muslim.uz

muslim.uz

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди. 

Давлатимиз раҳбари 8-9 июнь кунлари Остона шаҳрида ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидаги нутқида Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро тадқиқот марказининг ташкил этилиши миллатлараро, маданиятлараро муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлишини алоҳида таъкидлади. 

Ташкил этиладиган янги марказ ислом маданияти ва қадриятларини тарғиб қилиш, ёшларимизни турли ёт ғоялардан асраш, уларнинг замонавий таълим-тарбия олиши, комил инсон бўлиб етишиши, навқирон авлоднинг қалбида буюк аждодларимизга муносиб бўлишдек юксак туйғуларни шакллантиришга хизмат қилади. 

Президентимизга бунёд этилаётган марказнинг умумий концепцияси, атрофини ободонлаштириш бўйича қилинадиган ишлар лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. 

Муборак Рамазон ойида бундай эзгу ишларни бошлаш ва амалга ошириш ҳар жиҳатдан хайрли ва мақсадга мувофиқдир, деди давлатимиз раҳбари. Пок ниятлар билан бошлаган ишимиз ўз мевасини беради. Яна бир жиҳатга алоҳида эътибор бериш керак. Имом Бухорий мажмуасига зиёратга келувчилар марказга ҳам киради, улар ҳақиқий ислом таълимоти тўғрисида керакли маълумотлар олсин. 

Лойиҳаларда мажмуа атрофини ободонлаштириш, йўлларни кенгайтириш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қуриш ва таъмирлаш лозимлиги ўз аксини топган. 

Ўзбекистон Президенти 21 май куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтган Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити доирасида Ислом тараққиёт банки президенти Бандар Ҳажар билан учрашди. Ўзбекистон билан Ислом тараққиёт банки ўртасида Имом Бухорий номидаги халқаро тадқиқот марказини ташкил қилиш бўйича Англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат ижроси юзасидан бугун тизимли ишлар олиб борилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари Пайариқ туманида аҳоли учун икки ва уч қаватли арзон уй-жойлар қуриш лойиҳаси билан ҳам танишди. 

Президентимиз Пайариқ туманидаги "Тўполос" фермер хўжалиги даласида бўлди. Фермер ва деҳқонлар билан суҳбатлашди, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги билан қизиқди. Пахта ва ғалла майдонларини кўздан кечирди. 

Шавкат Мирзиёев раислигида вилоят раҳбарлари, мутасаддилари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят иқтисодиётини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар, истиқболдаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди. 

Абу Бакир Ўрозов, Темур Қурбонбоев (сурат), ЎзА

Манба: uza.uz

Эртага 11-июнь, Муборак Рамазон ойининг мағфират даҳаси, 16-кунларидир. Тошкент шаҳридаги бир неча жоме масжидларда бу кеча Қуръони Карим хатмонаси яъни, Каломуллоҳнинг сўнгги суралари ўқилиб, чин ихлос ила дуолар қилинади.

Эртага 11.06.2017 санасида Тошкент шаҳридаги қуйидаги масжидларда Қуръони Карим хатмонаси якунига етади:

  1. “Маҳаммад Умар ўғли Зокир” жоме масжиди. (Манзил: Учтепа тумани, Ҳамкор кўчаси 18-уй.) Масжид имом-хатиб ва қори-Саидов Худойберди.
  2. “Тўлқин Акром ўғли”жоме масжиди. (Манзил: Олмазор тумани, Чиғатой Оқтепа маҳалласи, Форобий кўча 418-уй. (Мўлжал: “Фаровон” тўйхонаси) Телефон: +998 71 246 06 86.) Масжид имом-хатиби – Сатимов Саҳобиддин. Қори: Қодиров Жамолиддин.
  3. “Валихўжа ўғли Норхўжа”жоме масжиди. (Миробод тумани, Файзобод 1-тор кўчаси 26-уй. Телефон: +998 71 283 07 33.) Масжид имом-хатиби – Ҳамдамов Ҳабибулла. Қорилар: Шукуруллаев Омилхон, Шукруллаев Мухаммадалихон.
  4. “Қуддуси Шариф” жоме масжиди. (Сирғали тумани, Қипчоқ кўчаси 66-уй. Тел.: +998 71 257 40 66) Масжид имом-хатиби – Ҳамидов Нўмонхўжа. Қорилар: Каримов Абдурауф.

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

Тарихан қисқа давр ичида Ўзбекистон Республикасида мустақил ҳуқуқий демократик давлат  ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилди. Шуни қайд этиб ўтиш керакки, босқичма- жабҳаларини қамраб олган ислоҳотлар ва либераллаштириш жараёни мамлакатимизнинг тараққиёт йўлини белгилаб берди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича самарали қонунчилик тизими яратилди. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси билан бир қаторда, 16 та кодекс ва 400 дан ортиқ қонунлар қабул қилинган. Шунингдек, мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан ортиқ халқаро хужжатларга, жумладан БМТнинг 10 шартномасига қўшилган.

Парламент Омбудсмани, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Ўзбекистон Республикаси Адлия, Ички ишлар вазирликлари, Бош прокуратура тизимларида Инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича бошқармалар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари каби инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизими яратилди ва улар фаол ишламоқда. Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя бўйича янги механизм Бизнес Омбудсман ташкил этилди.

Биргина 2016 йилнинг сентябрь ойидан то бугунги кунгача (2017 йил май) бевосита инсон ҳуқуқларини таъминлашга оид 10 дан ортиқ норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Жумладан, жорий йилнинг 7 февралида Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев Фармони билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг барча жабҳасини қамраб олди.

Мамлакатимизда демократик анъаналарнинг ривожланиши шундан дарак берадики, инсон ва унинг манфаатлари ўзбек халқи менталитетининг ажралмас қисми, дунё ҳуқуқий  маданиятининг энг олий қадриятларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасида “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади”, деб қайд этиб ўтилган.

Демократик анъаналарга асосланган давлатларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш давлат органлари томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон фуқаролари ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб давлат органларига мурожаат қилиши мумкин. Ушбу қоида Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасида ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, унга кўра “Жисмоний ва юридик шахслар давлат органларига мурожаат этиш ҳуқуқига эга”[1],  деб белгиланган.

Ҳар бир фуқаро ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлатнинг ўз фуқаролари олдидаги асосий бурчи ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбарининг навбатдаги инсон ҳуқуқларини таъминлашни тартибга солувчи норматив ҳуқуқий ҳужжати 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони инсон ҳуқуқлари билан ишлашни янги босқичга олиб чиқди.

Маъмурий ҳудудларда ташкил этилган Халқ қабулхоналари фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини давлат идораларига тўғридан тўғри баён этиш имконини бермоқда. Қолаверса, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбар ҳамда мансабдор шахсларининг сайёр қабулхоналари ташкил этилганлиги аҳолига ҳар томонлама қулайлик яратмоқда.

Давлатимиз томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш оид халқаро учрашувлар ташкил қилинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 10 май санасида юртимизга БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн бошчилигида  БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси делегацияси мамлакатимизнинг бир қатор вазирлик ва идораларида учрашувлар ўтказди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари

 идораси  мутахассиси  

Ж.Хатамов

 

[1] Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, № 1, 7-модда. 2014.

Мақолалар

Top