muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида академияда халқаро стандартлар ҳамда замонавий талабларга мос барча шароитлар яратилмоқда.
Ўтган қисқа давр мобайнида академия томонидан юртимиздаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, буюк алломаларимиз илмий меросини ўрганиш соҳасида етук мутахассис кадрларни тайёрлаш юзасидан кенг кўлами вазифалар амалга оширилаётир. Хусусан, таълим сифати ва илмий тадқиқотлар самарадорлиги янада оширилиб, бу борада дунёдаги нуфузли олий таълим ва илмий тадқиқот марказлари билан кенг доирада амалий илмий тадқиқотлар олиб борилаётгани алоҳида аҳамиятга эга.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати билдиришича, шу маънода, жорий йилнинг 5 июнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон халқаро ислом академиясига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам муҳим янгилик бўлди.
Унга мувофиқ, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон халқаро ислом академияси бакалавриатига ўқишга кириш мақсадида ҳужжат топширган абитуриентлар учун дастлабки имтиҳондан ўтиш тартиби жорий этиладиган бўлди.
Мазкур имтиҳон натижаларига кўра абитуриентларга Давлат тест маркази томонидан ташкил этиладиган кириш имтиҳонларининг кейинги босқичлари (касбий (ижодий) имтиҳон ва тест синовлари)га рухсат бериш ёки рад этиш тўғрисида тегишли қарор қабул қилиниши белгиланди ва юқоридаги қарор асосида тасдиқланди. Бу эса «Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг бакалавриатига қабул қилиш тартиби тўғрисида низом»да ҳам алоҳида тасдиқланди.
Демак, юқоридаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида Ўзбекистон халқаро ислом академиясига 2020-2021 ўқув йили учун абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш жараёнлари 15 июндан — 5 июль кунига қадар давом этиши маълум қилинди.
Ушбу тартиб асосида абитуриентлар учун янгилик бўлган дастлабки имтиҳонни ўз вақтида топшириш ва белгиланган зарур балларни йиға олмаган тақдирда ўзи истаган бошқа олий ўқув юртига ҳужжат топшириш имконияти бой берилмаслиги таъминланади.
Шу ўринда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ташкил этиладиган Дастлабки имтиҳон тартиб-қоидалари ва ўтказиш шаклларига ҳам тўхталиб ўтиш жоиз.
Дастлабки имтиҳон ёзма шаклда, уч блокдан иборат бўлиб абитуриентлар қуйидаги синовлардан ўтади:


1. Интеллектуал даража. Унда абитуриентнинг мантиқий ва кенг фикрлаш, турли тушунчалар, фактларни таққослаш ҳамда уларнинг ўртасидаги ўзаро боғлиқликни топиш салоҳияти баҳоланади. Бунда абитуриент максимал 40 балл олиш имкониятига эга.
2. Маънавият ва маърифат асослари бўйича билим даражаси. Максимал 30 балл. Бунда абитуриентнинг маънавият асослари, миллий ғоя ва мафкура, ҳуқуқ ва сиёсат, адабиёт, тарих, исломшунослик ва диншуносликка тааллуқли ва бошқа масалалар юзасидан мантиқий ва асосли тушунтириш қобилияти ўрганилади.
3. Хорижий тилларни (инглиз, француз ва немис тиллари) билиш даражаси. Максимал 30 балл. Ушбу босқичда абитуриент Ўзбекистон маданияти, санъати, тарихи, географиясига тааллуқли ва бошқа соҳаларга оид масалалар юзасидан мантиқий ва асосли тушунтириш қобилиятини намоён этиши зарур бўлади.


Таъкидлаш жоизки, агарда абитуриент хорижий тиллар бўйича етакчи халқаро ва баҳолаш тизимларининг амалдаги сертификатларига, шу жумладан, IELTS бўйича камида 5,5 балл, TOEFL IBT бўйича камида 72 балл билим даражаси кўрсаткичи билан халқаро сертификатларга, шунингдек, тест DaF, GOETНE сертификати, DELF сертификати имтиҳонларидан CEFR услуби бўйича В2 минимал даражасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизимлари сертификатларини татбиқ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 13 майдаги 395-сон қарори талабларига мувофиқ сертификатларга эга бўлган абитуриентларга ушбу саволлар блоки бўйича максимал балл берилади.

Ҳозирги бутун дунёда кечаётган пандемия шароитидан келиб чиққан ҳолда қабул жараёни билан боғлиқ бўлган саволларга Академия расмий веб-сайти (www.iiau.uz) ҳамда ижтимоий тармоқлардаги телеграм саҳифалари орқали жавоб олиш мумкин. Барча янгилик ва маълумотлар доимий эълон қилиб борилади.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мисрнинг Буҳайра вилоятидан келган йигит Ҳусайн Абдул Зоҳир олтин ҳиқилдоққа эга бўлиб, у унинг ёрдамида Қуръон ўқишнинг турли услубларига тақлид қилиши мумкин.
Youm7 маълумотларига кўра, ижтимоий тармоқ воситаларига жойлаштирилган видеороликда мисрлик Қуръон ҳофизи 10 нафардан ортиқ Қуръон ҳофизларининг услубларига тақлид қилиб, Муқаддас китобдан сураларни ўқийди.
Ҳусайн Абдул Зоҳирнинг истеъдоди бошланғич мактабда ўқиб, Қуръон ўқиётганида кашф этилган. У билан бирга бўлган Шайх унинг овозини эшитиб, уни бу йўлда давом этишга рағбатлантирди, бу эса Ҳусайннинг ёшлигида Қуръонни ўқиганда оятларнинг маъноси устида фикр юритиш ва уни бутунлигича ёд олишига сабаб бўлди.
IQNA хабарига кўра, Абдул-Зоҳир 22 нафардан ортиқ Қуръон ҳофизларининг услубларига тақлид қилиб, ҳиқилдоғининг товушини ўзгартириши ва суралар ўқиши ҳам мумкин.
Қуйидаги видеоклипда Ҳусайн Абдул Зоҳир Maхер ал-Муайқли, Шайх Muҳаммад Айюб, Ҳалил ал-Ҳусари, Муҳаммад Сидиқ ал-Миншави, Шайх Ҳасан Ибн Аҳмад ал-Банна, Шайх Мустафо ал-Лаҳуни, Али Абдулла Жабир, Шайх Носир ал-Қатами, Форс Ибод, Шайх Mуҳаммад Жибрил ва Саад ал-Ҳамиди каби 11 нафар Қуръон ҳофизларига тақлид қилган.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Айни пайтда қадимий қадамжолар фаолиятини карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда йўлга қўйиш мақсадида кириш-чиқиш жойларига пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион «тўшак»лар ўрнатилмоқда.

Мазкур ишлар тўлиқ амалга оширилгач, 11 июнь кунидан Самарқанд вилоятидаги «Вақф» хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали тасарруфидаги қуйидаги зиёратгоҳлар ва қадамжолар иш фаолиятини бошлайди.

Унга кўра, Самарқанд шаҳридаги Хўжа Дониёр, Имом Мотуридий, Хўжа Абду Дарун, Ҳазрати Хизр, Мурод Авлиё зиёратгоҳи, Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси, Руҳобод мақбараси, Хўжа Исъҳоқи Валий масжид-зиёратгоҳи, шунингдек, Самарқанд туманидаги Хўжа Аҳрор Валий, Хўжа Абду Берун, Оқдарё туманидаги Маҳдуми Аъзам, Жомбой туманидаги Шайх Худойдод Вали ва Булунғур туманидаги Хўжа Ҳофиз Меросий зиёратгоҳлари қайта бошлашига рухсат берилмоқда.

Нуробод туманидаги Ҳазрати Довуд зиёратгоҳи эса вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти билан келишилган ҳолда очилиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуаси ҳамда Ургут туманидаги Чор Чинор зиёратгоҳи «қизил» ҳудудда жойлашгани боис, уларнинг вақтинчалик фаолият олиб боришига рухсат этилмайди.

 

xs.uz

Қозоғистон масжидларида жума намозидан ташқари жамоа намозларига рухсат берилди. Бу ҳақда мамлакат мусулмонлари диний идораси матбуот хизмати хабар бермоқда.
"Бомдод намоз, пешин намози, аср намози, шом намози, хуфтон намози: уларга қаттиқ санитария меъёрларига риоя қилган ҳолда биргаликда ўқишга рухсат берилади", - деб айтди Қозоғистон мусулмонлари диний идораси вакили Спутник агентлигига.
Жамоавий жума намозлари ҳозрича бажарилмайди.
"Масжидларни умумий майдоннинг 30% гача ташриф буюрувчилар билан тўлдиришга рухсат берилади", - дейилади хабарда.
Масжидлар 18-майдан бошлаб ўз эшикларини очди, карантинни юмшатишнинг биринчи босқичида фақат якка тартибда намоз ўқиш, Қуръон ўқиш ва никоҳ маросимларига рухсат берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бугунги кунда Ўзбекистон билан Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланмоқда. Бу жараёнда, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ўртасида йўлга қўйилган муносабатлар алоҳида ўрин тутади.

Куни кеча Марказга ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси Котибияти ижрочи директори Мағруб Салим Батт номидан келган хатда ўзаро ҳамкорликнинг аҳамияти яна бир бор эътироф этилган.

Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилинишини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш биз барпо этаётган очиқ, эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусиятидир».

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2020 йил май ойида видеоконференсалоқа шаклида бўлиб ўтган ялпи мажлисларида биринчи маротаба Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг ахбороти кўриб чиқилди. Ахборот 2018-2019 йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилиниши ҳолатига бағишланган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати билдиришича, ҳисобот даврида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ахбороти тўғрисида тегишли қарорлар қабул қилди. Хусусан, ҳар икки палата Марказ ахборотида баён этилган муҳим далилий маълумотларни кенг жамоатчиликка етказишни тавсия этди.

Шу асосда «Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари: Ўзбекистон Республикаси томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга амал қилинишининг ҳолати» деб номланган ахборот Марказ томонидан бошқа халқаро ташкилотлар қатори Ислом ҳамкорлик ташкилотига ҳам тақдим этилганди. Жиддадан келган хатда, аввало, шу ҳақда сўз боради.

Жаноб Мағруб Салим Батт «Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари» мавзуидаги ахборот билан ИҲТ Комиссиясининг барча аъзолари таништирилиши«ни маълум қилган. Комиссиянинг коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган чекловлар олиб ташланиши билан ўтказиладиган навбатдаги сессиясида ушбу ахборот матнини ИҲТга аъзо барча давлатлар вакилларига ҳам тақдим этишни режалаштиряпмиз», дея қайд этган ижрочи директор.

Мактубда, шунингдек Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази даврий нашри ҳисобланган «Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари» журнали таҳририятининг Халқаро жамоатчилик кенгаши аъзоси бўлишга доир таклифи миннатдорлик билан қабул қилингани билдирилган.

Ўзбекистонда нашр этиладиган мазкур журналнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга тааллуқли глобал масалалар таҳлили, талқини ҳамда тарғиботи билан шуғулланадиган етакчи халқаро экспертлар сафида бўлишга чорловингиз мен учун катта шарафдир, деб таъкидлайди доктор М. Салим Батт.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мақолалар

Top