Рамазон

Умр оқар дарё

Куни кеча Рамазон кириб келганидан шод эдик. Мана, бугун охириги даҳасидамиз! Вақт югурик, умр оқар сувдек ўтиб бормоқда. Ғанимат лаҳзалардан қандай фойдаландик, нималарга эришдик?

Жаннат эшиклари очилган,  дўзах эшиклари ёпилган, шайтонлар  кишанланган бу Мағфират ва Раҳмат ойида тутган рўзаларимиз, ўқиган таровеҳ намозларимиз, хатми Қуръонларимиз холис Аллоҳ таоло учун бўлсин!  Илоҳим, Аллоҳ таолонинг: “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман” ваъдасига мувофиқ, Ўзининг мукофотини сазовор этсин!

 

Рамазоннинг охирги ўн кунлигидамиз! Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Лайлатул Қадрни Рамазоннинг охирги ўнлигидан изланглар», дедилар (Икки Шайх ва Термизий ривоят қилган). Бизга Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида яширинган, тонг отгунча салом – тинчлик-омонлик кечаси бўлган, фаришталар мўминларга салом берадиган, Аллоҳ таоло бандаларига фақат тинчлик-омонликни тақдир қиладиган, барча гуноҳлар кечириладиган кечани – Лайлатул қадрни берди. Шунингдек, Аллоҳ таоло кечани имон ва ихлос ила қоим бўлиб ўтказсак, ўтган гуноҳларимиз мағфират қилинишини  ваъда қилди. Муҳаммад (алайҳиссалом) умматига бу кечасида ибодат қилиш билан бошқа умматларнинг минг ой қилган ибодати савобидан кўпроқ савоб олиш имкони берилди. Илоҳим, мўмин-мусулмонларни мусаффо, ёп-ёруғ, худди сукунатга ўралган ёғдули ой чарақлаган тунда – Лайлатул қадрда қилган ибодатларини, дуоларини Парвардигор Ўзи даргоҳида қабул қилсин. Гуноҳлардан поклаб, қалб сокинлигига эриштирсин!

 

 Рамазон ойи бизга ўттиз кунлик ибрат мактаби бўлди. Уламоларнинг айтишларича, киши гуноҳларининг кечирилгани аломати — ўша гуноҳдан тийилишдир. Рўза тутган кишининг ўзига бўлган ишончи ортади, иродаси мустаҳкамланиб, сабр-бардоши қатъийлашади. Ана шундай буюк ва машаққатли ибодатни эсон-омон адо этиб, унинг беқиёс фойдаларини қўлга киритиш бахтига муяссар бўлганликларининг шукрона ва шарафига мўмин-мусулмонлар Рамазон ойи тугаган кунининг эртасига, Шаввол ойининг биринчи кунини байрам қиладилар.

 

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фитр закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш ва мискинлар учун таомланиш бўлиши учун фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул закот бўлади. Ким уни намоздан кейин адо қилса  садақалардан бир садақа бўлади”, дедилар (Абу Довуд ва Доримий ривояти). Фитр садақасини адо қилинишда иккита ҳикмат ва фойда бор. Биринчиси, фитр садақаси Рамазон рўзасини хато ва камчиликлардан покласа, иккинчиси, ҳайит кунида камбағал ва мискинлар, етим ва бечораларни хурсанд қилиш, уларнинг очликларини кетказиб, ҳақиқий байрам кайфиятини уларга улашишдир. Шунинг учун ҳам фитр садақасини ҳайит куни тонг вақтида бериш вожиб бўлади. Илоҳим, берган фитр садақаларимиз  Рамазон рўзасини хато ва камчиликларидан поклаб, барчамизга байрам кайфиятини улашсин!

 

Юртимизда Рамазон ҳайити тантанали равишда нишонланади. Ҳайит олдидан қабристонлар ободонлаштирилади, масжид ва масжид ҳовлилари, маҳалла-кўй, ҳовлилар, кўчалар тозаланади. Рамазон ҳайитида, Қурбон ҳайитидан фарқли ўлароқ, намозга чиқишдан олдин бирор нарса еб олиш ҳам Рамазон ҳайитининг одобларидан саналади. Энг яхши ва тоза кийимларини кийган, покиза ҳолда ҳайит намозини адо этган мўмин-мусулмонлар бева-бечоралар ҳолидан хабар олади, мискинларга ёрдам кўрсатади, болаларга, қўни-қўшниларга ҳайитлик совғаларини улашишади.  Илоҳим, халқимизнинг бундай бундай чиройли анъаналари бардавом бўлсин!

 

Динимизда айнан ҳайит куни қабристонга бориш ҳақида кўрсатмалар йўқ. Икки ҳақит кунлари мўмин-мусулмонларнинг энг улуғ байрамлари ҳисобланади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Эй аҳли Ислом, Арафа куни, Қурбонлик ва Ташриқ кунлари бизнинг байрамимиздир. У еб-ичиш кунларидир”, деганлар (Абу Довуд, Термизий ривояти). Бу кунлари хурсандчилик қилиш кунлари, жанжаллашиш, араз ва гина-кудуратлар унутилади. Азахонлик, йиғи-сиғи қилинмайди. Ер юзидаги жамики мусулмонлар байрам қилиб, хуш кайфиятда бўлиб турганларида, хонадонларда йиғи-сиғи, азахонлик  эшитилиб туриши... кўнгилларни  хира торттиради. Ҳайит кунида маййитлар эсланса, улар ҳаққига дуо-истиғфорлар айтилса, яхши. Аммо бу нарса байрам шукуҳига ҳалал бермасин. Хурсандчиликни бузадиган даражада бўлмасин. Ҳайит кунлари аза тутиш мўминнинг иши эмаслигини унутмайлик.

 

 

Ҳусанбой ШЕРМАТОВ,

 

 “Ҳазрати Умар” жоме масжиди имом-хатиби

 

 

86288 марта ўқилди

Мақолалар

Top