www.muslimuz

www.muslimuz

Понедельник, 26 Июль 2021 00:00

ҲАМДАРДЛИК БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси кўп йиллар диний-маърифий соҳада хизмат қилиб келаётган Наманган шаҳар “Абдуллоҳ ибн Масъуд” жоме масжиди имом-хатиби Абдулбоситхон қори Мамадалиевнинг волидаи муҳтарамаси Тожихон ҳожи онанинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Охират сафарига кузатилган ҳожи она эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзандларни ўстириб, тарбиялади.

Аллоҳ таоло ҳожи онанинг барча солиҳ амалларини ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.

Ҳақ таоло марҳума онахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Абдулбоситхон қори Мамадалиевнинг оила аъзолари, фарзандлари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Шу йил 20 июль куни Ислом тараққиёт банки (ИТБ), Бошқарувчилар Кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ИТБ Гуруҳининг Бош котибияти тасдиғига мувофиқ, Бошқарувчилар Кенгаши Саудия Арабистони Подшоҳлиги томонидан таклиф этилган номзод – доктор Муҳаммад Сулаймон ал-Жассирни ИТБнинг янги президенти лавозимига беш йил муддатга сайлаш тўғрисида сиртдан қарор қабул қилганлигини эълон қилди.

Бошқарувчилар Кенгаши ҳамда Икки муқаддас масжид ходими, Подшоҳ Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукуматига ИТБни ташкил этилганидан буён қўллаб-қувватлаб келаётгани учун ўзининг чуқур миннатдорлигини билдириши хусусида қарор қабул қилди.

Қарорда доктор Бандар ибн Муҳаммад Ал-Ҳажар Жаноби Олийлари томонидан сайланганидан буён ИТБ тузилмалари ва ИТБ Гуруҳи олдида амалга оширилган мукаммал фаолияти ҳамда ўтган давр мобайнида жаҳон молия бозорларидаги молиявий ташкилотлар орасида ўз мавқеини кўтаришга имкон берган улкан муваффақиятлари Банк Бошқарувчилари Кенгаши томонидан эътироф этилгани ва юқори баҳолангани акс эттирилган.

Маълумот учун, янги президент – Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир Калифорния университетида иқтисодиёт бўйича фалсафа доктори (PhD) даражасини олган. 2009-2011 йилларда Саудия Арабистони Марказий банки раиси, 2011-2015 йилларда Саудия Арабистони иқтисодиёт ва режалаштириш вазири лавозимларида ишлаган; айни пайтда подшоҳлик Вазирлар Кенгаши Бош котибиятида маслаҳатчи сифатида фаолият юритмоқда.

ИТБ – 57 та ҳиссадор аъзо иштирокидаги, ислом молиясини қўллаб-қувватловчи халқаро молиявий институт. 1973 йилда ташкил этилган, бош штаб-квартираси Жидда шаҳрида.

Kun.uz маълумотига кўра, ушбу банк – Ўзбекистоннинг асосий 10 та кредиторлари қаторида туради. 2021 йил 1 апрель ҳолатига, Ўзбекистон давлат ташқи қарзининг 0,9 млрд доллари Ислом тараққиёт банкига тўғри келади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Саудия Aрабистони Подшоҳлигидаги ҳаж мавсуми мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаган режага мувофиқ амалга оширилди.

Бугунги кунга қадар ҳаж зиёратчилари орасида Коронавирус инфекцияси (CОВИД-19) ҳолати аниқланмади. Бу ҳақда Саудия Aрабистони СПA ахборот агентлиги Саудия Aрабистони Соғлиқни сақлаш вазири Тавфиқ ал-Рабиянинг баёнотига асосланиб хабар берди.

– Зиёратчиларнинг саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун катта саъй-ҳаракатлар қилинган” , – деб таъкидлади Соғлиқни сақлаш вазири.

Жорий ва ўтган йили Коронавирус пандемияси хавфи сабаб Саудия Aрабистони хорижлик зиёратчилар киришини тақиқлади. Ҳаж зиёратига фақат 60 минг сонли Подшоҳлик фуқароларига қисман рухсат берилди.

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

 

Аввало, улуғ айём кунларига етказгани учун Аллоҳ таолога чексиз шукроналар бўлсин. Фазилатли кунларда қодир Худодан халқимизга тинчлик-осойишталик, қут-барака, омонлик тилаб, бутун дунёда ҳамон оғир ташвиш бўлиб турган коронавирус касаллиги тезроқ инсоният бошидан аришини сўраб дуолар қиламиз. 

Маълумки, бугунги синовли кунларда халқимиз дунё халқлари бошига келган ушбу касалликка сабр-матонат, ҳамжиҳатлик билан қарши курашмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 13 июлдаги “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган муҳим вазифалар Қурбон ҳайитининг юртимизда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, оила даврасида кўтаринки руҳда ўтишига асосий омил бўлмоқда.

Қутлуғ айём кунларида сабру қаноат, шукроналик, руҳий покланиш, меҳр ва кўмакка муҳтожларга янада эътиборли бўлиш, савобли амаллар қилиш, миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, қўшнилар билан аҳиллашишдек олижаноб фазилатларни ҳар қачонгидан ҳам яққол намоён этиш зарур.

Гап шу ҳақда борар экан, ­Президентимиз Шавкат Мирзиёев ­раҳбарлигида мамлакатимизда олиб борилаётган бағрикенглик, минтақа халқлари билан яқин биродарлик сиёсати ҳам Аллоҳга хуш ёқувчи амаллардан эканини таъкидлашдан масрурмиз.

Аллоҳ таоло ҳар бир эзгу амалга хайрли ажр ато этади. Улуғ айём арафасида Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни имзоланиб, янги таҳрирда қабул қилингани ҳам барчамизни хурсанд қилди.

Бу улуғ иш халқимизнинг ҳамжиҳатликда, биродарлик руҳида Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши билан ҳаётимизга янги мазмун бахш этмоқда.

Улуғ айём кунлари давлатимиз ­раҳбари ташаббуси билан муқаддас юртимизда яна бир тарихий, жуда улуғ ва ниҳоятда савобли тадбир — “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Муқаддас динимизда халқлар ва давлатлар ўртасида яхши ниятда элчилик қилиш, яъни яхши амалларни, эзгу ташаббусларни тарғиб қилишнинг савоби ниҳоятда улуғ экани кўп таъкидланади. Шундай экан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган мазкур конференция Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари, халқларини бирлаштириш йўлида ғоят муҳим қадам бўлганини, бугун шу йўлда амалий ҳаракатлар бошланганини ҳам мамнун бўлиб тилга олиб турибмиз.

Ҳозирги кунда бутун дунё аҳли каби биз ҳам коронавирус пандемияси билан боғлиқ мушкул вазиятни бошимиздан ўтказмоқдамиз. Карами кенг Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни масъулиятли синов кунларида сабрли ва қаноатли бўлишга даъват этиб, “Албатта, қийинчилик билан бирга енгиллик ҳам бордир”, дея марҳамат қилади.

Қурбон ҳайити зулҳижжа ойининг 10-кунига тўғри келиши эътиборидан, ушбу ой ва унинг биринчи ўн кунлиги фазилати жуда улуғ экани мўътабар манбаларда баён этилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Фажр” сурасида: “Тонгга қасам. (Зулҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам.  Жуфт ва тоққа қасам”, дея марҳамат қилган.

“Жуфтга қасам”даги “жуфт”дан мурод зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, “тоқ”дан мурод эса тўққизинчи кунидир. Имом Нисобурий айтадилар: “Аллоҳ таолонинг ушбу ўн кечага қасам ичиши, бу кунларнинг нечоғлиқ шарафли ва улуғ кунлар эканига далолат қилади, унда дунёвий ва ухровий манфаатлар борлигини кўрсатади”.

Ҳазрати Пайғамбаримиз “Аллоҳ учун ибодат қилинишга зулҳижжанинг ўн кунидан севимлироқ кунлар йўқ. Унинг ҳар кунлик рўзаси бир йиллик рўзага, ҳар тундаги ибодат Лайлатул қадрдаги ибодатга тенгдир”, деганлар.

Яна бир ҳадиси шарифда “Аллоҳ таолонинг наздида ушбу ўн кунда қилинган солиҳ амалдан кўра, маҳбуброқ ва улуғроқ кун йўқ. Бу кунларда таҳлил, такбир ва ҳамд-санони кўпайтиринглар”, деб марҳамат қилганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Ҳаж” сураси 34-оятида қурбонлик қилишга буюриб, шундай марҳамат қилади: “Ҳар бир умматга, уларга чорва ҳайвонларини ризқ қилиб берган Аллоҳ номини зикр қилишлари учун қурбонлик қилишни жорий этганмиз. Бас, илоҳингиз ягона илоҳдир, Унгагина бўйсунингиз! (Эй Муҳаммад), итоатли ва тавозеълиларга хушхабар беринг”.

Демак, Аллоҳ йўлида қурбонлик қилиш Яратган Роббимизга итоат ва бўйсунишнинг далолати.

Қурбонлик диний ибодат бўлиши билан бирга, унинг ахлоқий-ижтимоий аҳамияти ҳам бисёрдир. У ана шу хусусияти билан исломдаги ўзаро ижтимоий ёрдамнинг гўзал бир намунаси бўлиб келмоқда.

Қурбон ҳайити — хайр-эҳсон, саховат, меҳр-мурувват  байрами.  Унда қилинадиган қурбонликлар эса жамиятда кишилар ўртасида тенглик, тотувлик каби инсоний фазилатлар ривож топишига хизмат қилувчи воситадир. Чунки қурбонлик гўштидан ва ундан тайёрланган таомлардан бир-бирларимизга эҳсон қилишимиз қалбларимизни юмшатиб, одамлар орасида меҳр-муҳаббат ришталари янада мустаҳкамроқ боғланишига хизмат қилади.

Шундай экан, Қурбон ҳайити кунларида савоб ишларни кўпайтириш, рўза тутиш, такбири ташриқ айтиш, покланиш, чиройли кийимлар кийиш, хушбўйланиш, нафл ибодат, қурбонлик қилиш, яқинларига ҳадялар улашиш айни савобли ишлардан бўлади.

Бу йил Қурбон ҳайитини карантин талабларидан келиб чиқиб, уйимизда, оиламиз бағрида ўтказамиз. Ҳайит куни хонадонимизда ибодатлар қиламиз, нафл намозини адо этамиз. Имкони борлар уйида қурбонликни адо этади, саховатпеша кишилар эса ўз хайрияларини улашади.

Зеро, улуғ алломаларимиз “Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир”, деганлар. Исломнинг шиори бўлган Қурбон ҳайитида хурсандчилигимизни, саховатимизни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ намоён қилишимиз зарур.

Дуою илтижоларимизда тинчлик-хотиржамлик, тан-сиҳатлик ва, албатта, катта муаммо бўлиб турган коронавирус касали тезроқ даф бўлишини сўрайлик.

Яратган Парвардигор бутун дунё халқларига тинчлик-хотиржамлик ато этсин, ибодатларимизни қабул қилсин. Муқаддас Ватанимизни файзли макон, халқимиз ҳаётини эса бундан-да фаровон айласин.

Азизхўжа домла Иноятов

Мақолалар

Top