
muslim.uz
Анжуман иштирокчилари азим Бухорода (Фотолавҳа)
Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон-Озарбайжон мисолида” халқаро илмий-амалий анжумани иштирокчиларини диёримизнинг энг мўътабар масканлари бўлган Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари бўйлаб, азиз-авлиёлар хоки поклари қўним топган жойларни зиёрат қилишга таклиф қилган эдилар.
Муфтий ҳазратларининг таклифларига биноан эътиборли меҳмонлар куни кеча пойтахтдаги мўътабар жойларни зиёрат қилдилар ҳамда уларни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев қабул қилдилар.
Кеча тонгдан меҳмонлар муфтий ҳазрат бошчилигида «Афросиёб» тезюрар поездига ўтириб Самарқандга қараб йўлга тушган эди. Улар куннинг биринчи ярмида Самарқандга етиб боришди. Уларни вилоят раҳбарлари ва олиму уламолари, навқирон ёшлар ҳамроҳлигида катта хурсандчилик билан кутиб олишди. Нуфузли меҳмонлар “Регистон плаза» меҳмонхонасига жойлашди ва Имом Бухорий ҳазратларининг зиёратига келиб, жума намозини ушбу муборак масканда ўқидилар. Сўнгра Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қабрини, Ҳазрат Дониёр мақбарасини зиёрат қилишди. Мирзо Улуғбек расадхонасига борган меҳмонлар расадхонанинг нақадар пухта илмга асосланган ҳолда қурилганига яна бир бор иқрор бўлиб, улуғ бобокалонимизнинг закосига қойил қолганини изҳор этдилар. Бу маконда не-не буюк олимлар илмий-тадқиқот ишларини олиб боргани, уларнинг бебаҳо илмий меросини топиб ўрганиш масаласида астроном олимларга кўмак бериш зарурлиги тўғрисида фикр алмашдилар.
Сиёб бозорига ташриф буюрган меҳмонлар сархил меваларни кўриб уларни етиштирган бободеҳқонларнинг ҳақларига дуолар қилишди. Бозор аҳли билан дилдан суҳбатлашдилар.
Бозордан чиқиб Гўри Мир мақбарасига, Регистон майдонига йўл олдилар бу табаррук маконда ётган улуғларнинг руҳларига бағишлаб тиловатлар қилдилар. Шунинг билан уларнинг Самарқанд шаҳридаги диққатга сазовор жойлар бўйлаб уюштирган зиёратлари якунланди.
Анжуман иштирокчилари бугун Бухорога бориб “Грант Бухоро” меҳмонхонасига жойлашиб, бир оз ҳордиқ чиқарганларидан сўнг Мир Араб мадрасасига бордилар. Зеро, уларнинг кўпларининг ана шу мадраса билан боғлиқ гўзал хотиралари бор. Улар ушбу мадрасада ўқиб, илм олган, умрининг гуллаган даврини – ёшлик йилларини ана шу муаззам масканда ўтказган. Уларнинг ўзлари бу жойни “Ўзбекистон – иккинчи ватаним, Бухоро – она шаҳрим” деб эъзозлайди.
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ва олий мадраса устоз-мударрислари ва талабалари билан дилдан суҳбат қурган меҳмонлар уларга ўзлари ўқиган давр шароити, муҳтарам устозлари, курсдош дўстлари ҳақида ибратли ва қизиқарли хотираларни сўзлаб бердилар. Шу аснода гўёки уларнинг ўзлари ҳам ёшлик даврига қайтгандек бўлди.
Қалбларида ғайрат-шижоати, кўзларида устодларга самимий муҳаббати акс этиб турган талабалар Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасига бормоқчи бўлган меҳмонларни анча йўлга кузатиб бордилар.
Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг зиёратига келган меҳмонлар у зотнинг ҳаққига дуо қилганларидан сўнг бу жойни шундай обод ва кўркам масканга айлантирган зотларнинг ҳам ҳақларига дуо қилдилар.
Дамин ЖУМАҚУЛ
Конференция иштирокчилари «Баҳоуддин Нақшбанд" мажмуасида
Меҳмонлар «Мир Араб» мадрасасида
Меҳмонлар «Мир Араб» олий мадрасасида
Ҳурматли мухлислар, "Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон – Озарбайжон мисолида” халқаро анжуман иштирокчиларининг Ўзбекистонга қилган ташрифлари ўз якунига етди. Улар бир неча дақиқа олдин азим Бухоро шаҳридан Баку шаҳрига олам-олам таассуротлар билан жўнаб кетишди. Уларни Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев, Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари кузатишди. Азиз меҳмонларимизга оқ йўл тилаймиз!
Меҳмонлар Самарқандда (Фотолавҳалар)
Халқаро конференция иштирокчилари «Афросиёб» тезюрар поездида Самарқандга кетишмоқда.
Конференция иштирокчилари «Регистон плаза» меҳмонхонасига жойлашишмоқда.
Меҳмонлар Имом Бухорий бобомиз қабрларини зиёрат қилишди.
Конференция иштирокчилари Ўзбекистон республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишди
Конференция иштирокчилари Ҳазрат Дониёр мақбарасини зиёрат қилишди
Конференция иштирокчилари Мирзо Улуғбек расадхонасида.
Конференция иштирокчилари Сиёб бозорида.
Конференция иштирокчилари Гўри Мир мақбарасида.
Конференция иштирокчилари Регистон майдонида бўлишди. Шунинг билан уларнинг Самарқанд шаҳридаги диққатга сазовор жойлар бўйлаб уюштирган зиёратлари якунланди.
Ҳурматли порталимиз мухлислари, халқаро конференция иштирокчилари эртага эрталаб Самарқанд шаҳридан Бухорога жўнаб кетишади. Сафар дастурига кўра, улар шаҳардаги диққатга сазовор жойларни зиёрат қилишади. Muslim.uz портали ижодкорлари эртанги сафар жараёнлари, иштирокчиларнинг таассуротларини телеграмдаги каналимиз, фейсбукдаги саҳифамиз ва сайтимиз орқали ёритиб боришни режалаштирганмиз. Бизни кузатиб боринг.
Меҳмонлар Самарқандда
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон-Озарбайжон мисолида” халқаро илмий-амалий анжуманида сўзлаган маърузасида Ўзбекистонда виждон ва эътиқод эркинлиги таъминланиб, диний бағрикенглик тобора мустаҳкамланаётгани, қисқа вақтда Қорақалпоғистонда “Имом Эшон Муҳаммад” масжиди, Хоразмда “Охун бобо” масжиди, Тошкентда “Сузук ота” масжидини катта мажмуа шаклида бунёд этилаётгани, Сурхондарёда Имом Термизий, Қашқадарёда Абу Муин Насафий мажмуаларининг қайта қурилаётгани, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ва Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази иш бошлагани катта туҳфа бўлгани ҳақида сўз юритдилар.
Айниқса, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилгани аждодларимизнинг бой маънавий мероси бутун ислом оламида кенг ўрганилишига имконият беришини таъкидладилар ҳамда Ҳазрати Имом мажмуасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академиясининг очилиши ва мамлакатимиз ҳудудларида ақида, калом, фиқҳ, тафсир ва ҳадис мактабларининг ташкил этилиши диёримиздан яна Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғилоний каби алломалар етишиб чиқишига катта ишонч уйғотишини айтдилар.
Муфтий ҳазратлари нутқини: “Фурсатдан фойдаланиб, Сиз азиз меҳмонларни диёримизнинг энг мўътабар масканлари бўлган Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари бўйлаб, азиз-авлиёлар хоки поклари қўним топган жойларни зиёрат қилишга таклиф этаман”, деган таклиф билан якунладилар.
Муфтий ҳазратларининг таклифларига биноан анжуманга ташриф буюрган эътиборли меҳмонлар кеча Ҳазрати Имом мажмуасига зиёратга келиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ҳазрати Имом жоме масжиди билан танишдилар. сўнгра Ҳазрати Усмон Мусҳафини, Бароқхон мадрасасини, Қаффол Шоший ва Зиёвуддин Эшон Бобохон мангу қўним топган масканларни зиёрат қилдилар. Тошкент Ислом институтига бориб ўқитувчи ва талабалар билан самимий суҳбат қурдилар. Ундан кейин эса “Минор” жоме масжидига бордилар. Кечаги куннинг энг муҳим воқеаси хорижлик меҳмонларнинг Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашуви бўлди.
Бугун тонгдан меҳмонлар муфтий ҳазрат бошчилигида «Афросиёб» тезюрар поездига ўтириб Самарқандга қараб йўлга тушган эди. Улар куннинг биринчи ярмида Самарқандга етиб боришди. Уларни вилоят раҳбарлари ва олиму уламолари, навқирон ёшлар ҳамроҳлигида катта хурсандчилик билан кутиб олишди. Нуфузли меҳмонлар “Регистон плаза» меҳмонхонасига жойлашди ва вақтни ғанимат билиб Имом Бухорий ҳазратларининг зиёратига ошиқдилар.
Жума намозини ушбу муборак масканда ўқидилар. Сўнгра Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қабрини зиёрат этишди. Энди эса шаҳардаги диққатга сазовор жойларни кўздан кечирмоқдалар.
Дамин ЖУМАҚУЛ
Аксирганга тилак айтиш
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло акса урганни яхши кўради, эснаганни ёқтирмайди. Сизлардан бирортангиз акса урса ва Аллоҳга ҳамд айтса, уни эшитган ҳар бир мусулмон: «Ярҳамукаллоҳ» дейиши лозим бўлади. Эснаш эса шайтондандир. Сизлардан бирортангиз эснак келганда имкони борича уни қайтарсин. Чунки сизлардан бирингиз эснаса, шайтон унинг устидан кулади». Бир ривоятда: «Сизлардан бирингиз (эснаб) «А-а-а-ҳҳ» деса шайтон ундан кулади» (Муттафақун алайҳ).
Акса уришни яхши кўрилишига сабаб, у фаоллик ва оч ҳолатдан юзага келади. Эснаш эса тўқлик ва дангасалик оқибатидан юзага келади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизлардан бирингиз акса урса: «Алҳамдулиллаҳ» (Аллоҳга ҳамд бўлсин), десин, шунда биродари ёки ҳамроҳи унга: «Ярҳамукаллоҳ» (Сенга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин), десин. «Ярҳамукаллоҳ» деса у: «Яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу болакум» (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ҳолингизни ислоҳ қилсин», деб жавоб қайтарсин» (Имом Бухорий ривояти).
Акса урганда «Алҳамдулиллаҳ» деб Аллоҳга ҳамд айтишнинг ҳикматларидан бири шуки, инсон юзида еттита сув тўплагувчи халтачалар бўлиб, акса урмасдан юрса, ўша халтачалар сув тўплаб қолар экан, натижада ўша сувларни шипрц ёрдамида чиқариб ташланаркан. Аллоҳнинг фазли билан инсон аксирса ўша халтачадаги сувлар акса уриш натижасида чиқиб кетар экан («Суннатдаги илмий мўжизалар академияси»нинг қарори)
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Сизлардан бирингиз акса уриб, Аллоҳга ҳамд айтса, унга ташмит (ярҳамукаллоҳ) айтинглар. Аллоҳга ҳамд айтмаса, унга ташмит айтманглар» (Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам акса урсалар юзларини қўллари ё кийимлари билан тўсар ва шу билан овозларини пасайтирар эдилар (Имом Аҳмад, Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти).
Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки марта аксирган кишининг «Алҳамдулиллаҳ» деганига икки марта «Ярҳамукаллоҳ» дедилар. Ҳалиги киши учинчи марта аксириб «Алҳамдулиллаҳ» деган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу шамолаган экан», деб «Ярҳамукаллоҳ» демадилар».
Анасдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурида икки киши акса урди. Уларнинг бирига жавоб қайтардилар. Иккинчисига жавоб қайтармадилар. Ҳалиги жавоб қайтарилмаган киши: «Фалон киши акса урувди, жавоб қайтардингиз. Мен акса урсам, жавоб қайтармадингиз», деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У «Алҳамдулиллаҳ», деди. Сен «Алҳамдулиллаҳ», демадинг», дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Уламолар акса уриш тўғрисидаги ҳадисларни ўрганиб акса уришнинг қуйидаги одобларини санаб чиққанлар:
акса урувчи юзини қўли ё кийими билан тўсади;
акса урганда имкон борича овозини пасайтиради;
акса ураётганда ўнг ёки чап томонга қараб акса урмайди, чунки икки томонидаги одамга азият бериб қўйиши мумкин;
акса урган одам баланд овозда «Алҳамдулиллаҳ» деб Аллоҳга ҳамд айтади;
акса урувчининг Аллоҳга ҳамд айтганини эшитган ҳар бир одам унга «Ярҳамукаллоҳ» деб жавоб беради;
«Ярҳамукаллоҳ» дейишда мусулмонларни ўзаро бирлаштирувчи ва муҳаббат пайдо қилувчи туйғу бор;
акса уриб «Алҳамдулиллаҳ» демаган одамга «Ярҳамукаллоҳ» дейилмайди;.
Жума хутбаси ўқилаётган пайтда акса урган кишига «Ярҳамукаллоҳ» деб жавоб бериш макруҳ;
ҳожатхонада туриб акса урган киши “Алҳамдулиллаҳ” демайди ва унга «Ярҳамукаллоҳ» дейилмайди;
намозда туриб акса урган кишига «Ярҳамукаллоҳ» деб жавоб берса намози бузилади;
Икки мартадан кўп аксирган одам шамоллагани сабабли аксираётган бўлиши мумкинлиги учун унга «Алҳамдулиллаҳ» деган тақдирда ҳам «Ярҳамукаллоҳ» деб жавоб қайтармаса гуноҳ бўлмайди.
Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли,
Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби
Шавкат Мирзиёев Кавказ мусулмонлари идораси раисини қабул қилди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кеча "Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбойжон мисолида" халқаро конференциясининг Кавказ мусулмонлари идораси раиси шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода бошчилигидаги иштирокчилари делегациясини қабул қилди.
ЎзА хабарига кўра, давлат раҳбари меҳмонларни самимий қутлар экан, ушбу конференция ташкил қилингани ва унинг ишида хорижий мамлакатлардан нуфузли делегациялар иштирок этгани жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, конфессиялараро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган халқаро ҳамкорлик тобора кенгайиб бораётганидан далолат эканини алоҳида таъкидлади.
Ҳамкорликдаги бундай саъй-ҳаракатлар жаҳонда муқаддас ислом динининг асл қадриятлари ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш, замонамизнинг халқаро терроризм ва экстремизм сингари таҳдид ва хатарларига қарши самарали курашишга қаратилгани қайд этилди.
Ўзбекистоннинг «Жаҳолатга қарши маърифат» – таълим олишнинг ҳамма учун очиқлигини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам бериш каби принципиал ёндашувлари нуфузли халқаро форумларда бир неча бор билдирилди.
Ўзбекистон Президенти Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида "Маърифат ва диний бағрикенглик" махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.
Шуни таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда бу йўналишда аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар амалга оширилмоқда, халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда.
Хусусан, буюк аждодларимиз меросини ўрганиш ва уни келажак авлодларга етказиш мақсадида Самарқандда Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилмоқда.
Учрашувда бугунги кундаги глобал жараёнлар, хавфсизлик ва барқарорликка нисбатан тобора кучайиб бораётган таҳдид ва хатарлар саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, конфессиялараро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантиришни тақозо қилаётгани қайд этилди. Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, таълимни ривожлантириш ва ёшларнинг ахлоқий тарбиясини юксалтириш масалалари муҳокама қилинди.
Кавказ мусулмонлари идораси раиси Оллоҳшукур Пошшозода самимий қабул учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди, Озарбойжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Меҳмонлар мамлакатимизда бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат, эътиқод эркинлигини таъминлаш, динга эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган изчил ишларга юксак баҳо берди.
Халқаро конференция иштирокчилари тинчлик, тотувлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш йўлида Ўзбекистон Республикаси билан фаол мулоқот ҳамда кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.