muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида муборак Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва Ислом дини тартиб-қоидалари асосида ойни кузатиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди. Таниқли уламолар
ва малакали мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ Рамазон ойи киришини астрономик таҳлиллар асосида кузатиб боради
ва унинг натижаларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашига киритади. Рамазон ойи бошланиши ҳақидаги хабар Уламолар кенгаши томонидан кўриб чиқилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Четверг, 17 Март 2022 00:00

Бароат кечаси

Зайниддин домла Эшонқулов

Среда, 16 Март 2022 00:00

18.03.2022 й. Ёшлик – умр баҳори

 بسم الله الرحمن الرحيم

Ёшлик – умр баҳори

Муҳтарам жамоат! Маълумки, ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу даврда уларга алоҳида аҳамият қаратмоқ лозим. Албатта бунда аввало ота-онанинг, устознинг ва жамиятнинг масъулияти катта. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Таҳрим” сураси 6-оятида шундай буюради: 

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ

яъни:Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)”.

Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ушбу оят нозил бўлгандан сўнг суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Ё, Расулуллоҳ, ўз нафсимизни-ку сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?”, – деб сўраган эканлар. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар. Ана ўша уларни ўтдан сақлаш бўлади”, деб жавоб берганлар.

Ёшларни, фарзандларимизни гўдаклик чоғидан, аввало, уларга Яратган Зотни танитиш ва уларни имон-эътиқодли, динига, Ватанига хизмат қиладиган комил инсон бўлиб етишишларига жиддий аҳамият бериш лозим.

Инсон ёшлигидан имон-эътиқодли ҳамда тақволи бўлса, унинг бу дунёсини ҳам, охиратини ҳам Аллоҳ таоло баракотли қилиб қўяди. Аллоҳ таоло ўзининг муборак Каломида шундай марҳамат қилган:

 وَمَنْ يَتَّقِ اللَّهَ يَجْعَلْ لَهُ مَخْرَجًا * وَيَرْزُقْهُ مِنْ حَيْثُ لَا يَحْتَسِبُ  (سورة الطلاق/2-3)

яъни: “Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур” (Талоқ сураси 2-3 оятлар).

Ҳадиси шарифларда келишича, Қиёмат кунида одамлар ўзларини ҳимоя қиладиган ёки қуёш иссиғидан пана қилиб турадиган жой ахтариб қоладилар. У кунда Аллоҳ таолонинг Аршининг соясидан бошқа соя бўлмайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам етти тоифа киши Аршнинг соясида бўлишини айтиб, шулар жумласида:

 وَشَابٌّ نَشَأَ فِى عِبَادَةِ اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ (رَوَاهُ الإمام الْبُخَارِىُّ)﴿

яъни: “Аллоҳнинг тоати-ибодатида улғайган йигит (Аршнинг соясидан бошқа ҳеч қандай соя бўлмайдиган кунда соялантирилади),” – дея марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривоятлари).  

Одатда кекса одамда ўлим хавотири бўлади. Улардаги истаклар ёшларникидек бўлмайди. Аммо ёшларда истаклар кучли, орзу ҳаваслар кўп, куч-қувват етарли, юмушлари бисёр бўлиши баробарида, уларни йўлдан урувчи нарсалар ҳам кўп бўлади. Улар ўзларидаги гуноҳ, ҳою ҳаваслар истагини енгиб, ибодатга уринганлари, намозларини ўз вақтида адо этишга бел боғлаганлари учун Қиёмат куни Аллоҳнинг Арши соясидан жой оладилар.

Муҳтарам жамоат! Мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил этади. Фарзандларимизнинг илмли, ахлоқли бўлиб камолга етишларига уйда ота-оналар, ўқув юртларида эса муаллим ва устозлар астойдил жон куйдиришлари керак. Ўғил-қизларимизни илм-маърифатга ошно қилишдан ҳеч ким четда турмаслиги лозим. Жадидчи алломаларимиздан бирлари: “Фарзанд тарбиясига лоқайд қараган миллат инқирозга маҳкумдир”, – деб бежизга айтмаган.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ёшларга насиҳат қилиб шундай деганлар:

"ما آتى الله عزّ وجلّ عبدًا علمًا إلاّ شابًّا، والخيرُ كلُّه في الشّباب"، ثمّ تلا قوله عزّ وجلّ: "قَالُوا سَمِعْنَا فَتًى يَذْكُرُهُمْ يُقَالُ لَهُ إِبْرَاهِيمُ"، وقوله تعالى: "إِنَّهُمْ فِتْيَةٌ آمَنُوا بِرَبِّهِمْ وَزِدْنَاهُمْ هُدًى" وقوله تعالى: "وَآَتَيْنَاهُ الْحُكْمَ صَبِيًّا"

 яъни: “Аллоҳ таоло кимга илм ато этган бўлса, унинг ёшлигида берган. Яхшиликнинг ҳаммаси ёшликда бўлади”, – дедиларда, қуйидаги оятларни тиловат қилдилар: “Улар айтишди: “Бут-санамларимизни айблаб юрадиган Иброҳим деган бир йигитни эшитгандик” (Анбиё сураси 60-оят).

Бошқа оятда шундай дейди: “... Дарҳақиқат, улар Парвардигорларига имон келтирган ва Биз уларга ҳидоятни зиёда қилган йигитлардир” (Каҳф сураси 13-оят).

 Бошқа оятда шундай дейди: “Унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат (ва илм) ато этдик” (Марям сураси, 12-оят). 

Афсуски, аксарият болалар айни илм олиш пайти келганда ўйин-кулги ва бекорчи машғулотлар билан овора бўлиб юрадилар. Айрим ёшлар умрининг энг навқирон пайтини чойхоналарда, компютер ўйингоҳларида ўтказмоқда. Ота-оналари ҳам: “Ҳали фарзандимиз ёш, катта бўлгач ўқир”, – дея бунга бепарво қарайдилар. Аслида ёшлик пайтида хотираси энг яхши ишлайдиган давр бўлади. Ўша пайтдан бошлаб, болани секин-аста илмга жалб қилиш яхши натижа беради.

Сўзимизни далили сифатида бир мисол келтирамиз. Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби қанчадан-қанча аллома боболаримиз 7-8 ёшларида Қуръони каримни тўлиқ ёд олишган. Бундан ташқари тарих, фалсафа, тиббиёт, мантиқ ва бошқа фанларни чуқур ўзлаштиришган. Ўн саккиз ёшигача ҳаётида керак бўладиган барча илмларни мукаммал ўрганиб, машҳур олим даражасига кўтарилган.

Бундан келиб чиқадики, ота-оналар фарзандларини ёшлик давридан унумли фойдаланиб, керакли илмларга йўналтиришлари лозим. Уламоларимиз айтадиларки:

مَنْ لَمْ يَتَعَلَّمْ صَغِيرًا لَمْ يَتَقَدَّمْ كَبِيرًا

яъни: “Ким ёшлик чоғида илм олмаса, катта бўлганида юксалмайди.

Тарихдан бизга маълумки, қанчадан-қанча улуғларимиз, буюк аждодларимиз ёш йигитлик даврида бутун бир қўшинни ёки катта бир салтанатни бошқара олган. Масалан, Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу Рим империясига қарши бўлган жангда Пайғамбаримиз алайҳиссалом томонларидан қўшинга бошлиқ этиб таъйинланганлар. Ўшанда у зотнинг ёшлари 18 га ҳам тўлмаган эди. Аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур 12 ёшида отаси ўрнига Фарғона улусининг ҳокими бўлган ва ёш бўлишига қарамай кўплаб сиёсий ислоҳотлар қила олган. Амир Темурнинг  учинчи фарзанди Мироншоҳ Мирзо эса 14 ёшида Хуросон ҳокими бўлган. Ёки 1453 йили май ойида Султон Муҳаммад Фотиҳ раҳимаҳуллоҳ Қустантиниянинг фатҳ қилганда 23 ёшда эди...

Аждодларимизнинг илм-фан, кашфиётлар, шеърият ва адабиётда эришган ютуқларига тўхталсак, бу мавзуда алоҳида китоб ёзиш мумкин. Биргина аждодимиз Мир Алишер Навоий ҳазратларини олсак, У зот 7 ёшида Фаридиддин Атторнинг “Мантиқут-тайр” асарини ёддан билганлар ва буюк муҳаддисимиз Имом Бухорий ҳазратларининг олти мингдан зиёд ҳадиси шарифларини ёд олганлар. 7-8 ёшларидан бошлаб ғазаллар ёза бошлаб, ўн беш-ўн олти ёшларида ҳам туркий, ҳам форсийда ижод қиладиган “икки тилли” шоир сифатида танилганлар. Алишер Навоий ўсмирлик йилларида ўзлари севган шоирларнинг 50 минг байтдан ортиқ шеърларини ёд билганлар. Тарихдан бу каби мисолларни жуда кўп келтиришимиз мумкин. Ҳозирда ёшларимиз ҳам ёшлик даврларида ўз устиларида ишламаса, ўзларининг вақт ва иқтидорларини фойдали илм ва машғулотларга сарфлашмаса, эртага кеч бўлади. Зеро миллатимизнинг келажаги ёшлар ҳисобланади.

Ҳозирда юртимизда илм олиш учун барча шароитлар яратилган. Ёшларга, айниқса уларнинг замонавий билим олишига, эътибор кучайди. Ўтган сўнги тўрт йил вақт мобайнида ёш авлод камолотига қаратилган элликдан ортиқ ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, тўртта қонун, ўттиздан ортиқ Президент фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг қирқдан зиёд қарори қабул қилинди. Нуфузли хорижий университетлар, илмий ва инновацион марказлар билан алоқаларни кучайтириш ишлари амалга оширилмоқда.

Муҳтарам жамоат! Ҳозирги ёшларимизни имкон қадар чет тилларини, айниқса, ғарб ва шарқ тилларини мукаммал билишларига аҳамият беришимиз даркор. Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Сурёний (яҳудий тили)ни биласанми? Менга улардан мактублар келади” – дедилар. Мен: “Йўқ”, деган  эдим, “ўрганинг!, деб буюрдилар. Мен ўша тилни ўн етти кунда ўргандим. Яҳудийлардан мактублар келса, уни ўқиб берар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларга мактуб юбормоқчи бўлсалар, мен ёзиб жўнатар эдим”.

Бошқа ривоятларда келишича, ўшанда Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳунинг ёшлари 16 да бўлган. Улкан ҳиммат билан қисқа муддатда ўзга тилни мукаммал ўрганишга муваффақ бўлганлар. 

Бизлар учун намуна ҳисобланган саодат асри кишилари ўз даврларининг ҳар соҳада пешқадами бўлганлар. Биз ҳам фарзандларимизни иқтидорига қараб ўзининг замонасидаги илмларни ўргатишимиз лозим ва ёшларимизни замонасининг олди ёшлари қилиб тарбиялашимиз зарур.

Муҳтарам жамоат! Ёшлар тарбиясида илм билан ҳусни хулқ – инсондаги барча фазилатларнинг энг олий ва афзалидур. Чунки ҳусни хулқ эгасидан доимо яхшилик  кутилади: ўзига, оиласига, жамиятга, балки бутун атроф муҳитга ундан фақат манфаат етади. Шунинг учун фарзандларимизни  ёмон хулқ, бузуқ ғоялардан фикрини тоза, мусаффо қилмоғимиз даркор. Ҳадиси шарифлардан бирида:

مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا مِنْ نَحْلٍ أَفْضَلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَنٍ (رواه الإمام الترمذي)﴿

яъни: “Ота фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”, дейилган (Имом Термизий ривоятлари).

Муҳтарам азизлар! Умрнинг қадрига етишлик, хусусан ёшлик даврини ғанимат билиш нафақат бу дунёда, балки охиратда ҳам инсонни улкан масъулиятдан халос қилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг ҳадиси шарифларида шундай деганлар:

 ﴾لا تَزُولُ قَدِمَا عَبْدٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُسْأَلَ عَنْ أَرْبَعِ خِصَالٍ: عَنْ عُمُرُهِ فِيمَا أَفْنَاهُ وَعَنْ شَبَابِهِ فِيمَا أَبْلاهُ وَعَنْ مَالِهِ مِنْ أَيْنَ اكْتَسَبَهُ وَفِيمَا أَنْفَقَهُ وَعَنْ عَلِمهِ مَاذَا عَمِلَ فِيهِ﴿ 

яъни: “Банда Қиёмат куни тўрт нарсадан сўралмагунича қадамлари силжимайди: умридан – уни нима билан ўтказгани; ёшлик давридан – уни нима билан машғул қилгани; мол-дунёсидан – уни қай йўсинда топгани ва қайси йўлди сарфлагани; илмидан – унга қандай амал қилгани”.

Демак, Қиёмат куни энг биринчи сўралиши керак бўлган тўрт нарсадан иккитаси вақт хусусида экан. Шунинг учун ҳам саҳоба ва тобеинлар вақтларининг қадрига етишган. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Шундай зотлар бор эдики, улар ўз вақтларига сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздан ҳам кўра қаттиқроқ ҳарис эдилар”, деганлар.

Муҳтарам азизлар! Турли фитналар авж олган, тарафкашлик, фирқаларга бўлиниши кўпайган пайтда ёшлар ўз динларини, ақидаларини муҳофаза қилишлари лозим бўлади. Тобеинлардан Анас ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ ёшларга шундай насиҳат қилар эканлар: “Эй ёшлар жамоаси! Аллоҳга тақво қилинглар. Расулуллоҳнинг ҳадисларини кимдан таълим олаётганларизга эътиборли бўлинглар. Чунки бу ҳадислар сизларнинг динларингиздир!”

Бу жуда ҳам аҳамиятли насиҳатдир. Динимни ўрганаман, илм оламан ёки ҳадис ўрганаман, деб ёшлар учун энг муҳим нарса – шаръий илмларни аввало илмда мустаҳкам бўлган, замонасининг уламолари эътироф этган уламолардан олиши зарур. Дуч келган инсондан илм олавермаслиги керак. Зеро, Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан келаётган бу мерос илмда собит  бўлган уламолардан олинади. 

Ибн Шавзаб раҳматуллоҳи алайҳ: “Бир ўспирин йигитнинг суннат соҳиби бўлган кишини дўст тутиб, ундан илм олиши Аллоҳнинг неъматидир”, – деганлар.

Айниқса, интернетда, ижтимоий тармоқларида ёки хорижга борганда, бемазҳаблик ёки Ислом уламолари қоралайдиган “Ҳизбут-таҳрир” каби адашган оқимлар таъсирига тушиб қолишдан сақланишлари лозим. Хориждан туриб фейсбук ёки бошқа ижтимоий тармоқлар орқали юртимизни динсизликда айблайдиган сохта даъватчилар, турли бидъатчи фирқаларнинг макридан эҳтиёт бўлишлари даркор. Амр ибн Қайс Малоий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Агар йигитни аҳли сунна вал жамоа аҳли билан бирга униб-ўсаётганини кўрсанг, келажакда ундан яхшилик кутавер. Аммо уни  бидаът аҳли билан ўсиб вояга етаётганини кўрсанг, ундан умидингни узавер. Чунки ўспирин бола биринчи таълим олган нарсасида бўлади”.

Аллоҳ таоло миллатимиз келажаги бўлган ёшларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин. Уларни дин-диёнатда, одоб-ахлоқда, инсофу тавфиқда улғайишларини, илм-маърифатда аждодларига муносиб авлод бўлишларини насиб этсин! Омин! 

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Ислом дини атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликларни асраб-авайлаш ва экологик муаммоларни бартараф этишга даъват қилади. Айниқса, дини мубинимизда экин экиш савобли амаллиги, қаровсиз ерларни обод қилишга улкан ажру мукофот берилиши ваъда қилинган.

Баҳор келиши билан кўнгиллардан бошланган ободлик хонадонларимизга, кўчаю хиёбонларимизга, маҳаллаларимизга, қишлоғу гўшаларимизга, бутун заминимизга кўчади. Бунинг натижасида ҳар бир киши ерга ниҳол қадашга киришади. Бу эса табиат билан инсоният ҳамоҳанглигини ифода этади.

Сўнгги йилларда жаҳонда кузатилаётган иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал муаммолар, афсуски, юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Рўй бераётган чанг-тўзонлар, шунингдек, ёғингарчиликларнинг кескин камайиб кетаётгани каби табиат инжиқлари бизга жиддий огоҳлик қўнғироғи бўлмоқда.

Шуларни эътиборга олиб, жорий йил 2 февраль куни Президентимиз раислигида экологик ҳолатни яхшилаш ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди.

Йиғилишда қайд этилган муҳим масалалар ижросини изчил таъминлаш мақсадида шу йил 1 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг баёноти қабул қилинди. Баёнотда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида сўз юритилиб, динимиз таълимоти асосида барча юртдошларимизни ушбу тадбирда фаол иштирок этишга чақириш баробарида, қишлоқ-овуллармиз, маҳалла-кўйларимизни обод қилиш орқали юртимизни боғу бўстонга айлантириш назарда тутилди.

Таъкидлаш жоизки, динимиз табиатни асраб-авайлашга, ундан оқилона фойдаланишга буюради. Нафас олиб турган жон, тирик организм борки, унга азият етказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган: “Ерни яроқли қилиб қўйгандан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!” (Аъроф сураси, 56-оят).

Ислом кўчат ўтқазишга, экин-тикин ишларига доимо тарғиб қилади. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким бирор ўлик ерни тирилтирса, яъни обод этса, унга шунда ажр бордир. Шунингдек, ундан бирор жонзот еган нарсада унга садақа (савоби) бордир”, дедилар (Имом Доримий ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса, Ким Аллоҳга ишониб, савоб умид қилган ҳолда қаровсиз ерни обод қилса, унга ёрдам ва барака бериш Аллоҳга лозим бўлди”, дейилган (Имом Байҳақий ва Имом Табароний ривоятлари). Ҳадисдаги “Аллоҳга лозим бўлди”, деган жумла мазкур бандага Аллоҳнинг фазл-карами бўлди, деганидир.

Саҳобалардан бир қанчаси экин экиш билан шуғулланган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу саҳобалар орасида зоҳидлардан бўлса-да, деҳқончилик қилар эди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу мўл ҳосил олиш учун ўз ерига ўғитлар билан ишлов берар эди. Зеро, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида “Ерда экин-тикин қилиб ризқ-рўзингизни талаб қилингиз”, деган эдилар (Имом Табароний ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса, “Албатта, фаришталар экин ёки кўчат экувчининг ҳаққига, модомики, эккан нарсаси кўкариб тураркан, истиғфор айтиб туришади”, дейилган.

Ривоят қилинишича, саҳоба Хузайма ибн Собитнинг бўш ери бор эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишининг ёнларига келиб “Эй Хузайма! Бу ерингизга кўчат экиб қўйинг”, дедилар. Шунда саҳоба “Мен кексайиб қолдим”, деди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Йўқ, ундай деманг, бўш турган бу ерингизга, албатта, кўчат экинг”, деб ўзлари бирга ўша ерга кўчат экди.

Одам алайҳиссалом жаннатдан Ер юзига туширилганида Жаброил алайҳиссалом буғдой олиб келиб, ерга экишга буюради. Одам алайҳиссалом буғдойни ерга эккан, суғорган ва ҳосилни йиғиштириб олган эди.

Отамиз Одам алайҳиссаломдан қолган мана шу эзгу анъана асрлар оша сайқалланиб, алоҳида қадрият сифатида шаклланди. Бугун эса бу юртимизда умуммиллий ҳаракат – “Яшил макон” лойиҳасига айланди.

Айни кунларда ушбу ташаббус юртимиздаги барча масжид, мадраса ва зиёратгоҳларда кенг кўламда амалга оширилиб, дин пешволари томонидан ҳудудларда яшил майдонлар барпо этилмоқда.

Сўз исботи билан гўзал. Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Хўжа Исмоил шаҳарчасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 1500 тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчати ўтқазилди. Шу анъана юртимизнинг ҳар бир ҳудудида кенг кўламда давом этяпти.

Табиат мусаффолигини асраш, уни келажак авлодга бекаму кўст етказиш – ҳаётий вазифа. Айниқса, ёш авлодда она табиатга ҳурмат, унинг бебаҳо неъматларини ардоқлаш туйғусини ошириш орқали экологик маданиятни, тозаликка риоя қилиш кўникмасини шакллантиришга эришамиз. Шу боис, уламолар баёнотида уй-хонадонларда, маҳалла-гўшаларда, масжид-мадрасаларда кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишларини кенг кўламда олиб бориш бугунги кундаги асосий вазифа экани яққол намоён бўлмоқда.

ХХI асрда саноатнинг жадал ривожланиши, табиий бойликлардан ўринсиз фойдаланиш оқибатида экологик мувозанат бузилиб, дунёда кўплаб иқлим муаммолари юзага келмоқда. БМТ маълумотига кўра, иқлим ўзгаришлари сабаб ҳозир дунёнинг 110 дан ортиқ мамлакати чўлланишу қурғоқчиликдан азият чекмоқда. Агар ҳар йили жаҳонда 4,7 миллион гектар ўрмон йўқ бўлиб бораётганини инобатга олсак, келгусида бу каби муаммолар янада ортиши табиий.

Дарахтлар эса ҳавони фильтрловчи энг самарали восита бўлиб, ўртача катталикдаги бир туп дарахт тахминан 20 килограмм карбонад ангидридни ютиши мумкин. Бу эса кўпгина замонавий фильтрлардан ҳам яхшироқдир.

Шунинг учун ҳам ота-боболаримиз ерга, табиатга ўта эҳтиёткорона муносабатда бўлиб, доим уни асраб-авайлашга, “бирни кессанг, ўнни эк”, дея боғу роғлар барпо этишга интилган.

Шу азиз юртнинг фуқароси бўлган ҳар бир мўмин-мусулмон киши дарахт экиб, кўчат ўтқазиб, ўзи яшаб турган шаҳару қишлоғини, маҳалласини обод қилиши шарт. Бу бизга икки карра ютуқдир. Аввало, юртимиз обод бўлади, шаҳару қишлоқларимиз қиёфаси кўркамлашади. Иккинчидан, бундай хайрли ишларимизнинг савоби садақаи жория сифатида то қиёматгача амал дафтаримизга тўхтовсиз савоб бўлиб ёзилиб туради, Аллоҳ насиб.

Мухтасар айтганда, бугун юртимиз бўйлаб амалга оширилаётган шундай хайрли ишларга ҳар бир инсон камарбаста бўлиши фаровон келажагимиз кафолатидир. Яшил майдонларни ҳосил қилиш ишларида фаол бўлиб, хонадонларимиз атрофига, маҳалла-кўйларимизга, кўчаларимизга бир тупдан кўчат ўтқазсак, бутун мамлакатимиз боғу бўстонга айланади.

Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Шунингдек, 3-курс талабаси Муҳаммад Амин Абдупаттаев Ан-Нуқоя- النقاية китоби матнини ёддан ўқиб топширди.

Қуръони каримни ўқиш жараёнини Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчилари Жаҳонгир қори Неъматов, Аҳмадхон қори Рашидов, Зафар қори Маҳмудов, Исломхон қори Убайдуллаев, Жаҳонгир қори Рўзиев, Адҳам қори Юсупов, Содиқжон қори Қурбонов, Элёр қори Аҳматқулов ва бошқа устоз ҳамда талабалар кузатиб бордилар.

Хатм якунида Таҳфизул Қуръон кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов Олий Маъҳадда анъанага айланаётган ушбу тадбирнинг аҳамияти тўғрисида маълумот берди.

Убайдуллоҳ қори ва Баҳодир қори ҳамда уларнинг устозларига ТИИ ректори Уйғун домла Ғафуров ташаккурлар билдириб, мана шундай етук қориларни етиштириб чиқаришда ғайрат ва шижоат тилади.

ТИИ ректори Уйғун домла Ғафуров, проректор Умиджон домла Ходжаев, Ўқув-услубий бўлим бошлиғи Шоғиёс домла Шожалилов, кафедра мудирлари Соатмурод домла Примов, Обиджон домла Тангиров, Тафҳизул Қуръон кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов, ўқитувчилар Муҳаммадрасул домла Абдуллаев, Яҳё домла Раззақов, Жаҳонгир қори Рўзиев, Элёр қори Аҳматқулов, Абдулҳаким домла Олимов ва барча иштирокчилар биргаликда Қуръони карим хатми дуоси баробарида қори устозлар ҳамда Убайдуллоҳ қори ва Баҳодир қори ҳақига дуолар қилдилар, Аллоҳдан юртимизга хайр-барака ва офият сўрадилар.

  

30 пора Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда ёддан ўқиб берган 2 нафар қорининг ҳар бирига Уйғун домла Ғафуров ҳадя сифатида ноутбук топширди.

  

Шунингдек, юртимиз мадрасаларида “Мухтасарул виқоя” номи билан машҳур бўлган, кўп асрлардан буён ўқитилаётган, Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тажиш Шариъа ал-Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ан-Нуқоя” фиқҳий китоби матнини ёддан ўқиб берган Муҳаммадамин Абдуппатаев ноутбукни Умиджон домла Ходжаевдан қабул қилиб олди.

Таҳфизул Қуръон кафедраси қори устозларининг тинимсиз меҳнатлари эвазига Тошкент ислом институтида Қуръони каримни бир кунда тўлиқ ўқиб бериш анъанага айланмоқда. Айни пайтгача Қуръони каримни бир кунда ўқиб берган қори талабалар сони 25 нафарга етди.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йилда Тошкент Ислом институти тарихида илк бор Ихтиёр қори Абдураҳманов Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда тўлиқ ўқиб берган эди. Шунингдек, Илҳом қори Ғофуров, Адҳам қори Отахонов, Фатҳуллоҳ қори Дадаев, Аҳмадуллоҳ қори Ғофуржанов, Ҳикматуллоҳ қори Рўзалиев, Сардорбек қори Жиямуратов, Сирожиддин қори Шодмонов, Азимжон қори Мадаминжонов, Илёсбек қори Шарофиддинов, Нуриллоҳ қори Сайдуллаев, Оятуллоҳ қори Абдуқодиров, Абдуллоҳ қори Комилов, Саидбурхон қори Фазлиддинов, Абдулҳай қори Жўрақулов, Аҳлиддин қори Қурбонов ва Нурисломхўжа қори Умбаров Қуръони каримни ёддан тўлиқ ўқиб, устозлар кўригидан ўтказиб олган эди.

Шунингдек, аёл-қизлардан Робия Нажмиддинова, Гулруҳ Кенжабек қизи, Мираҳмадова Ҳуснора, Маҳаматханова Мухлиса, Қурбанова Хадича ва Абдуллаев Фотима ҳам Аллоҳнинг каломини юқоридаги услубда ўқиб берган эди.

Маълумот: Қуръони каримда 114 та сура, 6236 та оят ва тахминан 1015030 нуқта, белги, 323670 ҳарф ва 77934 та сўз бор. Қуръон саҳифаланишига кўра 30 пора (жуз, қисм)дан иборат бўлиб, мусҳафнинг ҳар 10 вароғи бир пора ҳисобланади.

 

Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси

Зафар қори Маҳмудов

Страница 75 из 1850

Мақолалар

Top