1. Ҳомиладор ва эмизикли аёл ўзига, ҳомиласига ёки чақалоғига зарар бўладиган бўлса Рамазон рўзасини тутмаса ҳам бўладими?
Ҳанафий мазҳаби олимларининг фатволарига кўра ҳомиладор аёл ўзига ёки ҳомиласига ҳамда эмадиган чақалоғига зарар бўладиган бўлса, Рамазон ойи рўзасини қодир бўлган вақтда тутиб беради, каффорат бермайди. Валлоҳу аълам.
2. Рўзадор оғзига келиб қолган балғамни ютиб юборса рўзаси бузиладими?
Рамазон ойида оғзига келган оддий, ҳеч нарса аралашмаган туфукни ютиш рўзага халал бермайди. Зеро оғизга келган тупукдан эҳтиёт бўлиш қийин. Ҳар вақт оғзига тўпланган туфукни туфлаб ташлаш вожиб эмас. Оғиздаги туфук таом ҳам, сув ҳам деб ҳисобланмайди. Шунга биноан рўзани бузувчи нарса эмас.
Аммо ўпкадан чиққан балғам, димоғдан келган сув айрим мужтаҳид уламоларнинг сўзларига кўра рўзани бузади. Валлоҳу аълам.
3. Рўза вақтида эр ўз хотинини ўпса рўза бузиладими?
Мазҳабимиз уламоларининг сўзларига кўра, рўза вақтида инсон шаҳватини қўзғалишига сабаб бўладиган ҳар қандай амал макруҳдир. Шунинг учун ҳам рўзадор эр хотинини ўпишдан ўзини эҳтиёт қилгани яхши. Ўзига ишонган киши хотинини ўпиши мубоҳдир. Валлоҳу аълам.
4. Айрим аёллар Рамазон ойи рўзасини тўла тутиш мақсадида ҳайзни вақтинчалик кечиктирадиган дори истеъмол қилишлари мумкинми?
Рамазон ойи бошқа ойларда топилмайдиган ўзига хос баракот ва нафаҳотларни ўзида мужассам қилган муборак ой ҳисобланади. Аллоҳ таоло мукаллаф қодир кишиларга Рамазон ойи рўзасини фарз қилган. Узрли кишиларга эса узрлари бартараф бўлгунига қадар рўза тутмасликларига ҳам ижозат бериб, бундай дейди: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир”. (Бақара сураси, 185-оят).
Аллоҳ таоло шунингдек, ҳайз кўрган, нифосдаги аёлга ҳайз ва нифоси муддатида Рамазон ойи рўзасини қазо қилишга рухсат берган. Шундай бўлсада, айрим аёллар Рамазон ойи рўзасини тутиш шарафига муяссар бўлиш ва шу ойда Қуръони каримни тиловат қилишдан баҳра олиш мақсадида ҳайзни вақтинча тўхтатиб турадиган дориларни истеъмол қилишади.
Қуръони карим, саҳиҳ суннатда ва пешқадам уламоларимиздан етиб келган асарларда бу ҳақда бирон бир маълумот йўқ, аммо ҳаж мавсумида аёллар тавофдан маҳрум бўлмасликлари, масжиди ҳарамда намоз ўқиш, Қуръони карим тиловати билан машғул бўлишлари мақсадида ҳайзни вақтинча тўхтатиб турадиган воситаларни истеъмол қилишларига ижозат беришган. Ҳозирги вақтда тажрибали шифокорлар билан маслаҳат қилгандан сўнг ҳайзни вақтинча тўхтатиб турадиган дориларни истеъмол қилиш жоиз. Валлоҳу аълам.
5. Рўза вақтида бирон бир касаллик туфайли орқага свеча қўйиш мумкинми?
Имом Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) мазҳабларидаги уламоларнинг сўзларига кўра орқа тешикка қўйилган свеча рўзадорнинг рўзасини бузади. Агар бирон бир шаръий узрга биноан бўлган бўлса қазо рўзасини тутиб беради. Валлоҳу аълам.
6. Рамазон ойи рўзасига оид масалалар
- Рўзанинг фарз бўлиш шартлари: Ислом динида бўлиш, ақл, балоғат, соғлиқ, ўз юртида бўлиб, сафарга чиқмаган бўлиш, ният, ҳайз ва нифосдан пок бўлишдир. Ният аслида дил билан бўлади. Лекин тил билан ҳам айтиш афзалдир.
Фатовои Оламгирия (Ҳиндия).
- Рўзадорлиги эсида йўқ киши бирор овқат еб қўйса ё ичимлик сув ёки дори ичиб қўйса ёҳуд жинсий алоқа қилиб қўйса, рўзаси очилмайди. Аммо шу ишлардан бирортасини қасддан қилса, рўзаси очилади. Кейин у ҳар бир куннинг қазоси билан каффорат сифатида муттасил равишда 60 кун рўза тутиб беради ёки 60 та оч киши (мискин - бечора) қорнини тўйғизади. Рўзадор аёлини жинсий алоқага мажбурлаган бўлса, ўзи 60 кун каффорат, аёли бир кун қазо рўзасини тутадилар. Аёли розилик берган бўлса, у ҳам 60 кун каффорат рўзасини тутади ёки 60 та оч киши қорнини тўйғазади.(“Ҳидоя”).
7. Қуйидаги ҳолатларда рўза очилади
§ Рўзадор тонг отмаган, деган хаёлда саҳарлик қилса-ю, аслида тонг отган бўлса, қуёш ботди, деб ўйлаб оғиз очса-ю, қуёш ботмаган бўлса, шу кунги рўзасини қазо қилиб қайта тутади, аммо каффорат вожиб бўлмайди. (Имом Сарахсий “Мабсут” китоби).
§ Рўзадор тишлари орасида қолган нўхотдан ёки ундан катта нарсани ютиб юборса, рўзаси очилади (нўхотдан кичик бўлса очилмайди). Агар тиш орасидаги нўхотдан кичик нарсани оғзидан чиқариб, қайта ютса, рўзаси очилади.
§ Рўзадор ўзини зўрлаб қусса, рўзаси очилади.
§ Одатда таом ҳисобланадиган ёки дори бўлган нарсани қасддан еган рўзадорга қазо ва каффорат лозим бўлади.
§ Рўзадор клизма қилса, қулоғига ёғ ёки дори томизса-ю, мазаси ошқозонига ёки димоғига етса, оғзига қор ёки ёмғир суви кирса, аёлини қучиб ўпганида маний чиқса, рўзаси очилади ва қазо вожиб бўлади.