muslim.uz

muslim.uz

2023 йил 13 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Сурхондарё вилоятига ташрифлари давомида Ҳаким Термизий зиёратгоҳи яқинида жойлашган “Вақф” хайрия жамоат фонди тасарруфидаги меҳмонхона фаолияти билан яқиндан танишдилар. Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Алиакбар домла Сайфуддинов ва “Вақф” хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилояти филиали раҳбари Абдусалом Фатуллаев ҳамроҳлик қилди.
Муфтий ҳазратлари ташриф асносида меҳмонхонада зиёратчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, иш фаолиятни янада ривожлантириш юзасидан тавсияларни бердилар.
Маълумот ўрнида, меҳмонхона 70 ўринга эга бўлиб, люкс ҳамда ярим люкс хоналарни ўз ичига олади. Яна бир жиҳати меҳмонхонанинг Тошкент-Термиз халқаро магистрал йўлининг ёнида эканлиги. Бу эса Исо Термизий, Султон Саодат, Кампиртепа, Фаёзтепа ҳамда Ҳаким Термизий зиёратгоҳ ва тарихий ёдгорликларига тез фурсатда етиб олиш имконини беради.
Меҳмонхона фаолиятидан келиб тушган маблағлар вақф мулкларини тасарруф этиш ҳамда хайрия мақсадлари учун ишлатилади.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 10 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Тошкент шаҳрида Hi-Tech услубида қайта бунёд этилган “Тепа” жоме масжидининг очилишида иштирок этиб, жамоат билан ушбу масжиддаги илк жума намозини адо қилдилар.

Намоздан аввал Муфтий ҳазратлари йиғилганларни Рамазон арафасида муносиб туҳфа бўлган, қулай ва шинам масжид билан муборакбод этдилар. Сўнгра Рамазон ойига муносиб тайёргарлик кўриш, бунинг учун турли гуноҳ-маъсиятлар, ғийбат-мазаммат қилиш каби иллатлардан тийилиш кераклиги ҳақида сўз юритдилар. Айниқса, ғийбат, ёлғон сўзлаш, ўзгага тили билан ҳам қўли билан ҳам зиён етказиш каби зарарли одатлардан сақланишга чақириб, мўмин киши Рамазон ойи фазилатларидан унумли фойдаланиб қолиши лозим эканини алоҳида таъкидладилар...

Жума намози якунида Муфтий ҳазратлари Ҳақ таолодан юрт тинчлиги, эл фаровонлигини ҳамда масжид бунёдкорлигига ҳисса қўшган юртдошларимиз ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.
Маълумот ўрнида, “Тепа” масжидининг эски биноси 1992 йилда бунёд этилган бўлиб, йиллар давомида бир неча бор таъмирланган. 2021 йилга келиб, уни тўлиқ қайтадан қуриш ишлари бошлаб юборилди. Икки йил мобайнида масжид замонавий Hi-Tech услубида бунёд этилиб, хонақоҳи ортиқча безакларсиз, киши эътиборини тортмайдиган даражада, кўркам қилиб таъмирланди.
Ҳозирда 2000 дан ортиқ намозхонни сиғдира оладиган масжидда асосий хонақоҳ, таҳоратхона, кутубхона, маъмурият ва бошқа техник хоналар мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси замонавий ускуналар билан жиҳозланган.
Яна бир жиҳати, бугунги давр талабидан келиб чиқиб, масжидга қуёш панеллари ўрнатилди. Бу эса масжидни беминнат электр энергия манбалари билан таъминлабгина қолмай, сув ва бинони иситиш тизимлари ҳам ушбу қайта тикланувчи энергия манбаларига уланди. Эндиликда масжид ортиқча сарф-харажатларсиз энергия манбаига эга бўлмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 10 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида қайта қурилган "Тепа" жоме масжидида жамоат билан илк жума намозини адо этадилар.

Жума намозидан аввал қориларимизнинг қалбга сурур бағишловчи қироатлари ва Муфтий ҳазратларининг гўзал суҳбатларидан баҳраманд бўламиз, Инша Аллоҳ.

 

Шу йил 6 март куни бўлиб ўтган “Вақф” хайрия жамоат фонди йиғилишида муҳим масалалар муҳокама қилиниб, диний соҳада фидокорона меҳнат қилаётган бир гуруҳ ходимлар моддий рағбатлантирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Рамазон ойида меҳр-мурувват ишларини янада кенгайтириш, диний соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш ва кам таъминланган оилаларга саховат ишларини уюштириш Фонд олдидаги энг долзарб вазифа эканини таъкидладилар. Айниқса, Рамазон ойи кўнгилларга хурсандчилик улашиш мавсуми эканини ифодаловчи кенг миқёсда хайрия ишларини амалга оширишга эътибор қаратдилар.
“Вақф” фонди томонидан муборак ой арафасида 52 нафар мударрис, 57 нафар ишчи-ходим ва 28 нафар талаба жами 137 нафарни қўллаб-қувватлаш учун 701 миллион сўм ҳамда олис ҳудудлардаги кам даромадли 26 та масжид имом-хатибини қўллаб-қувватлаш учун 130 миллион сўм, мазкурларга жами 831 млн. сўм моддий рағбат ажратилганини Фонд раҳбари Зиёвуддин Мирсодиқов йиғилишда маълум қилди, тақдирланганларга сертификатлар топширилди.
Шунингдек, диний соҳада кўп йиллар меҳнат қилган фахрийларга ҳам ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, муносиб совғалар тақдим этилди.
Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов Фонд фаолиятини ривожлантиришда узоқ муддатли режаларни ишлаб чиқиш, хорижий тажрибани ўрганиш, шаффофлик ва очиқликни асосий мезон билиш каби йўналишларга катта урғу қаратди.
Йиғилишда Фонднинг Самарқанд ва Фарғона вилоятлари филиаллари ташаббускорлигини эътироф этиш баробарида Андижон, Бухоро, Наманган ва Навоий вилоятлари филиаллари фаолияти танқид остига қилинди.
Фонд тизимига оид бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Воскресенье, 19 Февраль 2023 00:00

ҲАМДАРДЛИК

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Иброҳим домла Иномовнинг табаррук ёшдаги опаси вафоти муносабати билан таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳуманинг бу дунёда қилган барча хайрли ишларини бошларига соя, охиратларига заҳира қилсин. Ўзининг Фирдавс жаннати ила сийласин.

Ҳақ таоло марҳума онахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Страница 15 из 1849

Мақолалар

Top