muslim.uz

muslim.uz

  1. Мусулмон киши вафот этаётганда пешонасидан тер оқиши.

Бурайда ибн Ҳусайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Мўминнинг ўлими пешонадан тер чиқиши билан бўлади” деганларини эшитдим”. Аҳмад, Насоий, Термизий ва бошқалар ривоят қилишган. 

  1. Мусулмоннинг жумъа кечаси ёки жумъа куни вафот этиши.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қайси бир мусулмон жума куни ёки жума кечаси вафот этса, Аллоҳ уни қабр фитнасидан сақлайди”. Термизий ривояти.

  1. Ўлимидан олдин шаҳодат калимасини айтиши.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар: “Кимнинг дунёдаги охирги сўзи “Ла илаҳа иллаллоҳ” бўлса, жаннатга киради”. Абу Довуд ва Ҳоким ривоятлари.

  1. Шаҳид бўлиб ўлиш. Шаҳид бўлиб ўлиш деганда кўпчилигимиз Аллоҳнинг динини ҳимоя қилинаётган жангда Ислом душмани томонидан ўлдирилишини тушунамиз. Бундай киши ҳақиқий шаҳид дейилади. Аммо шаҳидлик ҳукми бериладиган яна бир қанча кишилар бор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Шаҳидлар бештадир: “Вабодан ўлган, қорни оғриб ўлган, сувга чўкиб ўлган, вайрона остида қолиб ўлган, Аллоҳ йўлидаги жангда ўлган”. Муттафақун алайҳ.

Бундан ташқари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнғинда ҳалок бўлган, ўзини, молини ва шаънини ҳимоя қила туриб ҳалок бўлганларни ҳам шаҳидлар қаторида зикр қилганлар.

  1. Аллоҳнинг тоати устида вафот этиш. Масалан, намозда, рўзадор ҳолда, ҳаж ёки умра қилаётганда, Аллоҳнинг йўлига даъват қилаётганда ва ҳоказо ҳолатларда вафот этиш.

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилдилар “Агар Аллоҳ бир бандага яхшиликни хоҳласа, уни ўлимидан олдин поклаб қўяди”. Саҳобалар “Банданинг покланиши қандай бўлади?” деб сўрашди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Уни бир солиҳ амалга илҳомлантиради, тоинки унинг устида жонини қабз қилади” дедилар. Имом Тобароний ривоятлари.

Бошқа бир ҳадисда бундай дейилган: “Агар Аллоҳ бир бандага яхшиликни хоҳласа, унга амал қилдириб қўяди”. Саҳобалар сўрашди: “Эй Аллоҳнинг Расули, унга қандай қилиб амал қилдириб қўяди?” У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: “Уни ўлимидан олдин бир солиҳ амал қилишга муваффақ этади”. Имом Термизий ривоятлари.

  1. Кўпчилик мусулмонларнинг мақташи.

Анас розияллоҳу анҳу дедилар: “Бир жанозани кўтариб ўтиб қолишди. Одамлар ўша маййитни мақташди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Вожиб бўлди” дедилар. Кейин бошқа жанозани олиб ўтишди. Одамлар у маййитни ёмонлашди. Бу сафар ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Вожиб бўлди” дедилар. Шу пайт Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Нима вожиб бўлди?” деб сўрадилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар мақтаган маййитга жаннат вожиб бўлди. Сизлар ёмонлаган маййитга дўзах вожиб бўлди. Сизлар Аллоҳнинг ердаги гувоҳларисиз” деб жавоб бердилар”.

  1. Юзнинг ёришиб, ярақлаб кетиши ва унда ҳурсандчилик аломатларининг зоҳир бўлиши. Албатта, бу ўлим фариштасидан эшитган жаннат хушхабарининг юзда акс этишидир.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

Жорий йилнинг 25 январь куни Ҳадис илми мактабида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини мактаб жамоасига етказиш мақсадида тадбир бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир аввалида Президент Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси тўлиқ намойиш этилиб, сўнгра мактаб ректори О.Юсупов сўзга чиқди. У ўз сўзтда Олий Мажлисга қилинган Мурожаатда илгари сурилган жорий ва келгуси йилларда амалга ошириладиган устувор йўналишлар, давлатимиз ички ва ташқи сиёсати учун асосий вазифалар ҳамда ўтган йилда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.

Мактаб ректори О.Юсупов нутқида яратиб берилаётган бундай шароитларга муносиб жавоб берган ҳолда амалга оширилаётган ислоҳотлар ижросини таъминлашда мактаб жамоасининг ҳар бир аъзоси ўз йўналиши бўйича янада кўпроқ меҳнат қилиши даркорлигини таъкидлади.

  

 

Ж.Акрамов

Ҳадис илми мактаби

Ўқув-услубий бўлим бошлиғи

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ҳозирги кунда Хитойда аҳоли ўртасида “Коронавирус” туркумига кирувчи вирус юқиши натижасида келиб чиққан зотилжам (пневмония) касаллиги пайдо бўлгани ва тарқалаётгани эълон қилинмоқда.

Хўш, бу аслида қандай вирус?

Коронавируслар – вируслар оиласига мансуб “Атипик зотилжам” (SARS) касаллигини чақирувчисига ўхшаб кетувчи вирус бўлиб, беморларда оддий шамоллашдан то ўткир оғир респиратор синдром (ТОРС) деб номланувчи оғир кечувчи касалликни келтириб чиқаради. “Атипик зотилжам” касаллиги ҳам 2002 йилда Хитойда келиб чиққан бўлиб, 37 давлатга тарқалган ва 8 мингдан ортиқ киши касалланган эди.

Янги коронавируснинг хусусиятлари ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб лабораторияларида ўрганилмоқда. Олимларнинг изланишлари натижасида касаллик қўзғатувчиси топилган бўлиб, ушбу вирусга “2019-nCoV” номи берилди.

Ушбу вирус ташқи муҳит таъсирига ва зарарсизлантирувчи воситаларга нисбатан чидамли. Ҳозирча ушбу касалликни даволаш учун махсус дори воситалари йўқлиги сабабли, бошқа вирусларга қарши қўлланиладиган воситалардан фойдаланилмоқда.

Беморларда умумий ҳолсизлик, тумов, йўтал, бош оғриши, томоқда оғриқ, тана ҳароратининг ортиши, бронхит, зотилжам кузатилмоқда. Мутахассисларнинг хулосасига кўра, коронавирус келтириб чиқарган касалликнинг грипп касаллигидан фарқи шундаки, ушбу касаллик асоратлар билан ўтиши ва ўлим билан тугаши эҳтимоли юқори, чунки ҳозирги кунда ушбу вирусга қарши одамларда ҳимоя қобилияти (иммунитети) ривожланмаган ва бу ҳолат дунё халқлари ўртасида пандемияга олиб келиши мумкин.

2020 йил 27 январь ҳолатига келиб, беморлар сони дунё бўйича 2744 тага етган ва шундан 80 таси ўлим билан якун топган. Шу сабабли касаллик тарқалаётган ҳудуд – Ухан шаҳрида карантин ҳолати жорий этилган. Касалликнинг Таиланд, Япония, Жанубий Корея, АҚШ, Гонконг, Тайван, Макао, Филлипин, Австралия давлатларида хам рўйхатга олинаётганлиги айтилмоқда.

Ушбу ҳолат юзасидан 22 январь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ўтказилган фавқулодда йиғилишда мутахассислар халқаро фавқулодда ҳолат эълон қилишдан олдин авж олган касаллик ҳақида кўпроқ маълумот олишлари кераклиги тўғрисида қарорга келишган. ЖССТ расмийлари учрашувни пайшанба куни, Хитой ҳукумати таклифига биноан Уханга бир қатор Осиё мамлакатларидан келган шифокорлардан маълумот олганидан сўнг давом эттиришга қарор қилишган.

Хитойда коронавирус бўйича эпидемик вазият мураккаблашиши сабабли мамлакатимизда қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, «Uzbekistan Airports» АЖ ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари”АЖ Тиббий-санитария хизмати томонидан давлат чегарасини, айниқса, Хитойни кесиб ўтган шахсларнинг юқори сифатли тиббий мониторингини амалга ошириш чоралари кўрилмоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” ҳамда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖ тизимидаги фаолият юритаётган ходимлари иштирокида эпидемик вазият ва унинг олдини олиш юзасидан семинарлар ўтказилди.

Бундан ташқари, Республика Вирусология илмий текшириш институти интенсив терапия бўлимида коронавирусга гумон қилинган беморларни қабул қилиш учун махсус бокс тайёрлаб қўйилди. Республикадаги аэропорт ва темир йўл вокзаллари санитария карантин пунктларида ушбу касалликка гумон қилинган бемор аниқланса, уни дарҳол изоляторга изоляция қилиш, коронавирусга лаборатор таҳлилини ўтказиш учун намуна олиш тартиби белгилаб қўйилган.

Республикамиз ҳудудида ҳозирги кунда ушбу хасталик билан касалланганлар кузатилмади, лекин хорижий давлатлар билан иқтисодий-сиёсий алоқаларнинг ривожланиши, туризм, спорт ва бошқа сабаблар билан хориж давлатларида бўлиши ёки чет эллик фуқароларнинг бизнинг давлатимизга келиши туфайли, касаллик чақирувчи вируснинг республикамиз ҳудудига кириб келиш хавфи мавжуд. Ушбу муаммони ҳал этиш учун Динимиз кўрсатмасига амал қилсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилоган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Агар бир жойда вабо тарқалганини эшитсангиз, у ерга борманглар. Агар ўзингиз турган жойга вабо келса, у ердан қочиб чиқиб кетманглар!” деганлар.

Ушбу ҳадиси шарифга мувофиқ, вабо тарқалган жойга бормаслик, вабо тарқаган жойдан қочиб чиқмаслик зарур бўлади.

Мўмин-мусулмон одам бундай пайтда ўзининг эҳтиётини қилиши, вирус кенг тарқалиб бораётган ҳудудга бормаслиги, имкон қадар хавфсиз жойда бўлишга интилиши зарур. Шу боис мазкур вирус тарқалаётган мамлакатларга сафар қилмай туриш тўғри бўлади.

Қолаверса, Аллоҳ таоло ҳар бир дарднинг давосини ҳам туширган. Бунга ушбу ҳадис далилдир.

Имом Аҳмад ривоят қилган яна бир ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам “Эй, Аллоҳнинг бандалари, даволанинглар! Чунки, Аллоҳ қайси касалликни туширган бўлса, унинг шифосини ҳам туширгандир. Фақат битта касаллик – кексаликнинг давоси йўқ” деганлар.

Мўмин-мусулмон одам ўзига теккан касалликка қарши курашиб, Аллоҳ таолодан комил шифо сўраб, даволаш чораларини кўриши керак.

Аллоҳ таоло юртимизни, халқимизни бундай касалликлардан асрасин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги “Армижон” жоме масжиди имом-хатиби ташаббуси намозхонлар орасида ўзига хос викторина ўтказилди.

“Бешикдан то қабргача илм иста” шиори остида ўтказилган ушбу викторинада имом-хатиб Ориф домла Наимов томонидан Исломда ибодат ва бошқа масалаларда турли саволлар берилди, жавобини топишга эса бир кун мухлат берилди. Натижада намозхонларнинг қизиқиши ортиб, берилган саволларга жавоб ахтардилар, кўплаб китобларни ўқиб, ўрганишга киришиб кетдилар.

Мазкур лойиҳадан кўзланган асосий мақсад қизиқарли услубларда жамоатни китоб мутолаасига кенг тарғиб этиш, саводхонликни оширишдир.

1-босқичда тўғри жавобларни топиб, ғолиб бўлганлар масжид маъмурияти томонидан мўътабар китоблар билан тақдирландилар.

Викторина босқичма-босқич мунтазам давом этиррилиши режалаштирилган.

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Маълумки бугунги кунда бинолари эскирган, тор масжидлар янги имкониятлар даражасида, кўплаб намозхонларни сиғдира оладиган ҳолатда янгидан қурилмоқда. Халқ ҳашари, қолаверса ихлоси баланд кўнгилли инсонларнинг қишли суронли кунларида ҳам олиб бораётган меҳнатлари билан жойларда мунаввар масжидлар қад кўтармоқда. Бу борада ҳамма ҳаракатда: имконияти етганча Аллоҳнинг байтига эҳсон қилиб, охирати учун савоб ишлаб олиш илинжида.

Яқинда Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи ўн ёшли қизча Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида янги қурилаётган “Доруломон” жоме масжиди учун ўзининг махсус идишчасида йиғиб қўйган барча пуллларини эҳсон қилди. Бу ҳақда масжид имом-хатибининг Facebook тармоғидаги саҳифасида эълон қилинди.

Махсус видео орқали бу ҳақда тармоқ фойдаланувчиларига эълон қилиниб, идишча ичидаги пуллар миқдори саналди. “Бу албатта катталарни ҳам ўйлантирадиган ҳолат. Ёшгина қизалоқнинг мактаб ва бошқа харажатлари учун ота-онаси берган пулларини йиғиб, барини Аллоҳнинг байти учун олиб келиб бериши инсоннни таъсирлантиради”, дейди Абдулҳамид Жуманов.

Дарҳақиқат, ҳар қандай иймон эгасини таъсирлантирадиган воқеа. Ёшгина бир қизалоқ кўплаб катта инсонлар қилмайдиган ишни қилмоқда. Аллоҳнинг байти учун ўзидаги бор-будини, яъни кўп вақтдан бери асраб, йиғиб келаётган пулларини ҳадя этмоқда. Тенгқурлари йиғган пулларига ўзларига ёққан ўйинчоқ ёки бошқа буюмни олаётган бир вақтда у эса охирати учун сарфлади... Ақл ёшда эмас, бошда, дейдилар. Қизалоқнинг бу иши эса кўплаб хайру саховатдан ғофил юрган катта одамлар учун ибрат бўлса ажаб эмас.  

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими 

 

Мақолалар

Top