muslim.uz

muslim.uz

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 

 

Яна билгилки, Ҳавзи Кавсардур,

Анда юлдузча зарфлар бордур.

Пулдин ўтиб, бу суда турғайлар,

Халқни бу суға чўмурғайлар.

То юйулғай томуғ ғуборидин,

Кўнгли тинғай бу лаҳза боридин.

Тинибон кўнгли, борғай учмоққа,

Юз туман шукрлар дегай Ҳаққа.

 

НАСРИЙ БАЁН

 

Ҳавзи кавсар ҳақлиги баёни

 

Яна билгинки, Ҳавзи Кавсар ҳақдир, унда юлдузларча қадаҳлар – сув идишлари бордир. Сирот кўпригидан ўтгандан кейин бу сув ёқасида турадилар.  Халқни –  инсонларни  бу  сувда  чўмдирадилар.  Токи  дўзах ғуборлари ювилиб, шу лаҳза инсоннинг кўнгли барчасидан тинади – таскин топиб, хотиржам бўлади. Кўнгли тиниб – таскин-тасалли топиб, сўнг жаннатга киради, Ҳақ таъолога юз минг шукрлар айтади.

 

ИЗОҲ. Далил – Кавсар сураси, 1-оят маъноси:  “(Эй Расулим!) Шубҳасизки, Биз сизга Кавсарни ато этдик”.

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам меърожда ўзларига охиратда ато этиладиган Кавсар анҳори кўрсатилганини айтганлар (Забидий, “Саҳиҳи Бухорий” шарҳи, XI, 1761-1762-ҳадислар).

Имом Бухорий (раҳматуллоҳи алайҳ), “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” (“Саҳиҳи Бухорий)дан ҳадислар:

 

4964-ҳадис. Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳу айтдилар: «Жаноб Пай­ғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам осмонга (меърожга) чиқарилганларидан кейин, бундай деб ҳикоя қилдилар: «Бир дарё (сув) олдига келдим. Унинг икки қирғоғи ичи ғовак марвариддан ишланган. Мен ҳазрат Жаброилдан: «Бу нима?» – деб сўраганимда, у киши: «Бу (Ҳавзи) Кавсар», – деб жавоб бердилар».

 

1196-ҳадис. Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менингг уйим билан минбарим ораси жаннат боғларидан бир боғдир! (Охиратда) минбарим Ҳавзи Кавсарим устида (ёқасида) бўлади», – дедилар».  

 

1344-ҳадис. Ҳазрати Уқба ибн Омир ривоят қиладилар: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд жангида шаҳид бўлганларга ўз ажали билан ўлган майитга ўқигандек жаноза ўқидилар. Сўнг, минбарга чиқиб: «Мен сизлардан аввал бориб (жаннатдан жой) тайёрлаб турувчиман ва мен сизларга (иймонларингиз ва яхши амалларингизга) гувоҳман. Аллоҳга қасамки, ҳозир мен Ҳавзи Кавсарни кўриб турибман, менга Ер хазиналарининг калитлари (ёки «Ер калитлари», – дедилар шекилли) топширилди. Аллоҳ ҳаққи, мен вафотимдан кейин сизлардан хотиржамман, фақат, мол-дунё кетидан қувмасангизлар, деб қўрқаман», – дедилар».

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани “Оқ қамиш” овул фуқоралари йиғинидаги “Мискин бобо” масжиди янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсутдин Бауатдинов, Тўрткўл тумани ҳокими Рустам Шамуратов, имом-хатиблар, нураний отахонлар, “Оқ қамиш” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси иштирок этди.

Тадбирда қозиёт қозиси Шамсутдин домла Бауатдинов масжид барпо қилиш қанчалик савобли амал экани, юртимизда диний соҳадаги ижобий ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берди, ушбу масжид қурилишига кўмак берган барча инсонларга катта ташаккур билдирди.

Маълумот учун, “Мискин бобо” жоме масжидининг эски иморати 1930 йиллари лойдан қурилган, бугунга келиб авария ҳолатига келиб қолган эди. Шундан сўнг маҳаллий ҳокимият ва тегишли ташкилотлар рухсати билан “Мискин бобо” масжидининг юридик манзили ўзгартирилмасдан, янги биноси қуриш ишлари бошлаб юборилди. Ҳудуд аҳолиси, маҳаллий тадбиркорлар ва туман ҳокимиятининг кўмаги билан мазкур масжиднинг янги иморати 4 йил давомида қуриб битказилди.

Масжидларни обод қилиш тоат-ибодатлар билан ҳамда ўша масжидларни яхшилаб қуриб, таъмир этиб, пок сақлаб, муҳофаза қилиш билан бўлади.
Қуръони каримда марҳамат қилинади: (У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч  тасбиҳ айтурлар” (Нур сураси, 36-ояти).

Куни кеча Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги Мўйноқ тумани “Қазақдаря” овул фуқоролар йиғини ҳудудидаги “Қорақум эшон” жоме масжидини давлат рўйхатидан ўтказгани ҳақида хабар берган эдик.

Аллоҳ таоло ушбу масжидларни қиёматга қадар мўмин-мусулмон халқимизга хизмат қилишини насиб қилсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Нафс ислоҳ қилинса, Шайтон ғулу қилолмайди. Инсоннинг асл душмани ўз ичидадир, у кўп нарсалар истайди. Болаликдан бошлаб ҳали қанд-қурс, ҳали шакар, ҳали хўрозқанд ёки ўйинчоққа эга бўлиш истаги уйғонади. Бажарамиз, бажарамиз... Нафс эса истакларининг бажарилишига одатланади... Бу истаклар битта эмас, иккита эмас, кўп...

Ана шу нафс истакларининг талабини тўхтата билиш лозим. Тўхтатиш учун ҳам нафсни тарбия қилиш керак! Инсон ўзига ўзи: «Ҳа, чиройли, кўнглим жуда  истайди, аммо олмайман, чунки – ҳаром». «Ҳа, уйқу кўп  ширин, кечқурун жуда кеч  ётдим, туришга қийналаман, аммо туришим ва намозни ўз вақтида ўқишим шарт», – дея олиши керак.

Инсон ўз нафсини енга билиши керак. Тасаввуф, бу – инсон ўз нафсини енгиб, Аллоҳнинг амрини бажариш ҳолига келмоғи, гуноҳлардан қочиш ҳолига келмоғидир...» Шайтон масаласидан ҳам кўра муҳимроқ бу!.. Зотан Шайтон инсонга тўғридан-тўғри бўйинтуруқ уриб, занжирлаб,  боғлаб, судраб етакламайди.

«Юр, сени асир олдим», – деб банди қилиб, гуноҳ ерларга судраб кетмайди. Шайтон: «Уни қил, буни қил...» деб таклиф қилади. Буни «Шайтон васвасаси» деймиз. Шайтон ёмон, хунук ишларни чиройли кўрсатади. Нафс уни бажаради... Нафс ёмон иллатларни хушлаган пайтида агар инсон уни жиловламаса, нафс ёмон  ишлар қилади. Шундай қилиб, Шайтон панада қолади. Инсоннинг энг катта душмани нафси бўлади.

Энг улуғ жиҳод – инсоннинг нафси, хоҳиш-истакларига қарши жиҳодидир. Нафснинг орзулари кўп ва кучлидир... Бу орзулар беш поғонадан иборат бўлади:

  1. Кичикликдан балоғат ёшига қадар еб-ичиш, томоқ дарди... Мен набирамдан: «Қўлингдан тутиб, баққолнинг олдига олиб борсам, нима истайсан?», – деб сўрасам, «Қанд, шоколад, бодроқ», – дейди. Яъни еб-ичиш орзуси... Болаларда шундай...
  2. Балоғат ёшига етган вақтда унаштирилмоқ, уйланмоқ орзуси... Бировга ёққиси, бировни ёқтиргиси келади. Ўзи ёқмаса, хафа бўлади... Бу орзулар жуда кучли... Булар инсонни оқибати хунук вазиятларга рўпара қилади. Томоққа муҳаббат қўйиш ҳам бахтсизлик келтиради. Ҳаром едиради, ўғрилик қилдиртиради ва ҳоказолар. Бу истакларга бардош бериш жуда қийин....
  3. Энди одатий удумларга кўра оила ҳам қурди дейлик... Бундан сўнг турли сарф-харажатлар: уй-рўзғор, кийим-кечак харжлари, хотиннинг, болаларнинг эҳтиёжлари, уй ижара бўлса, унинг ҳаққи бор... Бу вақт иши пул билан боғлиқ бўлиб қолади. Мол-мулк истаги пайдо бўлади. Буни ҳамма ҳам севади. Пулни яхши кўрмаган, мол-мулкни севмаган инсон йўқ... Бу ҳам нафснинг орзуси, бу ҳам кучли бир орзу... «Молмулким кўп бўлсин, пулларим, бойлигим кўп бўлсин, улар билан нималар қилишим мумкин?», – дея орзулашлар бор... Бу кучли, қаттиқ истаклар ҳам инсонларга кўп оғир оқибатлар келтиради.
  4. Кишининг мол-дунёси кўпайгандан кейин уни: «Пулим бор, ҳамма нарсам бор, нега бир партияга кириб фалон бир депутат бўлмайсан? Бундай ишлар қилмайсан, ундай ишлар қилмайсан», – дея, мавқе – мақом ҳирси – орзу-ҳавасларни қондириш ҳирси чулғаб олади. Бу – жуда куч-қудратли бир орзудир...

Бу мавқе – мақомлар учун жуда кўп талашиш-тортишишлар, махфий мужодала, яъни курашлар, жанглар бўлади, зимдан адоватлар, панд беришлар, фитналар, ихтилофлар бўлади... Подшонинг ўғли отасига исён қилиб, отасини тахтдан ағдаради, унга энг пойгакдан жой бериб қўяди....

  1. Оқибатда бу мавқе – мақом ҳирси энг буюк арбоб-бош бўлиш орзусини қитиқлайди. Буни «ҳубби риёсат» – бошлиқ бўлиш ишқи дейдилар. Бу – мавқе мақом ҳирсининг энг юқори даражаси...

– Мана, сен ҳам депутатсан!

– Ҳа, аммо депутатман. Бировнинг измидаман...

Жуда ҳазилкаш бир профессор биродаримиз бор бу ерда. Унга тўрт-беш партиядан «бизга аъзо бўлинг», деган таклиф тушибди. У айтибдики: «Мен бундай депутатларнинг «босма тулумба»[1] бу мажлисига кирмайман. Яъни «Хўп бўлади, – дегину маишатингни қилавер» тарзидаги бир фаолият бўлгани учун истамайман!», – дебди.

Депутат! Аммо депутатлик етмайди. Директор, мудир, вазир, аммо у ҳам етмайди... Президент бўлгиси келади. Иш-орзулар мана шу тахлит давом этади...

 

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

 

[1] Босма тулумба - сув чиқарадиган қўл насоси. Зарурият бўлса, босиб-босиб сув чиқарилади...

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Араб тили факультети талабалари келиб, олийгоҳ фаолияти билан танишдилар.

Меҳмонларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхона мудири ва институт Ахборот-ресурс маркази ходими Камолиддин Маҳкамов таълим муассасасининг ўқув, илмий ва ташкилий фаолияти тўғрисида маълумот берди.

Шунингдек, талабалар Институтнинг бой кутубхонасидаги ноёб ва машҳур китобларни ҳам кўздан кечирди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Вторник, 23 Февраль 2021 00:00

Энг гўзал ғазал шарҳи

2. Жон бериб ширин-у муҳлик
жоҳ учун – илгингда тийғ,
Назъ вақти шарбати
марг истаб айлайсен низоъ.

“Қўлингда тиғ ушлаб, ханжар, пичоқ, қилич каби нарсаларни кўтариб, ширин, ёқимли, лекин ҳалокатга элтувчи мансаб-мавқе учун, мол-дунё учун, обрў-эътибор учун елиб-югурасан. Ҳолбуки, назъ вақтида, жон чиқар вақтида, жон талвасаси, ўлим аччиғи онида, азобга чидай олмасдан, ўлим шарбатини истаб, орзу қилиб, талашиб-тортишиб қоласан”.

Модомики шундоқ экан, ўлим келмай туриб, ҳаётни ғанимат бил. Ўз ҳаётингни қадрламоқчи бўлсанг, ўзгалар ҳаётини қадрла. Ўткинчи ҳаёт мақе-мартабаси учун, мол-дунё учун ўз ҳаётингни ҳам, ўзгалар ҳаётини ҳам хатарга қўйма. Агар бу дунёнинг пашша қанотича қадри бўлса эди, Ҳақ таоло куфр аҳлига бир қултум сувни ҳам раво кўрмасди.

Мирзо Кенжабек,
“Навоий муҳаббати”
китобидан.

Мақолалар

Top