muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 12 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Хоразм вилоятига сафарлари давомида Урганч шаҳридаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти фаолияти билан танишиб, устоз ва талабалар билан мулоқот қилдилар.
Муфтий ҳазратлари бошчиликларида аввал ушбу мадрасада яратилган шарт-шароитлар, ўқув хоналари ва ахборот-ресурс маркази билан яқиндан танишдилар ва ўзларининг муҳим тавсияларини бердилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари ушбу билим юртининг янги биноси лойиҳаларини кўздан кечирдилар. Янги иморатда ўқув хоналари, ётоқхона, компьютер хоналари, ошхона, радиоузель, тиббиёт маркази, кир ювиш хоналари ва намозхона ўрин олганига алоҳида эътибор қаратилди.
Шундан кейин билим юртининг аҳборот-ресурслари марказида бўлиниб ушбу марказдаги мавжуд адабиётлар базаси билан танишдилар. Мазкур марказда 13000 дан ортиқ диний маърифий адабиётларни ўзида мужассамлаштирганига катта урғу берилди. Муфтий ҳазратлари билим юрти ахборот-ресурс маркази билан танишар эканлар, айниқса, ақида бўйича китобларни кўпайтириш, Имом Мотурудий ва Имом Насафийлар китобларидан кенг фойдаланиш тўғрисида ўз тавсияларини бердилар.
Ташриф доирасида барча мударрис ва талабалар билан муфтий ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов суҳбат ўтказиб, билим юрти устозлари ва таълим олаётган талабаларга муҳтарам Президентимиз томонларидан диёримизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари ҳақида атрофлича сўзлаб бердилар. Ташриф чоғида билим юртида таълим сифати, ўқув дарсликлари турлари, ўқитувчилар ва талабаларга янада қулайликлар ташкил этиш бўйича Муфтий ҳазратлари муҳим тавсиялар бердилар. Келажакда ушбу даргоҳдан илмига риоя қиладиган, она-Ватанига содиқ, халқига вафодор, динига хизмат қиладиган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотурудий сингари аждодларимизга муносиб толиби илмлар етишиб чиқишларини тилаб, Аллоҳ таолога дуо қилдилар.
Сафар давом этмоқда.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 12 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Хоразм вилоятига ташриф буюрдилар.
Сафар давомида Урганч шаҳридаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюриш, аҳоли билан учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказиш, вилоятда истиқомат қилаётган боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оила хонадонларидан хабар олиш, шунингдек, вилоят имом-хатиблари билан соҳада бўлаётган ўзгаришлар, диний-маърифий йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида давра суҳбати ўтказиш режалаштирилган.
Сафар жараёнларини сайтимизда кузатиб боринг.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ҳадис илми Мактаби матбуот хизмати

Аввал хабар берганимиздек, бугун Тошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган “Исломобод” жоме масжидининг янги биносига илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари иштирок этиб, бир гуруҳ уламолар, ёши улуғ отахонлар билан биргаликда масжид пойдеворига тамал тошини қўйиб бердилар.

Тадбир давомида муфтий ҳазратлари оммавий ахборот воситалари, маросим иштирокчиларига юртимизда бўлаётган хайрли ўзгаришлар, динимизда ободлик ва покизаликка бўлган эътибор ҳақида сўзлаб, жумладан бундай дедилар: “Аллоҳ таоло юртимизга берган тинчлик-ҳотиржамлик неъмати туфайли барча соҳаларда бўлгани сингари диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар бўлмоқда. Алҳамдулиллаҳ, юртимиздаги қайси жойга бормайлик, масжидларимиз мўмин-мусулмонларимиз билан обод. Мамлакатимизга келган хорижлик меҳмонлар масжид ва зиёратгоҳлар ободлиги, уларда яратилган шароитларни кўриб қойил қолишмоқда. Бундай имкониятлар, албатта, кўп жойларда йўқ. Яқинда юртимизда бўлиб қайтган Миср Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ҳазратлари юртимизда бўлаётган ислоҳотларга таҳсин айтиб, Аллоҳ таоло ато этган бу неъматларга кўп шукр қилиш кераклигини айтдилар.

Мўмин-мусулмонлар динимизнинг ҳар бир кўрсатмаларига амал қилиши лозим. Шунда икки дунё яхшилигига эга бўладилар. Динимиз назокат, тозалик, поклик устига қўрилган. Пайгамбар соллаллоху алайхи васаллам: «Поклик иймоннинг ярмидир...», – деганлар (Имом Муслим, Имом Насаий, Имом Термизийлар ривояти).
Демак, мўмин-мусулмонлар кундалик турмуш тарзида озодаликка катта эътибор бериши, жумладан, масжидларни обод ва пок ҳолатда сақлаши лозим экан. Шунингдек, уйимиз, маҳалламизни озода тутсак, динимизга мувофиқ иш тутган бўламиз”.
Тадбир давомида масжид қурилишига ҳомийлик қилаётган, ўз ҳиссасини қўшаётганларга миннатдорчилик билдирдилар, йиғилганлар билан юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини, эл-юртимизни турли офат ва касалликлардан асрашини сўраб хайрли дуолар қилдилар.

Масжид лойиҳаси миллий обидаларимиздан андоза олган ҳолда тўғри тўртбурчак шаклида қурилмоқда, – дейди “Mamur Project” корхонаси раҳбари Исҳоқжон Аҳмедов. – Масжид икки қават ва ертўладан иборат бўлиб, бир вақтнинг ўзида кўп одамни сиғдиради. Бошқа масжидлардан фарқли равишда баландлиги 54 метрли тўрт минорали ва 4 гумбазли бўлади. Унинг ёнида катта автотураргоҳ қад ростлайди. Қурилиш учун кетадиган барча маҳсулотлар ўзимида ишлаб чиқарилган, четдан олиб келишга хожат йўқ.

Ушбу масжидни мўмин-мусулмонларга ҳар томонлама қулай қилиб қуриш мақсадида Юртимиздаги кўплаб масжидлар ҳолатини ўргандик, – дейди “Исломобод” масжиди қуриши бошлиғи Муҳаммаджон Умаров. – Жумладан, масжидга намозхонлар сиғимини кўпайтириш, кириш эшикларида тирбандликнинг олдини олиш, таҳоратхоналарда навбат кутиш муаммоларни бартараф этиш учун масжидни кенг, эшиклари кўп, хонақоҳ ва ертўлаларни баландроқ қилиб қурмоқдамиз. Шунингдек, хавфсизлик жиҳатларига алоҳида эътибор бердик.

Бу йилги масжид томини ёпиб олишни режалаштирганмиз. Масжид 8 минг нафар намозхонга мўлжалланмоқда. Намозхонлар хонақоҳ, ертўла ва балконда ибодатларини адо этишлари мумкин. Аёллар учун алоҳида намозхона ва таҳоратхона бўлади. Қурилишни 2021 йил охирига қадар битиришни режалаштирганмиз, дейди “Эҳсон” фирмаси вакили Абдусалом Абдиқодиров.
Аллоҳ таоло ушбу масжид қурилишини хайрли ва баракали қилсин, унга ҳисса қўшаётганларга ажру савобини кўпайтириб берсин, юртимиз яна кўплаб масжидлар қурилишини насиб айласин.


Баҳриддин ХУШБОҚОВ,
ЎМИ Матбуот хизмати 

Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таоло билан илк гаплашганларида Аллоҳ таолонинг у кишига қилган ваҳийси: “Албатта, Мен, Ўзим, Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қил ва мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт” (Тоҳа сураси, 14-оят)

Намознинг шаъни нақадар улуғ! Ушбу оятдаги намозга бўлган амр нақадар муҳим!

Агар сиз азон овозини эшитсангиз, ишингизни тўхтатиб, Моликул мулукнинг ризосига эришишга шошилинг, Уни энг улуғ ибодат, энг улуғ тоатда зикр қилиш, пок деб ёд этиш учун намозга киришинг!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَلَا تَدْعُ مَعَ اللَّهِ إِلَهاً آخَرَ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ كُلُّ شَيْءٍ هَالِكٌ إِلَّا وَجْهَهُ لَهُ الْحُكْمُ وَإِلَيْهِ تُرْجَعُونَ

“Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳга илтижо қилма. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Ундан ўзга ҳар бир нарса ҳалок бўлгувчидир. Ҳукм Унинг Ўзигагинадир ва фақат Унгагина қайтарилурсиз”. (Сен уларнинг гап-сўзларига, хоҳиш-истакларига қараб ўтирма. Аллоҳнинг оятларига амал қилишда давом этавер.) (Қасас сураси, 88-оят)

 ***** 

Агар ота-онанг ҳаёт бўлсалар, ҳар куни уларни зиёрат қилиш, қўнғироқ қилиш, уларга ҳадя улашиш ёки уларнинг номларидан садақа бериш, ҳақларига дуо қилиш ва уларнинг яқинларига силаи раҳм қилиш билан уларнинг қалбларига шодлик киритинг. Ана шунда зиммангиздаги уларнинг ҳақларини, яъни уларга нисбатан қилишингиз керак бўлган ишни қилаётган бўласиз.

Аллоҳ таоло уларнинг ҳақларига дуо қилишни биз бандаларига таълим бериб шундай марҳамат қилган:

وَقُل رَّبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيراً

“Ва “Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин”, деб айт” (Исро сураси, 24-оят)

 

Доктор Оиз Қарний саҳифаларидан Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Мақолалар

Top