muslim.uz
Фоторепортаж: юртдошлармиз Масжиди Набавийда кўпроқ ибодат қилишга ошиқишмоқда
Қуръони карим маъноларининг ўзбек тилидаги нашрлари
Ҳозирги кунда ислом дини асосларини, айникса, Қуръони каримни илмий ўрганиш дунё микёсида шу даражада оммалашиб кетдики, бу мавзуда чиқаётган адабиётларни энг умумий тарзда ҳам камраб олиш имконидан ташқаридир.
Қуръони карим маъноларининг ўзбек тилига таржимасини Муҳаммаджон хожи Ҳиндистоний ўтган асрнинг 80-йилларида қилган эди. Лекин у таржима давр тақозоси билан чоп этилмай қолиб кетди.
Ватандошимиз Олтинхон тўра араб имлоси билан ўзбек тилига ўгирган Қуръони карим маъноларининг таржимаси мустақилликнинг илк даврларидаёқ ўзбек китобхонларига етиб борди. Араб имлосини мутолаа қила оладиган кишилар мазкур таржимадан баҳраманд бўлдилар. Бироқ ушбу китоб ўзбек тилида бўлса-да, араб имлосида экани кўпчиликка қийинчилик туғдирди.
Сўнгра Шамсуддин Бобохонов ўзбек тилига таржима қилган Қуръоннинг охирги жузи – Амма пораси, Алоуддин Мансурнинг тўла изоҳли таржимаси чоп этилди. Ушбу изоҳли таржима аввалига “Шарқ юлдузи” журналида мунтазам бериб борилди. Кейинчалик алоҳида китоб шаклида босилиб, мутахассислар учун қўлланма бўлди.
Шунингдек, 1992 йилдан бошлаб, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Тафсири ҳилол”и нашр этила бошланди. Бу дастлаб, Қуръони каримнинг охирги жузларини ўз ичига олган эди. Кейинчалик 114 та суранинг барчаси жилдларга бўлинган ҳолда “Тафсири ҳилол” номи билан босиб чиқарилди. Натижада халқимизнинг Қуръон илмлари борасидаги тушунчаларини ортишига сабаб бўлди. Ниҳоят шайх Абдулазиз Мансур амалга оширган, имом Аъзам мазҳаби доирасида изоҳланган, янги мукаммал таржима ҳам нашрдан чиқди. Ушбу изоҳли таржима дастлаб 2001 йили, орадан бир оз вақт ўтиб, аниқроғи 2004, 2017 йиллари қайтадан чоп бўлди. Мазкур нашр бугунги кунда нафақат исломшунослик йўналишида таҳсил олаётган талаблар учун, балки ижтимоий-гуманитар соҳаларда изланишлар олиб бораётган тадқиқотчиларга ҳам қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти таржимонлар жамоасининг ҳам Қуръони карим маъноларининг илмий изоҳли академик таржимаси нашр этилди. Бунинг эътиборли томони шундаки, китобнинг кириш қисмида Қуръони карим тарихига доир маълумотлар ҳам ўрин олган.
Айтиш мумкинки, кейинги йилларда ўзлигимизни англаш, муқаддас динимиз арконларини ҳар томонлама ўрганиш имкони пайдо бўлди. Қуръони карим маъноларнинг ўзбек тилига ўгирилиб халқимизга туҳфа қилиниши халқимизнинг маънавий ҳаётида муҳим аҳамият касб этди.
Худойберди Саидов
Олмазор туманидаги “Иброҳим ота” жоме масжиди имом-хатиби
манба:nasihat.uz
Масъулиятимизни оширайлик
Самарқанд вилоятида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, фуқаролар, шу жумладан ёшларни турли экстремистек оқимлар таъсиридан ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда имом-хатиблар, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва мутасаддиларнинг масъулиятини ошириш ҳамда уларнинг ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
11 август куни Иштихон ва Қўшработ туманларида мазкур тадбирларнинг навбатдаги қисми бўлиб ўтди. Йиғилишда вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов домла иштирок этди ва мавзуга оид маъруза қилди, қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирди.
Шу кунгача Самарқанд шаҳри, Булунғур, Жомбой ва Пастдарғом туманларида ҳам шу хилдаги тадбирлар ўтказилган.
Тадбирнинг ўзига хос жиҳати шундаги, унда маҳалла муллалари, отинойилар ҳам жалб қилинган.
Йиғилишлар 17 августгача давом этади ва вилоятнинг барча туманларини қамраб олади.
манба: sammuslim.uz
Болага рост гапиришни ўргатинг!
Фазилатли инсоннинг жамиятда обрўси баланд бўлади. Инсонни улуғлайдиган ана шундай фазилатлардан бири – ростгўйликдир. Ростгўйлик сўзда, амалда, тоат-ибодатда, ҳар қандай вазифани адо этишда бўлмоғи лозим. Ҳақиқий мўминлар ростгўйликни маҳкам тутадилар. Динимиз инсонларни доимо рост сўзлашга, аҳдга вафо қилишга буюрган.
Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилдилар: “Ростгўйликда хавфу хатар кўрсанглар ҳам, рост сўзланглар. Шунда нажот топасизлар. Гарчи фойда кўриб турган бўлсангиз ҳам ёлғондан сақланинглар. Чунки, барибир ёлғоннинг охири вой”.
Пайғамбар алайҳиссалом ёлғончилик мўмин кишига номуносиб хулқ эканини ҳам таъкидлаганлар: “Мўмин кишида ҳамма хулқлар бўлиши мумкин, аммо хиёнат ва ёлғончилик эмас” (Имом Аҳмад ривояти).
Демак, Аллоҳдан қўрққан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган ҳақиқий мўмин кишида хиёнат, ёлғончилик каби иллатлар бўлмаслиги лозим.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдибдиларки: “Рост сўз ўз соҳибини яхшилик сари етаклайди. Яхшилик эса уни беҳиштга етаклайди. Албатта, киши рост сўзлаб юрса, у Аллоҳ ҳузурида ростгўй (сиддиқ) деб ёзилади. Албатта, ёлғон (ўз соҳибини) ёмонлик сари етаклайди. Ёмонлик эса жаҳаннам сари етаклайди. Киши доимо ёлғон гапириб юришлиги билан Аллоҳ таоло ҳузурида ёлғончи (каззоб) деб ёзилади”.
Бошқа бир ҳадисда эса: “Бу дунёда бемаъни гапларни кўп гапирадиган одамнинг гуноҳи қиёмат куни кўп бўлур”, дейилган (Имом Аҳмад ривояти).
Муслим АТАЕВ,
Фатво бўлими ходими
ЎМИ Матбуот хизмати
Тинчлик – энг буюк бойлик
Баъзилар неъмат сўзининг маъносини тор доирада тушунади. Бирор орзу умидлари амалга ошишини, ҳар ким ҳам етиша олмайдиган нарсаларни қўлга киритишни, жумладан, катта мол-дунё, фарзанд, бирор мансаб-мартаба ва шунга ўхшаш орзу ҳавасларга эришишнигина неъмат деб биладилар. Сув, ҳаво, тансиҳҳатлик, эл-юрт тинчлиги каби, инсон ҳаётининг асоси бўлган нарсаларга бепарво қараб, гўё улар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган табиий ҳолат деб ўйлайдилар.
Ҳолбуки, кишининг дунё ва охирати учун манфаат етказадиган нарсалар борки, уларнинг барчаси неъмат ҳисобланиб, динимиз бизларни унинг қадрига етиб яшашга буюради, зеро, неъматнинг қадрини билиш, уни эъзозлаш неъмат берувчи «Мунъим» (Аллоҳ)нинг шукрини адо этиш демакдир. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларининг бирида: «Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйюнганда оиласи тинч, тани coғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан», деб неъматни кенг маънода тушуниш лозимлигини ўргатганлар. Неъмат моддий ва маънавий бўлиб, юқорида санаб ўтганларимиз моддий неъматлар жумласига киради. Маънавий неъматлар эса имон, ислом, ҳуррият, тинчлик каби кўзга кўринмайдиган, бироқ моддий неъматларга қараганда қадрлироқ нарсалардан иборатдир.
Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Неъматнинг салмоғига яраша шукр лозимдир. Тинчликнинг қадрини турли ўлкаларда бўлиб турган қўпорувчилик ҳаракатларини, одамларнинг нотинч ҳолатларини кўз ўнгига келтирган одамгина чуқур ҳис кила олади. У ердаги одамларнинг кўнглига ибодат қилиш у ёқда турсин ҳатто еб-ичиш ҳам сиғмайди. Бас, шундай экан, ушбу буюк маънавий неъматнинг шукрини доим адо этиб турмоғимиз лозим. Инсон берилган бу неъматларга қай даражада шукр қилган ёки қилмагани ҳақида қиёмат кунида албатта сўралади. Расулуллоҳ (с.а.в.) бир ҳадисда: «Аллоҳ таоло қиёмат кунида бандасидан: «Танингни соғ қилиб қўймаганмидим? Сени тотли сув билан қондирмаганмидим?..» деб сўрайди», деганлар (Имом Термизий ривояти). Бошқа бир ҳадисда: «Одам боласи қиёмат кунида то беш нарсадан сўралмагунича жойидан жилмайди: умрида нима ишлар қилгани, ёшлик даврини қандай ўтказгани, молини қайси йўл билан топиб, қаерга сарф қилгани ва ниҳоят билганларига қай даражада амал қилгани», деб марҳамат қилганлар. Неъматни Аллоҳдан деб билиш кишини Аллоҳга яна ҳам яқинлашишга, Унга тақарруб ҳосил қилишга ундайди. Аксинча, тинчлик шукри адо этилмаган неъмат эса инсонга офат келтиради.
Тинчлик қарор топган жойда хотиржамлик ҳукм суради, инсонлар эмин-эркинликда яшаб, келажак авлодларни камолотга эришиш йўлида тарбия қиладилар. Бунинг натижаси ўлароқ жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Бундан келиб чиқадики, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Бунинг учун эса инсон ўз зиммасига юклатилган, тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини тўлақонли тарзда бажармоғи лозим.
Жаннатмонанд юртимиз, мустақил Ўзбекистонимизда ҳар бир жабҳада юксалиш ва ривожланишлар рўй бериб, шаҳар ва қишлоқлар кундан-кунга обод бўлиб бормоқда. Албатта, буларнинг барчасининг негизида юртимиздаги тинчлик ва хотиржамлик ётади. Тинчлик ва осойишталикни доимий сақламоқ учун эса шу юртнинг ҳар бир фарзанди Ватан тинчлиги ва тараққиётини маълум бир соҳа вакилларининг вазифаси деб қарамасдан, балки менинг бурчим, менинг ор-номусим деб билиб, бирлик ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилмоқликлари ва фидойилик кўрсатмоқлари лозим.
Юртимиздаги ривожланиш ва юксалишларни кўра олмайдиган, ундаги имкониятлар, ер ости ва ер усти бойликларига эга бўлишга ҳаракат қилаётган, бу йўлда ҳар хил фитналар билан нотинчлик келтириб чиқаришга уринаётган қабиҳ ниятли гурухларнинг мавжудлиги, ундан ҳам ёмони бундай душманларга ёрдам беришга интилаётган хоинларнинг топилиши бизни ҳар доим огоҳ бўлишга чорлайди.
Халқимиз бежизга ўз дуоларида Яратгандан юртга тинчлик, халққа фаровонлик тиламайди. Чунки бу неъматлар энг олий неъматлардир.
Аллоҳ таоло барчамизга тинчлик ва хотиржамликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо қилишимизни насиб қилсин, мустақиллигимиз ва тинчлигимизни бардавом қилсин, осойишталигимизни ҳамиша барқарор айласин, осмонимизни мусаффо этсин!
У.Исақбоев,
Гурлан тумани “Нур Саид эшон бобо” масжиди имом-хатиби
http://zamaxshariy.uz