Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари Урганчдаги мадраса устоз-талабалари билан суҳбатлашдилар

Бугун, 12 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Хоразм вилоятига сафарлари давомида Урганч шаҳридаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти фаолияти билан танишиб, устоз ва талабалар билан мулоқот қилдилар.
Муфтий ҳазратлари бошчиликларида аввал ушбу мадрасада яратилган шарт-шароитлар, ўқув хоналари ва ахборот-ресурс маркази билан яқиндан танишдилар ва ўзларининг муҳим тавсияларини бердилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари ушбу билим юртининг янги биноси лойиҳаларини кўздан кечирдилар. Янги иморатда ўқув хоналари, ётоқхона, компьютер хоналари, ошхона, радиоузель, тиббиёт маркази, кир ювиш хоналари ва намозхона ўрин олганига алоҳида эътибор қаратилди.
Шундан кейин билим юртининг аҳборот-ресурслари марказида бўлиниб ушбу марказдаги мавжуд адабиётлар базаси билан танишдилар. Мазкур марказда 13000 дан ортиқ диний маърифий адабиётларни ўзида мужассамлаштирганига катта урғу берилди. Муфтий ҳазратлари билим юрти ахборот-ресурс маркази билан танишар эканлар, айниқса, ақида бўйича китобларни кўпайтириш, Имом Мотурудий ва Имом Насафийлар китобларидан кенг фойдаланиш тўғрисида ўз тавсияларини бердилар.
Ташриф доирасида барча мударрис ва талабалар билан муфтий ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов суҳбат ўтказиб, билим юрти устозлари ва таълим олаётган талабаларга муҳтарам Президентимиз томонларидан диёримизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари ҳақида атрофлича сўзлаб бердилар. Ташриф чоғида билим юртида таълим сифати, ўқув дарсликлари турлари, ўқитувчилар ва талабаларга янада қулайликлар ташкил этиш бўйича Муфтий ҳазратлари муҳим тавсиялар бердилар. Келажакда ушбу даргоҳдан илмига риоя қиладиган, она-Ватанига содиқ, халқига вафодор, динига хизмат қиладиган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотурудий сингари аждодларимизга муносиб толиби илмлар етишиб чиқишларини тилаб, Аллоҳ таолога дуо қилдилар.
Сафар давом этмоқда.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2422 марта ўқилди

Янгиликлар

Top