Рамазон

Ийди Рамазон одоблари

Мана, муборак Рамазон ойи ҳам ниҳояланиб, кўнгиллар интиқ кутган ҳайит байрами арафасидамиз. Рамазон ҳайитида бир неча одоб ва суннатлар бор бўлиб, қуйида уларни эслаб ўтамиз:

  • Агар Рамазоннинг ҳайити бўлса, унда намозга чиқишдан аввал бирор нарса, ширинликлар еб олинади. Чунки, Имом Бухорий ҳазратлари Анас разияллоҳу анҳудан қилган ривоятларида зикр қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайитига хурмо еб чиқар эканлар. Уларни тоқ ҳолда ер эканлар. Аммо Қурбон ҳайити бўлса, ҳеч нима емасдан чиқилади.
  • Ҳайит намозларига боришда мисвок қилиб ва алоҳида ғусл қилиб олиш. Мисвокнинг барча намозлар олдидан қилиниши суннат эканлиги машҳурдир. Ғусл қилиш борасида эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозларига алоҳида ғусл қилишлари ривоят қилинган.
  • Чиройли, янги, ювилган кийимларини кийиш. Ибн Можжа ривоят қилган ҳадисда, Ибн Аббос разияллоҳу анҳу эслашича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайитда ҳам йўл-йўл чопон (бурда)ларини кийиб чиққанлар.
  • Рамазон ҳайитида намоздан олдин «садақаи фитр»ни адо этиш вожибдир. Ушбу фитр садақасини намоздан олдин адо қилса ҳам жоиздир.
  • Ҳайит намозига эрта бориш. Яъни масжидга эрта бориб, ҳайит намозига шай туриш, хутба ва маърузаларга қулоқ тутиш савобли амал ҳисобланади.
  • Ҳайитга боришда бошқа йўлдан, қайтишда эса бошқа йўлдан келишга ҳаракат қилиш. Чунки, Имом Бухорий ривоятларига кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари шундай бўлган. Буни Абу Довуд ва Ибн Можжалар Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Зотан, бошқа-бошқа йўллардан юришда, савобнинг қадамлар ҳисобига кўпайиши, мусулмонларни кўриб-сўрашиш, ҳайитга чиққанига гувоҳларнинг кўпайиши ҳоллари юз беради.
  • Масжидга пиёда бориш. Имом Аҳмад ва Имом Бухорийлар Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қиладилар: “Ҳайитга пиёда чиқишлик суннатдандир”, деганлар.
  • Намоз ўқиладиган жойда нафл ўқимаслик керак. Чунки, Бухорий ва Муслимлар Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозларига чиққанларида намоздан аввал ҳам, кейин ҳам намоз ўқимасдилар. 
  •  Ёр-дўстларни ҳайит билан муборакбод этиш. Инсонларнинг бир-бирлари билан кўришишлари ва ҳайит байрами билан қутлашлари ҳам барчанинг кўнглига хурсандчилик улашадиган бу куннинг одобларидан ҳисобланади. Ҳайит кунида бир-бирларини табриклаш маъносида ўқиладиган муайян дуо бўлмаса ҳам, «Аллоҳ биздан ҳам сизлардан ҳам қабул қилсин» маъносидаги тилаклар билдириш яхши саналади.
  • Қавму қариндошларни зиёрат қилиш. Аслида қавму-қариндошларнинг ҳолидан хабар олиш барча вақтда ҳам мусулмон кишининг зиммасидаги вазифалардан ҳисобланади. Ҳайит кунларидек хурсандчилик кунларида эса бу вазифа яна таъкидлаб эслатиб қўйилган. Бу ҳам динимизнинг гўзаллигидан ҳисобланади. Қавму-қариндошлар зиёрат қилинганда ҳайитдаги умумий хурсандчиликлар доираси кенгаяди, уларга совғалар ҳам улашиладиган бўлса ўзаро меҳр-муҳаббат ришталари мустаҳкамланиб шоду-хуррамликлар янада зиёда бўлади.
  • Болаларни хурсанд қилиш. Ҳайит байрамида ёш болаларни хурсанд қилишга, бу куннинг бошқа кунлардан фарқли мусулмонларнинг байрами эканини англатишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунда уларга ҳайитлик совғалар улашиш, ҳайвонот боғларига ёки ўйингоҳларга олиб бориб ўйнатиб келиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳайит байрамининг шодликларидан эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини ҳам баҳраманд қилишга уриниш комил мусулмоннинг белгиларидан ҳисобланади.

Барчамизга Ийди Рамазон муборак бўлсин!

Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси

 Фахриддин Маманосиров

 

 

99314 марта ўқилди

Мақолалар

Top