muslim.uz

muslim.uz

 

Масулиятсизлик: дангасалик, бепарволик ва бехафсалалик каби иллатларга олиб борувчи энг буюк воситалардандир. Масулиятдан ўзини олиб қочиш, бўйинга (гарданга) олмаслик ва уни хис қилмаслик бу, мажбурият ва вазифаларни бажариш ҳамда амалга ошириш йўлида дангасаликка олиб келади.

Шунингдек, масулият деганда фақатгина муайян кишиларни вазифаси деган хатарли тушунчага бориб қолинади.

Ваҳоланки инсон унга берилган ҳар бир неъматга нисбатан масул яъни жавобгардир. Албатта, қулоқ, кўз ва дил — ана ўшалар, масъулдирлар. (Исро 36) Бир маънода ҳисоб-китоблидир.

Аллоҳ таоло инсониятни амонатдорликка жавобгар қилиб қўйди. Бу борада Қуръони карима шундай дейилади: Албатта, Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик. Бас, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Уни инсон кўтарди. Дарҳақиқат, у ўта золим ва ўта жоҳилдир. (Аҳзоб 72)

Бу омонат нима эди, деган саволга уламоларимиз ушбу оятдан ва бошқа манбалардан келиб чиқиб: «Шариат таклифлари ва Аллоҳнинг фарзлари», деб жавоб берадилар.

Дарҳақиқат, инсон жинси (ҳамма эмас, албатта) ўта золимдир. Ўзига юклатилган ва ўзи қабул қилган омонатга мувофиқ иш юритмасдан ўзига ўзи зулм қилади. Инсон жинси ўта жоҳилдир, шунинг учун ўзи рози бўлиб, қабул қилиб олган омонатнинг улканлигини билмасдан, унга хиёнат қилади.

Натижада динимизда таклиф қилинган ишларни амалга оширишга нисбатан бепарволик, дангасалик қилинишини кўрамиз.

Масалан: динимизни ўрганиш ва ўргатиш, амал қилиш, кишиларни даъват қилиш ва бу йўлдаги азиятларга сабр қилиш.

Бугунги кунда кўпчилик мусулмонлар юқоридаги масалалар борасида қайғурмай, аҳамият бермай қўймоқдалар. Гўёки бу ишлар уларни қизиқтирмайди ва уларнинг иши ҳам эмас, уларга муҳим ҳам эмас ёки вақвтлари ҳам йўқдай. Бунинг оқибати нима бўлаётганлиги ҳаётда ҳаммамиз учун маълум бўлиб бормоқда.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Огоҳ бўлинглар. Ҳар бирингиз масулдирсизлар ва ҳар бирингиз ўз қавмига масулдир. Подшо ўз фуқороларига масулдир. Киши аҳли байтига масулдир. Аёл эса уй эгаси (эри)га ва унинг болаларига масулдир. Хизматкор (қул) эгасининг молига масулдир. Огоҳ бўлинг! Ҳар бирингиз масулдирсиз ва ҳар бирингиз ўз қавмига масулдир!”, дедилар. (Имом Бухорий ривояти)

Демак, ҳар биримиз ўз оиламизга масулдирмиз. Бу - ҳар бир инсон холатидан келиб чиқиб, қўлостидаги инсонлар учун масулдир. Бу борада дангасаликка йўл қўйиш эса, хиёнатдир.

Агар ҳар бир инсон унга юкланган ишларда масулиятсизлик қилса ёки ўзини олиб қочса нафақат бир кишига балки бутун жамиятга санаб бўлмас даражада қийинчиликларни туғдиради.

Азиз ватандошлар! Келинг, барчамиз ўзимизга юкланган ишларда масулият билан ёндошган ҳолда, жамиятимиз ва юртдошларимизга фойдали бўлишга ҳаракат қилайлик!

“Шайх Зайниддин” масжиди имом-хатиби Абдураҳмонов Яҳё Убайдуллоҳ ўғли

 

Шу йил 20 август куни Сурхондарё вилояти Адлия бошқармаси “Варроқ Термизий” масжидини расмий рўйхатдан ўтказиб, бу ҳақдаги гувоҳномани масжид ходимларига топширди. Ушбу масжид вилоятдаги Термиз тумани “Янги ҳаёт” маҳалласида жойлашган. Унинг номи буюк аждодимиз Варроқ Термизий ҳазратлари номига қўйилди.

Маълумот учун, “Варроқ Термизий” масжидининг очилиши билан Сурхондарёдаги масжидлар сони 115 тага, Республикамиздаги масжидлар сони эса 2072 тага етди.

Бир неча кун олдин Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги “Ҳилол” масжиди рўйхатга олингани ҳақида хабар берган эдик.

Аллоҳ таоло ушбу масжидни юртдошларимизга муборак қилсин. Ана шундай хайрли ишларнинг барокатидан башарият бошига келган вабони бутун дунёдан, хусусан, юртимизда кўтарсин, беморларимизга комил шифо берсин, барчамизни паноҳида сақласин. Юртимизда масжидлар очилишига сабабчи бўлатган инсонлардан Ҳақ таоло рози бўлсин, бундай хайрли ишларни бардавом айласин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Ўзбекистон Республикасниинг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги  янги таҳрирда қабул қилиниши кўзда тутилаётган қонун лойиҳаси бир қатор янги ҳуқуқий нормалар билан мустаҳкамланмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси деярли ҳаволаки нормаларсиз ҳар бир шахснинг виждон эркинлиги ва диний эътиқод ҳуқуқини, динга муносабатидан қатъий назар фуқароларнинг тенглигини таъминлаш, шунингдек, динлараро ҳамда миллатлараро тотувликни сақлаш мақсадида ваколатли давлат органлари ва диний ташкилотлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солувчи содда ва ихчам тарзда ёзилган ҳуқуқий нормаларни ўз ичига олган.

Биринчидан, рўйхатдан ўтувчи диний ташкилот таъсис ҳужжатларини нотариал тартибда тасдиқлаш тартиби бекор қилинмоқда (ҳозирда нотариал тасдиқланиши талаб этилади).

Иккинчидан, рўйхатдан ўтказувчи органга диний ташкилотни ташкил этиш бўйича таъсис йиғилиши (конференцияси) ўтказилган кундан бошлаб олти ой мобайнида уни рўйхатдан ўтказиш учун электрон мурожаат юборилиши назарда тутилмоқда ( амалдаги норматив ҳуқуқий ҳужжатда бу муддат 3 ой этиб белгиланган).

Учинчидан, рўйхатдан ўтувчи марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасалари учун 18 ёшга етган камида 100 нафар ташаббускорлар бўлиши талаби олиб ташланмоқда.

Тўртинчидан, маҳаллий диний ташкилотлар  учун 18 ёшга етган камида 100 нафар ташаббускорлар сони 50 нафарга туширилмоқда.

Бешинчидан, амалдаги қонуннинг 14-моддасидаги Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришлари билан боғлиқ норма чиқариб ташланмоқда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида кўпгина тартиб таомиллар янада соддалаштирилган. Хусусан, диний ташкилотларни рўйхатдан ва қайта рўйхатдан ўтказиш бўйича мурожаатлар электрон тарзда амалга оширилиши қатъий белгиланган.

Шунингдек, қонун лойиҳасида бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда, унинг нормаларини тўғридан-тўғри бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мурожаат қилмасдан ҳаётга тадбиқ этиш мумкинлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

Қонун лойиҳасини янада такомиллашитириш юзасидан қўшимча ёзма таклифлар билдирилади.

ЎМИ Ҳуқуқшунослик бўлими

Бугун, милодий 20 август куни Муҳаррам ойининг биринчи санаси бўлиб, ҳижрий-қамарий ҳисобдаги янги йил – 1442 йил бошланади. Одатда бу муносабат билан мусулмонлар бир-бирларини табриклашади.  

Луғатда “муҳаррам” сўзи ҳурматланган, ҳаром қилинган, улуғланган маъноларини англатади. Демак, Муҳаррам ҳурматли ой экан.  

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ойларнинг сони Аллоҳнинг осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг” (Тавба сураси, 36-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни шарҳлаб: “Бу тўрт ой – Зул қаъда, Зул ҳижжа, Муҳаррам  ва Ражабдир...” деганлар (Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти). 

 Шу боис ушбу ойларида мўмин-мусулмонлар бир-бирларини ва бошқа дин вакилларини ранжитиб қўйишдан жуда эҳтиёт бўлишлари зарур. Унинг ўрнига бу ойда ҳар кимнинг ҳурматига риоя қилиши лозим.

Дарҳақиқат, муҳаррам ойи Рамазондан кейинги мартабада туради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазондан кейинги энг афзал рўза, Аллоҳнинг Муҳаррам ойи рўзасидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, дедилар. Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.  

Муҳаррам ойида энг улуғ кунлардан бири – Ашуро куни бор. У араб тилида “Ашур” – “ўнинчи” деган маънони билдиради. Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ “Танбиҳул ғофилин” номли китобларида Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтадилар: «Ашуро куни Одам алайҳиссаломнинг тавбалари қабул қилинган, Нуҳ алайҳиссалом кемадан тушиб, бунинг шукронасига рўза тутган, Фиръавн ғарқ этилиб, Бани Исроилга денгиз ёрилган ва шунинг учун улар рўза тутган кундир. Сен ҳам ўша куни рўза тутишга қодир бўлсанг, албатта тутгин».

Демак, шу куни инсоният тарихида жуда кўп муҳим воқеалар содир бўлган экан. Унинг шукронасига ўша куни ўтган пайғамбарлар ва уларнинг қавми рўза тутишган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳивасаллам Мадинага келганларида яҳудийларнинг Ашуро куни рўза тутаётганини кўриб: «Нима бу? (яъни, нима учун рўза тутяпсиз?)», дедилар. Улар: «Бу яхши кундир. Бу кунда Аллоҳ таоло Бани Исроилга душманларидан нажот берган. Шунинг учун Мусо рўза тутган», деб жавоб беришди. Шунда у зот: «Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман»,  дедилар ва шу куни рўза тутдилар ҳамда бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар (Имом Бухорий ривоят қилган). Демак, айни шу куни мусулмонлар ҳам рўза тутиши лозим.

Яна бир ҳадиси шарифда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ашуро куни рўза тутинглар ва унда яҳудийларга хилоф қилинглар. Ундан олдин бир кун ёки ундан кейин бир кун рўза тутинглар», ­ дедилар (Имом Аҳмад ривоят қилган). Шунга кўра, уламолар Ашуро кунининг рўзасига ундан олдин ёки ундан кейин яна бир кунни қўшиб рўза тутиш мустаҳабдир, дейишган.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳивасаллам: «Ашуро кунининг рўзасини олдинги йил (гуноҳлари)га каффорат бўлишини Аллоҳ таолодан умид қиламан», дедилар» (Имом Термизий ривоят қилган). Бундай улкан савоб Аллоҳ таолонинг фазли-раҳматидир.

Уламолар беш вақт ва жума намози, рамазон рўзаси ва фазилатли кунлардаги рўзалар каби ибодатлар аввал кичик гуноҳларга каффорат бўлади, кейин эса катта гуноҳларни ҳам ювади, сўнгра банданинг даражаси кўтарилишига сабаб бўлади, деганлар.

Демак, улуғ муҳаррам ойида нафл ибодатларни кўпайтирсак, жумладан, ундаги Ашуро куни ва ундан бир кун олдин ёки кейинги кун нафл рўза тутсак, кўплаб ажру мукофотларга сазовор бўламиз, иншааллоҳ.

Ашуро кунининг яна бир ажойиб фазилати бор. Мўмин-мусулмонлар бу кунларда рўзғорни бут қилиб қўйиши суннатдир. Оила аъзолари учун одатдагидан кенг-мўл сарф-харажат қилса, Аллоҳ таоло бу куннинг ҳурматидан унга йил бўйи кенглик қилиб беради.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, деганлар (Имом Тобароний ва Имом Байҳақийлар ривояти).

Аллоҳ таоло муҳаррам ойи кириши билан бошланадиган 1442 ҳижрий йилни барчамизга муборак қилсин! Бу йил ҳаммамиз учун хайру барака йили бўлишини насиб этсин.

Манбалар асосида

Баҳриддин Хушбоқов

тайёрлади.

Ўзбекистон – қадимдан турли миллат ва элат ҳамда конфессия вакиллари ўзаро тинч-тотув яшаб, ўз диний ибодат ва расм-русумларини эмин-эркин бажариб келган бағрикенг диёр сифатида қадрланади. Ана шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси амалдаги сиёсатининг устувор вазифаларидан бири – виждон ва дин эркинлигини таъминлаш ҳисобланади. Шунга кўра, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши – ушбу соҳадаги ҳуқуқий асосларни яратиш ва доимий такомиллаштириш нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасининг http://parliament.gov.uz веб-сайтида янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди. Қонун лойиҳасини такомиллаштиришда жамоатчилик фикрини олиш мақсадида лойиҳа сайтнинг “Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари” рукнига жойлаштирилган.

Шунингдек, ушбу Қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифларни Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра. манзилига йўллаш мумкин экани ҳам маълум қилинган.

Ушбу қонун лойиҳаси ҳақида гап кетганда, аввало, уни ишлаб чиқишда қўшни давлатлар, шунингдек яқин ва узоқ хориждаги диний вазият, шунингдек, Ўзбекистон халқининг кўп асрлик ўзига хос тарихи, маданий-тарихий анъана ва қадриятлари инобатга олинганини алоҳида қайд этиш лозим.

Қолаверса, ушбу Қонун лойиҳасини тайёрлашда халқаро меъёрлар ва талаблар, биринчи навбатда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг умумий тартибдаги шарҳлари инобатга олингани диққатга сазовор.

Мазкур қонун лойиҳаси мутахассислар томонидан барча ҳамкорлар, шу жумладан, Бригам Янг университетнинг Ҳуқуқшунослик ва диншунослик бўйича халқаро марказидаги америкалик экспертлар тавсияларини ўрганган ҳолда янада такомиллаштирилди ва қўшимчалар киритилди. 

Энди, бевосита янги таҳрирдаги Қонун лойиҳасида кўзда тутилган қуйидаги асосий янгилик ва ўзгаришларга тўхталсак:

– диний соҳадаги қонун ҳужжатларида қўлланиладиган асосий тушунчаларга таъриф берилди;

– виждон эркинлигини таъминлашнинг ва диний ташкилотлар фаолиятининг асосий принциплари белгиланди;

– виждон эркинлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди;

– ҳар бир шахснинг диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиши, шунингдек, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ўз фарзандларига диний амалиёт асослари ва одоб-ахлоқ қоидаларини (уй шароитида диний таълим бериш) ўргатиш ҳуқуқи белгиланди;

– диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни таъминланишининг кафолатлари, шу жумладан юқори турувчи орган ёки судга мансабдор шахсларнинг диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) бўйича улар судга мурожаат қилганда, давлат божини тўлашдан озод этилиши мустаҳкамлаб қўйилди;

– диний ташкилот раҳбарлигига кўрилаётган чет эллик фуқаро номзодини Дин ишлари бўйича қўмита билан келишиш талаби чиқариб ташланди;

– диний ташкилот раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши тўғрисидаги талаб бекор қилинди;

– давлат хизматлари кўрсатишнинг электрон тизимига ўтиш орқали диний ташкилотни тузиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби ўрнатилди, унга кўра қуйидагилар белгиланди:

·    рўйхатдан ўтиш жараёнида маҳалла иштироки бекор қилинди;

·    диний ташкилотларнинг ҳужжатларини нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинди;

·    диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасасини рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилди;

·    маҳаллий диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун талаб қилинадиган шахслар сони 100 тадан 50 тагача қисқартирилди;

·    рўйхатга олиш органи томонидан диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатларни кўриб чиқиш учун бир ойлик муддат белгиланди;

– диний ташкилотни рўйхатга олишни рад этилиши мумкин бўлган асосларнинг тўлиқ рўйхати аниқланди;

– рўйхатдан ўтказувчи органнинг диний ташкилот фаолиятини тўхтатиб қўйиш ва тугатиш бўйича ҳуқуқи чиқариб ташланди;

– қонун талабларини қўпол равишда бузган тақдирда, диний ташкилот фаолиятини олти ойгача суд орқали тўхтатиб қўйиш институти жорий этилди.

Бундан ташқари, мазкур Қонун лойиҳасида жамоат тартибини сақлаш, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи, ахлоқи, ҳуқуқлари ва эркинлигини таъминлаш мақсадида диний соҳани давлат идоралари томонидан тартибга солиниши лозим бўлган сабаблар тушунтирилган қуйидаги қоидалар ўз аксини топган:

 

·    ваколатли давлат органлари ва диний ташкилотлар ўртасида жамиятда динлараро ва миллатлараро тотувликни сақлаш бўйича муносабатларни тартибга солиш;

·    дин давлатдан ажратилганлиги принципи давлат органлари ва диний ташкилотлар томонидан бир-бирларининг ишларига ўзаро аралашмаслик шаклида белгиланди, шунинг учун давлат диний ташкилотларга бирон-бир давлат вазифаларини бажаришни юкламайди. Шу билан бирга, давлат конфессияларнинг тинч-тотувликда яшашига кафил бўлади;

·    диний соҳани тартибга солувчи давлат идораларининг ваколатлари аниқлаб берилди;

·    жамиятда конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни бузишга кўмаклашувчи миссионерлик ва прозелитизмнинг ҳар қандай кўринишларини чеклаш белгиланди;

·    диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизадан ўтказишдан асосий мақсад қилиб жамиятда конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенглик бузилишига олиб келадиган, диний зўравонлик ва бошбошдоқликка чорловчи ғояларнинг олдини олиш белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу қонун лойиҳаси инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар билан кафолатланган диний соҳада умумэътироф этилган ҳуқуқ ва эркинликлар, юртимиздаги ҳозирги диний вазиятнинг ўзига хос хусусиятлари ва бевосита Ўзбекистон шароитида динлараро муносабатларни шаклланишининг тарихий шароитларини ўз ичига олгани билан аҳамиятлидир. Шу ўринда, ушбу омилларни инобатга олмаган ҳолда мамлакатимизда яшовчи миллат ва элатлар ҳамда конфессиялар ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларининг мувозанатини сақлаб қолиш, уларнинг турлича диний эътиқодлари ва ҳис-туйғуларини ҳурмат қилишни таъминлаш мутлақо имконсиз эканини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Матбуот хизмати

Мақолалар

Top