғон халқининг тинч-осойишта ҳаёт ва тараққиёт сари интилаётганидан далолат беради.
Яқин икки йил ичида Афғонистонда муҳим сиёсий воқеалар – парламент ва президентлик сайловлари ўтказилиши кутилмоқда. Бу воқеалар мамлакат барқарор демократик тараққиёт йўлидан изчил илгарилаб бораётганининг тасдиғи бўлиши лозим.
Ҳурматли дўстлар!
Барчамиз бир ҳақиқатни англаб олишимиз зарур: биз бугун фақатгина Афғонистоннинг келажаги учун эмас, балки умумий хавфсизлигимиз, терроризм, фанатизм ва зўровонликдан холи дунё учун курашмоқдамиз.
Биз ўтмишдаги хатоларни такрорламаслигимиз керак. Умумий масъулиятимизни доимо ёдда тутишимиз лозим.
Афғонистонда тинчликка эришиш вазифаси бугунги кунда глобал хавфсизлик ва тараққиёт учун том маънода мисли кўрилмаган хатарга айланган терроризм ва экстремизмга қарши курашишга қаратилган саъй-ҳаракатлар билан узвий боғлиқдир.
Бизнинг қатъий ишончимизга кўра, барча ташқи кучлар афғон ҳукуматининг Афғонистонда хорижий террористик ташкилотларнинг базаларини йўқ қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини сўзсиз қўллаб-қувватлаши, ҳеч қандай фарқларга қарамасдан, терроризмни молиявий ва моддий-техник қўллаб-қувватлашнинг олдини олиши ўта муҳим аҳамиятга эгадир.
Ўзбекистон терроризм, экстремизм ва радикализм мафкурасига қарши кураш борасида ҳамиша принципиал позицияга эга бўлиб келган.
Бундай хавф-хатарларга қарши фақат куч ишлатиш усуллари билан эмас, балки биринчи навбатда, айниқса ёшлар ўртасида, зўравонликни келтириб чиқарадиган жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш лозим.
Ўтган йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклифини илгари сурган эди.
Бизнинг асосий мақсадимиз – ёшларнинг сифатли таълим олиш имкониятига эга бўлишига эришиш, уларнинг ўз қобилияти ва истеъдодини рўёбга чиқариши учун барча зарур шароитларни яратиб беришдан иборат.
Биз барча хорижлик ҳамкорларимизга ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини аҳоли ва айниқса, ёшларга тушунтириш йўлида яқин ҳамкорликда иш олиб боришни таклиф этамиз.
Ўйлайманки, бу борада Ўзбекистонда ташкил этилган Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон Ислом академиясининг имкониятларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Шунингдек, биз ташаббус тариқасида Афғонистонда таълимни қўллаб-қувватлаш бўйича махсус халқаро фонд ташкил этишни таклиф қиламиз.
Бундан кўзланадиган асосий мақсад – мамлакатда талаб катта бўлган соҳалар бўйича миллий кадрлар тайёрлаш, истеъдодли талабалар ва ёш олимлар учун стипендия ва грантлар ажратиш борасида афғон томонига кўмаклашишдан иборат.
Бизнинг қатъий ишончимизга кўра, жамиятда таълимнинг нуфузини ошириш ва ёшларнинг камолотга интилишини рағбатлантириш – бу барқарор ва изчил тараққиётга эришиш кафолатидир. Буларнинг барчаси, ҳеч шубҳасиз, униб-ўсиб келаётган ёш авлодни зўровонлик ва радикализм мафкурасидан ҳимоя қилишда ёрдам беради.
Ҳурматли форум қатнашчилари!
Ишончим комил, ушбу конференциянинг ўтказилиши, амалий руҳдаги мулоқот ва мунозаралар, шунингдек, якуний Тошкент декларациясининг қабул қилиниши Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича амалий жиҳатдан ижобий натижаларга эришиш имконини беради ва тинчлик жараёнининг ўзига хос “йўл харитаси”га айланади.
Моҳият эътиборига кўра сизларнинг ёрдамингиз билан афғон муаммосининг энг муҳим жиҳатлари бўйича барча манфаатдор томонларнинг сиёсий иродаси ва ўзаро англашувини ўзида акс эттирадиган ҳужжат қабул қилинади.
Афғонистоннинг келажаги халқаро ҳамжамиятнинг барчамиз учун умумий бўлган таҳдид ва хатарларга қарши курашишга ожиз эканини кўрсатадиган мисолга айланиб қолмаслиги лозим.
Бугун барчамиз бирлашиб, жафокаш Афғонистон халқига тинчлик ва тараққиёт йўлида ёрдам қўлини чўзишимиз, уни қўллаб-қувватлашимиз ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
Барча конференция иштирокчиларига чин қалбимдан самарали иш олиб боришларини тилайман!
Эътиборингиз учун раҳмат.
Online: Мусталаҳул Хадис. Мутобеъ ва Шоҳид хабарлар.
Ўзбекистон ва Қозоғистон диний байрамларни нишонлаш саналарини бир хиллаштириш бўйича меморандум имзолади
Қозоғистон Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Серикбай Ораз Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида мамлакатимиз Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов билан учрашди.
Учрашувда диний байрамлар саналарини бир хиллаштириш (унификация қилиш) масаласи муҳокама қилинди.
“Халқ сўзи” нашри билдиришича, якунда иккитомонлама меморандум имзоланди.
“Тарафлар диний саналар (рўза, Қурбон Ҳайит ва бошқалар)ни Ҳижра йили, яъни мусулмонлар ой тақвими бўйича нишонлаш, шунингдек, бугунги кун диний масалалари бўйича умумий қарорлар, фатволара чиқариш лозим деб ҳисоблайди”, — дейилади меморандум матнида.
“Бизда шу пайтгача диний байрамлар санаси бўйича фарқланишлар бор эди. Мазкур камчиликни тўғрилаш учун биз ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум имзоладик. Меморандум доирасида умумий фатволар чиқарамиз ва ҳозирги давр долзарб масалалари бўйича биргаликда қарорлар қабул қиламиз”, — дейди муфтий Серикбай Ораз оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида.
“Казинформ”нинг ёзишича, ўзаро имзоланган мазкур ҳужжат доирасида икки давлат фуқароларига ушбу мамлакатлар ҳудудида жойлашган муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш имконияти тақдим этилади.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати