muslim.uz

muslim.uz

Бир савдогар донишманд ҳузурига келиб, ўзининг оғир аҳволидан шикоят қилди: “Шаҳарда менга рақобатчи пайдо бўлди. Моллари хилма-хил, нархи арзон. Мижозларим мени тарк этишяпти. Бу аҳволда касодга учрашим мумкин. Эй донишманд, маслаҳат бер...”

Донишманд ғамгин савдогарга диққат билан боқиб, сўради:

“Отни суғоргани дарёга олиб борсанг, у сув ичишдан аввал ер тепиниб пишқиради. Бунинг сабабини биласанми?”

Савдогарнинг жаҳли чиқиб, донишмандга деди: “Ҳузурингга оқилона маслаҳат сўраб келсам, сен менга аллақандай бемаъни савол беряпсан!”

“Ҳозир буни ўзинг тушуниб оласан, – деди донишманд. – От дарёга энгашганида, сувда ўзининг аксини кўради. Уни рақиб – бегона от, деб ўйлаб, ҳайдамоқчи бўлади, пишқириб, ер тепинади. Отдан фарқли ўлароқ, дарё суви ҳаммага етишини Сен яхши биласан-ку…”

“Менинг бошимдаги мушкул савдоларга онгсиз отнинг  нима алоқаси бор?!”

“Эҳ, дўстим, Яратганнинг неъматлари ҳаммага етишини англамаган ўша онгсиз от аслида – сенсан! Сув олдида ер тепинаётган отга ўхшаб, тасаввурингдаги рақобатчини қўрқитишга, ҳайдашга уриняпсан. Пул ва бойлик ҳаммага етади. Бор, ишингни ҳалол ва виждонан бажаравер. Топган-тутганинг ва ризқинг Аллоҳнинг сенга инояти. Уни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Рақобатчиларинг – сувдаги аксинг кабидир”.

Бир обидга: “Бир бурда нон бир динор экан” дейилди. Шунда у киши: “Аллоҳга қасамки, мен бунга парво қилмайман. Агар буғдойнинг бир донаси бир динор бўлса ҳам мен Роббим буюрганидек ибодат қилавераман, У эса Ўзи ваъда қилганидек ризқимни етказаверади” деб жавоб берган экан. 

Эй инсон унутма! «Сен учун» деб ёзилган нарса заиф бўлишингга қарамай сенга келади. «Сен учун эмас» деб ёзилган нарсага кучли бўлишингга қарамай ета олмайсан. На чумоли заиф бўлгани учун оч қолади ва на шер панжаси қувватининг зўрлиги билан доим қорин тўйдира олади.

Ҳамманинг ўз ризқи бор.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У Зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ-равшан Китобда бордир”(Ҳуд, 6).

Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:     
“Агар биронтангиз ризқидан қочмоқчи бўлса ҳам, албатта (ризқи) уни худди ўлими таъқиб этганидек қувиб етади” (Имом Табароний “Авсат” ва “Соғийр”да ҳасан санади билан ривоят қилган). 

Ризқингни ошиғу кам қилиб бўлмас,

Оз-кўп деб кўнгилга ғам қилиб бўлмас.

Бу ишлар сен-менинг қўлимиздаги

Мум эмас-да, эзиб хам қилиб бўлмас.

Умар Хайём

 

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Беморни зиёрат қилиш, ҳолидан хабар олиб, хизматида бўлишнинг фазилати динимизда ниҳоятда улуғ амал. Мусулмон киши бошқа биродарининг беморлигини билганида, уни бориб кўриши мусулмонларнинг бир-бирларидаги ўзаро ҳақларидан ҳисобланади.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани “Ҳожа Абул Ҳасан Андоқий” жоме масжиди имом-хатиби Сафохон Бақоев Қўшкутон махалласида яшовчи Илёсовлар хонодонининг фарзанди оққон касаллигига чалинганини эшитгач, масжид жамоаси, қишлоқ аҳлига динимизнинг ана шу инсонпарвар кўрсатмасини етказди, хонадонга мусибат пайтида ёрдам кўрсатишга тарғиб этди. Одамлар бу хабарни эшитгач, бир тану бир жон бўлиб, имкони қадар мурувват кўрсатишга ҳаркат қилишди. Кимдир зарур дори-дармонларни олиб келди, яна кимдир, пул маблағи келтириб берди. 

Имом-хатиб йиғилган дори-дармон воситалари, 1.200.000 сўм ҳамда масжид ҳисобидан ажратилган пул маблағларини беморнинг отаси Р.Илёсовга топширди. Отага тасалли бериб, беморнинг ҳаққига Аллоҳ таолодан шифо сўраб дуо қилинди. Бундан кейин ҳам қандай ёрдам бўлса, қишлоқ аҳли баҳолиқудрат хизматга тайёр эканликларини билдирди. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

 

Бугун тез суръатлар билан ўзгариб бораётган, инсоният ҳозирга қадар бошидан кечирган даврлардан тубдан фарқ қиладиган шиддатли ва айни пайтда ўта мураккаб замонда яшамоқдамиз. Мутахассислар бу тезкор даврни “оммавий ахборотлашув” ёхуд “глобаллашув асри” деб аташмоқда. Боиси ер юзининг қайсидир бир чеккасида юз берган воқеадан бир неча сония ичида бутун дунё аҳли хабар топмоқда. Бугунги глобаллашув жараёни кимки ахборотга эгалик қилса, ўша дунёга ҳукмронлик қилади, деган фикр бежизга айтилмаганлигини тасдиқлади.
Бугун инсоният ноодатий уруш билан юзма-юз келди.  Урушки, ҳеч қандай ўқсиз, танкларсиз, қуролсиз… аммо қурбонларсиз эмас. Бу урушнинг номи информацион уруш деб номланади. Информацион уруш вирусга ўхшайди. Ўқ ташқаридан ёриб кириб сизга жароҳат етказиши мумкин, аммо вирус ичкаридан емиради.
Бугун дунё саҳнида юз бераётган жараёнларни таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, мазлум ва золим ўртасидаги фарқни адолат эмас, ОАВда, интернет тармоғида ким, қандай йўл билан фойдалана олаётгани билан белгилаб бермоқда.

Бугун давлатлар ўртасидаги чегаралар муҳим аҳамият касб этмай бораётган бир пайтда, Марказий Осиёда, Афғонистондек нотинч давлат жойлашган минтақада ахборот уруши тобора кучайиб бормоқда. Шу билан бирга, халқимиз, жамиятимиз янги йўлга, янги ислоҳотларга қадам қўяётган вақтда, бу ўзгаришларни холис, ижобий тарзда ёритиш билан бирга, халқни руҳини синдириш, тўғри йўлдан адаштиришга уринаётганлар ҳам учраб турибди.
Кўпчилик оддий одамлар, шунингдек, жамиятнинг зиёли қатлами билан учрашганда, уларда баъзан эътиборсизлик кайфиятини сезилади. Дунёда эътиборсизликдан ортиқроқ зарар, лоқайдликдан оғирроқ азоб йўқ. Улар мақсадга эришишда озгина машаққат ва изтироб ўтиш кераклигидан иккиланишмоқда. Бугун бўлаётган информацион хуружларнинг  ҳам асосий мақсади халқни эртанги кунга бўлган ишончини синдиришдир. Бу жараёнда эътиборсизлик аянчли натижаларга олиб келиши мумкин.
Лоқайдлар хусусида бир ҳикоя бор: ўрмонга ўт кетибди. Ҳамма имкон даражасида ўтни ўчиришга тушибди. Шунда дарахт устида бамайлихотир ўтирган қарға сув ташиётган чумолига: «Эй чумоли, сен ташиган бир томчи сув нима бўларди?» деганда, чумоли: «Менинг-ку тарафим маълум, сенинг тарафинг номаълум» деган экан.
Шундай экан, холис ва ҳаққоний ахборотларни тарқатиш, омманинг бу маҳсулотга бўлган эҳтиёжини қондириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бирига айланмоқда.

Ўз вақтида Ҳиндистоннинг таниқли сиёсат арбоби Махатма Ганди шундай ёзган: «Мен уйимнинг дарвоза ва эшикларини маҳкам беркитиб ўтира олмайман. Чунки унга тоза ҳаво кириб туриши керак. Ва шу баробарида эшик ва деразаларимдан кираётган ҳаво довул бўлиб, хонадонимни ағдар-тўнтар қилиб… ташлашини ҳам хоҳламайман». Бу сўзларни бугунги информацион хуружлар ва турли хил маълумотларнинг турли йўллар билан мамлакатимизга, умуман, бошқа мамлакатларга ҳам кириб келиб, у ёки бу минтақада асрлар мобайнида шаклланган қадриятлар, урф-одатлар, эътиқод шаклларига ва тарбия услубларига салбий ёки ижобий таъсири жараёнлари маъносида қўллаш ҳам мумкин.

Бугун аксарият холларда айрим инсонларнинг блогерлар томонидан амалга оширилаётган ишларга диний тус бериш ҳолатлари юз бермоқда. Инсоннинг табиати шундай яратилганки, у ахборотни қабул қилмасдан, уни тушунишга ҳаракат қилмасдан яшолмайди. Шунинг учун ахборот ёрдамида кимгадир руҳий таъсир қилмоқчи бўлганларга ўша одамнинг психологияси кўмаклашади. Шу каби ҳолатларда, инсон ўзида интернет маданиятини тарбиялаши учун у ёки бу ахборотни эшитар экан, ҳеч бўлмаганда “Бу ахборотни ким узатаяпти?”, “Нима учун узатаяпти?” ва “Қандай мақсадда узатаяпти?” деган саволларни ўз-ўзига бериши, унга асосли жавоб топишга ҳаракат қилиши керак. Шундагина турли ғоялар таъсирига тушиб қолиш, тақдим этилаётган маълумотларга кўр-кўрона эргашишнинг олди олинади. Шаклланган ахборот истеъмоли маданияти миллий манфаатларимиз ва қадриятларимизга зид бўлган хабар, маълумотларга нисбатан ўзига хос қалқон ролини ўтайди, шахс дунёқараши ва хулқидаги собитликни таъминлашга хизмат қилади.
Ислом таьлимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ қоралайди. Бу борада оят ва ҳадислардан айримларини келтирамиз: «Эй иймон келтирганлар! Агар бир фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар» («Тафсири Ҳилол», Ҳужурот сураси, 6-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишига гуноҳ учун эшитган ҳар нарсасини гапирмоқнинг ўзи кифоя қилади», дедилар» (Абу Довуд ва Муслим ривоят қилган. «Ҳадис ва ҳаёт», Яхшилик ва ахлоқ китоби, 34-жуз).
Бугунги кунда нафақат интернет оламида, балки умуман кундалик ҳаётимизда авж олаётган фисқу фасодлар, гина-кудуратлар, адоватлар, зиддият ва тафриқалар шу икки буюк кўрсатмага, Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги васиятларига риоя қилмаганимиздан келиб чиқяпти десак, муболаға бўлмайди.
Ваҳоланки Аллоҳ таоло дуч келган хабарни суриштирмай тарқатишнинг оғир оқибатидан огоҳлантириб турибди, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар эшитган гапини айтаверган одам гуноҳкор бўлиб қолишини айтиб турибдилар.
Маълумки, эзгулик дини бўлган Ислом кишиларни тинчлик ва барқарорликка, ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатликка даъват этади. Бироқ, ундан ғаразли мақсадларни амалга ошириш йўлида фойдаланиш ҳоллари ҳам авж олиб бораётганини афсус билан қайд этиш лозим. Бу жараённинг энг хатарли жиҳати баъзи тоифаларнинг дин ниқоби остида динга сиёсий сиёсий тус бериб, ҳокимиятга интилиш, диндан одамлар орасига нифоқ солиш, қўпорувчилик ишларини амалга ошириш ва ғаразли манфаатларни рўёбга чиқаришда фойдаланишга уринишларда намоён бўлмоқда.
Фарзандининг истиқболини, ёрқин келажагини истайдиган ҳар бир ота-она тарбия масаласига жиддий эътибор бермоғи зарур. Бола тарбияни турли компьютер уйинлари, интернет ва ижтимоий тармоқлардан эмас, энг аввало ота-оналаридан, бобо-момоларидан, эзгуликка, покликка ва дину диёнатга чақирувчи яхши китоблардан олсин.

 

Абдурауф ЁРБЕКОВ
Сирдарё вилояти “Абу Ҳанифа”
 жоме масжиди имом-хатиби
 

  Муҳаммад Ротиб Набулсий айтадилар: Бир куни ёшлик чоғимда онам менга: “Ҳалол сўзини икки лабинг очиқ ҳолда айта оласан-ми?”, деди. Ҳалол калимасини икки лабимни бир-бирига ёпиштирмаган ҳолда айтдим. Онам маъқуллаб, мени ўпиб қўйди. Сўнгра онам: “Ҳаром сўзини ҳам икки лабинг очиқ ҳолда айта оласан-ми?”, деди. Айтишга бир неча маротаба ҳаракат қилдим, лекин айта олмадим. Ҳафа бўлган ҳолда онамга: “Онажон, ҳаром сўзини айтишга кўп ҳаракат қилишимга қарамай, охирида икки лабим бир-бирига тегиб, ёпилиб қоляпти”, дедим. Онам кулиб: “Ўғлим, бу – ҳалол билан ҳаром орасидаги фарқдир. Ҳаром – бахтсизлик, ҳалол – бахт-саодатдир. Унутмагин, жон болам! Агар гуноҳ иш қилсанг, онангни лаблари ёпилиб, юзида маҳзунлик бўлади. Агар яхши амал қилсанг, онангни лаблари табассум ила очилиб, хурсанд бўлади. Онангни доим табассум ҳолида кўришни хоҳласанг, доимо ўзингга ҳалол ва яхши (амалларни) лозим тутгин!”, деди.

Катта бўлдим ва онамнинг “ажойиб табассуми” ни йўқотмасликка ҳаракат қилдим. Онам вафот этган вақтда, видолашиш учун олдига кириб, охирги марта пешонасидан ўпдим, онамни икки лаби очиқ, табассум ҳолида кўриб, ўзимга-ўзим: “Онажон, то сизга йўлиққунимча ҳалолда бўлишга ваъда бераман”, деб айтдим.

Болаларингизга бу “айб”, деб эмас, балки, “бу ҳалол” – Аллоҳ бундан рози бўлади, “бу ҳаром” – Аллоҳ бундан ғазаб қилади, деб таълим беринг! Токи одамлардан қўрқадиган авлод бўлиб эмас, балки Аллоҳ кузатиб туради деб, махфийда ҳам, ошкорада ҳам Аллоҳдан қўркадиган фарзанд бўлиб улғайсин.

Халқаро алоқалар бўлими

  1. Эшикни уч мартадан ортиқ тақиллатмаслик.

Қўнғироқ чалиш ҳам эшик тақиллатиш кабидир. Қўнғироқ ҳам уч мартадан ортиқ чалинмайди.

 

  1. Эшикни оҳиста тақиллатиш.

Эшик қўполлик билан тақиллатилмайди. Қўнғироқ ҳам бетўхтов босилмайди. Эшикни қўполлик билан тақиллатиш уй эгасининг қалбига ваҳима солади.

 

  1. Эшикни уч марта бўлиб-бўлиб таққилатиш.

Эшикни бир марта тақиллатгандан кейин бироз кутиш лозим. Токи хонадон аҳли ўзини ўнглаб олсин. 

  1. Эшик тўғрисида турмаслик.

Эшик тақиллатганда эшикнинг ўнг ёки чап тарафида туриш лозим. Токи эшик очилганда хонадон аҳлига кўз тушмасин.

 

  1. Эшик тақиллатганда "мен" демаслик.

Эшик тақиллатганда хонадон аҳли “ким?” деб сўраса, “мен” деб жавоб берилмайди, балки исм айтилиб, ўзини таништиради.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшик қоққанда "мен" деб айтишни хуш кўрмаганлар.

 

  1. Хонадон аҳлининг изнини кутиш.

Хонадон эгасининг изнисиз уйга кирилмайди. Аллоҳ таоло бундай буюради: “Эй, имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангиз” (Нур сураси, 27-оят).

 

  1. Уйга киришга рухсат бўлмаса ортга қайтиш.

Агар эшик тақиллатилганда жавоб берилмаса ёки уйга киришга бирор сабаб рухсат берилмаса, ортга қайтиб кетиш лозим. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: Бaс, aгaр у (уй)лaрдa ҳeч кимни тoпмaсaнгизлaр, ундa тo сизлaргa изн бeрилмaгунчa улaргa кирмaнгиз! Aгaр сизлaргa “қaйтинглaр” дейилсa, қaйтиб кeтaвeринглaр! шу сизлaр учун энг тoзa (йўл)дир. Aллoҳ қилaётгaн ишлaрингизни билувчидир (Нур сураси, 28-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар

Top