muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 01 Ноябрь 2019 00:00

Сабрнинг мукофоти жаннатдир

Мусулмон киши хулқланиши лозим бўлган гўзал хулқлардан яна бири сабр бўлиб, бу Аллоҳ таоло ва Унинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизга буюрган амалларидан биридир. Сабр инсон учун берилган улкан бир неъматдир. Чунки, биз яшаб турган дунё ҳаёти бир текис эмас. Гоҳида хурсанчилик, гоҳо ҳафалик. Баъзида енгиллик, баъзида машаққатдан иборатдир. Агар инсон яхши кунлар учун, берилган неъматлар учун шукр қилсаю, синов ва имтихонлар, машаққатлар учун сабр қила олмаса яхши амаллари учун бериладиган ажр ва савобларини саробга айлантириб қўйиши мумкин.

Сабр бу – чидамли бўлишдир. Инсон нафсига ёқмайдиган ҳодисаларга рўбаро бўлганда Аллоҳдан савоб умидида, уларга чидашлик, ўзини йўқотмаслик, ножўя сўзлардан ва ҳаракатлардан тийилишдир.  Ушбу ҳолатга эса бизни Роббимиз буюрган. Аллоҳ таоло айтади: "Эй иймон келтирганлар! Сабр қилиш ва намоз ўқиш билан (Мендан) мадад сўранглар! Албатта Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир" (Бақара сураси,153-оят).

Ушбу оятга эътибор берилса, Аллоҳ таоло Ўзининг бандалари учун бермоқчи бўлган ёрдамига икки нарсани "калит" қилмоқда. Улар: Сабр ва Намоз. Мусулмоннинг хужжати ва диннинг устуни бўлган намоздан илгари сабрнинг зикр қилиниши ҳам, унинг нечоғлик улуғ ибодатлигига далолат қилади. Қолаверса, Аллоҳ таолонинг сабрли бандалар билан биргалигини таъкидлашининг ўзи ҳам сабрнинг шарафини баён қилишга кифоя қилади. 

Қолаверса, инсоннинг қилган ҳар бир амали учун ихлос ва муҳаббатига қараб ўнтадан етти юзтагача савоб берилади. Бироқ, сабр шундай сифатки, Аллоҳ таоло сабр қилувчи бандаларига берадиган ажрларини ҳисобламади. "Хеч шак-шубҳа йўқки, сабр тоқат қилувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур" (Зумар сураси, 10-оят).

Ушбу оятдан маълум бўладики, қилинган хайрли амалларга ва неъматлар учун айтилган шукрларга бериладиган ажрдан кўра сабрга бериладиган ажрнинг чексизлиги, сабрнинг нақадар қадрли ва аччиқ ҳислат эканлигини англатади.

Умматлари учун ҳар бир ишда намуна бўлган зот Муҳаммад алайҳиссалом сабр бобида тенгсиз эдилар. У зотнинг сабрларини ифода этиш, ёзиб тугатиш учун умрлар етмайди. Гарчи, Аллоҳнинг суюкли бандаси бўлишларига қарамай умрларининг аксар қисми синовлар, имтиҳонлар қийинчилик ва машаққатлар билан ўтди. Бироқ, у зот бирор марта ҳолларидан шикоят қилмадилар. Чиройли сабр ила Роббиларидан мадад сўрадилар. У зотнинг ҳаётларида бўлган биргина мисол, у зотнинг тилларидан чиққан бир оғиз сўз барча мўминлар учун катта сабоқ ва кўрсатмадир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандлари Иброҳимнинг ҳузурига кирдилар. Иброҳим жон талвасасида эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзларидан ёш тўкила бошлади. Шунда Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу: “Сиз ҳамми Ё, Расулуллоҳ! (яъни, сиз ҳам йиғлайсиз-ми?), дедилар. Шунда у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кўз ёш тўкилади, қалб маҳзун бўлади ва биз фақат Роббимизни рози қиладиган сўзларни гапирамиз. Биз сенинг фироқингга маҳзунмиз эй, Иброҳим”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти)

Ҳадисдан маълум бўладики, сабр йиғидан ва ҳафаликдан тийилиш эмас, балки, Аллоҳ таолони норози қиладиган сўз ва амаллардан тийилишликдир.

Баъзилар сабрни фақат мусибат вақтида бўлади, деб ўйлашади. Бироқ, сабрнинг ҳам турлари бор. Уламолар сабрни уч турга бўлганлар.

Биринчиси, Аллоҳ таоло банданинг молига ва жонига бир талофат  юборганда савоб умидида сабр қилишлик;

Иккинчиси, Аллоҳ таоло буюрган ибодатларни адо этишда  дуч келинган машаққат ва қийинчиликларга Аллоҳ таолодан даража умидида сабр қилишлик;

Учинчиси, гуноҳ ва маъсиятдан тийилишда, нафс ва шайтоннинг макридан сақланишда  Аллоҳ таолодан қўрқиб сабр қилишлик.  Бу уч ҳолатнинг қайси бирига тушишликдан қатъий назар, уларга қилинган сабрларнинг ажри беҳисобдир.                  

Хулоса шуки, сабр инсон иймонининг мукаммаллигидандир. Чунки, иймоннинг бир бўлаги яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолонинг изнисиз эмаслигига ва қазои қадарга  ишонишликдир. Шунинг учун Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: "Кимнинг сабри йўқ бўлса, унинг дини йўқдир", деганлар. Бу бежиз эмас албатта. Чунки, сабр қилган инсон Аллоҳнинг қадарига, у учун ёзиб қўйган тақсимотига, Роббисининг имтиҳонига таслим бўлган ҳисобланади. Бу эса айнан диннинг бир бўлагидир. Айнан шунинг учун ҳам, сабрнинг мукофоти жаннатдир. Бу ҳақда ҳадиси Қудсийда Аллоҳ таоло айтади: “Мўмин бандаларимдан бирортасининг дунё аҳлидан бўлган севимли кишисини олиб қўйсам, сўнгра савоб умидида сабр қилса, унинг мукофоти фақат жаннатдир” (Имом Бухорий ривояти).

Эътибор беринг, Аллоҳ  таоло дунё аҳлидан бўлган, фоний бир йўқотиш учун, боқий дунёда, абадий ҳаётда жаннат ваъда қилмоқда. Шарт шуки, “савоб умидида сабр қилса...”.

Аллоҳ таоло барчамизни гуноҳлардан сақланишимизга, хайрли амаллардаги машаққатларни енгишимизга ҳамда имтиҳонлардан ажр билан чиқишимизга кифоя қилгудек сабр билан сийласин!

Ёрбек ИСЛОМОВ

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби.

Пятница, 01 Ноябрь 2019 00:00

Аввал гуноҳдан сақлан!

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан сўрадилар: “Бир киши бор. Унинг яхши амаллари, нафл ибодатлари кам. Лекин, гуноҳ қилишдан қаттиқ тийилади. Яна бир киши бор. Яхши амаллари, нафл ибодатлари жуда кўп. Бироқ. гуноҳдан сақланмайди. Савобли амални ҳам, гуноҳни ҳам қилаверади.  Сизнингча, улардан қайси бирининг тутган йўли тўғри?”. Шунда ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Мен саломатликка ҳеч нарсани тенглаштирмайман”, дедилар. Яъни, гарчи яхши амаллари кам бўлсада, гуноҳи кам инсон яхшироқдир.

Ушбу ҳадисни шархида  Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари айтадилар: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг кўзлаган мақсадлари шуки, ҳар қанча нафл ибодат ва фазилатли амаллар кўп бўлсин, инсон ушбу амалларга суяниб қолиб гуноҳ ва қайтариқлардан қайтмас экан, у инсон қаттиқ алданибди. Инсон энг аввало савоб амални кўпайтиришга эмас, балки, гуноҳлардан сақланишга ҳаракат қилиши лозим. Чунки инсон нафл ибодатларни қилмагани учун гуноҳкор бўлмайди. Аллоҳни ҳузурида нажот топишига умид қилинади. Лекин, гуноҳдан сақланмагани учун уни нажот топишига ҳеч ким ёрдам беролмайди. Унинг мисоли бунга ўхшайди: Бир киши баданида қувват ҳосил қилиш учун қўшимча витаминлар, куч-қувватга сабаб бўлувчи турли хил таом ва озуқаларни истемол қилади. Бироқ, шу билан бирга ҳар куни озгина заҳардан ҳам аралаштириб ичиб туради. Бу одамнинг куч-қувватга тўлиши амримаҳол. Чунки заҳар ғолиб келади-ми ёки витаминлар ҳеч ким билмайди. Бошқа бир одам эса, қўшимча озуқалар емайди. Одатдагидек таом ва ичимликлари билан кифояланади. Шу билан биргаликда, заҳар ҳам ичмайди. Бу инсоннинг куч-қувватга тўлиб, бадани соғлом бўлиши аниқроқ бўлади”.

Ушбу насиҳатлардан маълум бўладики, гуноҳ ва маъсиятдан четланишнинг савоби, қўшимча ибодатлар, зикрлар қилишнинг савобидан улуғроқ экан. Қолаверса, кўпчилик ўйлаганидек, инсон фақатгина ибодатларни кўпайтириш билан Аллоҳга яқин бўлмайди. Нафлларни кўпайтириш билан савоб амаллари ёзиладиган саҳифани тўлдирмайди. Балки, гуноҳдан тийилиш билан ҳам улкан ажрларга эга бўлиши мумкин. Саҳобалардан бирининг ушбу гапи сўзимизга хужжатдир: “Ким кечаси намоз ўқишни ният қилса-ю, ухлаб қолса, кундузи гуноҳ қилмасин. Чунки гуноҳдан сақланишнинг ажри таҳажжуд намозининг ажрига тенг. Ким нафл рўза тутишни хоҳласа-ю, тутолмаса, тилини сақласин. Тилни беҳуда сўзлардан сақлаш нафл рўза тутганнинг ажрига ноил этади”.

Модомики, мақсадимиз Аллоҳнинг розилигини топиш экан, танлаган йўлимиз тўғри бўлиши керак. Тўғри йўл эса қуйидагичадир:

  1. Гуноҳларни тарк қилиш;
  2. Нафл ибодатларни тоқатимиз етганича бажариш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларни  нимадан қайтарган бўлсам, ундан йироқ бўлинглар. Нимага буюрган бўлсам, имкон қадар ўша нарсани бажаринглар..........”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Хулоса: Агар қилинадиган яхши амал қайсидир гуноҳни содир бўлиши эвазига бўладиган бўлса, у амални тарк қилиниши тўғри бўлади. Мисол учун, кимнидир ғийбат ёки шарманда қилиш ё обрўсини тўкиш орқали амру – маъруф қилинмайди. Қайсидир яхши ниятни амалга ошириш учун ёлғон гапирилмайди. Бирор мақсадга эришиш учун (гарчи ният яхши бўлиб, инсонларга манфаат етказиш бўлса-да) пора берилмайди.

          Аллоҳ таоло барчамизга гуноҳлардан сақланиш учун куч-қувват, савобли амалларга рағбат, ҳиммат ва муҳаббат берсин!

Ёрбек ИСЛОМОВ

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби.

 

 

Миср Араб Республикаси Вақфлар ва Ислом ишлари вазири Доктор Муҳаммад Мухтор Жума Миср Араб Республикасида 2020 йилнинг февраль ойида ўтказиладиган 27-халқаро Қуръони карим мусобақасининг машҳур Қуръон ҳофизи, марҳум Шайх Абдулбосит Абдуссомад раҳимаҳуллоҳ номи билан аталишини маълум қилди.

Доктор Муҳаммад матбуотга берган интервьюсида Мисрда ўтказиладиган 27-халқаро Қуръони карим мусобақасига Шайх Абдулбосит Абдуссомад номининг берилиши, бу машҳур Қуръон ҳофизини Аллоҳ таолонинг каломи шарифига кўрсатган беқиёс хизматлари учун тақдирлашнинг юксак намунаси бўлишини таъкидлади.

Халқаро алоқалар бўлими.

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқдаги саҳифадан олиб таржима қилинган.

Биз жанозасини кутаётган кишилармиз. Яъни бир кун келиб биз ҳам вафот этамиз, бизнинг ҳам жанозамиз ўқилади. Шундай бўлгач, Тўғри Йўлда собит турайлик! Эй Аллоҳ, бизни гўзал хотима билан ризқлантиргин!

“Ховатир роқия журнали”

*****

Гуноҳ қилиш учун эшикни ичидан беркитганимизда, Аллоҳ таоло бизга ўша эшикнинг тирқишидан ҳавони киритиб туради. Шундай Меҳрибон Зотга исён қилишдан тийилайлик!

“Ховатир роқия журнали”

*****

“Намоз ўқиб туриб вафот этди”, “Сажда қилган ҳолида вафот этди”, “Рўзадор ҳолда вафот этди” деган гапларни кўп эшитамиз. Сен ўша инсонлар умр бўйи намоз ўқимай, сажда қилмай, рўза тутмай юрган деб ўйлайсанми?! Унутма, ким ниманинг устида яшаса, ўшанинг устида вафот этади.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Агар дунё торайиб, яшашинг қийинлашиб бораётган бўлса, уни истиғфор билан кенгайтир.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Шундай шахслар бўладики, уларни ҳаётингдан ўчириб ташлашинг керак. Чунки улар ҳаётингдан жой олишга ҳақли эмаслар.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Интернетда соатлаб ўтирасан. Бошингни кўтариб, атрофингга бир қарагин. Ахир ота-онанг сен билан суҳбатлашишга муштоқ бўлиб ўтиришибди.

“Ховатир роқия журнали”

 

 Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Пятница, 01 Ноябрь 2019 00:00

“Кавсар” cурасидаги ажойиботлар

 Ушбу сура Қуръони каримдаги энг қисқа суралардан. Ундаги сўзлар сони 10 та. Биринчи ояти 10 та ҳарфдан иборат. Ундаги иккинчи оят ҳам 10 та ҳарфдан иборат. Учинчи ояти ҳам 10 та ҳарфдан иборат.

 Сурада энг кўп такрорланган ҳарф “алиф” ҳарфидир. У 10 марта такрорланган. Сурада фақат бир марта келган ҳарфлар сони ҳам 10 та. Сурадаги барча оят “ро” ҳарфи билан тугаган. “Ро”нинг тартиб рақами 10. “Ро” билан тугайдиган Қуръони каримдаги суралар сони 10 та. Ўнинчиси “Кавсар” сурасидир.

Сурадаги 10 рақамининг сири нимада?

Ундаги 10 рақами зулҳижжа ойининг ўнинчи кунига ишорадир. Сурадаги:

Бас, Раббингиз учун (беш вақт ёки Қурбон ҳайити учун) намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг”! ояти қурбонлик куни бўлган 10- кунга ишорадир.

Аллоҳ сизни ва бизни жаннатдаги “Кавсар” булоғидан суғорсин ва ундан сўнг умуман чанқамаслигимизни насиб этсин!

 

Халқаро алоқалар бўлими

Мақолалар

Top