muslim.uz
Ўқувчи болаларга мактаб формаси ва ўқув анжомлари ҳадя қилинди
Ўзбекистонда 14 сентябрдан бошлаб яна 2300 дан ортиқ мактаб очилиб, уларда анъанавий таълим бошланди. Аксарият мактабларда анъанавий таълим октябрь ойига қадар тикланиши кутилмоқда. Бунда мактабларни очиш ҳақидаги қарор индивидуал тарзда жойлардаги ҳақиқий ҳолат ҳамда соғлиқни сақлаш тизими хулосаларига мувофиқ, маҳаллий кенгашлар депутатлари рухсатидан сўнг қабул қилинади.
Болаларнинг қувончи чексиз ахир, пандемия уларни олти ойдирки, мактаб синфхоналари, дўстларидан йироқлаштириб турибди. Насиб бўлса, ҳар тонг яна билимлар маскани сари ошиқишади.
Ургут туманида жойлашган “Шайх Мухиддинхон” жоме масжиди имом-хатиби Нодир Турсунов хайрли ишга бош бўлди. “Чорчинор” маҳалласидаги тадбиркорлар кўмагида карантин шароитида мактаб бозорига етарлича тайёргарлик кўра олмаган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуролларини ҳадя этишди. Эндиликда бу болажонлар ҳам бошқа дўстлари қаторида янги уст-бош, ўқув қуроллари билан дарсларни бошлашади.
Ҳадиси қудсийда: “Қайси бир инсон бировнинг оғирини енгил қилса, ҳожатини раво қилса, Мен ўша инсоннинг оғирини охиратда енгил қиламан, ҳожатини раво қиламан”, - деб Аллоҳ таоло ваъда қилгани баён этилган. Яхшилик ва хайру саҳоват ишлари доимо дилларга қувонч улашиб, Яратганнинг розилиги, бараканинг кўпайиши, балоларнинг кўтарилишига сабабчи бўлсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
ДИҚҚАТ: Абитуриентларнинг рухсатнома олиш тартиби
?Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентлар Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларига кириш РУХСАТНОМАСИни Диний идоранинг qabul.muslim.uz сайти ва @qabulmuslimuz_bot ёки @qabulmuslimuz2_bot телеграм ботлари орқали юклаб олишлари мумкин. Бунинг учун абитуриент паспорт серияси рақамини тегишли жойга ёзади ва рухсатномани олади.
❗️Мадрасаларга Абитуриентлар тест синовларига шахсини тасдиқловчи паспорти ва рухсатнома билан келишлари талаб этилади. Мазкур ҳужжатлардан бири бўлмаган тақдирда, абитуриент тест синовларига киритилмайди.
? Абитуриентнинг қайси сменада тест синовларини топшириши рухсатномада кўрсатилган.
? Қабул имтиҳонларига оид энг сўнгги маълумотларни диний идоранинг https://t.me/muslimuzportal телеграм канали орқали хабардор бўлиб боринг!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
@muslimuzportal
Қобил қори Тошпўлатов: Ибодатда карантин қоидаларига амал қилайлик
Хушхабар: халқимизга яна бир янги масжид муборак бўлсин!
Шу йил 11 Сентябр куни Наманган вилояти Адлия бошқармаси “Усмон Зуннурайн” жоме масжидини расмий рўйхатдан ўтказиб, бу ҳақдаги гувоҳномани масжид ходимларига топширди. Ушбу масжид вилоятдаги Наманган шаҳридаги “Келажак тонги” МФЙ, Бодомзор кўчаси, 20-уйда жойлашган.
Маълумот учун, “Усмон Зуннурайн” масжидининг очилиши билан Намангандаги масжидлар сони 188 тага, Республикамиздаги масжидлар сони эса 2074 тага етди.
Аллоҳ таоло ушбу масжидни юртдошларимизга муборак қилсин. Ана шундай хайрли ишларнинг барокатидан башарият бошига келган вабони бутун дунёдан, хусусан, юртимизда кўтарсин, беморларимизга комил шифо берсин, барчамизни паноҳида сақласин. Юртимизда масжидлар очилишига сабабчи бўлатган инсонлардан Ҳақ таоло рози бўлсин, бундай хайрли ишларни бардавом айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакиллигининг Матбуот хизмати
АЙТИЛГАН (ЁЗИЛГАН) ГАП – ОТИЛГАН ЎҚ! Ҳушимиз борида кўзимизни очайлик!
Инсон бу дунёда жисмонан соғлом бўлиб яшаши учун сув ва ҳавога қанчалик муҳтож бўлса, маънан миллий қадриятларга, маърифатга шунчалик эҳтиёж сезади. Бу қадриятларнинг, маърифатнинг илдизи Ислом таълимоти билан суғорилган бўлса, икки карра саодатдир! Аксинча бўлса, қашшоқликдан бошқа нарса эмас.
Сўнгги пайтларда интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда, босма нашрларда тарқатилаётган хабарлар, мақолаларни ўқиб, кишининг ҳайрати ошади. “Ўргимчак тўри” шунчалар ривожландики, фикрингиз бўғзингиздан товуш бўлиб чиқар-чиқмас, бутун дунёга тарқалиб кетяпти. Бу – яхши, албатта: мақолани кўрасиз, кузатасиз, ўқийсиз, уқасиз ва хулоса чиқарасиз.
Бугун мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида оммавий ахборот воситалари эркинлиги таъминланиб, халқнинг чинакам минбарига айлантирилаётган бир пайтда, асоссиз “шов-шувлар” кетидан қувиб, ўқувчиларни чалғитиш, муқаддас динимизнинг софлигига путур етказишни касб қилиб олаётганлар ҳалиям борлиги кишини ўйга толдиради.
Минг афсуски, сўнгги вақтларда айрим нохушликларни Ислом шиорлари билан боғлаб ёритиш – “масжид бундай бўлди”, “имом бундай қилди” дейиш ҳолатлари учраётгани кишини ташвишга солади. Булардан мақсад нима? Шундай нобакор йўл орқали, яъни диний қадриятлар шаънига путур етказиш эвазига арзонфуруш мақола билан омманинг эътиборини жалб қилишдан кимга нима наф?..
Хўш, аслида танқид қандай бўлиши керак?
Келинг, маърифатпарвар боболаримизнинг ёзганларига қулоқ тутайлик. Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Мажалла (ойнома) ва жаридалар(рўзнома)нинг катта бир хосияти танқид, яъни сараламоқдур. Саррофлар ақчани, тужжорлар матоъни саралаганидек, муҳаррирлар ҳам умумий ҳол ва маишатға тааллуқ нимарсаларни саралайдурки, бошқа сўз ила “танқид” аталур”, (“Ойна” журнали, 1914 йил 32-сон) деган.
Танқид ўринли, асосли, жамиятда урчиган иллатларга муросасиз бўлиш, инсон манфаатларини таъминлаш, муқаддас динимиз софлигини асраш ниятида ёзилган бўлса, халқнинг таҳсинига сазовор бўлиши тайин. Бироқ миллий қадриятларимизга тош отиш, муқаддас динимиз шиорларини обрўсизлантиришга бўлган ҳар қандай уриниш оқибати ҳалокатли(!)дир.
Кўнглидан ўтган фикрни ақл тарозисига солмай, мулоҳаза қилиб пишитмай, динимиз мезонларига риоя қилмай, тайёр хомашё сифатида сохта обрў орттириш илинжида мақолага киритиб юбориш танқид эмас. Ахборот тезлиги асрида айтилган гап – отилган ўқ. Бориб теккан, ўрнашган жойини куйдириб юборганидан сўнггина ҳушимизга келамиз.
...Айрим мақолаларда келтирилган фактлар масжиддан анча олисда содир бўлган эса-да, сарлавҳага “масжид” сўзи олиб чиқилган. Халқимиз “Аллоҳнинг уйи” дея меҳр ила улуғлаб, эъзозлайдиган, азизу муқаддас ва табаррук жойни инсон айтишга ҳам уяладиган сўзлар билан ёнма-ён ишлатишга ҳеч ким(!)нинг ҳаққи йуқ!!!
Қандай вазифада ишлаши ёки ижтимоий мавқеидан қатъи назар, Ислом шиорларини ёмонотлиқ қилишга уриниш – халқ мутлақо кечирмайдиган қинғир иш ва асрлар давомида эсидан чиқармайдиган нарса! Айрим кишилар матбуот соҳасидаги эркинликни суистеъмол қилиб, ҳурмат-эҳтиром каби инсоний туйғулар, шарқона одоб-аҳлоқ, миллий-диний анъаналар, ўлмас қадриятлар ва умумбашарий қонун-қоидалар каби олий мезонларга риоя қилмаётгани – хавотирли ҳолатдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)” (Қоф сураси 18-оят), деб баён қилган.
Бошқа бир ояти каримада эса: «Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!» (Ҳужурот сураси 6-оят), деб марҳамат қилинади.
Ушбу ояти карималардан журналистнинг айтганлари ва ёзганларини кузатувчи фаришталар борлиги, вақт-соати етиб “дафтар кўтарилганда”, бугун ёзганлари эртага ўзларининг фойда ёки зарарларига ҳужжат бўлишини тушуниш учун Ислом таълимоти шарт эмас, балки ота-онасидан олган тарбияси (агар олган бўлса) етиб ошади. Шундай экан, ҳар қандай нохуш ва бемаъни материалларни одамларни ҳайратга соладиган қилиш учун Ислом шиорларига қасддан боғлашдан сақланиш керак!
Ҳар қандай нохуш ва бемаъни материалларни одамларни ҳайратга солиш мақсадида қасддан Ислом шиорларига боғлаб ёзишлик – аслида халқимизнинг ҳам, динимизнинг ҳам дўстини иши эмас!
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам муборак ҳадиси шарифларида: “Эшитган нарсасини гапиравериши кишининиг гуноҳкор бўлишига кифоя” (Имом Муслим ривояти), дейилган. Демак, эшитган нарсани ёзавериш, билиб-билмай динимизни маломат қилавериш кечирилмас гуноҳ (!) ҳамда катта ва оғир жиноят экани ойдинлашади.
Ҳаммани лол қолдирадиган ё кенг оммани жалб этадиган материал ёзаман дея, арзон шуҳратга учиб, Ислом шиорларига зарар етказиш – журналистика этикасига ҳам, миллатимиз ахлоқига ҳам, муборак динимиз таълимотига ҳам мутлақо тўғри келмайди!
Ҳар бир сўзимизни ёзишга чоғланар эканмиз, онгимизда Яратган Парвардигоримиз – Аллоҳ таоло ва Унинг Расулининг бизни огоҳлантирган каломлари, аждодларимиз ибрати, Ислом дини қадр-қиммати шаклланса, сўз айтиш масъулиятини янада теранроқ англаган бўлар эдик. Зотан, қалам аҳлларининг шарафли касбида қўлга киритадиган ютуқларини таъминловчи муҳим омил шу аслида.
Шу ўринда яна бир жиҳатни таъкидлаш керак. Оммавий ахборот воситаларига оид қонун ҳужжатларида ҳам бирор-бир ташкилот ёки шахс фаолиятига оид хабарни тарқатишдан аввал, унинг тўғрилиги ва ҳаққонийлигини текшириш қайд этилган. Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонунининг (янги таҳрири) 5-моддасида: “Оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш ҳуқуқига эга ҳамда тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади”, деб алоҳида кўрсатиб қўйилган.
Халқимиз ардоқлайдиган мўътабар масканларга шундай муносабатда бўлиш – юртимиз тинчлигига рахна солиш, халқ орасида фитна қўзғатиш ёки “кўринмас кучлар”нинг найрангига учишдан бошқа нарса эмас. Бундай хатолар такрорланмаслиги учун муқаддас динимиз шаънига путур етказаётган кимсаларга етти ўлчаб, бир кесмаса, ишини Худонинг Ўзи “тўғрилаб” қўйиши мумкинлигини эсларидан чиқармасликларини таъкидлаймиз.
Бугунги “шуҳрат”чанинг кетидан қувиб, “миш-мишлар”га учиб, уйдирма ахборот тарқатаётган, асоссиз мақолалар ёзиб, динимизни ҳақоратлаётган муаллифлар тутумида, фикру зикрида шайтоний “мен!” устувор. Улар “мен”ини кибр билан йўргаклаб олишган. Бундайларни, аввало, огоҳлантириш зарур. Шунда ҳам тийилмаса, уларга Аллоҳнинг Ўзи кифоя: агар хоҳласа, шу дунёнинг ўзида, хоҳласа, охиратда жазо беради.
Халқимиз ардоқлайдиган мўътабар масканларга, мўмин-мусулмонларимизга пешво бўлиб турган устозларимизга шу каби муносабат билан ёндошиш – юртимиз тинчлигига раҳна солиш, халқ орасида фитна қўзғатиш ёки “кўринмас кучлар”нинг найрангига учиш, деб ҳисоблаймиз.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, жаннатмакон юртимизда туғилиб ҳам, муқаддас Ватанимиз тупроғида яшаб ҳам, доно халқимиз чин ихлос билан эътиқод қилаётган динда бўлиб ҳам, Ислом дини қадриятлари, шаъни ва қадр-қимматини таратаётган уламоларимизни обрўсизлантиришга қаратилган қилиқлар кимга бўлса ҳам умуман ярашмайди!
Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия этган, ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган, халқимизни хурсанд қиладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари