muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 19 Октябрь 2019 00:00

Ваъдага вафо – мўминлик аломатидир

Мусулмон киши хулқланиши лозим бўлган гўзал хулқлардан бири аҳдга вафодорликдир бўлиб, бу инсон ихтиёридаги иш эмас, балки, Роббимизнинг бизга буюрган қатъий буйруғларидан биридир. Бу ҳақда  Қуръони каримда бундай дейилади: "Аҳдга вафо қилингиз! Зеро, аҳд-паймон (қиёмат куни) сўраладиган ишдир"(Исро сураси, 34-оят). Ушбу оятдан маълум бўладики, аҳдга вафодорлик арзимас амал эмас.

Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло мўминларни сифатлаб, вафодорликни алоҳида мадҳ этади: “Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғлаган) аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар” (Муъминун сураси, 8-оят). Демак, вафодорлик мўминнинг аломатларидан биридир.

Умматлари учун ҳар бир ишда намуна бўлган зот Муҳаммад алайҳиссалом ваъдага вафо бобида ҳам пешқадам эдилар. Ҳаттоки, ҳали Пайғамбар бўлмасларидан олдин ҳам  ваъдаларига содиқ турганлари учун халқ орасида “Содиқул ваъда” деган  ном қозонганлар. У зотнинг ҳаётларида бўлган ушбу воқеа  сўзимизга далилдир.

Абдуллоҳ ибн Абул Ҳамсо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлмасларидан аввал у зотдан бир нарса сотиб олдим. У кишининг бир оз пуллари менда қолди. “Эртага шу ерга келиб қолганини бераман”, деб ваъда бердим. Эртасига келишим лозимлигини унитдим. Уч кундан кейин келсам, пайғамбаримиз мени ўша ваъдалашилган жойда кутиб турган эканлар. Мени кўргач, “Эй, бола! Уч кундан бери мени машаққатга қўйдинг. Мен сени уч кундан бери интизор бўлиб пойлаб турибман”,  дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам  ўз умматларини ҳам аҳдига вафодор бўлишга ундаб, аҳдни бузишдан, бевафоликдан қаттиқ қайтарганлар. Анас розияллоҳу анҳудан қилинган бир ривоятда у зот алайҳиссалом: “Аҳди йўқ кишининг дини йўқдир”, дея вафосизликнинг хатарини таъкидлаганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳадисга эътибор берадиган бўлсак, Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Аҳди йўқ кишининг Исломи йўқ”, эмас, балки, “Аҳди йўқ кишининг дини йўқдир”, дея вафодорликни динга боғламоқдалар. Бу бежиз эмас албатта. Чунки, вафодорликка барча илоҳий динларда тарғиб қилинган. Бунга Қуръони каримда бир неча оятлар бор. Хусусан, Марям сурасининг 54-оятида Аллоҳ таоло айтади: “(Эй, Муҳаммад!) Китобда Исмоил (қиссасини) ёд этинг! Дарҳақиқат, у ваъдасида содиқ турувчи набий ва расул эди”.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Исмоил алайҳиссаломни зикр қилиб, у зотни энг аввало “ваъдасига содиқ турувчи...” дея танитмоқда. Демак, вафодорлик Аллоҳ яхши кўрган ҳислатлардан биридир.

Юқоридаги оят ва ҳадислардан вафодорликнинг қанчалик мақталган, Аллоҳ яхши кўрган ҳислат эканлигини билдик. Шуни унутмаслик керакки, ҳар қандай мақталган сифатнинг акси ёмон кўрилган ва қайтарилган хунук сифат бўлади. Худди шунингдек, вафодорликнинг акси бўлган бевафолик ва хиёнаткорлик ҳам динимизда қаттиқ қораланган ҳислатлар қаторида зикр қилинади. Бунга мисол, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўрт хислат борки кимда бу хислатлар бўлса у чин мунофиқ бўлади. Агар унда бу хислатларнинг бири бўлса, тоинки уни тарк қилмагунича унда мунофиқликнинг бир хислати бўлади. Агар омонат қўйилса хиёнат қилади, гапирса ёлғон гапиради, аҳдлашса хоинлик қилади, агар баҳслашса бузуқлик қилади”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Ушбу ҳадисда аҳдга вафо қилмаслик мунофиқ кишининг аломатлари қаторида зикр қилинишининг ўзи ҳам бунинг нақадар ёмон иллат эканлигини билдиради. Демак, ҳар бир инсон Аллоҳнинг ҳузурида даража топмоқни истаса, кишилар орасида қадр топмоқни истаса, сўзига эътиборли, ваъдасига вафодор бўлмоқлиги лозим экан. Ваъдага вафодорлик нафақат  олди-берди масалаларида, балки умумий ҳаётимизнинг барча жабҳаларини қамраб олиши керак.  Шундагина Аллоҳ таоло зикр қилган “Нажот топган мўминлар” сафида бўламиз.

Ушбу йўлда барчамизга Роббимиз тавфиқ бериб, Ўзи ёрдамчимиз бўлсин!

 

Ёрбек ИСЛОМОВ,

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби.

Суббота, 19 Октябрь 2019 00:00

Индонезияда Қуръон маъҳади очилади

      Шайх Маҳмуд аш-Шаҳат Анвар қори Индонезия Республикасида Қуръони карим маъҳадини очишини маълум қилди. У ўзининг “Фейсбук” тармоғидаги саҳифасида “мўъжизакор бола” лақабли индонезиялик ёш қори боланинг Қуръони каримдан тиловат қилаётгани фотосуратини жойлаштирган. Шайх Маҳмуд аш-Шаҳат ушбу индонезиялик ёш қори Индонезиядаги “Аш-Шаҳатия” Қуръон маъҳади талабаларидан саналиб, араб тилида сўзлаша олмайдиган ёш боланинг чиройли оҳангда Қуръон тиловат қилиши кишини ҳайратда қолдиради” деб ёзади.

        Маълум бўлишича, шайх Маҳмуд аш-Шаҳат Анвар қори Буюк Британия ва Лондондаги Қуръони карим радиоэшиттиришида Қуръон тиловат қилган илк мисрлик қори саналади. У АҚШдаги Нью-Йорк академиясининг фахрий доктори унвонига сазовор бўлган.

Шайх Маҳмуд аш-Шаҳат Анвар қори Қуръони каримни чиройли оҳангда тажвид қоидаси билан тиловат  қилиш бўйича Мисрда ва араб давлатларида машҳур бўлган. Унинг “yuotube” видеоканалидаги тингловчилар сони 75 миллионга етди.

 Шайх Маҳмуд аш-Шаҳат Жанубий Африкадан 3 нафар, Буюк Британиядан 3 нафар, АҚШдан 1 нафар ва Украинадан 10 нафар фуқароларнинг  Исломни қабул қилишига ўз ҳиссасини қўшди.

Халқаро алоқалар бўлими

    Қуръони карим халқаро ваколати ((IQNA) маълумотларига кўра, 1889 йилдан Мексиканинг жанубидаги “Чиапас” штатида мусулмон бўлган мексикалик фуқаролар сони 5500 нафардан ортган.

     Ливан, Сурия ва Испаниядан кўчиб келган муҳожирлар Мексикада Ислом динининг тарқалишига сабаб бўлмоқда.

    Мексикадаги энг йирик Ислом марказларидан бири мамлакатнинг жанубидаги  ушбу “Чиапас” штатидаги “Тзотсел” қишлоғида жойлашган. “Тзотсел” жамоаси 300 минг аҳолига эга бўлиб, Марказий Америкадаги қадимги “Майя” империяси зулмидан омон қолган  сўнгги жамоалардан бири саналади.

 

Халқаро алоқалар бўлими

Суббота, 19 Октябрь 2019 00:00

“Кавсар” cурасидаги ажойиботлар

     Ушбу сура Қуръони каримдаги энг қисқа суралардан. Ундаги сўзлар сони 10 та. Ундаги биринчи оят 10 та ҳарфдан иборат. Ундаги иккинчи оят ҳам 10 та ҳарфдан иборат. Ундаги учинчи оят ҳам 10 та ҳарфдан иборат.

 Сурада энг кўп такрорланган ҳарф “алиф” ҳарфидир. У 10 марта такрорланган. Сурада фақат бир марта келган ҳарфлар сони ҳам 10 та. Сурадаги барча оят “ро” ҳарфи билан тугаган. “Ро”нинг тартиб рақами 10. “Ро” билан тугайдиган қуръондаги суралар сони 10 та. 10 чиси "кавçар" сурасидир.

   Сурадаги 10 рақамининг сири нимада?

Ундаги 10 рақами зулҳижжанинг ўнинчи кунига ишорадир. Ундаги: “Бас Раббинг учун намоз ўқи ва қурбонлик қил”, ояти қурбонлик куни бўлмиш 10- кунга ишорадир.

  Аллоҳ сизни ва бизни жаннатдаги “Кавсар” булоғидан суғорсин ва ундан сўнг умуман чанқамаслигимизни насиб этсин!

 

Халқаро алоқалар бўлими

Пятница, 18 Октябрь 2019 00:00

Лоқайдлик - тараққиётга тўсиқ

Лоқайдлик бу – бурч ва масъулиятни ҳис қилмаслик, атрофдагиларнинг, ўзининг тақдири ва келажагига дахлдор воқеликларга эътиборсизликдир. Барча даврларда зиёлилар бундай иллатга қарши курашганлар, халқни огоҳлантириб келганлар.

Ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг мақсади кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш концепсиясидир. Бунда фуқаролардан давлат ва жамиятнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётида фаол иштирок этишлари талаб этилади. Бунинг учун халқни бир мақсад йўлида, эзгуликлар сари сафарбар этиш, инсонлардаги лоқайдлик ва бепарволикка барҳам бериш лозим бўлади. Мустақилликка эришганимиздан сўнг, бундай иллатга қарши кураш алоҳида аҳамият касб эта бошлади. Президентимиз ҳам доимо фуқароларимизни огоҳликка ва эътиборли бўлишга чақиради. Бу шунинг учун керакки, лоқайдликнинг маъно мазмуни на муқаддас динимиз моҳиятига, на бошқа тараққиёт қонунларига тўғри келади. Уни яна дангасалик, танбаллик, боқимандалик, боқибеғамлик ва бепарволик каби салбий иллатлар билан боғлаш мумкин. Булар жамиятни тубанлаштирадиган омиллардандир. Ҳозирги даврнинг талаби – аниқлик ва янгиликлардан тезкорлик билан хабардор бўлиш. Лоқайдлик эса бунга тамомила зиддир.    Бу иллатнинг жамият учун қанчалик зарарли эканини инобатга олиб машҳур шахсларнинг қуйидаги фикрларини келтирамиз:

Шайх Саъдий айтади: “Магар сен ўзгаларнинг қайғусиға лоқайдлик ила қарасанг, сен инсон деган номға нолойиқсен”.

Соҳибқирон Амир Темур эса ўзининг тузукларида: “Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий тадбиркор ва ҳушёр бир киши минглаб тадбирсиз лоқайд кишилардан яхшидир”, - деб таъкидлайди.

Немис ёзувчиси Георг Лихтенберг айтади: “Қаердаки лоқайдлик – у ерда хато, қаердаки совуққонлик – у ерда жиноят”.

Юсуф Хос Ҳожибнинг қуйидаги мисралари ҳам кишини хушёр бўлишга чорлайди: “Ҳар бир ишда ҳам ғофиллик қилма, ҳушёр бўл, ғофилларнинг ишлари ҳеч қачон кўнгилдагидек бўлмайди”.

Баҳоуддин Нақшбанд эса адашаётган кишиларга тўғри йўлни кўрсатишга чорлайди:

Кўр кетар экан билмай истиқболда чоҳ,

Уни огоҳ этмасанг сендадир улуғ гуноҳ.

Ҳозирги кунда халқимиз орасида ҳам лоқайдлик ва бепарволик иллатлари учрайди. Аммо ҳеч ким ўз шахсий манфаатлари учун лоқайд эмас.

Хулоса шуки, янги даврда янги жамият қураётган эканмиз, нотўғри ақида ва ғоялардан, зарарли иллатлардан воз кечишимиз биз учун сув ва ҳаводек зарур. Абдулла Авлоний айтганидек, “Маърифат соҳиби бўлмак учун аҳволи оламдан хабардор бўлмак керак”.

 Мавзуга доир мутафаккирларнинг сўзлари:

 Ғофил одам кўз юмиб ғафлат уйқусига ботади, эй иродали мард, ғофил бўлма, ҳушёр бўл.

ЮСУФ ХОС ҲОЖИБ

 

Кимдир бошқаларга тилар омонлик,

Кимдир соғинади фақат ёмонлик.

Бир қарасанг ўхшаш рангу рўйлари,

Бироқ тамом бошқа фикру ўйлари.

Сиртдагисин кўриб турибсан ҳар он,

Ичдаги оламдан огоҳ бўл, инсон!

АБДУЛЛА ОРИПОВ

 

Элигнинг[1] ҳушёрлиги элга фойда келтирди, шулар туфайли элда тинчлик   ва тотувлик қарор топди.

ЮСУФ ХОС ҲОЖИБ

 

Ғофиллик давлатни қўлдан кетказар.

НИЗОМУЛМУЛК

 

Ҳар киши нокас билан ҳамкосадир,

Минг шарофатни касофат босадир.

МАШРАБ

 

Амирнинг ғофиллиги, вазирнинг хиёнати подшоҳликни йўқ қилар.

НИЗОМУЛМУЛК

 

Агар бирор қайғу-алам юз бергани ёки таьзияли жойни эшитсанг, дарҳол у ерга бор, агар зиёфату меҳмондорчиликка чақирилсанг, унда ўзинг ўйлаб иш тут (ўзинг биласан).

МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙ

 

Эрурсен шоҳ – агар огоҳсен сен,

Агар огоҳсен – шоҳсен сен.

АЛИШЕР НАВОИЙ

 

Инсон ибрат назари ила боқуб, дунё китобидан ўз қадр-ҳиссасини билиб олмаги лозимдур. Шунинг учун ақл соҳиблари, фатонат эгалари ўзларига фойдаси бўлса-бўлмаса, синчиклаб қарағон нарсаларидан бир ҳисса олмай қўймаслар.

АБДУЛЛА АВЛОНИЙ

 

Ғафлат аро хуш кўрибон хуш дема,

Вақиф[2] ўлиб, сўнгра пушаймон ема.

АЛИШЕР НАВОИЙ

 

Белни боғла, даврингни сур,

Дўсту, душманни синаб юр,

Ёмон сўздан қулоқни бур,

Сен ғафлатда қолма, болам.

Молим йўқ деб, қийнама жон,

Давлат топилур ҳар қачон,

Душманингга берма омон,

Ҳар чоқ ҳушёр бўлгин, болам.

БЕРДАҚ

 

Огоҳ кишини эҳтиёткорликнинг оқибати билан таништиргин. Ҳидоятга бошловчиларни эслатиш орқали уни мулоҳаза юритишга кўндириб, олижаноб ишларни қилишга чақир.

МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙ

 

Ғолиб душмандин ҳардам ғофил қолма,

Ўчиролмас исён ўтин ўз ҳарамингга солма.

АЛИШЕР НАВОИЙ

 

Ҳушёр ва заковатли одам улдурки, унинг фикр доираси кенг, узоқни яқиндек кўра оладиган ғафлат уйқусидан йироқ, балки ҳамиша фикру зикри билан уйғоқ, махфий ишоратдан ҳам ўзига хулоса чиқара ола биладиган, сўқир кўздан ҳам ёш оқиза оладиган бўлур.

МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙ

 

Ҳушёрликсиз бирор нафас ҳам олмаган,

Назари қадамидан ўзга ерда бўлмаган.

АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ

 

Худо кўрсатмасин, агар сени қайғу-ҳасратларнинг кучли еллари ўраб олса, унда дод-фарёду фиғонларинг фойда бермас.

МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙ

 

Дўстлар фикридин ва душманлар макридин бепарволиғ жоиз эрмас ва шу иш надоматдин ўзга натижа бермас.

АЛИШЕР НАВОИЙ

 

Огоҳ бўлингизки, карим ва ҳурматли, вафодор одамни йўқотиш эр кишига вафотдан кўра ҳам оғирроқдир.

МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙ

 

Одамни ғафлат уйқусига ботирувчи ғофилликдир, ғафлат уйқусига ғарқ бўлган одам жами ишларини ташлаб қўяди.

ЮСУФ ХОС ҲОЖИБ

 

Ғофил бўлмагинки, ғофиллик зулматнинг моясидир,

Дўст ёри билан бўл, қалбингни нурли қилади.

АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ

 

Ғофил одамнинг ҳаёти – уйқу бирла хомхаёл,

Хайфдир жоҳил билан суҳбатда ўтган дамларинг.

 ЗЕБУННИСО

 

Қашшоқлиқ, тенгсизлик, одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган бошқа ҳамма нарса ҳам ўтади: уйсиз уйлик бўлади, оч тўяди, гап бунда эмас, ҳамма гaп шундаки, мана шу одамларда одамлик ғурури карахт бўлган, бу одамларда шундай ҳаётга қарши исён руҳи йўқ, аксинча, булар шу ҳаётни қариликдай табиий, ўлимдек ҳақ деб билишар экан.

АБДУЛЛА ҚАҲҲОР

 

 Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсу ислом билим юрти 3-курс талабаси Ҳайдаров Иброҳим тайёрлади.

 

[1] Халқ

[2] Воқиф

Мақолалар

Top