muslim.uz

muslim.uz

Ҳиндистонда масжидларнинг қуёш энергиясига ўтказилиши кўп миқдордаги электр энергиясининг тежалишига сабаб бўлмоқда. Мумбай шаҳрининг Бандра туманидаги масжидга қуёш панелларининг ўрнатилиши натижасида 75 фоиз электр энергияси тежалган. Бу ҳақда Hindustan Times нашри хабар берди.

Масжид раҳбариятининг айтишича, масжидда ойига 50 минг рупий миқдоридаги электр энергияси сарфланган бўлса, жорий йилда қуёш панелларига ўтиш натижасида ушбу ҳаражат 10 минг рупийгача камайган.

Свами Вивекананд кўчасидаги масжидга 92 та қуёш панелларининг ўрнатилиши орқали масжиддаги 26 дона кондиционерга электр токи етказилган. Панелларнинг ёмғирли шароитда ҳам электр токи ишлаб чиқариши қўшимча қулайликлар тақдим этаётгани ҳам таъкидланган.

Масжидлар томонидан янги ускуналарга сарфланган маблағ уч ярим йилда коммунал тўловларга тежашдан қопланиши маълум қилинган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Бугун, юртимиз мўмин-мусулмонлари улкан мусибатга, оғир жудоликка учради. Кўп йиллар Диний идора тизимида хизмат қилган, муҳтарам устоз, таниқли уламо Султонмаҳмудов Абдулатифхон маҳдум домла табаррук 94 ёшда вафот этди (ҳижрий йил ҳисоби билан табаррук 97 ёшда).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, уламолар, имом-хатиблар, мударрислар ва Султонмаҳмудов Абдулатифхон махдумнинг шогирдлари у кишининг оила аъзоларига, яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Муҳтарам устоз Абдулатифхон маҳдум домланинг жанозалари 2018 йил 9 октябрь куни Наманган шаҳридаги “Шайх Эшон” жоме масжидида пешин намозидан сўнг ўқилади.
Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 10-11 октябрь кунлари Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида Жаҳон ва анаънавий динлар етакчиларининг VI съезди бўлиб ўтади. Ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси делегациясининг ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Ушбу анжуман бугунги кунда динлараро ҳамкорлик масалалари борасида музокара ўтказиш учун йирик минбар ҳисобланади. Жорий йилда ушбу тадбирда иштирок этиш учун дунёнинг 42 мамлакатидан 80 дан ортиқ делегация вакиллари ташриф буюришлари кутилмоқда.

Kazakh-tv.kz нашрининг хабар беришича, жаҳоннинг таниқли давлат ва жамоат арбоблари ушбу анжуман доирасида замонавий тартиботнинг муаммолари ва чақириқларига ечим топишга умид билдирганлар.

Олтинчи марта ўтказилаётган анжуман "Дин етакчилари хавфсиз дунё учун" шиори остида ўтказилади.

Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг берган маълумотларига кўра, анжуманда Сербия президенти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти раиси, ЕХҲТ раҳбарлари иштирок этадилар. Бундан ташқари Ўзбекистон, Сингапур, Вьетнам каби давлатлар вакиллари биринчи марта иштирок этишлари айтилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

7-8 октябрь кунлари «Масжид ва мадрасалар учун китоб акцияси» доирасида Қашқадарё вилоятининг Қарши, Нишон, Касби ва Миришкор туманларидаги 43 та масжидга жами ҳисобда 52 млн сўмлик 2021 та китоб етказиб берилди.

Масжидларнинг ҳар бирига «Қуръони карим», шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб, «Одоблар хазинаси» тўплами, «Руҳий тарбия» тўплами, «Ҳадис ва ҳаёт» китобидан 9 та жуз, «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга содиқ Муҳаммад содиқ», «Зикр аҳлидан сўранг» китобидан 7 та жуз, «Олтин силсила» 4, 6-жузи, «Ислом тарихи», «Мўминнинг қалқони», «Очиқ хат», китоблари, шу билан биргаликда масжид аҳли учун керакли деб ҳисобланган «Жавомеъул калим», « Фақиф имомлар ихтилофида ҳадиси шарифнинг ўрни», «Ўкинма», «Ислом ва олам», «Енгил амаллар», «Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар», «Ғийбат ўзи нима?», «Исломда оила», «Сиз қандай яшамоқчисиз?», «Дока рўмол қачон қурийди», «Мен ҳам намоз ўқийман», «Муаллими соний», «Бир виждон уйғонур», каби китоблар Аллоҳ йўлида вақф мулки қилиб берилди.

Акциянинг тўққизинчи босқичида маблағларини вақф қилган ёки акцияни улашиб бўлсада ёрдам берган барчага раҳмат деб қоламиз.

Эслатиб ўтамиз, тўпланган маблағлар эвазига вилоятлардаги масжидларга китоблар олинади ва Аллоҳ йўлида вақф қилинади. Ҳозирги кунгача 306 та масжид уламолар томонидан ёзилган энг сара асарлар билан таъминланди.

Ўнинчи босқич (Бухоро) учун маблағ йиғиш бошланди. Сизни ҳам фаол бўлишга чақирамиз!

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни Париж шаҳридаги ЮНЕСКО бош қароргоҳида ушбу ташкилот Бош директори Одри Азуле билан учрашди.

БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти - ЮНЕСКО 1945 йил 16 ноябрда тузилган. Унинг асосий мақсади таълим, фан, маданият, коммуникациялар, туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш орқали тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга кўмаклашишдир. Норасмий равишда “БМТнинг ақл лабораторияси” деб аталади. Жавоҳарлал Неру ўз вақтида ЮНЕСКОга “инсоният виждони” деб таъриф берган.

Бугунги кунда унга 195 та мамлакат аъзо ҳисобланади. Ўзбекистон ташкилотга 1993 йил 26 октябрда аъзо бўлган.

Президент Шавкат Мирзиёев Франция Республикасига расмий ташриф ЮНЕСКОдаги учрашувдан бошлангани чуқур маъно ва муҳим аҳамиятга эга эканини, Ўзбекистоннинг ушбу ташкилот билан ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Одри Азуле давлатимиз раҳбарини ташрифи билан самимий қутлаб, Ўзбекистон билан ҳамкорлик ривожида ушбу учрашув ғоят муҳимлигини қайд этди.

Мамлакатимиз ЮНЕСКО Ижроия кенгаши таркибига икки марта сайланган. Ушбу ташкилот билан биргаликда халқаро миқёсда Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Фарғоний, Имом Бухорий, Камолиддин Беҳзод, қадимий шаҳарларимиз Бухоро, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши, Самарқанд, Марғилон ва Тошкент, “Алпомиш” достони ва “Авесто” китоби, шунингдек, Хоразм Маъмун академиясининг юбилейлари кенг нишонланди. Бухоро шаҳри ташкилотнинг “Тинчлик тарафдори бўлган шаҳарлар” соврини билан тақдирланган.

Усмон Масҳафи ва Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар тўплами ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” рўйхатига киритилган.

Хивадаги «Ичан қалъа» мажмуаси, маданиятлар чорраҳаси - Самарқанд, Бухоро ва Шаҳрисабзнинг тарихий марказлари, шунингдек, Чотқол биосфераси ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Шошмақом, Бойсун маданий макони, Катта ашула, аския, ош, Наврўз, атлас ва адрас ишлаб чиқариш технологиялари ташкилотнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги ўзбек мусиқий маданиятини асраб-авайлаш, ривожлантириш ва оммалаштиришга ҳам хизмат қилмоқда. Хусусан, ЮНЕСКО кўмагида Самарқанд шаҳрида ҳар икки йилда бир марта “Шарқ тароналари” халқаро фестивали ўтказиб келинмоқда. Жорий йил сентябрь ойида Шаҳрисабзда илк бор Халқаро мақом санъати форуми ўтказилди.

Давлатимиз раҳбарининг яқинда қабул қилинган қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий ваколатхонаси таъсис этилди.

Таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам истиқболли ва муҳимдир. Ўзбекистон “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида жисмоний ва маънавий баркамол шахсни тарбиялашга қаратилган сиёсатни амалга оширмоқда.

Давлатимиз раҳбари ўтган йил сентябрь ойида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва Бош Ассамблеянинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурган эди.

ЮНЕСКО Бош директори Ўзбекистон Президентининг ушбу ташкилот шафелигида тинчлик ва бағрикенглик маданиятини шакллантириш, экстремизмнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги халқаро институт ташкил этиш, Тошкент Ахборот технологиялари университети ҳузурида Таълимда ахборот-коммуникация технологиялари бўйича минтақавий марказ ҳамда Самарқанддаги Туризм халқаро университетида ЮНЕСКО кафедрасини тузиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистонда Марказий Осиё ёш олимлари минтақавий форумини ҳамда 2019 йилда Тошкентда "Ахборот технологиялари маданий меросни асраш хизматида" мавзуида Осиё форумини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

Бош директор Ўзбекистоннинг бутун инсоният бойлиги бўлган маданий-тарихий меросни асраб-авайлаш борасидаги сиёсатини юксак баҳолади.

Учрашув сўнгида Шавкат Мирзиёев ва Одри Азуле Ўзбекистон билан ЮНЕСКО алоқаларини ривожлантиришга қаратилган 2021 йилгача ҳамкорлик дастурини имзоладилар.

Президент Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКОнинг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top