muslim.uz
Қадимий Бухоро кўчаларида электромобиллар қатнови йўлга қўйилди
Кўҳна Бухоронинг қадимий кўчалари бўйлаб электромобиллар қатнови йўлга қўйилди.
— Сайёҳлар учун яратиб берилган катта қулайлик, яъни визасиз келиш имкониятидан фойдаланиб, юртингизга оилавий ташриф буюрдик, — дейди япониялик сайёҳ Нихато Касахара. — Бухоронинг эртакмонанд кўчалари бўйлаб электромобилда сайру саёҳат қилиш барчамизга, айниқса, фарзандларимга бир олам завқ бағишлади.
«Халқ сўзи» нашрининг хабарига кўра, сўлим Лаби Ҳовуздан Пойи Калон ва Арк қўрғонига қадар бўлган масофада юздан зиёд қадимий обидалар жойлашган. Шу йўналишда ҳозир экологик тоза ҳамда хавфсиз авто тури саналган тўртта ихчам машина ҳаракатланмоқда. Тез орада улар сони яна 20 тага кўпаяди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Германияда 2017 йилда мусулмонлар ва масжидларга 950 га яқин ҳужум уюштирилди
Германияда ўтган йили мусулмонлар ва масжид каби мусулмон идораларига, камида 950 та ҳужум уюштирилди.
Бу ҳақда Neue Osnabruecker Zeitung немис газетаси мамлакат Ички ишлар вазирлиги жавобига таяниб хабар қилди.
Бу ҳужумлар натижасида, 33 нафар киши жабрланган. Ҳокимият вакиллари масжидларда ва мусулмонлар билан боғлиқ бошқа идораларда амалга оширилган 60 га яқин граффити-вандализми ва ҳақорат қилиш ҳоллари (масалан, чўчқа қонини суртиш) бўйича суриштирув ишларини ўтказишди. Деярли барча ҳолларда бу ердаги жиноятчилар ўнг экстремистлар бўлиб чиқди.
Газетанинг қўшимча қилишига кўра, мусулмонларга ҳужум қилиш ҳолларининг олдинги йиллар учун статистик маълумотлари йўқ, негаки бу борадаги маълумотлар тўпланмаган. Немис Марказий мусулмонлар идораси раиси Айман Мазъекнинг сўзларига кўра, расмий статистика барча ҳуқуқбузарлик ҳолатларини ўзида акс эттирмайди.
2017 йилда доимий равишда ислом динига эътиқод қилган 4,7 млн мусулмонлар ( уларнинг 65% суннийлар, 7%-шиалар, 13%-алавийлар) истиқомат қилган. Бу Германия умумий аҳолисининг тахминан 5%ини ташкил этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Қуръон мусобақаси бугун Навоийда
Online: Қуръон мусобақаси (Навоий)
Қандай дуо қиламиз?
Aйримлар: “Дуо қилаверамиз, бирортасининг қабул бўлганини сезмадик!” деб гапириб юради.
Қонун-қоидасига мувофиқ ёзилмаган оддий ариза ҳам қабул қилинмайди-ю, шартларига риоя этилмаган дуо қандай қабул бўлсин! Ёшланмаган кўз, қизармаган юз, қалбдан чиқмаган минг бир сўз билан қилинган дуолар қандай ҳам ижобат бўлсин ҳузури Илоҳийда?
Кўпчилик одамларнинг дуолари худди мактубсиз хатжилдга ўхшайди. Жилди бор-у, ичида хат йўқ. Буни бошқачасига ифодаласак, жасад бор-у, руҳ йўқ, пўсти бор-у, мағзи йўқ, ниқоб бор-у, юз йўқ.
Оддий бандадан бирор нарса сўрашнинг ўзига хос йўли, одоби бўлгани ҳолда оламлар Парвардигоридан сўрашнинг одоби бўлмасинми!
Дуо – инсоннинг ўз ожизлигини эътироф этишидир.
Дуо – агар илоҳий нусрат бўлмаса, одамнинг ўзи, ҳеч нарса қилолмаслигини билишидир.
Дуо – банданинг борлиғи битта юракка айланиб, илоҳий Даргоҳга юкунишидир.
Дуо – бор кучини, бутун имкониятини ишга солиб ҳам мақсадига етолмаслигини билган одамнинг Парвардигордан мадад сўраб, қилган нидосидир.
Буни тушунган одам, бола онасидан бир нимани қатъий туриб сўраганидек, қатъият билан дуо қилади. Илоҳий Даргоҳга қўл чўзиб қайта-қайта илтижо этади...
Шунда метин қалблар ҳам юмшайди, тошдан сув сизгани каби, улардан ожизлик “оҳ”лари сизиб, юксалади. Ҳеч кутмаган жойингиздан Эгам нажот эшикларини очади. Шоир айтганидек:
Сур, чиқар ағёрни дилдан, Ҳақ тажаллий айласин,
Подишоҳ кирмас саройга хона маъмур ўлмаса.
Ҳирсу ҳавас денгизига ғарқ бўлган, дунё матоларига муҳаббатни ўзига жо қилган юракка назар қилармикин У!
Тоиф сафаридан қайтар эканлар Муҳаммад пайғамбаримиз режалари пучга чиқиб, иложсиз қолганларида, гумроҳлар отган тошлардан покиза вужудлари қонга беланиб, ҳориб-чарчаб, бир девор панасига чўкдилар. Ақлнинг чораси қолмаган пайтда, камситилган, ҳорғин ва ғамнок ҳолда муҳаббатуллоҳнинг мушфиқ бағрига ташладилар ўзларини. Кейин муборак дудоқлардан пайғамбарлик даврининг бурилиш нуқтаси бўлган дуо отилиб чиқди:
“Илоҳим! Мадорим тугаганини, чорасиз қолганимни ва одамлар орасида хор бўлганимни фақат Ўзингга арз қилурман... Эй раҳмлиларнинг энг марҳаматлиси! Сен менинг Парвардигоримсан, эзилганларнинг мададкорисан. Мени кимларнинг ихтиёрига ташлаб қўйдинг? Менга ғаддорлик қилганларнинг қўлигами?..
...Майли, Сен мендан ғазабланмасанг бўлгани, бошқасига парво қилмайман. Аммо марҳаматингдан умидворман. Сенинг нурингга юкунаман, зулматларни ёритгувчи нурингга...
Менга ғазабинг етмаслиги ва қаҳринг тушмаслигини сўрайман. Сенга сиғинаман, мендан рози бўлсанг, бас. Барча куч-қудрат Сендадир, ёлғиз Ўзингда!..” (Ибн Ҳишом, “Сийра”).
Содиқ НОСИР
ЎМИ Матбуот хизмати