www.muslimuz

www.muslimuz

Аллоҳга шукрки, юртимиздаги икки мингдан зиёд масжидларимиз кундан-кунга обод бўлмоқда. Янгидан-янги масжидлар қурилмоқда, кўплари таъмирланиб, чиройли ҳолатга келтирилмоқда. Намозхонлар бундай жоме масжидларда ибодатларини хотиржам адо этаётганларидан мамнунлар.

Тошкент шаҳри Яккасарой тумани “Ракат” жоме масжидининг эски биноси Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон ҳазратлари бошчилигида барпо этилган эди. Ўша даврларда “Ракат” маҳалласида яшовчи Миржалил ота ўзига тегишли бўлган боғидан саккиз сотих ер ажратиб, бу жойга масжид қуриш учун берган. Шундан сўнг 1954 йил масжид тикланган ва ўз фаолиятини шу кунга қадар давом эттириб келмоқда.

Мухлисахон Зиёвуддинхон қори қизлари мазкур масжиднинг эски биносига биринчи ғишт қўйишни шундай хотирлайди:

– Қори амаким бир куни оқ рўмолга ўралган нарса олиб келдилар-у, бизларга бермай тўғри бобомиз олдиларига кириб кетдилар. Нима олиб келдиларкин, деб қизиқиб мен ҳам кетларидан кириб бордим.

Бобомиз Эшон Бобохон ҳазратлари ўшанда 98 ёшда эдилар. Уйда кроватда, орқаларига 2-3 та ёстиқ қўйилган ҳолда, ўтирардилар. Саломатхон катта ойимиз уларга қараб турардилар. Қори амаким улар билан саломлашиб, хол-аҳвол сўраганларидан сўнг: — Отамиз, Тошкентда “Ракат” маҳалласида янги масжид (Совет даврида) қурилишига Москвадан рухсат олинди. Шунга бир оқ фотиҳа бериб, мана шу биринчи ғиштига муборак қўлингизни қўйиб берсангиз, — деб оқ рўмолни очиб, ичидан ғиштни олиб, бобомиз қўллари олдига олиб бордилар.

Бобомиз: — Алҳамдулиллаҳ, Алҳамдалиллаҳ, Алҳамдулиллаҳ— шу кунларга еткказганига шукур! - деб чуқур нафас олдилар-да, ўнг қўлларини “Бисмиллаҳир-раҳмонир-раҳим — деб ғишт устига қўйиб, —Бундай муқаддас даргоҳлар юртимизда кўплаб очилиб, мусулмонларга хизмат қилсин! - деб, юзларига фотиҳа тортдилар.

Мана шундай мустажоб дуолар сабаб бугунги кунда диёримизда масжидлар сони ортиб бормоқда, қайта бунёд этилаётганларининг эса саноғи йўқ.

Ўтган давр мобайнида ушбу масжид биноси эскириб, пойдеворлари яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Қолаверса, охирги пайтларда масжид жамоати сезиларли даражада ортиб, хонақоҳ торлик қилаётган эди. Шу сабабли маҳалла аҳли эзгу ният билан масжидни қайта қуриш таклифини олға суришди. Ушбу хайрли ташаббус Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан қўллаб-қувватлангач қайта қуриш ишлари бошлаб юборилди.

Шу йилнинг 14 сентябрь куни Тошкент шаҳри Яккасарой тумани “Ракат” жоме масжидининг янги биносига биринчи ғишт қўйиш тадбири бўлиб ўтди. Маросимга йиғилган уламолар ва мўйсафид отахонлар масжид кўп йиллар хизмат қилишини ният қилиб, биринчи ғиштни қўйиб бердилар. Нуронийлар, мутасаддилар ва эзгу ниятда йиғилган қалби пок инсонлар ҳам бирин-кетин пойдеворга ғишт қўйдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Абдуҳаким қори Матқулов маросимда масжид аҳлини ушбу Аллоҳнинг уйи билан табрик қилиб, жумладан шундай сўзларни билдирдилар:

– Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида юртимизда масжид-мадрасаларни обод этиш ишлари жуда кенг кўламда амалга оширилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари айни дамларда водий вилоятлари сафарида бўлганликлари боис келолмадилар, лекин бундай хайрли ишни кечга сурмасдан бошлашни, салом-дуоларини етказишни бизга топширдилар, қабул қилгайсизлар.

Давлатимиз раҳбари қайси ҳудудга ташриф буюрмасинлар масжид-мадрасалар, зиёратгоҳларни обод этишга жуда катта эътибор қаратмоқдалар. У кишининг раҳбарлик даврларида 26 та янги жоме масжид очилди, 116 та масжид қайтадан барпо этилди ва 200 тасида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ушбу масжидни ҳам мўмин-мусулмонларга муборак айлашини Ҳақ таборака ва таолодан сўраймиз.

Онлайн (Facebook): https://www.facebook.com/tojiyev.umidjon/videos/929585607387934/?t=141

Онлайн (youtube): https://youtu.be/9yP6NoRRefE

Фотожамланма: http://muslim.uz/index.php/media-17/fotolavhalar-2/item/16669

 

Тадбирда уламолар, маҳалла фаоллари, мўйсафид отахонлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Унда Зуҳо намозини адо этинг:

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Кимки ўн икки ракат зуҳо намозини ўқиса, Аллоҳ таоло унга жаннатда бир уй барпо қилади”. Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Байҳақий ривояти.

Ёки масжид барпо килинг:

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Ким Аллоҳ розилигини истаб, масжид бино қилса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир уй барпо этади”. Имом Аҳмад, Баззор ривояти.

Ёки “Ихлос” сурасини ўқинг:

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ким “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўн маротаба ўқиса, жаннатда у киши учун бир қаср бино қилинади”, дедилар. Имом Доримий ривояти.

Ёки рамазон ойида Таровеҳ намозини адо этинг:

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ким таровеҳ намозини адо этса, Аллоҳ таоло жаннатда унга нурдан уй барпо этади”, дедилар.

Ёки сабр қилувчи булинг:

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Агар бир инсоннинг ёш боласи вафот этса, Аллоҳ таоло фаришталарига айтади: “Бандамнинг гўдагини жонини олдингларми?” Улар: “Ҳа”, деб жавоб берадилар. “Унинг қалбининг мевасини қабз қилдингларми?”, деб сўрайди. Улар: “Ҳа”, деб жавоб берадилар. “Бандам нима деди?”, деб сўрайди. Улар: “У Сенга ҳамд айтди ва албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтгувчилармиз”, деди”, деб жавоб берадилар. Шунда Аллоҳ таоло фаришталарига: “Бандам учун жаннатда бир уй барпо этинглар ва уни “Хамд” уйи деб атанглар!”, деб буюради”, дедилар.

Ёки хушфеъл булинг:

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Мен хушфеъл инсонга жаннатнинг энг юқорисидан уй берилишига кафилман”, дедилар. Имом Абу Довуд ривояти.

Аминжон Исмоилов
Сирдарё тумани бош имом-хатиби

Четверг, 12 Сентябрь 2019 00:00

“Тўй”нинг маъноси нима?

Бугунги кунда жуда кўпчиликни ўйлантираётган муаммолардан бири – тўйларимиз билан боғлиқ саъй-ҳаракатлару сарф-харажатлар.
Аслида, тўй – кўп асрлик миллий қадриятимиз, лекин унинг қандай мақсадлар ифодаси эканини, моҳиятини эсдан чиқариб қўйдик.

Тўй – одамлар ўртасида меҳр–­оқибатни уйғотиш, сақлаш, кўпайтириш ниятида жорий этилган удум. Қадимда ўзига тўқ, саховатли, инсофли кишилар суннат амаллари саналган ақиқа, ўғил фарзанд қўлини “ҳалоллаш”, никоҳ каби маросимларга қариндош­–уруғларини, қўни­–қўшнини таклиф этиб меҳмон қилганлар. Аммо бугунги кунда кибрнинг домига тушганлар учун кимўзарлик мусобақасига айланган тўй маросимлари миллатимизни иллатларга ботирмоқда.

Тўй номи, аслида, қариндош­уруғлар, яқин дўсту биродарларнинг дийдорига, суҳбатига тўйиш маъносидадир. Маъно­–моҳияти тўғри шарҳланиб, ўзбек тилининг изоҳли луғатига қайта киритилиши лозим бўлган бу шодиёна маросимига бошқа халқлар ҳавас қилган. Бироқ кейинги ўн йилликларда тобора дабдабали тус олиб бораётган тўйларимиз аллақачон ислоҳга муҳтож. Тўйни овқатга, ўйин–­ кулгуга тўйиш эмас, балки дилга яқин кишиларнинг дийдорлашуви байрамига айлантириш учун мустақиллигимиз йилларида бир қатор қарорлар қабул қилинди. Уларда давримизнинг долзарб муаммоси ечимига йўллар очилганидан қувониб, давраю мажлисларда гапириб юрсак­–да, шайтоний кибру мақтанчоқлик, исрофгарчиликдан қўрқмаслик сабабли сўздан амалга ўтишимиз жуда секин, қийин кечмоқда. Ушбу қарорлар ижросидаги сусткашликлар оқибатида тўй маросимларида тўқликка шўхлик қабилидаги, маданияту маънавиятимиз, моддий бойликларимизга зарарли янги-­янги урфлар одат тусига кириб бормоқда. Ҳукумат қарорларини бажармаслик – жиноят, суннатга амал қилмаслик – шаккоклик, беҳуда исрофгарчилик гуноҳдир.

Мен тўйхоналаримизнинг маънавият, маърифат кошонаси бўлишини истайман. Зеро, тўй маросимларига бошчилик қилаётган катталарнинг тутумлари ёшларга, меъёрни унутганларга ибрат бўлсин; ўзини элдан устун қўйиб овоза чиқариш учун тўй қилаётганларга қўйилган жиддий маънавий талаблар ҳаммани ҳушёрликка чорлаб турсин.

Баҳодиржон ҚИРОНОВ,
Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 2-сонидан

Четверг, 12 Сентябрь 2019 00:00

Динга даъват қандай қилинади?

7- حَدْيث ابْنِ عَبَّاسٍ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَمَّا بَعَثَ مُعَاذاً رضي الله عنه عَلى الْيَمنِ قَالَ: إِنَّكَ تَقْدَمُ عَلى قَوْمِ أَهْلِ كِتَابٍ، فَلْيَكُنْ أَوَّلَ مَا تَدْعُوهُمْ إِلَيْهِ عِبادَةُ اللهِ، فَإِذَا عَرَفُوا اللهَ فَأَخْبِرْهُمْ أَنَّ اللهَ قَدْ فَرَضَ عَلَيْهِمْ خَمْسَ صَلَواتٍ في يَوْمِهِمْ وَلَيْلَتِهِمْ، فَإِذا فَعَلُوا فَأَخْبِرْهُمْ أَنَّ اللهَ فَرَضَ عَلَيْهِمْ زَكاةً مِنْ أَمْوالِهِمْ وَتَردُّ عَلى فُقَرائِهِمْ فَإِذا أَطَاعُوا بِها فَخُذْ مِنْهُمْ وَتَوَقَّ كَرائِم أَمْوالِ النَّاسِ

7- Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадис: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга юбораётиб шундай дедилар: “Сен аҳли Китоб бўлган қавм олдига бормоқдасан. Бас, сен уларни биринчи даъват қиладиган нарса Оллоҳга ибодат қилиш бўлсин, агар Оллоҳни танисалар, ундан кейин уларга Оллоҳ таоло бир кеча ва кундузларида беш намозни фарз қилганлигини етказгин. (Қабул) қилсалар, уларга Оллоҳ таоло молларидан закот беришларини ва сен (улар берган закотни) фақирларига қайтаришингни  фарз қилганини маълум қилгин. Агар бунга итоат қилсалар, улардан олгин, (лекин закот йиғишда) одамларнинг баҳоли бўлган моллари(ни саралаб олиш)дан сақлангин”.

 

Арабчадан Зиёуддин МАНСУР таржимаси

 

Мақолалар

Top