muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 19 Апрель 2018 00:00

Қасам ичиш ҳаром эмасми?

Савол: Қасам ичиш ҳаром эмасми? 

Жавоб: Аллоҳ таоло марҳамат қилади: 

“Қасамларингиздаги беҳуда сўзлар учун Аллоҳ сизларни жавобгар қилмайди, балки сидқидилдан боғлаган қасамлар (бузилгани) учун сизларни жавобгарликка тортади. Бунинг каффорати (жаримаси) – оилангизни озиқлантириш учун лозим таомларнинг ўртача миқдорида ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг кийимлари ёхуд бир қулни озод қилишдир. Кимки (буларни) топа олмаса, уч кун рўза тутиши (мумкин). Ана шу ичган (ва бузган) қасамларингизнинг каффоратидир. Қасамларингизни асрангиз! Аллоҳ сизларга Ўз оятларини шундай баён қилади, токи шукр қилгайсиз” (Моида, 89). 

Динимиз беҳуда қасам ичишдан қайтаради. Қасам ичилса, фақат Аллоҳ таоло номи билан ичилади. Бизнинг диёрларда одат бўлиб қолган “нон ҳурмати”, “дастурхон ҳурмати”, “она сутим ҳаққи” деган гаплар лағв, яъни беҳуда ҳисобланади. 

Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оталарининг номини ўртага қўйиб қасам ичаётган жамоа ўртасидаги ҳазрат Умар ибн Хаттобга етиб олдиларда: “Аллоҳ таоло оталарингиз номини ўртага қўйиб қасам ичмоқни сизларга ман қилган эмасмиди?! Ким қасам ичса, Аллоҳ таоло номи билан қасам ичсин, яхшиси жим бўлсин!”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти). 

 

“Сўраган эдингиз” китоби асосида тайёрланди. 

ЎМИ Матбуот хизмати

Аввалроқ, Ўзбекистон Қуръон мусобақасининг Республика босқичи Тошкент шаҳри Талабалар шаҳарчасидаги “Ёшлар маркази”да 21-24 апрель кунлари (йигитлар) ва 25-26 апрель кунлари (аёл-қизлар) ўтказилиши ҳақида хабар берган эдик.

Мусобақа жараёнини онлайн намойиш этиш учун манзиллар ҳақида ҳам маълумот берган эдик. Йирик иншоотларда катта ҳажмдаги мониторлар ўрнатилиб аҳолимиз учун қулай шароит яратилиши кўзда тутилган.

Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги “Наврўз” давлат қабуллар уйида хотин-қзлар учун онлайн кузатиш имконияти яратилган эди. Бироқ аҳоли талабидан келиб чиққан ҳолда янада йирикроқ иншоотда ўтказишга қарор қилинди. Эндиликда хотин-қизларимиз Мусобақани Тошкент шаҳри, Беруний кўчаси, 41-уйда жойлашган "Халқ истеъмол товарларининг кўргазма-ярмарка савдоси Республика маркази" МЧЖ биносидан онлайн кузатишлари мумкин. Мўлжал: "Беруний" метро бекати.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти билан Россиянинг “Лукойл” компанияси ҳамкорлигида қурилган Қандим газни қайта ишлаш мажмуасининг очилиш маросимида иштирок этиш учун Бухоро вилоятига жўнаб кетди. 

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, Навоий вилоятига ташриф буюриб, “Навоийазот” акциядорлик жамияти томонидан жаҳон бозорида харидоргир кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган учта завод қурилиши билан танишиши кутилмоқда.

Манба: http://uza.uz/

Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳунинг насаблари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насабларининг ўзи. Аббос роҳияллоҳу анҳу Абдулмуттолибнинг кичкина ўғилларидан бири ҳисобланади.

Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари бўлиш билан бирга, у кишидан икки-уч ёшгина катта бўлганлар холос. Аббос ибн Абдулмуттолиб жуда ҳам чиройли, кўркам ва оппоқ одам эдилар. Кунялари Абулфазл эди.

Ҳижрий 32-санада Ражаб ойининг ўн иккинчисида Мадинанинг Аволий даҳасида саксон саккиз ёшларида вафот этдилар. У кишининг жанозаларини Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўқидилар.

 

Ориф АҲМЕДОВ

Сирдарё вилояти вакиллиги ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

Четверг, 19 Апрель 2018 00:00

Ислом – илм манбаи

Ислом – илму маърифатга етакловчи муқаддас дин. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган илк оятларида бундай амр қилади: “Ўқинг ( эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамли зотдир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди” (Алақ сураси 1-5 оятлар).

Ушбу оят мазмунидан билдикки, исломнинг илк бошланиши илм олишга тарғиб қилиш билан юзага келган. Шундай экан, ислом – илм манбаи деб айтишга хақлимиз. Зумар сурасининг 9-оятида “...Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!...” деб марҳамат қилинган. Албатта, уларнинг тенг бўлмаслиги ҳаммага аён. Чунки илм инсонни маънавиятга, маърифатга етаклаб даражасини юксакларга кўтарадиган ягона манбадир. Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимлар  пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қилиб қолдирганлар”, деб марҳамат қилганлар.

Демак, ислом динида илм ҳар қандай бойликдан устун келадиган бебаҳо дурдонадир. Ислом мисоли бир қайнаб турган булоқ бўлса, илм ундан отилиб чиқаётган зилол сув зарраларидир. Кимгаки ана шу сувдан ичиш насиб қилган бўлса, дунё ва охиратда унинг даражаси баланд бўлади.

Тарихдан маълумки, бизнинг бобакалонларимиз ислом дини асосида фанларни чуқур ўзлаштириб илм чўққисида баланд парвоз қилганлар. Ҳозиргача ва ҳатто қиёматгача инсониятни лол қолдирадиган даражадаги  илм, фан ютуқларига эришганлар. Бугунлик кунда ҳам юртимизда олиб борилаётган одилона сиёсат халқимизнинг илмга бўлган қизиқишини кундан кунга ошириб инсон манфаатини юқори даражага олиб чиқишга қаратилган.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 16 апрель куни қабул қилинган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш, жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Фармондаги ислом илм-фани ва маданиятига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёти ва бой илмий меросини чуқур ўрганиш, мамлакатимиз давруғини жаҳон миқиёсида кенг ёйиш ишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган шахсларни  рағбарлантириш мақсадида “Имом Бухорий” давлат мукофатини таъсис этиш ҳақидаги банди, юртдошларимизнинг ўз устида янада масъулият билан ишлаб Ўзбекистонимизнинг дунё саҳнасидаги ўрнини баландларга кўтаради, иншоаллоҳ.

Яна бир бандида диний-маърифий соҳада намунали фаолият юритаётган, ижтимоий-маънавий ишларда алоҳида ўрнак кўрсатаётган соҳа вакилларини рағбарлантириш, шу жумладан, давлат мукофотларига тақдим этиш масаласи айтилгани ислом динининг тинчлик, дўстлик, илму фанни тарғиб қилувчи хақ дин эканини яна бир бор тасдиқлаганидир.

Ислом яхшиликни, савоб ишни, эзгуликни қўллаб-қувватлайди. Фармоннинг яна бир бандида Ҳадис илми мактабини ташкил этилиши ҳамда Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини ўрганиш, ҳадисшунос мутахасисларни тайёрлаш Ҳадис илми мактабининг асосий вазифалари этиб белгиланганлиги юртимиздан яна Имом Бухорий изидан борадиган муҳаддислар етишиб чиқишига пойдевордир.

Иброхим сурасининг 7-оятида Аллоҳ таоло: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган) неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-юношукрлик қилсангизлар, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”, деб мархамат қилган. Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, тинчлик-хотиржамлик, тез суратда ривожланиш – бунинг бари Аллоҳнинг бизга берган инъомларидир.

Шундай экан, ҳаммамиз жам бўлиб юртбошимиз чиқараётган фармони олийларни ҳаётимизга тадбиқ этиб шукроналар қилишимиз энг тўғри йўлдир. Аҳмад ва Муслим ривоят қилган ҳадисда: “Кимки бирор кишини яхши ишга даъват қилса, унга ўша яхшиликни бажарганнинг савоби берилади”, дейилган. Зеро, яхшиликка далолат қилиш мусулмон банданинг ҳар куни қилиши лозим бўлган ишларидандир.

Аллоҳ таоло ҳаммамизга савоб ишларда бардавом бўлиб, иноқ-иттифоқ, аҳилликда ҳаёт кечиришимизни насиб қилсин.

 

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби

 

Мақолалар

Top