muslim.uz

muslim.uz

Хотира

У илк шеърини бутун вужуди билан ҳайқириб, юрагини тўлдириб, фахр ва меҳр билан Минораи Калонга айтди. Бу шеър садолари Лабиҳовузга ҳам етиб келди. Қадим Бухоро кўчалари бу ўтли мисралардан ёришиб кетди: 

Ҳар бир ғунча аввал менинг  юрагимда гуллайди,

Кейин гулга бурканади баҳор келиб кенг жаҳон.

Тонгда олам аввал менинг юрагимда куйлайди,

Мен шоирман, онажон... 

Онаси қайта-қайта дуолар қилиб, шеърни кўзларига суриб, унга “оқ йўл” тилади. Лабиҳовузнинг кекса тутлари ҳам бу қутлуғ дуога қўшилдилар. У ҳайрат тўла кўзлари билан ҳовузга узоқ термулди. Хаёлига шундай мисралар қуйилди: “Ҳовуз бетидаги ажинлар аждодларим дардларимикин?”

Айниқса, онасининг “Ўзга ерларда осмондан нур ёғилса, Бухоро еридан осмон нур эмар экан”, деган ҳикматли сўзлари унинг қалбидан мустаҳкам ўрин олди. У ана шу муборак нурнинг абадий ошноси бўлиб қолди. Қалбига Бухоро меҳрини солди, Бухоро мавзуини муҳрлади. Бухоро заминидан ҳамиша ҳикмат излади. Шу боис қалби ёришиб, ўзи ҳам, қалами ҳам чархланиб борди. 

Бухоро тунлари сернур, пурзиё,

Заминдан осмонга гоҳо сузар нур... 

Садриддин Салим шўролар давридаги Бухорони кўриб куюнди, юраги йиғлади. Устоз Неъмат Аминов билан матбуотда “Бухорони қутқаринг!” деб бонг уриб чиқишди. Бухоронинг бу икки забардаст фарзанди она шаҳарларини қутқариш, тарихий ёдгорликларни тезроқ таъмирлаш масаласида қайта-қайта чиқиш қилишди.

Мустабид тузум даврида фақат одамлар эмас, балки шаҳарлар ҳам, юртлар ҳам қатағонга учради. Қадимдан илм-фан маркази бўлган, улуғ алломалар юрти Бухоронинг тарихий ёдгорликлари ҳам қатағон сабаб ташландиқ аҳволда эди. Бухородаги бундай оғир манзараларни кўриб, юраги йиғлаганлардан бири, шубҳасиз, шоир Садриддин Салим бўлди.

Ўша йиллари Хожа Баҳоуддин Нақшбандни зиёрат қилмоқчи бўлганлар яширинча бориб келишарди. Садриддин Салим ўша мураккаб даврларда ҳам бу улуғ зиёратгоҳдан қадамини узгани йўқ. Садриддин Салим Ватан мустақиллигини катта қувонч ва кўзда севинч ёшлари билан кутиб олди. У мустақиллигимизнинг илк кунларида қувонч билан ушбу ёниқ мисраларни ёзди: 

Ватан фахрим, Ватан ғурурим,

Унинг шони – шонимдир, илло!

Она Ватан бахтим, сурурим,

Мустақилмиз, алҳамдулиллоҳ! 

Мустақиллик туфайли орзу-армонлари ушалганидан бениҳоя хурсанд бўлган Садриддин Салим “Бухорога Бухоро келди” шеърлар туркумини яратди. Унинг ёниб ёзганларининг шеърхонлар қайта-қайта такрорлаб, давраларда айтиб юрадиган бўлишди: 

Бухорога нур-зиё келди,

Имон келди, шарм-ҳаё келди.

Бухорони зулмат этди тарк,

Бухорога Бухоро келди... 

Ёки: 

Ким сени ёр этди, ёр бўлди оқибат,

Ким сени зор этди, зор бўлди оқибат.

Эй Бухоро, бу не ҳикматдир, ажаб,

Ким сени хор этди, хор бўлди оқибат. 

Мустақиллик шоирнинг илҳомига илҳом қўшди, журъатига журъат, ғайратига ғайрат бағишлади. Кўз ўнгимизда гўё Садриддин Салим қайта туғилиб, қайта ижод қилаётгандай бўлди. У ижодий фаолиятини ва илмини, умрини Бухорога бағишлади. Бухоро билан ҳамнафас яшади. Унинг сўнгги йигирма йиллик ижоди ва ҳаёти бевосита Бухоро билан, Бухорода рўй берган улкан ўзгаришлар, ободончилик ва улкан бунёдкорлик ишлари билан бевосита боғлиқдир.

У энди оддий шоир Садриддин Салим эмас, балки исм-шарифига Бухорий тахаллусини ҳам қўшиб олган эди. Энди у ҳам буюк Бухорийлар каби Бухорони севиш, Бухорони озод ва обод қилишга бел боғлаган чинакам фидойилардан эди. Бухорийлар каби маърифатпарварлик йўлини танлади.

Муҳтарам юртбошимиз ташаббуси билан Бухорода бошланган улкан ўзгаришлар, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини таъмирлаш, қайта қуриш ишларида Садриддин Салим олдинги сафда бўлди. У унутилган тарихий жойлар, номларни тиклашда жонбозлик кўрсатди. Унинг журъатли қадамлари тегмаган Бухоро маҳалласи, гузари ва кўчалари қолмаган. Айниқса, ёдгорликлар тарихини, бухоролик авлиёлар ҳаётини изчил ўрганди. Махсус илмий экспедицияга бош бўлиб, Бухоро атрофидаги ҳамда Навоий вилоятидаги тарихий-маданий ёдгорликлар, қадамжолар тарихини тадқиқ этди, улар ҳақида  туркум мақолалар, китоблар ёзди.

У тасниф этган “Дилда ёр”, “Табаррук зиёратгоҳлар”, “Ҳазрати Азизон Рометаний”, “Баҳоуддин Нақшбанд ёки етти пир”, “Чор Бакр ёки Жўйбор авлиёлари”, “Ҳазрат Мавлоно Ориф Деггароний”, “Авлиё шоҳ Ахсавий Файзиободий Бухорий”, “Хожаи Жаҳоним бор”, “Икки юз етмиш етти пир” номли китоблар қўлма-қўл бўлиб ўқилаётир. Шунингдек, Садриддин Салим Бухорий сценарийси асосида беш қисмдан иборат “Имом Бухорий” видеофилми, “Абу Ҳафс Кабир”, “Хожаи Жаҳон” телефилмлари суратга олинган.

У Бухорога келган меҳмонларга кундан-кун обод бўлаётган,  гўзаллашиб бораётган шаҳар, унинг тарихи ҳақида, қадимий ёдгорликлар тўғрисида соатлаб мароқ билан гапирарди. У Бухорони таъриф-тавсиф этишдан асло чарчамасди.

– Бу тарихий воқеа умрбод қалбимда яшайди, – дейди шоирнинг яқин дўсти таниқли олим Самад Азимов. – 2010 йил 30 августда Бухоро шаҳрида “Қадимий ва боқий Бухоро” мажмуасининг очилиш маросими бўлди. Унда  қатнашган муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов улкан мажмуанинг бунёд этилишида сидқидилдан хизмат қилганларни эслаб, жумладан, Сад­риддин Салим Бухорийнинг ҳам номини тилга олиб, бу улкан ишларда унинг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлаганларида, биз, бухороликларнинг қалбимиз бу меҳрли сўзлардан янада ёришиб кетди. Аслида бу Садриддин Салим фаолиятига берилган энг юксак баҳо бўлди. Садриддин Салим Бухорий “Фидокорона хизматлари учун” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан тақдирланган эди.

Садриддин Салим Бухорий 1972 йили Бухоро Давлат университетининг чет тиллар факультетини битириб, умрининг охиригача ушбу илм даргоҳида самарали ва ҳалол ишлади. Юзлаб шогирдлар етиштирди. Умрини эзгу, хайрли ва ибратли ишларга бағишлади. Шоир бир умр Бухоронинг Чўпбоз гузарида яшади.

У 2010 йил 10 мартда 64 ёшида юрак хуружидан вафот этди. Яқинда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижоди уйи Садриддин Салим Бухорийнинг “Ҳикматдир дунё” сайланмасини чоп этди. Шоир ушбу сайланмани ўзи тайёрлаган эди. Афсус, китобни кўриш унга насиб этмади. Ушбу китобни ўқиб чиққач, шоир ижодининг янги-янги саҳифаларини кашф этасиз, самимий шеър мухлисига айланасиз. Китобга филология фанлари доктори Нажмиддин Комилов сўзбоши ёзган. Сайланманинг биринчи қисми – “Бухорога Бухоро келди” шоирнинг турли китобларига кирган ва янги шеърларидан иборат. “Шариф манзаралар” бўлимида қадим Бухоро тарихи билан бирга мустақиллик йилларида Бухорода амалга оширилган улкан ўзгаришлар, бунёдкорликлар ҳақида ҳикоя қилинади. “Таржималар” бўлимидан шоир таржималари ўрин олган. Айниқса, немис мутафаккири Ҳётенинг “Ғарбу Шарқ девони”ни немисчадан ўгиргани эътиборлидир. “Етти авлиё” бўлимида улуғ авлиёлар ҳақидаги теран мақолалар жамланган. Китобнинг ҳар бир боби, бўлими завқ билан ўқилади. Китобдан ўрин олган катта-кичик асарлар мазмун-моҳияти билан ёш авлод баркамол инсонлар бўлиб вояга етишувида катта аҳамият касб этади. Энг муҳими, бу китоб ёшларга “Ҳар қаричи муқаддас, ҳар тоши зиёратгоҳ, Сени севмай бўлурми, эй авлиё Ватаним!” деб Ватанни Садриддин Салимдек юракдан севиш, ардоқлаш ва уни ҳамиша кўз қорачиғидек асраб-авайлашдан бебаҳо сабоқлар беради. У бизга Бухорони севиш билан бирга Ўзбекистонни севишни ўргатади. Зеро, шоир Бухоронинг, мустақил Ватаннинг чинакам дилбанди эди. Ўзи ёзганидек: 

Мени излаб мозорларга борманг зинҳор,

Қалб риштаси шу Ватанга бойлангандир.

Бухорога келиб қаранг такрор-такрор,

Садриддин ҳам Бухорога айлангандир.

 

Ашурали ЖЎРАЕВ

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Кексайиб қолган бўлсам-да, вақтли матбуотни, янги чиққан китобларни ўқиб бораман. Матбуот саҳифаларида ҳозирги китобхонлик ҳақида кўплаб мақолалар чоп этилмоқда. Жумладан, “Боланинг бир қўлида нон, бир қўлида китоб бўлсин” (“Ҳидоят”),  “Болангизга китоб олиб беринг” (“Ишонч”), “Китоб ўқийсизми, биродар?”(“Марказий Фарғона”) мақолалари бугуннинг муаммоси – китоб ўқимасликнинг салбий оқибатларидан огоҳ этади.

Яхши китоб одамнинг насиҳатгўйи. Шу сабаб халқ эртак ва достонларини ўқиб катта бўлган бола қалбида сахийлик, олижаноблик, она Ватанга муҳаббат туйғулари улғайиб боради. Боланинг хулқи, яхшилик ва ёмонлик тушунчалари, ота-она, сўнг китоб мутолаа қилиш таъсирида шаклланади. Лекин ота-она ўзи ўқимаса, боласига китоб совға қилишни билмаса, мактаб кутубхонасидан унга мос китоблар топиб бермаса, тақдири нима бўлади? Ёши катталар, ота-оналар улар тарбиясига бефарқ бўлмасдан, унга байрамларда қимматбаҳо кийимлар, телефон ўрнига, китоб энг яхши совға эканини англата олсак, боламизнинг ҳаётга илк қадамларини тўғри қўйишида кўмакдош бўламиз. Қайси замон ва маконда яшамайлик, китобнинг ўрни бошқача. Ундан олинадиган маънавий завқ ва бой тасаввур ўрнини ҳеч нарса тўлдиролмайди.

 

Нурмат ҲАЙДАРОВ,

Ёзёвон

ЎМИ Матбуот хизмати

“MINA” ахборот агентлигининг хабарига кўра, индонезиялик профессор Ирванди Жасвир 10 январь куни Саудия Арабистонида Исломга хизмати учун Қирол Файсал халқаро мукофоти билан тақдирланган. 

Мукофотнинг тақдирлаш маросими Саудия Арабистони пойтахти Ар Риёдда бўлиб ўтган. 

Профессор Ирванди Жасвирнинг “Ҳалол илм-фан”га қўшган ҳиссаси, ҳалол таомларни тадқиқ қилишда янги услублар устида олиб борган изланишлари учун ушбу мукофотга лойиқ деб топилгани маълум қилинган. 

Жасвир маҳсулот таркибидаги ҳалол бўлмаган моддаларни тез фурсатларда аниқлаш технологиясини ривожлантирган. У яратган ускана маҳсулот таркибидаги спирт ва чўчқа гўштини бир неча сонияда аниқлайди. 

Маълумот учун, Исломга хизмати учун Қирол Файсал халқаро мукофоти 1979 йилда таъсис этилган бўлиб, Ислом тадқиқотлари, Араб тили ва адабиёти, тиббиёт ва фан йўналишларида муваффақиятга эришган шахслар тақдирланадилар. 

Ислом тадқиқотлари соҳасида мукофот иорданиялик олим Башар Аввадга берилди. 

Араб тили ва адабиёти йўналишида мукофотга тунислик профессор Чокри Мабҳут муносиб деб топилган. 

Тиббиёт соҳасидаги мукофот Жеймс Аллисонга берилган. У саратон иммунотерапияси соҳасида муваффақиятга эришган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Четверг, 11 Январь 2018 00:00

Ҳазрати Умар ва ёш бола қиссаси

Ҳазрати Умар ва ёш бола қиссаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Четверг, 11 Январь 2018 00:00

Тил офатларидан бири – ғийбат

«Ғийбат» сўзи луғатда бир нарсанинг кўздан тўсилишини билдиради. Уламолар ғийбатни қуйидагича таърифлайдилар:

Журжоний айтади: «Ғийбат инсондаги бор айбларни унинг ўзи йўқлигида зикр қилишдир».

Имом Ғаззолий: «Ғийбат биродарингни унга ёқмайдиган нарса ила зикр қилишингдир. Ўша ёқмайдиган нарса (ноқислик) унинг баданида, насабида, хулқида, феълида, сўзи ёки динида, ҳаттоки либоси, турар жойи ва уловида бўлса ҳам, фарқи йўқ».

Баданидаги ноқислик: новча, пакана, қора, сариқ, чўлоқ, оқсоқ ва ҳоказо.

Насабдаги ноқислик: қибтий, ҳиндий, хабаший.

Хулққа оид феъллар: хулқи ёмон, мутакаббир, риёкор, серғазаб, ожиз, қўрқоқ, бахил, хасис.

Динга тааллуқли бўлган феъллар: ўғри, каззоб, ароқхўр, золим, хоин, бенамоз, бетақво, ғийбатчи, фосиқ.

Дунёга тааллуқли бўлган феъллар: Одобсиз, одамларни таҳқирловчи ёки ҳақиқатни кўролмайдиган ва ҳар доим ўзиникини ҳақ деб билувчи.

Кийинишдаги ёмон феъллар: Қимматбаҳо кийимларни кийиш, нопок кийимларни кийиш, қўланса ҳидли кийимларни кийиш, кенг ёки тор кийиниш ва ҳоказо.

Ғийбатнинг энг мукаммал таърифи қуйидаги ҳадиси шарифда келган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Эй Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима?» деб сўрашди.

«Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг», дедилар. Шунда:

«Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз?» дейишди.

«Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, айтганинг унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан», деб жавоб бердилар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Одатда ғийбатчилар ўзлари ғийбат қилаётган инсоннинг айбларини, камчилик ва нуқсонлари ҳақида гапира туриб, «Бу ғийбат эмас, бор гапни айтяпман», дейишади. Бу даъво ва тушунчалари тўғри эмаслигини айнан мазкур ҳадиси шарифдан билиб оламиз. Афсуски, бу тушунча бизнинг давримиздагина пайдо бўлган эмас, балки саҳобаи киромлар давридан буён давом этиб келяпти. Буни ҳадиси шарифдаги «Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз?» деган саволдан ҳам билиб олишимиз мумкин. Яъни ғийбат тўғрисидаги тушунча тўғри бўлмагани сабабли саҳобаларда мазкур савол пайдо бўлган. Жавоб эса ғийбатга оид барча ноўрин тушунчаларга барҳам берган. Мазкур маъно қуйидаги ҳадиси шарифда ўз таъкидини топди.

Хузайфа розияллоҳу анҳу Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:

«У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир аёл ҳақида эслаб, «У пакана эди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни ғийбат қилдинг», дедилар».

Ҳужурот сураси 12 оятида эса бундай дейилади:

«Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўплаб қабул қилувчидир, ўта раҳмлидир».

Ғийбат энг катта гуноҳлардан биридир. Шунинг учун ҳам у қатъий ҳаром қилинган мазкур ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз бандаларига ғийбатнинг қанчалик ёмон иллат эканлигини тушунтириш учун ажойиб бир услубни қўллаган. Яъни ғийбатчининг ғийбати гўёки ғийбат қилинганнинг гўштини ейиш билан баробардир. Одатда инсон ўзи ёмон кўрган кишини ғийбат қилади, бутун борлиғи билан ундан нафратланади. Бу нафратини ғийбат қилиш орқали бошқаларга ошкор қилади. Гўштини ейиш у ёқда турсин, ҳатто у билан ўтиришни ҳам истамайди. Уни шу қадар ҳақир санайдики, қўлидан бирор пиёла чой ичишни ҳам ўзига ор деб билади. Лекин ғийбат қилиши билан гўёки унинг гўштини егандек бўлар экан. Бу эса ҳар қандай соғлом ақлли инсоннинг нафратини қўзғатадиган, мутлақо табиати тортмайдиган ишдир. Ҳаммага маълум бўлган ушбу ҳақиқатни Аллоҳ таоло: «...Ҳа, ёмон кўрасизлар...» деб таъкидламоқда. 

Абу Барза Асламийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй тили билан иймон келтириб, дилида иймон келтирмаганлар, мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Кимки уларнинг камчилигини қидирса, Аллоҳ таоло ўзининг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйида шарманда қилади», дедилар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Бу ҳадиси шарифдаги хитоб мунофиқларга қаратилгандир. Ғийбат қилиш, мусулмонлардан камчилик ахтаришга ҳаракат қилиш мунофиқларнинг ишидир. Дунёда эса нуқсон ва камчилиги бўлмаган инсоннинг ўзи йўқ. Шундай экан, мунофиқлар учун мўминларни ғийбат қилишга ҳар доим сабаб топилади. Бундан мақсад – мусулмонларнинг камчилигини топиб, бошқаларда улар ҳақида салбий фикр уйғотишга эришиш, Исломнинг қувватини пасайтиришдир. Аслида эса улар бошқаларнинг камчилигини ахтарар экан, Аллоҳ таоло ҳам уларнинг камчилигини қидиради ва албатта, уларни шарманда қилади. Бу ҳолат тарихда жуда кўп кузатилган. Мусулмонлар мунофиқларга хос бўлган бошқа иллатлардан ҳазар қилганларидек, уларнинг сифатларидан бири бўлмиш ғийбатдан ҳам худди жаҳаннам оловидан сақлангандек сақланишлари керак. Ғийбатчи одам нафақат бу дунёда шарманда бўлиш, обрў-эътиборидан мосуво бўлиш билан жазоланадилар, балки охиратда ҳам турли дахшатли азоб-уқубатларга дучор бўладилар.

Расули Акрам алайҳиссолату вассалом: «Меърожга чиққанимда мисдан бўлган тирноқлар билан юзларию кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим. Мен: «Эй Жаброил, улар ким?» деб сўрадим. У: «Булар у дунёда одамларнинг гўштини еб, обрўларини тўкканлар», деб жавоб берди», дея кўрганларини ҳикоя килиб берганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир мусулмоннинг қони, моли ва обрўси бошқа мусулмонга ҳаромдир», дедилар» (Муслим ривоят қилган).

Ғийбат инсоннинг обрўсига ҳам таъсир қилади. Ушбу ҳадиси шарифда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мусулмон учун ўзининг биродари бўлган бошқа мусулмоннинг уч нарсаси ҳаромлигини таъкидладилар. Одатда ўзгаларнинг қонини тўкиш кишилар орасида қотиллик, молини тортиб олиш зўравонлик, золимлик, қароқчилик каби номлар билан аталади. Уларнинг йиллар давомида йиққан обрў-эътиборларини йўққа чиқарадиган иллат – ғийбатга эса мутлақо эътибор бермайдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ғийбат ҳам гуноҳи кабиралар қаторига киришини таъкидлаш учун уни мусулмон учун ҳаром бўлган бошқа гуноҳлар қаторида зикр қилган бўлсалар, ажаб эмас. 

Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки бир биродарининг обрўсини ҳимоя қилса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг юзидан дўзахни даф қилади», дедилар» (Имом Термизий ривоят қилган).

Ғийбатга қарши чиқиб, ғийбат қилинаётган инсонни ҳимоя қилиш унинг дўзахдан ҳимоя қилиниши билан мукофотланар экан. Чунки агар кескин раддия билан ўз ўрнида ғийбатчининг оғзига урилмаса, бу иллат жамиятда янада ривожланиб, чуқур илдиз отиб кетиши шубҳасиздир. Натижада ҳамма ўзаро душманга, бир-бирининг обрўсини тўкадиган кишиларга айланиб қолади. Шунинг учун ҳам мазкур иллатнинг ривожланишига қарши чиқиб, ўз биродарининг обрўсини ҳимоя қилиш дўзахдан ҳимояланишдек буюк мукофот билан тақдирланар экан.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга: «Кимки ғийбатдан тавба қилган ҳолда ўлса, у жаннатга охири киради. Кимки ғийбатда бардавом бўлган ҳолда ўлса, у дўзахга биринчи киради», деб ваҳий қилди.

Ғийбат қанчалик катта гуноҳ эканлигини қуйидаги ҳадиси шарифдан ҳам билиб олиш мумкин: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Моъизни зино қилгани учун тошбўрон қилдирдилар. Шунда бир киши шеригига:

«Анави худди ит ўлдирилгандек ўлдирилди», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан бирга кетаётган эдилар. Йўлда сасиб ётган бир ўлаксанинг ёнидан ўтдилар ва икковига:

«Анавиндан енглар», дедилар. Улар:

«Ўлимтикни еймизми?» дейишди. У зот:

«Биродарларинг тўғрисида айтган гапларинг у ўлимтикдан ҳам кўра сассиқ ва жирканчроқдир», дедилар» (Имом Абу Довуд тахриж қилган).

Саҳл ибн Муъоз ибн Анас Жуҳанийдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимки бир мўминни ғийбатчи мунофиқдан ҳимоя қилса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг гўштини дўзах ўтидан ҳимоя килувчи фаришта юборади. Кимки бир мўминни сўкмоқчи бўлиб, уни ғийбат қилса, Аллоҳ таоло уни гапидан қайтмагунича жаҳаннам кўприги устида ушлаб туради», дедилар» (Аҳмад ривоят қилган).

Ғийбатчининг ғийбатидан бирор кишини ҳимоя қилиш осон иш эмас, чунки ғийбатчи бундай ҳолатда ҳимоя қилувчини ҳам тинч қўймайди, балки ўзини оқлаш, ғийбат қилинувчини қоралаш учун энди у туҳмат-бўҳтонга ҳам ўтиши ва ҳаттоки ҳимоя қилувчининг ўзига ҳам ҳужумга ўтиб қолиши мумкин. Агар у ғийбатчи ҳадиси шарифда айтилганидек, мунофиқ бўлса-чи? У ҳолда бу хавф яна бир неча баробар ошади. Чунки мунофиқ одам қандай йўл билан бўлса ҳам мўминларнинг ва уларнинг ҳимоячиларининг обрўсини тўкишга, бошқалар олдидаги уларнинг обрў-эътиборини йўқотишга ҳаракат қилади. Мўминни мунофиқнинг ғийбатидан ҳимоя қилувчига

«Қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг гўштини дўзах ўтидан ҳимоя қилувчи фаришта юборади».

Чунки у инсон ўзининг диндоши бўлмиш бир мўминни унинг шаънига отилаётган туҳмат, бўҳтон ва ғийбат тошларидан ҳимоя қилди. Шунинг учун Аллоҳнинг Ўзи қиёмат куни ҳимоя қилувчи фариштаси билан уни ҳимоя қилади.

«…Кимки бир мўминни сўкмоқчи бўлиб, уни ғийбат қилса, Аллоҳ таоло уни гапидан кайтмагунича жаҳаннам кўприги устида ушлаб туради».

Мўминни сўкиш, уни ғийбат қилиш ўта қабиҳ ишлардан бўлгани учун Аллоҳ таоло бундай кимсани қиёмат кунида жаҳаннам кўприги устида ушлаб туриш билан жазолайди. Бу жазонинг энг оғир турларидан биридир, чунки доимий ҳолатда кўприкдан йиқилиб, жаҳаннамга тушиш хавфи билан туриш осон иш эмас, лекин бундан қутулишнинг чораси ҳам бор.

«Кимнинг зиммасида бир биродарининг обрўси ёки молига тегишли бирор ҳаққи бўлса, динор ва дирҳамлар ўтмайдиган (қиёмат) куни келишидан олдин ҳаққини адо қилсин. Чунки у кунда бунинг яхшиликлари ҳақдорга олиб берилади. Агар яхшиликлари бўлмаса, биродарининг гуноҳлари унинг гуноҳларига қўшиб қўйилади» (Муттафақун алайҳ).

У ғийбатдан, ҳақоратдан қайтиши, тавба қилиши керак. Уламоларимиз бундай гуноҳларни бировнинг ҳаққига қилинган хиёнат деб ҳисоблайдилар. Бундан тавба қилишни эса қуйидагича таърифлайдилар.

Агар ғийбат ғийбат қилинган кишига етиб бормаган бўлса, ғийбат қилувчи қилган ишига надомат, пушаймон, афсус чекиши ва бошқа бундай гуноҳга қайтмасликка азму қарор қилиши лозим.

Агар ғийбат ғийбат қилинган кишига етиб борган бўлса, унинг ҳузурига бориб, ундан кечирим сўраши ва у инсон буни кечириши шарт қилинади. Қолаверса, уни қаерда ва қандай жамоатда ғийбат қилган бўлса, айнан ана шу жойларда энди у инсонни мақташи ва уни ёмон гап-сўзлар билан ғийбат қилганини айтиб, тавба қилганини эълон этиши керак.

Аксинча, ғийбатчини қилаётган гуноҳидан қайтариш ўрнига унинг гапларига қулоқ солган, эшитган киши уни тасдиқлаган бўлади ва унга шерик ҳисобланади. Унинг гапини тили билан инкор килсагина, гуноҳидан қутулади. Агар очиқ инкор қилишдан қўрқса, қалби ила инкор қилсин ва гапни бошқа тарафга буришга ёки туриб кетишга ҳаракат қилсин.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Аллоҳни зикр қилинглар, чунки бу даводир. Лекин одамларни гапиришдан сақланинглар, чунки бу дарддир», деганлар.

Қатода розияллоҳу анҳу: «Қабр азоби уч бўлакдир. Ундан бири ғийбат, яна бири чақимчилик, яна бири пешобдан сақланмасликдир», деганлар.

Баъзи уламолар айтадилар: «Салафларнинг ибодати рўзада, намозда эмас, балки одамларнинг обрўсини тўкишдан сақланишда эканини кўрдик».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Бирор кишини айбламоқчи бўлсанг, ўзингнинг айбларингни эсла».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Сизлардан бирингиз бировнинг кўзидаги заррани кўради-ю, лекин ўзининг кўзидаги ёғочни кўрмайди», деганлар.

Ҳасан розияллоҳу анҳу: «Эй Бану Одам, токи ўзингда бор айблар ила бошқаларни ғийбат қилишдан тўхтамагунингча, ҳеч қачон иймон ҳақиқатига етолмайсан», дейдилар.

Яна у киши айтадилар: «Бировни зикр қилиш уч хил бўлади. Бири – ғийбат, иккинчиси – бўҳтон, учинчиси эса туҳматдир. Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг Китобида зикр қилинган. Ғийбат унда бор нарсани гапирмоғинг, бўҳтон унда йўқ нарсани гапирмоғинг, туҳмат сенга етиб келган нарса ҳақида гапирмоғингдир».

Ибн Сирин бир кишини эсладилар-да, «У қора эди», дедилар, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтиб, «Мен уни ғийбат қилиб қўйдим», дедилар.

Иброҳим ибн Адҳам роҳимаҳумуллоҳ бир қанча кишиларга зиёфат бердилар. Улар дастурхон атрофида ўтирганларида ғийбат қила бошлашди. Шунда Иброҳим роҳимаҳумуллоҳ: «Бизлардан аввалгилар гўштдан олдин нон ер эдилар, сизлар эса нондан олдин гўшт ейишни бошладингиз», дедилар.

Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади: «Бир киши: «Сизни фалончи ғийбат қилди», деди. Унга бир товоқ хурмо бериб юбордилар ва: «Менга етишича, сиз менга ҳасанотларингизни ҳадя қилибсиз, бунинг учун сизни мукофотлашни истадим, узримни қабул қилинг. Чунки мен сизни тўлиқ мукофотлашга қодир эмасман», дедилар».

Авф раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ибн Сириннинг олдига кириб, Ҳажжожнинг нуқсонларини айтдим. Шунда у: «Аллоҳ одил ҳакамдир. Худди Ҳажжож кимга зулм қилса, унинг учун қасос олгани каби, ким Ҳажжожни ғийбат қилса, унинг учун қасос олади. Агар сен эртага Аллоҳ таолога йўлиқсанг, сенинг қилган энг кичик гуноҳинг ўзинг учун Ҳажжож қилган катта гуноҳдан кўра шиддатлироқдир», деди». 

Ғийбатга рухсат берилган ўринлар.

Шариатнинг мақсадларини рўёбга чиқариш учун баъзи ҳолатларда бошқаларнинг нуқсонларини зикр қилишга рухсат берилади. Чунки мазкур мақсадларга эришиш учун шундан бошқа йўл йўқ. Улар олти ўриндан иборат бўлиб, бундай ҳолатда ғийбатнинг гуноҳи даф қилинади.

Биринчиси: Зулм. Бир киши қозига ўзининг фалончидан зулм кўрганлиги ёки унинг хиёнати ва порахўрлиги тўғрисида хабар бериши мумкин. Агар ушбу ҳолатда у мазлум бўлмаса, бу ғийбат ҳисобланади. Аммо қози тарафидан зулм кўрса, султонга шикоят қилиши мумкин. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳақ эгасининг сўзи бор», деганлар.

Иккинчиси: Ислоҳ қилиш учун осийга раддия бериш ва уни бу ишдан қайтариш учун ёрдам талаб қилиш маъносида. Яъни мазкур ишлардан қайтаришга ўзининг куч ва имконияти етмаса, куч ва имконияти бор раҳбарлар ва маҳкамага мурожаат қилиши мумкин.

Учинчиси: Фатво сўраш учун муфтийга: «Отам менга зулм қилди» ёки «Аёлим мана бундай қиляпти, ундан қандай халос бўлишим керак?» каби арз қилишда. Чунки Ҳинд бинти Утба Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Абу Суфён бахил, мен ва болаларимга кифоя қиладиган нарсани бермайди, унга билдирмасдан бирор нарса олишим мумкинми?» деди. Шунда у зот: «Ўзинг ва болаларингга етарли нарсани яхшилик ила ол», дедилар. Бу суҳбатда Абу Суфённинг бахиллиги ва зулми эсланди, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эътироз билдирмадилар.

Тўртинчиси: Мусулмонни ёмонликдан огоҳлантириш: Агар бир фақиҳ бидъатга берилиб, фосиқлик қилса ва унинг бу ёмонлиги бошқаларга ҳам таъсир қилиш хавфи бўлса, унинг бидъатчи ва фосиқлиги ҳақида бошқаларга огоҳлантириш маъносида айтиш мумкин.

Уламоларимиз: «Фожир имомнинг, бидъатчининг ва ошкора фосиқлик қилувчининг ҳақларида ғийбат йўқ», дейдилар.

Бешинчи: Бир инсон ўзида бўлган нуқсони билан лақабланиб, танилиб қолган бўлса. Масалан: Шилпиқ, Чўлоқ каби. Чунки тарихда Аъмаш–шилпиқ ва Аъраж–чўлоқ каби машҳур зотлар бўлишган.

Уламолар мазкур шахсларни танитиш учун шундай лақаблар билан зикр қилишни зарурат, дейдилар. Мазкур шахслар ўз лақаблари билан шу даражада машҳур бўлганларки, ўзларининг бундай лақабланишларини мутлақо кариҳ кўрмаганлар.

Олтинчи: Фосиқлиги билан танилган кишининг сифатларини айтиб танитиш. Масалан: «хунаса», «ароқхўр», «тажовузкор»га ўхшаш. Уларни мазкур айблари билан зикр қилиш ғийбат ҳисобланмайди, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки юзидан ҳаё пардасини олиб ташласа, унинг учун ғийбат йўқ», дедилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Фожирнинг ҳурмати йўқдир», деганлар. Бу билан у киши ошкора фисқу фужур билан шуғулланувчини ирода қилганлар. Лекин фисқу фужурни яширинча қилса, унинг ҳурмати риоя қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг ҳузурларида бир аёлнинг солиҳ амаллари, тутган рўзалари тўғрисида гапирилди. Лекин унинг қўшниларига тили билан озор бериши ҳам эсланди. Шунда у зот: «У жаҳаннамдадир», дедилар.

Бошқа бир ривоятда эса: «Бир аёлнинг бахиллиги тўғрисида эсланди. Шунда у зот: «Ундай бўлса, унда ҳеч қандай яхшилик йўқ», дедилар», дейилган.

Ушбу ривоятда мазкура аёлнинг диндаги ютуқ ва камчиликлари тўғрисида эсланяпти, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ғийбат қилишда айбламадилар, аксинча, мазкура аёл тўғрисида ёмон хабар бердилар. Шундан келиб чиқиб, уламоларимиз диндаги фосиқ, фожирлар тўғрисида, хусусан, аҳли илмларнинг ҳузурида бу ҳақдаги ҳукм ва масалаларни билиб олиш учун эслаш ва сўраш мумкинлигини айтадилар. Қолаверса, фожир ва фосиқларнинг қилаётган жиноятларидан бошқаларни огоҳлантириш ва ундан қайтариш учун улар ҳақида гапириш мумкин, дейдилар. Хусусан, дин номидан нотўғри фатво берадиганлар, мусулмонлар ўртасида фитна ва фасод қўзғайдиганлар, ҳар хил бидъату хурофотларга рухсат берадиганлар тўғрисида халқни огоҳлантириш учун гапиришга рухсат бор, дейдилар.

Ғийбатнинг каффороти.

Ғийбатчи бир йўла икки ҳаққа нисбатан жиноят қилади:

  • Аллоҳ таолонинг ҳаққига жиноят қилган бўлади. Чунки у Аллоҳ таоло қайтарган ишни килди. Бунинг каффороти тавба қилиш билан бўлади.
  • Банданинг ҳаққига жиноят қилган бўлади.

Агар ғийбат банданинг ўзига етган бўлса, ғийбатчи унинг олдига бориб, кечирим сураши ва надоматини билдириши лозим бўлади.

Уламолар: «Унинг тавбаси тўлиқ бўлиши учун қаерда, қайси мажлисда ғийбат қилган бўлса, ўша ерда, ўша мажлисда ғийбат қилинган киши ҳақида яхши гапларни гапириши керак», деганлар.

Агар гaп ғийбат қилинган одамга етмаган бўлса, тав­ба қилган ғийбатчи унинг ҳаққига истиғфор айтади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни ғийбат қилган бўлсанг, бунинг каффороти унинг ҳаққига истиғфор айтмоғингдир», деганлар.

Мужоҳид айтади: «Биродарингнинг гўштини еганингнинг каффороти унинг ҳаққига мақтовлар айтиб, яхшилик ила дуо қилмоғингдир».

Ато ибн Абу Рабоҳдан ғийбатнинг тавбаси ҳақида сўралди. Шунда у киши: «Ғийбат қилинганнинг ҳузурига бориб, «Сиз ҳақингизда айтган гапларим ёлғон, мен сизга зулм қилдим, агар ҳаққингизни олишни хоҳласангиз, олинг ва агар хоҳласангиз, афв этинг», дейишдир», дедилар.

Агар шундай ҳол содир этилса, ғийбат қилинган киши ғийбат қилувчини афв этиши матлубдир. Зотан, Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Кечиримли бўл, маъруфга буюр ва жоҳиллардан юз ўгир» (Аъроф сураси, 199-оят)

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Жаброил, бу қандай афв?» деб сўрадилар. У зот: «Аллоҳ таоло сизга зулм қилган кишини афв этишга, сиздан алоқани узганлар билан силаи раҳм қилишга ва сизни маҳрум қилганларга ато беришга буюради», дедилар.

 

Исҳоқжон домла БЕГМАТОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 

Масжидлар бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Мақолалар

Top