muslim.uz

muslim.uz

Миллий гвардиянинг расмий телеграм каналида (MILLIY GVARDIYA UZ) хабар қилинган шу йил 1 май куни Сардоба омборидан сув тошиши туфайли аҳолини хавфсиз ҳудудга кўчириш ишида мардларча ҳалок бўлган Миллий гвардия ходимининг оиласи, қариндош-уруғлари ва яқинларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси чуқур ҳамдардлик изҳор этади.
Азиз юртдошлар, ушбу нохуш ҳодиса оқибатида ҳаётдан кўз юмган жасур фарзандимиз жонажон халқимиз ва она-Ватанимиз учун катта хизмат қилган юрт ўғлони сифатида ҳар доим ёдимизда қолади. Бундай раҳматли йигитнинг ҳаққига дуо қилиш, мағфират сўраш ва яқинларига тасалли бериш барчамизнинг инсоний бурчимиздир.
Элу юрт тинчлиги, халқимиз хавфсизлиги ва ўз хизмат бурчини бажариш йўлида ҳалок бўлган ушбу мард ўғлоннинг охирати обод бўлишини Ҳақ таолодан сўраймиз. Мана шундай жонбозлик кўрсатиш ишини адо этиш чоғида ҳалок бўлган инсоннинг Охиратдаги даражалари ҳам юксак бўлади, инша Аллоҳ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шаҳидлар бештадир: вабода ўлган, қорин касаллиги билан ўлган, сувга ғарқ бўлиб ўлган, қулаган нарсанинг остида қолиб ўлган ва Аллоҳнинг йўлида шаҳид бўлганлар», дедилар.
Шу ҳадиси шарифдан келиб чиқиб, сувга ғарқ бўлиб ўлган йигит, шу ҳадисга мувофиқ бўлишига ва унинг мақоми ҳам шаҳид бўлишини чин юракдан умид қиламиз.
Таъкидлаш жоизки, муҳтарам Президентимиз шу куннинг ўзидаёқ воқеа жойига етиб бориб, тўғон ўпирилиши билан боғлиқ ҳодиса оқибатларини бартараф этиш, жумладан, аҳолини зудлик билан эвакуация қилиш, уларга бирламчи яшаш шароити яратиш, зарур озиқ-овқат ва тиббиёт воситалари билан таъминлаш, тўғоннинг ўпирилган қисмини тиклаш-таъмирлаш борасида зарур кўрсатмалар бердилар.
Шундай экан, марҳум йигитнинг аҳли байтига Аллоҳ таолонинг қазои қадарини розилик ила қарши олган чинакам мўминларнинг мақомини сўраймиз, ҳақларига дуо қилиб, самимий ҳамдардлик билдирамиз.
Парвардигоримиз ҳалок бўлган жасур ўғлонни Ўзининг раҳмати ва мағфиратига буркасин, аҳли байтига сабру жамил берсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Вторник, 05 Май 2020 00:00

Қардошлик мактуби

Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули жаноблари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига Сирдарё вилоятида юз берган фавқулотда ҳолатда жабрланганларга ҳамдардлик билдириб, қўллаб-қувватловчи мактубини йўллади:
Қадрли, муфтий Усмонхон ҳазратлари,
Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятидаги аҳоли яшаш жойларини сув босгани тўғрисидаги хабар бизни ҳам катта ташвишга солди. Қозоқ халқида “Офат айтиб келмайди” деган гап бор. Тўсатдан келган табиий офат Ўзбекистондаги қанчадан-қанча фуқароларга, бизнинг биродарларимизга қийинчилик туғдирмоқда. Қозоқ-ўзбек – туғишган халқ. Биз биродарлар бошига тушган қийинчиликни бирга кўтаришиб келаётган халқмиз. Қозоғистон Республикасидаги биродарларингиз Ўзбекистонда бўлган фалокатнинг тез орада бартараф бўлишини тилайди. Аллоҳ таоло ўзбекистонлик қондош биродарлар бошига тушган синовни енгиллатиб, ўз уй-жойларига қайтишларини насиб этсин!
Ҳурматли Усмонхон ҳазратлари! Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ҳар қачон ёрдам беришга тайёр эканимизни маълум қиламиз”, дейилади ушбу мактубда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугунги кунда коронавирус пандемияси бутун дунё бўйлаб хусусан, юртимизда коронавирус касаллигининг тарқалиши ҳамда унинг олини олишга қаратилган чоралар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимиз ҳудудига коронавирусни тарқалишининг олдини олиш, қулай санитария-эпидемиологик муҳитни таъминлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида бир қатор чекловлар жорий қилинди.

Жумладан, давлат олий таълим муассасаларида, умумий ўрта, ўрта махсус, мактабдан ташқари ва мактабгача таълим муассасаларида ҳамда барча нодавлат таълим ташкилотларида таълим жараёнлари вақтинча тўхтатилиб, дарс машғулотлари онлайн шаклда давом ўтказилмоқда.

Карантин даврида вақтдан унумли фойдаланиш, кўпроқ китоб ўқиш, уйдан чиқмаслик касаллик тарқалишининг олдини олишда энг муҳим омиллардан саналади.

Коронавирус пандемияси шароитида Ўзбекистондаги диний-маърифий таълим муассасаси талабалари ўртасида таътил кунлари давомида масофавий дарслардан бўш вақтларини янада мазмунли ташкил этиш ҳамда фанлар бўйича мавжуд билимларини синовдан ўтказиш мақсадида Ҳадис илми мактаби ташаббуси билан Араб тили фани бўйича республика танлови эълон қилди.

Республика танлови жорий йилнинг 13-29 апрель кунлари 3 босқичда ташкил этилди. Танловнинг биринчи босқичи араб тили грамматикаси ривожига муносиб ҳисса қўшган аллома ва унинг асарларининг ўзига хос хусусиятлари мавзусидаги мақолалар танлови 13-18 апрель кунлари ўтказилди. Танловнинг ушбу бошқичида диний таълим муассасалари таҳсил олаётган талабалар томонидан жами 48 та мақола тақдим этилди.

Танловга тақдим этилган мақолаларни баҳолаш жараёнини янада адолатли ташкил этиш мақсадида Ўзбекистондаги 3 та олий диний таълим муассасаси – Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактабининг ўқитувчиларидан иборат баҳолаш ҳайъат таркиби тузилди. Олий диний таълим муассасаларининг ўқитувчилари тақдим этилган ҳар бир мақолани  баҳолаш меъзони асосида баҳолаб боришди.

Ўзбекистондаги диний-маърифий таълим муассасаси талабалари ўртасида танловнинг иккинчи босқичи - видео ва аудиороликлар танлови жорий йилнинг 20-25 апрель кунлари бўлиб ўтди. Танловнинг ушбу босқичида талабалар бугунги синовли кунлар давомида инсонларни ҳаёт тарзи бўйича ислом дини тавсиялари ҳамда Рамазон ойи фазилатлари, рўзанинг инсон жисми ва руҳий тарбиясидаги фойдалари мавзуларида видео ва аудиороликлар тақдим эттиши лозим эди. Ушбу босқичда талабалар уйда туриб берилган иккита мавзунинг бири бўйича тасвирга олиш воситалари: профессионал камера, планшет, шахсий компьютер, мобил телефон ва бошқа воситалар орқали видео ва аудиоролик тайёрлашди.

Танловнинг ушбу босқичида талабалар араб тилида берилган мавзунинг мазмун-моҳиятини баён қилиб бериши, мавзуни ёритишдаги нутқ маҳорати ва пунктуация қоидаларига амал қилишга эътибор қаратилди.

Араб тили фани бўйича видео ва аудиороликлар танловига диний таълим муассасалари талабалари томонидан жами 31 та материал тақдим этилди. Тақдим этилган маетриалларни Миср Араб Республикасининг нуфузли Ал-Азҳар университетидан Ҳадис илми мактаби ўқув жараёнларига жалб этилган ўқитувчилар Ҳадис илми фанлари доктори, профессор Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмон ва Балоғат ва мунозара фанлари доктори, профессор Али Саад Али Саад баҳолаш меъзони асосида баҳолаб боришди.

Танловнинг учинчи босқичи Араб тили фанидан онлайн тест синови жорий йилнинг 27-29 апрел кунлари телеграм ижтимоий тармоғи орқали соат 15:00 дан 16:00 га қадар онлайн шаклда ўтказилди. Бунда танловнинг телеграмдаги расмий манзили орқали 3 кун давомида соат 15:00 да 10 та савол эълон қилинди ва танлов иштирокчилари томонида берилган тест саволларига жавобларни соат 16:00 га қадар қабул қилиб борилди.

 Араб тили фанидан онлайн тест синовиларига диний таълим муассасаларида таҳсил олаётган жами 90 дан ортиқ талабалар иштирок этди.

Танловнинг ҳар бир босқич якунида иштирокчиларнинг баллари жамланиб, натижалар кетма-кетлик асосида танловнинг телеграмдаги расмий манзили орқали эълон қилиб борилди, танлов юкунида иштирокчиларнинг учта босқичда тўплаган баллари умумийлаштириб танлов ғолиблари аниқланади.

Давлатимиз раҳбари томонидан хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги ролини ошириш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда мазкур республика танловида диний таълим муассасаларининг аёл-қиз талабалари учун алоҳида ўринлар ажратилди.

Ўзбекистондаги диний таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган Араб тили фани бўйича республика танловининг учта босқичида муносиб иштирок этиб, танловнинг умумий натижасига кўра мутлоқ ғолиб бўлган талабалар рўйхати:

 

Ўзбекистондаги диний таълим муассасаларининг ўғил бола талабалар ўртасидаги ғолиблар:

1 ўрин: Узоқов Абдулвосид Абдувоҳид ўғли. Ҳадис илми мактаби  1 курс талабаси (115 балл);

2 ўрин: Фозилжонов Нурилло Носиржон ўғли. Саййид Муҳйиддин Махдум ўрта махсус ислом билим юрти 3 курс талабаси (112 балл);

3 ўрин: Ғаффоров Умарали. Тошкент ислом институти 3 курс талабаси (109 балл).

 

Ўзбекистондаги диний таълим муассасаларининг аёл-қиз талабалари ўртасидаги ғолиблар:

 

1 ўрин: Ниёзалиева Мунаввар. Тошкент ислом институти 4 курс талабаси (109 балл)  (105 балл);

2 ўрин: Ашурова Наргиза Юсуповна. Жўйбори калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти 3 курс талабаси (100 балл);

3 ўрин: Маннобжонова Робия Aбдуғофур қизи. Тошкент ислом институти 2 курс талабаси (99 балл);

3 ўрин: Маҳмуджонова Ҳадияхон. Жўйбори калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти 3 курс талабаси (99 балл).

 

Араб тили фани бўйича республика танловининг ғолибларини тақдирлаш маросими карантин муддати тугаганидан сўнг ўтказилади.

Мазкур республика танловининг учта босқичи давомида фидойилик кўрсатган диний таълим муассасаларининг барча билимдон талабаларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Аллоҳ таоло илмингизни бунданда зиёда қилсин ҳамда икки дунё саодатига мушарраф айласин.

 

О.Юсупов

Ҳадис илми мактаби ректори

Олимхон Юсупов,

Самарқанд ҳадис илми мактаби ректори

Мақолалар

Top