muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz портали ижодкорлари томонидан “Онлайн зиёрат” лойиҳаси йўлга қўйилиб, унинг биринчи сонида “Қаффол Шоший” зиёратгоҳига ташриф уюштирилган эди. 

Бугун, 14 март куни ушбу онлайн зиёратнинг навбатдаги “Онлайн зиёрат”имиз соат 11.00 да “Шайх Хованд Таҳур” ёдгорлик мажмуасида бошланади. Марҳамат, биз билан бирга онлайн зиёрат қилинг ва муборак гўша ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлинг. 

Юртимиздаги диққатга сазовор жойлар, муқаддас қадамжолар ва азиз-авлиёларнинг хоклари қўним топган гўшаларга muslim.uz сайтининг Фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали “Онлайн зиёрат” қилишингиз мумкин. 

Ҳурматли мухлислар! Бизни кузатишда давом этинг. Ҳали олдинда, Сиз учун янада фойдали ва қизиқарли мега лойиҳалар тайёрлаб қўйганмиз. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Динимиз – гўзаллик дини. Шу боисдан шариатимиз гўзалликни улуғлайди ва банданинг барча нарсаси – сўзлаган сўзи, бажарган амали, кийган кийими... ҳамма-ҳаммаси  ўзига муносиб равишда унга зийнат бўлишига тарғиб этади.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ عَنِ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «… إِنَّ اللَّهَ جَمِيلٌ يُحِبُّ الْجَمَالَ …»

(رواه مسلم)

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «… Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради…» дедилар (Муслим ривояти).

Айниқса, инсоннинг ахлоқий ва эстетик жиҳатларнинг уйғунлашуви динимизнинг асосий талабларидан бири саналади. Буни Жалолиддин Румий ҳазратлари “Ё аслинг каби кўрингил, ё кўринганинг каби бўл”, дея жуда ҳам чиройли тушунтирган.

Рус донишмандларидан бири айтган эди: “Инсонда ҳамма нарса гўзал бўлиши керак – қиёфаси, кийими, қалби ва тафаккури” Ушбу фраза бугунги кунимизда ҳам долзарблигини йўқотмаган. Боз устига унинг тўлиқ баёни Исломда ўз ифодасини топган. Қуръони каримда инсонга ўзига қараб юриш, гуноҳга бошловчи хаёлларга берилмаслик, қалбини зикруллоҳ билан поклаб юриш, танасини ва кийимларини ҳам озода қилиб юриш амр этилган. Юқорида айтганимиздек, ҳадиси шарифда “Аллоҳ гўзалдир, У гўзалликни севади”, деб марҳамат қилинган.

Бироқ айрим инсонларда бу иккиси – зоҳиридаги ва ботинидаги гўзаллиги бир-бирига мувофиқ эмас. Улардан бири руҳининг гўзаллигига оро бериб, ташқи қиёфасига эътибор қилмайди, бошқаси эса бунинг аксини қилиб танасини безайди ва қалбини унутади.

Унутмаслик керакки, инсон гўзаллигини белгилайдиган ана шу икки омилнинг табиати  ҳар хил бўлади. Ҳатто бир-бирига қарама-қарши келиши ҳам мумкин. Чунки уларнинг ҳар бирининг ўзига хос қиймати ва ноёб хусусияти бор. Агар ботиний гўзаллик инсоннинг маънавиятини бойитиб, ахлоқини юксалтириб, вазминликка, сабр-тоқатга ўргатса;  мусулмон кишининг ташқи кўриниши жуссасига ярашаган покиза кийими, очиқ чеҳраси атрофдагиларда нафақат унинг ўзига нисбатан, балки динимизга нисбатан ҳам қизиқиш ва ҳурмат уйғотади. Ислом динида айнан ахлоқий ва эстетик гўзалликнинг уйғунлиги бутун гўзаллик саналади. Буни Абул Ахвас ал-Жашамийдан ривоят қилинган ушуб ҳадис тасдифлайди:

“Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эски, йиртиқ-ямоқ кийиб юрган ҳолимда дучлашиб қолдим. Мени бу ҳолда кўрган Расул алайҳиссаломнинг раҳми келиб моддий аҳволим билан қизиқдилар. Мен жуда ҳам бой одам эканимни айтдим. “Сенинг бойлигинг нималардан иборат?” деб сўрадилар”, у зот.  “Аллоҳ таоло менга ато қилган туя ва қўйнинг сон -саноғи йўқ”, деб жавоб бердим. Шунда Расули акром соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У ҳолда Аллоҳ таолонинг сенга берган неъматларини кўрсатиб кийинган”, дея маслаҳат бердилар” (Имом Термизий, Имом Аҳмад, Имом Насоий ривояти).

Ботиний ва зоҳирий гўзаллик тимсоли сифатида имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳни ҳам келтириш мумкин. Ана шу буюк олим ташқи қиёфасига ҳам жиддий эътибор қаратган. У зот узун соқолли кўркам одам бўлган, ҳар доим чиройли кийинган, салласини ҳам чиройли ўраган, овози жуда ҳам ёқимли бўлган, ҳар доим муаттар ҳид таратадиган хушбўйликлар сепиб юрган, ўша хушбўйликларнинг ҳидиданоқ у зотнинг келаётганини билиб олиш мумкин бўлган.

Шундай қилиб, динимиз инсонларга чиройли кийинишни тақиқламайди, аксинча, шунга даъват этади. Аммо бунда ҳаддан ошилса кибрга кетиб қолади.

يَا بَنِي آدَمَ خُذُواْ زِينَتَكُمْ عِندَ كُلِّ مَسْجِدٍ وكُلُواْ وَاشْرَبُواْ وَلاَ تُسْرِفُواْ إِنَّهُ لاَ يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ  

Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас. (Ўтган ояти каримада келганидек, кийимсиз ҳолда ибодат-тавоф қилиш ёхуд жанда, ямоқ-ясқоқ кийим билан бажариш ибодат фазли ва савобини зиёда этмайди. Лекин табиати бузуқ кишилар бузуқ диндорликка уринадилар, тақвони жулдур кийимлар ила ҳосил бўладиган этиб кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Аллоҳ таоло эса, энгил-бошда ҳаддан ошиб фахр ва ғурурга кетишни қоралаганидек, унинг паст ва табиатсиз ҳолда истеъмол қилинишини ҳам қоралайди) (Аъроф сурасининг 31-ояти).

Динимизда худди жавоҳирга ўхшаб бегона нигоҳлардан тўсилган аёл гўзаллигига алоҳида эътибор қаратилади.  Фақат уйдагина унинг ёрқинлиги ва улуғворлиги яққол кўзга ташланиб туради ҳамда унинг безаниши турмуш ўртоғига хотиржамлик бағишлайди. Ўзига оро бериб, чиройли ва озода кийимларини кийиб, эрини очиқ чеҳра билан кутиб олиш – Аллоҳ таоло муслималарга амр этган ёқимли юмушлардан биридир.

Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Среда, 14 Март 2018 00:00

Сабр – улуғлик белгиси

Сабр – инсонга дунё ва дин ишларида тўғри йўл тутишда ёрдам берадиган фазилат. Инсон  зоти яралибдики, ўзининг барча мақсадларини сабр асосида рўёбга чиқаради. Агар у сабрсизлик билан иш тутса хеч қачон мақсадга эриша олмайди. Ҳар қандай ишда ҳам шошқалоқлик зарар келтиради. Сахл Ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Шошилмаслик Аллоҳдандир, шошқалоқлик шайтондардир”, дедилар (Термизий ва Байхакий ривоят қилган).

Шунинг учун ҳам мўмин-мусулмон банда ҳеч бир ишда шошилмаслиги лозим.

Сабр – улуғлик ва камолот белгисидир. Аллоҳ таоло ўз исмларидан бирини “Ас-собур” деб атагани хам бежиз эмас. Аллоҳ таоло гуноҳ қилган бандасини дарҳол жазоламайди, унга берилажак азобни орқага суради. Аъроф сурасида бундай марҳамат қилинади: “Албатта Раббингиз осмонлару ерни олти кунда яратган”  (54-оят).

Аллоҳ таоло истаса оламни бир зумда яратар эди. Аммо бандаларга ибрат бўлиши учун уни олти кунда яратган. Шунингдек, Аллоҳ таоло Қурони каримни  ҳам бир йўла нозил қилса бўлар эди. Аммо бандаларга осон бўлиши учун йигирма уч йилда нозил этди. Шариат аҳкомларини ҳам ўша муддатда жорий қилди. Ожиз бандалар бу дунё ишларини амалга оширишда қанчалик машаққат ва оғирлик  ҳосил бўлмасин, мустаҳкам ирода ва сабр-тоқат кўрсатиши лозим. Имом Бухорий ривоят қилган бир ҳадисда: “Кимки сабр қилишни хоҳласа, Аллоҳ унга сабр беради. Ҳеч бир кишига сабрдан кўра яхшироқ неъмат берилмаган.” дейилади. Инсон ҳаёти давомида бир имтиҳондан чиқиб, иккинчи имтиҳондан чиқиб, учинчи имтиҳонга тўқнаш келаверади ва бу нарса бир-бирига уланиб кетган синовлардан иборат .

Бугунги кунда кўп гуноҳ ва жиноятлар келиб чиқишига назар ташласак, сабрсизлигимиз эвазига содир бўлаётганини кўрамиз.  Инсонларнинг ёши-қари ҳаммаси сабрни унутиб қўйдик, десак муболаға бўлмайди. Аллоҳу таоло шунча соҳиб қудрат эгаси бўлса ҳам биз бандаларга ҳар бир нарсада ибрат олишимиз учун ақлимизни сабрга ундаган. Хато камчилликларнинг бари сабрсизлигимиз оқибатида содир бўлаяпти. У ҳаёт уфқида кетма-кет пайдо бўлувчи булутлардан қўрқмайдиган, балки бир кунмас, бир кун ўзига ҳам омад кулиб боқишидан умидини узмаслиги лозим. Бундай натижани сабр бардош, хотиржамлик ва ишонч билан кутиш эса айни ҳикматдир. Шунинг учун дин бандадан хар  доим сабр қилишни талаб этади.

Абдухалил АБДУНАЗАРОВ,

Қизириқ туман бош имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Аллоҳ таолонинг улуғ инояти ила Ўзбекистон халқининг ихлосу-муҳаббатлари остида ўтаётган Республика Қуръон мусобақаси энг қизғин паллага кириб бормоқда. Бугунги кунда вилоятларимизда мусобақанинг иккинчи, вилоят босқичи ўтказилиб, қироат моҳирлари аниқланмоқда. Пойтахтимизда ҳам туманларида энг яхши деб топилган ҳофизи Қуръонлар мусобақанинг Тошкент шаҳар босқичида иштирок этадилар. Ғолибларни эса Республика босқичи кутмоқда.

18-19 Март кунлари Пойтахтимизнинг “Наврўз” тантаналар саройида ўтказиладиган Ўзбекистон Қуръон мусобақасининг Тошкент шаҳар босқичига азиз Қуръон шайдоларини таклиф этамиз.

Эркаклар ўртасидаги мусобақа: 18-Март, соат 9-00 да;
Аёллар ўртасида: 19-Март, соат  9-00 да бошланади.
 

Мусобақага кириш бепул бўлиб, таклифнома ёки ҳужжат талаб қилинмайди.

Ўхшаши йўқ, тенги йўқ, оламлар ичра янг яхши каломни эшитишга ошиқинг азизлар.  

 

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

Ҳифз йўналиши

18-25 ёш
1. Маҳмудов Муҳаммадисо
2. Эрматов Алишер
2. Муҳсинов Мўминжон
3. Нуриддинов Сайдулло

26-40 ёш
1. Содиқов Мухсин
2. Абдурасулов Раҳматилло
3. Рўзиев Шахбоз

Тиловат йўналиши

18-25 ёш
1. Каримов Муҳаммадамин
2. Жамолдинов Нурмуҳаммад
3. Мардонқулов Жамолдин

26-40 ёш
1. Юлдашев Расулбек
2. Мадаминов Рустам
3. Сулаймонов Фарҳоджон
3. Каримов Муҳаммадсодиқ

Ғолибларга ташкилотчилар томонидан диплом ва совғалар тақдим этилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top