muslim.uz

muslim.uz

Мана бир йил интиқиб кутганимиз Рамазон ойининг ҳам биринчи ўн кунлиги ўз ниҳоясига етди. Шарофатидан руҳлар ором оладиган, қалблар таскин топадиган, гуноҳу маъсиятлар камайиб, шайтонлар занжирбанд қилинадиган бу муқаддас ойни бутун мусулмон олами завқу шавқ билан кутиб олиши сир эмас. Қуйида айрим Араб мамлакатларида бу муборак ой қандай кутиб олинишини келтириб ўтамиз:

Мадинаи Мунавварада Рамазони шариф

Мадинаи Мунаввара аҳлининг ёшу қариси бу муборак ойни қалблари муштоқ бўлиб кутиб олишади. Рамазон ҳақида мадиналик бир киши бундай дейди: “Рамазон ҳам руҳий, ҳам диний байрам ҳисобланади. Яъни бу фарз ибодат олдинлари қандай бўлган бўлса, ҳозирда ҳам ўшандай кутиб олинади. Илгари оилаларимиз шаъбон ойида бир неча кунга Мадина атрофидаги боғ ва далаларга кетишар эди. Бароат кечасида эса болалар маҳаллаларни тўлдириб, нашидлар айтиб, аҳолига бу кечанинг кириб келганинг хабарини етказар ва турли совға-саломлар олишарди. Бу совғалар асосан ҳолва, қанд, пул ва ҳоказо нарсалар бўлар эди. Шу тарзда яна Рамазоннинг биринчи ва ўн бешинчи кечалари ҳам Мадина кўчаларида рамазонга аталган, анъана бўлиб келаётган қўшиқларни айтиб юришарди. Бу ойнинг биринчи ифтори ёки саҳарлиги, аввало оиланинг катталари – ота-она хонадонида қилинарди. Рамазон ойида қариндош-уруғлар бир-бирларини уйларига таклиф қилишар, бу гўзал анъана қўшнилар орасида ҳам кузатиларди.  Дастурхонларда турли нозу-неъматлардан биринчи бўлиб хурмо, шўрва, сабзавотли овқатлар ва мева-чевалар тортилар эди. Шунингдек, аёллар ўзлари пиширган таомлардан  фарзандлари орқали қўшниларига тарқатишарди”.

Қоҳира шаҳрида  Рамазони шариф

Қоҳирада Рамазонга алоқадор бўлган воқеа ва ҳодисалардан бири “Рамазон фонуси”  ҳодисасидир.  Бу ҳодиса Фотимийлар халифаси Муъиз Лидиниллаҳ даврида юз берган.  Муъиз Милодий 973  йил рамазони шарифнинг 15-кечасида  Қоҳирага кириб борар экан, Қоҳира аҳли уни узун саф тортиб кутиб олишга чиқишади. Ўша пайтда улар уни қўлларида машъалалар ва маёқлар кўтариб, шеърлар айтиб кутиб олишгани қоҳираликларнинг бугунгача эсларидан чиқмайдиган воқеадир.  Асрлар оша Қоҳира аҳли бу маёқлардан масжидга бориш учун, қариндош-уруғларини зиёрат қилишда фойдаланишар эди. Бу маёқлар жуда ҳам қулай эди, буни ёш болалар кўтариб шаҳар кўчаларини ёритиб юришар эди. Бунинг эвазига инсонлар у болаларга ҳадя улашарди.

Шу йўсинда “Рамазон фонуси” ҳодисаси такрорланиб-такрорланиб одат тусига кириб қолди. Ёш болалар кўтарган бу ёритгич маёқлардан масжидга боришда, рўзадорларга ишорат беришда фойдаланила бошланди. Бу маёқлар саҳарда ёнса, саҳарлик вақтини, кечқурун ўчирилса эса хуфтон намозига ишорат берар эди. Бу маёқнинг Мисрда қўлланилиши, “Ал-Азҳар” университети бино қилинишидан 6 ой олдин бошланган экан. Бу милодий 973 йил (ҳижрий 362) яъни бундан 1041 йил олдинги вақтга тўғри келади.

Бирлашган Араб Амирликларида Рамазони шариф

Бирлашган Араб Амирликларида турли миллат вакиллари яшайди. Дунё бозори аталмиш Дубай шаҳрида Рамазон ҳам диний, ҳам маданий воқеадир. Айнан шу кунларда хорижликларнинг БААнинг маҳаллий маданиятига бўлган қизиқиши янада ортади. Рўза шукуҳи ҳамма маиший масканларда сезилиб туради. Бадиий галереяларда диний мавзуга бағишланган кўргазмалар намойиш этилади. Марказларда Ислом маданияти ва урф-одатлари ҳақида маърузалар эшиттирилади. Болалар учун кўнгилочди тадбирлар ўтказилади. Барча кўчалар ва бинолар турли рангга бўялади. Рўзада ҳар куни шом кириши билан мушаклар отилади. Йирик гипермаркетларда барча маҳсулотлар нархи  арзонлаштирилади.

Жазоирдаги Рамазони шариф

Жазоирда ҳам мусулмонлар рамазонга атайлаб, ўзгача тарзда ҳозирлик кўрадилар. Жумладан, уй соҳиби оиласига рамазон ойи охирига қадар етгулик эҳтиёжларни рамазондан олдин таъминлаб қўяди. Аҳоли шаъбон ойининг 29-куни биргалашиб, “Рўъятул Ҳилал” - “Янги Рамазон ойи” ни кўришга чиқишади. Ҳукумат ҳам рамазоннинг кириб келганини эълон қилиб, аҳолини бу муқаддас ой билан табриклайди. Одамлар бир-бирларини муборакбод этиб қутлашади. Жазоирликлар рамазонни келиб кетадиган азиз меҳмондек ҳурмат қилишади. Уй бекалари келиннинг хонасини тайёрлагандек уйларини ораста қилиб қўйишади. Болалар ҳам моҳи рамазоннинг келишини интизорлик билан кутишади. Болалар ҳар бир халқда бўлгани шеърлар, қўшиқларни айтишни бошлаб юборишади. Жазоирликлар асосан сут ва ҳурмо билан оғизларини очгач, масжидларга бориб шом намозини ўқиб бўлишгач уйларига қайтиб овқатланишади.  Бу ойда бой бадавлат инсонларнинг бечораҳол кишиларга ёрдам кўрсатиши ортади. 

Марокашдаги Рамазони шариф

Марокаш халқи ҳам бу муборак ойни чиройли бир кўринишда қаршилаб, уни чиройли қилиб кузатиб қўйишади. Бу ойда рўза ва намоз ибодатларига ўзгача риоя қилишар, халқ бир-бирига  ҳурмат ва иззатда бўлиб дўстлик алоқаларни мустаҳкамлайдилар. Бундан ташқари, уй-жойлар сарамжонлиги-ю озодалиги, кўча ва хиёбонлардаги дарахтларни оқлаш ва бошқа бўёқ ишлари, янги либослар сотиб олиш – булар барчаси рамазонга ҳурматнинг, унга тайёргарликнинг ёрқин белгисидир.

Рамазон ҳилоли кўриниши билан бу муқаддас ойни 21 та замбаракдан ўқ отишиб қаршилаб олишади. Аҳолидан, асосан ёш болалар уйларининг томларига чиқишиб рамазонга атаб қўйишган, рамазон ишқида айтиладиган турли хил шеърлар, нашидлар, мисраларни овозларининг борича айтишади. Рамазон овқатларидан асосан ҳарира шўрваси, ҳарис, кус-кус ва бошқа турдаги шириндан шакар овқатлар тортиқ қилинади. Ичимликлардан эса кўпинча чой ичилади. 

Тунисдаги Рамазони шариф

   Тунисда Рамазонга тайёргарлик шаъбон ойининг охиридан бошланади. Аҳоли ёнғоқ, магиз, туршак ва бошқа ширинликлар ғамлаб қўйишади. Рўзада тун бўйи дўконлар ва ошхоналар ишлаб, кундуз куни дам олгани боис, бозорликни кечаси қилишади. Тунисда ифторлик сув ва енгил овқатланиш билан кифояланади. Асосий зиёфат эркаклар таровиҳ намозидан қайтишларига барча нози-неъматлар тайёрланади. Ифторни оила аъзолари даврасида ўтказиш урф бўлиб қолган. Ифтор шириндан-шакар каркаде ичимлигисиз ва машҳур фаттуш егулигисиз ўтмас. Фаттуш – кўкат, помидор, бодринг, редиска, лимон, зайтун ёғи ва қотган нон аралашмасидан иборат салатдир. Шунингдек, буғдойдан тайёрланадиган табулл ва кўк сомса ҳам кенг истеъмол қилинади. Канафа, катаиф ва бошқа ширинликлар таровиҳ намозидан сўнг тортилади.  

                                                                                       

Интернет материаллари асосида

Илёсхон АҲМЕДОВ

тайёрлади.

Мусо алайҳиссаломни тарбиясига олиб вояга етказгани ва унинг  динида бўлгани боис Осиё она мўътабар аёллардан бирига айлангани аён. Бу муҳтарама аёлнинг Мусо алайҳиссаломни қандай қилиб тарбиясига олгани ва у зотнинг онасини маош бериб сут эмизишга ва бола тарбиясига ёллаганини таъсирланиб эшитамиз. Шу билан Мусо алайҳиссаломнинг онаси ҳақида гап тугайди.

У аёл ўзи ким бўлган? Қайси авлоддан эди? Нега бошқалар эмас, айнан у пайғамбарни дунёга келтирган? Боласини туққанидан сўнг қандай оғир шароитда қолган, ўша чоқда қандай туйғуларни бошидан кечирган? Қуйида билганимиз қадар шу масалалар ҳақида сўз юритамиз. 

Ҳазрати Одам ато ва Момо Ҳаводан бошқа барча инсонлар бир онанинг меҳнатлари, заҳматлари, яна ҳам аниқроғи, ўзининг ҳаётини гаровга қўйиши эвазига дунёга келган. Фарзандни дунёга келтириш – Аллоҳ таоло аёлларга насиб этган энг гўзал фазилатлардан биридир. Аллоҳ таоло яратиш мўъжизасига восита қилмоқ учун аёл зотига буюк бир карам кўрсатган.

 Бу муборак ва шарафли вазифани бажарганларнинг энг буюклари, шубҳасиз, пайғамбарларнинг оналаридир. Жумладан, Мусо алайҳиссаломнинг онаси ҳам шундай мўътабар оналар сирасидан.

Мусо алайҳиссаломнинг ота-онасининг исми ҚУръони каримда келтирилмаган. Яҳудий манбаларда у зотнинг отасининг исми Амрам экани айтилган. Амрам Юсуф алайҳиссалом даврида Мисрга ўрнашиб қолган Яъқуб алайҳиссаломнинг ўғилларидан бирининг авлодидан дейилади. Айни манбаларда Мусо алайҳиссаломнинг онасининг оти Жакобет (арабча талаффузда Иохавед ёки Яқубайт) бўлгани айтилган.

Мусо алайҳиссаломнинг онаси Қуръони каримда тақводор, солиҳа ва Аллоҳга таваккули кучли аёл сифатида тасвирланади. Унинг бошидан ўтган ҳодисалар, ҳар бир эркак ва аёлга ибрат бўладиган фавқулодда ҳолатлардир. Бу муборак аёл шахсида бир мўмин Аллоҳга буткул боғланган ва таваккул ила итоат этгани заҳоти Роббимизнинг унга қилинган ваъдаларини бажарганини кўрамиз, ҳатто умид узиш ёқасига келиб қолган чоқларда ҳам...

Ҳақиқатан, Мусо алайҳиссаломнинг онасининг имтиҳони ақл бовар қилмас даражада шиддатли ва юракни ларзага соладиган даражада қўрқинчлидир. Ахир ўз боласини жаллодлар қўлига топшириш осон иш бўлибдими...

Юсуф алайҳиссалом даврида Миср малики тавҳид динига иймон келтириб, Исроил авлодларини Мисрга жойлаштирган эди. Аммо ундан кейин тахтга ўтирган Фиръавн ўзини илоҳ деб эълон қилди ва Исроил авлодларини қулга айлантирди.

Диктатурага асосланган давлат бошқарувида қибтийларнинг аслзода табақаларига ва ҳарбийларга таянган Фиръавн қибтийлардан ташқари муҳожирларга, айниқса, Исроил авлодларига жуда қаттиқ зулм қилар эди. Уларнинг мол-давлатини тортиб олиб ўзларини қул, хотинлари ва болаларини хизматкорга айлантирган эди.

Бу хорликдан қутула олмасин дея туғилган ўғил чақалоқларни бир йил ўлдирар, бир йил улардан қуллар етиштирмоқ учун соғ қолдирар эди.   
Ояти каримда бундай дейилган: “Дарҳақиқат, Фиръавн ерда (Мисрда) туғёнга кетиб, унинг аҳолисини бўлиб ташлади. Улардан бир тоифани (Исроил авлоди қавмини) хорлаб, ўғилларини сўяр, қизларини тирик қўяр эди. Албатта, у бузғунчилардандир” (Қасас сурасининг 4-ояти). 

 

Жиддий имтиҳон

Мусо алайҳиссаломнинг онаси чақалоғини туққан йилда ўғил болалар ўлдириладиган сана эди. Кўзи ёриганидан сўнг чақалоғининг ўғил бола эканини кўрган она бечоранинг эти жимирлаб кетди, кўз олди қоронғулашиб, қаттиқ ғамга ботди. 

“Кўп ўтмай Фиръавннинг одамлари эшикка келади, кўзим ёриганини билгани заҳоти чақалоқни кўрсат дейди, уни кўрганлари ҳамон бағримдан юлиб олиб қатл қилишга олиб кетади”, деб ўйлади у. Бир чора қидирди, аммо топа олмади.

Яшириб қўйиб Фиръавннинг одамларига “ўлик туғилди”, деса-чи. Аммо бу бир чақалоқ бўлса, йиғлаб сирни фош қилиб қўяди-да. Чунки мўминларнинг маҳаллалари кеча-ю кундуз қаттиқ назорат остида. Сир сақлашга ҳарчанд уринмасин фойдаси йўқ. Бу гўзал юзли, маъсум чақалоқнинг  тақдири ҳам бошқаларники каби бўлиши ҳеч гап эмас.

Фақат ўша кезда муборак онада ғайритабиий бир ҳол юз берди. Зотан, шу чақалоққа ҳомиладор бўлганидан бери ўзида бошқача ҳоллар бўлаётганини ҳис қилаётган эди.  Тушларида оппоқ кийимлар ичидаги муборак аёллар атрофини ўраб олиб унга муждалар берган эди.

Раҳмидаги боланинг бошқа болаларга ўхшамаслигини айтиб, уни ҳалол луқма емоққа, ғийбату мишмишларни тингламасдан, вайсақилардан узоқ юришни таъкидлаган эди. У тақво соҳибаси ва ибодатга берилган аёл эди-ю, лекин шу ҳомиласида ўзида бошқача бир маънавий ҳол юз бераётганини аниқ ҳис этар эди.

 Ана энди яна руҳиятини маънавий ҳол қоплаб олди. Ўзига ваҳий келдими, илҳомми аниқ билолмайди, Аллоҳ таолодан бундай хабар келди:  “Биз Мусонинг онасига ваҳий (илҳом) қилдикки: “Уни эмизавер. Бас, агар (уни ўлдириб кетишларидан) қўрқсанг, уни дарёга ташлагин ва қўрқмагин ҳам, қайғурмагин ҳам. Зеро Биз уни сенга қайтарувчи ва уни пайғамбарлардан қилувчидирмиз” (Қасас сурасининг 7-ояти).

 “Мусо алайҳиссаломнинг онасига қилинган ваҳий пайғамбарларга қилинган ваҳийдек эмас, балки Марямга қилинган ваҳий каби илҳом ёки туш ҳукмидадир. Зеро, аёллардан пайғамбар бўлиши мумкин эмас...” (Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири. 386-бет).
Шунингдек, Наҳл сурасининг 43-оятида ҳам Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга мурожаат қилиб пайғамбарлик фақат эркакларга юкланишини маълум қилган. Бинобарин, пайғамбарлик ғоят таҳликали ва машаққатли иш. Чунки кофирларга Аллоҳнинг амрларини етказиш керак эди. Улар аёлларни, ногиронларни, қулларни, муҳожирларни, ғарибларни назарига илмагани боис уларнинг гапларини жиддий қабул қилмас эди.

Аслида ногирон, қул, муҳожир бўлмоқ Аллоҳнинг севган бандаси бўлмоққа, авлиё бўлмоққа монелик қилмайди. Аммо пайғамбарлик вазифаси юкланадиган кишилар бу ишончни оқлай ола биладиган куч-қувватга соҳиб, ҳур ва озод, халқ орасида танилган, насл-насабли эркаклардан танланган.

Шунинг билан бирга Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло баъзи амрлари ва хабарларини айрим муҳтарама аёлларга очиқ хабар бергани ҳам кўринади. Бундан Мусо алайҳиссаломнинг онаси оддий аёллардан бўлмаганини, бу шарафга лойиқ солиҳа аёл бўлганини билиб оламиз. Муҳими, унинг оналик туйғуларига терс келадиган энг қийин амрга итоат этганини кўрамиз.

Бир оз мушоҳада қиладиган бўлсак, яқиндагина кўзи ёриган кўкраги сутга, кўнгли боласининг севгисига тўла онанинг ҳали дийдорига тўймаган боласини сандиққа солиб оқизиб юборишга қайси она рози бўлади!  

Нима учун она боласини бунчалик яхши кўради, нима учун бола роҳати йўлида ўзини қурбон қилади? Негаки, Аллоҳ таоло янги кўзи ёриган онани чақалоғига қаттиқ боғлансин дея оналик гормонларини ривожалантириб қўйган. Шунинг учун оналик туйғулари чақалоғини ҳатто кўзининг олдидан айримасликларини истайди. Агар Раббимиз жамики оналарни, парранда-ю даррандаларни ҳам болаларига меҳрибон қилиб қўймаганида Ер юзида ҳаёт давом этмас, янги туғилган, ҳимоясиз чақалоқларнинг барчаси нобуд бўлиб кетар эди. Шундай экан, онанинг боласини сувга оқизиб юбориши қанчалар шиддатли амрдир.

“Сандиқ тўнкарилиб бола буғилиб қолса ёки сув уни денгизгача оқизиб кетса ё балиқми, тимсоҳми болани ютиб юборса ёхуд бирор балиқчи тутиб олиб аскаларга келтириб берса, нима бўлади?”

Шубҳасиз, ҳар қандай она ана шундай андеша ва васвасага ғарқ бўлади. Тайинки, Мусо алайҳиссаломнинг онаси ҳам андешали эди. Аммо у Аллоҳнинг изни билан андешаларини бир чеккага йиғиштириб қўйди ва Аллоҳнинг буйруғига бўйсунди. Она зоти учун жуда оғир бўлган имтиҳондан ёруғ юз билан чиқди ва жамики аёлларга шарафлилик борасида ибрат бўлди.

 

Имтиҳондан аъло ўтди

Мусо алайҳиссаломнинг онасининг юраги фарзанди муҳаббати билан тўла эди. Бундан ташқари, чақалоқ севимчил эди. Аллоҳ таоло унинг чеҳрасига бир гўзаллик ато этган эди.

Муштипар онанинг фарзандига бўлган муҳаббати имтиҳон қилинаётган эди. Оназиор боласини жуда ҳам севар эди. Зотан, қайси она севмаски? Аммо бу – Аллоҳ таоло ато этган жуда кучли севги эди. У маъсум чақалоқни, у покиза сиймони кўрган ҳар қандай киши ҳайратда қолар эди. Аммо бу аёл шундай қаттиқ севгисини Аллоҳ учун, Унга итоат этмоқ учун фидо этди. Чунки жами севгилар бир имтиҳон эди. Агар боласини Аллоҳ учун севса, уни Аллоҳга омонат этиб, Аллоҳ амр этганидек сувга оқизади. Юраги йиғласа ҳам Аллоҳнинг ваъдасига ишонади. Ниҳоят у Аллоҳга итоат этмоқни ният қилгани заҳоти Раббимиз ҳам унинг имтиҳонини осонлаштиради ва қалбини мустаҳкам қилади. 

Ояти каримада унинг боласининг тақдиридан бошқа ҳеч бир нарсани ўйламаслиги, аммо Аллоҳ унинг қалбини хотиржам қилгани қуйидагича ифода этилган.

Мусо онасининг қалби (ташвишдан) фориғ бўлди. Агар Биз (“Мусони ўзингга қайтарурмиз, деган ваъдамиз”)га ишонувчилардан бўлиши учун унинг кўнглини хотиржам қилмаганимизда, албатта, у (ўз ўғли экани)ни фош қилиб қўйган бўлур эди” (Қасас сурасининг 10-ояти).

 

Тадбир ва таваккул

“(Она Мусонинг) опасига: “Унинг (ортидан) тушгин!” – деди. Бас, у улар сезмаган ҳолларида (Мусони) бир четдан кузатиб турди” (Қасас сурасининг 11-ояти). Сандиқ ортидан эргашиб борган опаси сув сандиқни Фиръавннинг саройига қараб оқизиб борганини ва хизматкорлар сандиқни сувдан чиқариб олиб Фиръавннинг хотинининг олдига олиб борганини кўрди.

Бу ҳодисадан Аллоҳга таваккул этган ҳолда тадбир қўллаш самарали бўлиши кўзга ташланади. Чунки Аллоҳ таоло буни ҳукм этган. Алҳосил, бошқа оятларда ҳам буни кўрамиз. Масалан, Яъқуб алайҳиссалом ўғилларига тадбирли бўлишни тайинлайди, аммо тадбирининг Аллоҳнинг тақдирига моне бўлмаслигига ҳам даъват этади.

“(Сўнгра уларни сафарга кузатаётиб) айтди: “Эй ўғилларим! (Мисрга) бир дарвозадан кирмангиз, балки турли хил дарвозалардан кирингиз!” Мен сизлардан Аллоҳнинг бирор ҳукмини қайтара олмайман. Ҳукм фақат Аллоҳнинг измидадир. Унгагина таваккул қилдим. Барча таваккул қилувчилар (ҳам) Унинг Ўзигагина таваккул қилсинлар” (Юсуф сурасининг 67-ояти).

Мусо алайҳиссаломнинг онаси ҳам шу йўлни тутиб бир тарафдан қизини чақалоғининг орқасидан юборган, бир тарафдан Аллоҳга таваккул қилган.

Мусо алайҳиссаломнинг опаси ё саройда ишлаган ёки саройдагиларни таниган бўлса керак, Саройга кириб-чиқиб юрганлардан бири бўлган эса аскарларнинг эътиборини тортмасдан саройга кириб бораверган.


Кўнгиллар Аллоҳнинг измидадир

Ўшанда Мусони (алайҳиссалом) кўрган Фиръавннинг хотини унинг гўзаллигини кўриб ҳайратга тушади ва уни фарзанд қилиб олишни истайди. Қуръони каримда бу шундай тасвирланган: "Фиръавннинг хотини (унга): “(Бу бола) мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирмангиз! Шоядки, унинг бизларга нафи тегса ёки уни фарзанд қилиб олсак”, – деди. Ваҳоланки, улар (ҳақиқатни) сезмас эдилар (Қасас сурасининг 9-ояти).

Фиръавн бу ҳолатдан қанчалик шубҳаланмасин,  хотинининг истагига қарши бора олмайди. Мингларча маъсум чақалоқни  қатл этган бераҳм ва қаттол золим хотинининг кўнглига қарашга мажбур бўлади ва унинг бу чақалоқни сақлаб олишига моне бўлмайди. Чунки қалблар Аллоҳнинг қудрати остидадир.

Фиръавннинг аёли болани бағрига босади. Ўшанда Мусо (алайҳиссалом) бир неча кунлик ёки бир неча ҳафталик чақалоқ эди. Албатта, қорни очиб йиғлай бошлайди. Уни эмизиши мумкин бўлган бир онага эҳтиёж туғилади. Дарҳол жарчи хабар чақириб янги кўзи ёриган оналарини саройга чорлайди.

 Фиръавн асраб олган болани эмизадиган онага, албатта, яхши ҳақ берилади. Шунинг учун эмизикли аёлларнинг ҳаммаси саройга ошиқади. Бироқ қанчалик ҳаракат қилмасин маъсум гўдак ҳеч қайси сут онани эммайди.

Одамлар бу чақалоқнинг қорни оч қолса ҳам эммаётганига ҳайрон бўлади. “Бу бошқа чақалоқларга ўхшамайди”.

Аллоҳ таоло келажакда пайғамбарлик вазифасини юклайдиган чақалоққа онасининг сутидан бошқаларнинг сутини ҳаром этган. У ҳам қорни оч бўлгани ҳолда рўза тутиб, ўзига таъқиқланган сутларни эмишга яқинлашмаган.

Ана шу ҳолат Мусо алайҳиссаломнинг ўз онасининг ҳимоясида унинг тарбиясини олиб улғайишига сабаб бўлган. Ояти каримада бир сирадир укасига яқин жойларда туриб, уни кўриб турган Мусо алайҳиссаломнинг опасининг бу ҳолатда қандай оқилона йўл тутгани бундай тасвирланган: "Биз олдиндан (Мусога барча) эмизувчи аёлларни тақиқладик (у ҳеч бир аёлни эммади), шунда (унинг опаси келиб): “Мен сизларга унга кафил бўлиб (эмизадиган) ва унга холис (доялик қиладиган) бир оилани кўрсатайми?” – деди (Қасас сурасининг 12-ояти).

Ояти каримадан кўринадики, Мусо алайҳиссаломнинг опаси ғоят тўғри йўл тутган. Бир сира ўзининг ким экани ва чақалоқнинг ўзига ким эканини боплаб сир тутган, ҳеч кимсада шубҳа ҳам уйғотмаган. Қулай вазият туғилишини сабр-тоқат қилиб кутиб туради. Улар сут она тополмай чорасиз қолганидан сўнг бу таклифни айтади.  Сабрли, диққатли ва ўнғай вақт келгани заҳоти жасоратли ҳаракат қилгани натижасида онаси яна укасини бағрига олишига сабабчи бўлади.

 

Аллоҳ таолонинг ваъдаси амалга ошди

Мусо алайҳиссаломнинг онаси саройга чақирилди. Муҳтарам она Аллоҳнинг танлаган расулларидан бири бўладиган боласини қучоғига олгани заҳоти ҳеч кимсани эммаган чақалоқ дарров онасини эма бошлайди. Буни кўрган Фиръавннинг хотини ҳақ олиш эвазига эмизиб тарбияласин деб чақалоқнинг ўз онасини ёллайди.

Бу ҳодисадан аёлларнинг ҳам мушкул ишларни ғоят ақл ила идора эта олиши, золимларнинг зулми остида ҳам мардонавор ҳаракат эта олишга қодир экани кўринмоқда.  Демак, золимлар халқни қўрқитмоқ ва итоат эттирмоқ учун нима қилса, қилаверсин,  Аллоҳга самимият ила иймон келтирган кўнгилларга У ўз хазинасидан жасорат ва азму шижоат бериб қўяди.

Золимлар назарига илмаган, хизматчилик қилишдан бошқа ишга ақли етмайди деб ўйлаган аёллар Фиръавнни ва аскарларини доғда қолдирди ва бутун тузумини остин-устун қилди. Чунки Аллоҳ истаганини қилади, золимларнинг фитна ва ҳийлалари Аллоҳнинг тақдири қаршисига асло чиқа олмайди.

Ушбу воқеанинг ибратини қарангки, Фиръавн ўлдирмоқчи бўлган болани ўз ҳимоясига олди, унинг онасига эса ўз боласини эмизгани учун сут оналик ҳақини тўлайди.

Ана Аллоҳ таолога таваккул қилган ва Унинг динига хизмат этмоқ учун фидокорлик кўрсатишнинг мукофоти… Шубҳасиз, Парвардигор бандаларига ваъда этган неъматларни икки дунёда ҳам бермоққа қодирдир.

Бу ҳодисада Аллоҳ кибрли ва золим Фиръавнга Ўзининг қудратини исбот этгани каби Мусо алайҳиссаломнинг онасига берган ваъдасини ҳам амалга оширган. Мутакаббир ва бераҳм Фиръавн ниҳоятда золим бўлишига қарамай, ўзи ашаддий душман деб ҳисоблаган муҳожирларнинг чақалоғига меҳр қўяди.

 Мусо алайҳиссаломнинг онаси эса заиф ва мазлумлигига қарамай, Аллоҳнинг ёрдамига эришган, жонидан ортиқ севган фарзандига яна қовушган, уни покиза сути билан озиқлантириб улғайтирган. Шундай экан, Рабби ва Мавлоси Аллоҳ таоло бўлган бандаларнинг қўрқишига ҳеч қандай сабаб йўқдир.

  Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни келажакда юкланадиган вазифаларга тайёр бўлсин, иймони қувватлансин, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканига яқиндан инонсин дея шундай бир ибратли ҳаёт ҳикояси ила етиштирди.
Бинобарин, бу воқеанинг баъзи ҳикматлари Қуръони каримда бундай ифода этилган: “Шундай қилиб, Биз (Мусонинг онасининг) кўзлари қувониши ва ғам чекмаслиги учун ҳамда Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билиши учун онасига қайтардик Лекин кўпчилиги (бунинг ҳикматини) билмайдилар (Қасас сурасининг 13-ояти).

Сўнгра Мусо алайҳиссалом бошидан кечган ҳодисалар-ла улғайиб камолга етган. Аллоҳнинг улул-азим пайғамбарларидан бири бўлган.  Ана шу ҳодисада биз учун катта бир ибрат бор. Золимлар қанчалик тузум тузоғини қурсалар ҳам Аллоҳ таоло истаса фиръавнларнинг саройларида мусоларни етиштирмоққа қодирдир.

Шунингдек, бу воқеада аёлларнинг севги ва марҳаматининг не қадар буюк ва катта кучга эга экани кўринади. Одатда, аёлларнинг мулойим ҳислари эркаклар дунёсида хор ва забун туйғулар бўлиб кўринади. Ҳолбуки, дунё юзида неча урушлар, низолар, рақобатлар бир кўпик каби келиб кетади. Аммо Аллоҳ инсон кўнглида яратган соф ва пок севги худди булоқ суви каби ҳамма вақт қайнаб чиқишда давом этади. Аслида асл гўзалликларни етиштирган ҳам ана шу муҳаббатдир.

Золимларнинг ёқиб йиқитганлари, қатл этганлари, ариқ-ариқ қонлар тўкишига қарши Аллоҳ таоло аёлларнинг кўнглидаги севги, марҳамат, сабр ва фидокорлик ила янги насллар етиштирди. У насллар орасида ўша замонда  Мусо алайҳиссалом каби пайғамбар  етишган бўлса, келажакда ҳам  Аллоҳнинг кўплаб севган бандалари, олимлар, сиддиқлар етишиб чиқди.

Бугун ҳам мўмина оналар иймон ва муҳаббат билан фарзандларини улғайтиришда давом этмоқда. Улар Аллоҳдан фарзандларининг Ўзи рози бўладиган бандаларидан бўлиб вояга етишини сўраб дуолар қилади.

Раббимиз аёлларимизга ана шундай муҳтарама аёллар йўлидан давом этишни насиб айласин.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

Среда, 07 Июнь 2017 00:00

Каъба ёдгорлиги

Мусулмонлар учун муқаддас ой бўлмиш Рамазон ойида Анқарада  кенг миқёсда кўргазмалар бўлиб ўтмоқда. Ушбу кўргазмаларнинг бирида ташриф буюрувчилар Ислом тарихига оид экспонатлар билан танишмоқдалар.  Кўргазмада 14 хил артефакт бўлиб, улар бевосита муқаддас даргоҳларга тегишлидир. Уларни бир нечтаси Каъбада ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари атрофида бўлган. Кўргазманинг энг ажойиб экспонати бу катта ҳажмдаги Қуръони каримдир. Ушбу Қуръони карим гиннеслар рекордига киритилган. Эслатиб ўтамиз, мазкур кўргазма Рамазон ойи охиригача давом этади.

Халқаро алоқалар бўлими ходимаси

 М.Зуфарова тайёрлади.

Среда, 07 Июнь 2017 00:00

Қалбларни ёриштирган ой

Муборак ойнинг ўн биринчи куни ҳам саррин шабада эсиб турди. Рўзадорлар кунни маза қилиб ўтказди. Ифторлик қилиб олган ҳамшаҳарларимиз ювиниб-тараниб, таҳоратларни янгилаб ўн иккинчи таровеҳни ўқиш ниятида масжидга ошиқмоқда.

Пойтахтимиз кўркига кўрк қўшиб турган “Минор” масжидининг деворлари оппоқ бўлгани боис уни баъзилар “Оқ масжид” деб айтади.

Масжиднинг олдида туриб ҳар тарафдан келаётган одамларни кузатсангиз, улар худди шамга айланаётган парвонага ўхшайди. Ўзи мана шу ўхшашлик фақат ташқи кўринишда эмас, маънода ҳам бор. Шам парвоналарни ёруғлиги билан ўзига жалб этгани каби масжид ҳам қалбларга зиё улашади, ёритади. Хусусан, рамазон ойида, таровеҳ намозларида. Шунинг учун ҳам одамлар масжидга шошилади.

Ана азон чақирилди ва намозхонлар саф тортди. Аллоҳу акбар!..

Мақолалар

Top