muslim.uz
Умр сарҳисоби
Кунларнинг бирида Абу Жаҳл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: “Эй Муҳаммад! Сен дунёдаги энг хунук одамсан” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўғри айтдингиз”, дедилар. Мусулмончиликни қарангки, ул зот Абу Жаҳлнинг кўнгли оғримасин деб табассум билан чиройли жавоб қилдилар. Кунлар ўтиб ёнларига Абу Бакр разияллоҳу анҳу келиб: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ойга қарадим, бир сизнинг муборак юзингизга қарадим, сизнинг юзингиз ойдан-да чиройли экан” дедилар. Расули акром соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига ҳам: “Тўғри айтдингиз” дедилар. Қарангки, Абу Жаҳлни хунук деган гапларини маъқуллаган зот ҳазрат Абу Бакрнинг гапини ҳам хушмуомалалик ва табассум ила тасдиқладилар. Олимлардан бунинг маъноси сўралганда: “Ул зот ойина эдилар, ким ул зоти бобаракотга қараса ўзини кўрар эди” дейдилар.
Ҳақиқатан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барчамиз учун ойина эдилар, қайси биримиз у кишининг ҳаётига қарасак, ҳаётимиз учун энг зарур ва керакли нарсаларнинг барчаси топилади.
Венадаги дорулфунуннинг ҳуқуқшунослик факултети декани, профессор Шибрил 1927 йилда бўлиб ўтган ҳуқуқ анжуманида қуйидагиларни айтган: “Башарият Муҳаммад алайҳиссаломдек кишининг ўзига мансублигидан фахрланади. У киши, ўқиш-ёзишни ўрганмаганига қарамай, бундан ўн уч аср аввал биз европаликлар икки минг йилдан кейин эришсак ҳам бахтли бўладиган қонунларни келтирган”.
Дарҳақиқат, бизнинг фахримиз бўлган зотнинг гўзал сўзларию гўзал хулқларидан ўзимизнинг ҳаёт дастурхонимизни безатишга барча нозу неъматлар топилади. У зот келтирган шариатдан нафақат биз мусулмонлар, балки бутун инсониятнинг ҳаётига фойдали нарсалар топилади. Инглиз тарихчиси Вилз ўзининг “инсоният тарихи ифодалари” китобида: “Европа ўзининг идоравий ва тижорий қонунлари бўйича Исломдан қарздордир”, дейди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келтирган шариат, ҳамма вақт инсониятнинг фойдаси учун хизмат қилган ва қилиб келмоқда. Бу шариат инсоннинг ҳар бир ҳаёт лаҳзасини ҳисоб-китоб қилишга чақиради. Бу ўтиб кетаётган умрда нималар қилганимизни ва қилаётганимизни англамоққа чақиради. Исломнинг тўртинчи халифаси, жаннат башорати берилган зот, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яқин дўсти ва қайнотаси бўлган ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: “Ҳисоб-китоб қилинишингиздан олдин ўзингизни ҳисоб-китоб қилинг, амалларингиз ўлчанишидан олдин ўлчаб кўринг” деганлар. Улар жаннат башоратини олган бўлсалар ҳам, доимо амалларининг ҳисоб-китобини қилишган.
Бизнинг улуғ зотларимиз ҳаётининг ҳар бир лаҳзасини ғанимат билган, ҳар бир дақиқада қалбларини Аллоҳга боғлаб юрганидан, бизлардан ана шундай улуғ зотлар чиққан. Улар ўзларидан бирор манфаат қолдириш мақсадида ҳаракат қилган. У зотлар доимо бир-бирларига ёрдамчи бўлган.
Аллоҳ таоло: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли Зотдир” (Моида сураси, 2-оят), деб амр қилган.
Улуғларимиз ҳар бир кўрган нарсаларидан ўзлари учун ибрат олишган, ҳеч бир нарсага қўл силтаб кетмаган. Улар бугунларини охиргиси деб ҳаракат қилишган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Кеч кирса тонгни кутиб ўтирма, тонг отса кеч киришни кутиб ўтирма, соғлик вақтингда беморлигингда қила олмайдиган ишларингни қилиб ол, тириклигингда вафотингдан кейин асқатадиган амалларни қилиб ол” деб айтиб юрар эдилар. (Имом Бухорий ривояти)
Бизнинг ота-боболаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ҳаётларига татбиқ қилиб юришган. Шунинг учун ҳам уларни дунё танийди. Чунки улар ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини китоб мутолаасига бағишлаганлар. Агар биз ҳам китобга қарасак, ўзимизнинг ҳаётимизни гўзал амаллар билан бой этамиз.
Бир шоир: “Америкага борганимда беҳад китоб, беҳад кино. Бунча китобни ким ўқийди-ю бунча кинони ким кўради? деб сўрадим. Улар айтишдики, “Юқори табақага мансуб, бой-бадавлат кишилар китоб ўқийди. Чунки уларга ақл керак. Вақтини нимага сарфлашни билмайдиганлар кино кўради”, дейди.
Бизнинг юрт алломаларининг, шиорлари битта бўлган: “Дил баёру, даст ба кор” мана шу шиор билан дунё бизнинг алломаларимизни танийди. Агар биз китобни дўст тутсак, қалбларимизни Аллоҳнинг зикрига машғул қилсак ва ўтатётган умримизни ғанимат билсак, биздан кейинги тарих бизни гўзаллик билан эслайди.
Дилшод АЛИЕВ,
“Боло Ҳавз” масжиди муаззини
http://www.naqshband.uz/makolalar/umr-sarhisobi
Малайзияда анжуман ўтказилади
Шу йилнинг 18-19 сентябрь кунлари Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида Малайзия миллий университети шариат ва фалсафа факультети Малайзиядаги мусулмонлар халқаро жамияти билан ҳамкорликда Ислом дини моҳиятини теран англаш ва соҳадаги илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш мавзуларида анжуман ўтказилади. Бир қатор етук тадқиқотчилар ва академиклар иштирокидаги ушбу анжуман ҳар беш йилда бўлиб ўтади.
Шунингдек, ушбу анжуманда қуйидаги мавзуларда мақолалар қабул қилинади:
- Ислом фалсафаси ва шариат;
- Ислом ва ёшлар;
- Ислом ва маданият;
- Ислом ва таълим;
- Ислом ва санъат;
- Ислом ва инсон ҳуқуқлари;
- Ислом ва Қуръон;
- Ислом ва Ҳадис;
- Ислом ва замонавий алоқа воситалари;
- Исломнинг тилшунослик ва цивилизацияга муносабати.
Мақолалар 2018 йилнинг 15 июнь кунига қадар қабул қилинади. Мақоланинг инглиз тилидаги қисқача мазмунини Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра. электрон манзилига юбориш мумкин.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.
Волидасидан айрилган инсон кечинмаси
Бир танишим яқинда бошидан ўтган кўнгилсиз воқеалардан сўз очиб қолди: “Онам қазо қилдилар... Таъзия маросимларини ўтказиб ишга чиқдим. Касбдошларимдан бири мени кўрди-ю юзимга бир муддат тикилиб:
– Вой-бўй, мунча озиб кетибсиз, айрилиқ сизни анча чўктирибди. Ранг-рўйингиз ҳам бир аҳвол. Жигарингиз ҳам оғрирди-а? Дўхтирга бир кўрининг, бунақада йиқилиб қоласиз! – деди.
Бу гаплар юрагимга тиғдек ботди. Ерга қарадим, ўпкам тўлиб, кўзимга ёш келди. Жудолик ўтида ёнган юрагимга яна қалов ташланган эди. Хонамга жимгина йўл олдим. Қўшни хонадан кучли қаҳқаҳа эшитилди. Бу қадрдон дугонамнинг овози эди. Вужудим титраб кетди. Онам ҳаётлигида у бизникига кўп келган. Онамнинг пазандалиги, чеварлиги, қўли очиқлиги, меҳмондўстлигини мақтаб чакаги ёпилмас эди. Байрамларда онагинам дугонамга кичкина бўлса ҳам совға ҳозирлаб қўярди, унинг ҳақига дуолар қиларди. Вақти келиб онам тўшакка михланиб қолди, ўшанда негадир дугонамни сўради. Балки соғингандир, балки бир кўнгилдош излагандир. Ҳарҳолда уни сўраб-сўраб қўйди. Бу вақтда дугонам дунё ташвишлари билан елиб-югурарди. Таъзияга ҳам келолмади. Кейин билсам, Тошкентга тўйга кетган экан. Балки у хабарсиздир…”
Суҳбатдошимга таскин бердим. Сўнг ҳаётимизда тез-тез кузатиладиган бу каби ҳолатлар ҳақида ўйга толдим. Ҳақиқатан, баъзида бировларнинг сўзи у ёқда турсин, хатти-ҳаракатлари, қилиқлари ҳам кўнгилга беихтиёр озор беради. Самимият эса кишига катта куч, ирода бахш этади. Яхши сўзда меҳр, анчайин бир қудрат бор. Айтайлик, маҳзун юзли, беморликни бошдан кечирган танишингизни кўрдингиз. Кун сайин ранги тиниқиб, саломатлиги яхшиланиб бораётганини чин дилдан айтдингиз – унинг кўнглига яхши тилаклар индирдингиз. Аслида, ўзи бу қадар соғлом, куч-ғайратга тўла эмасдир. Лекин сиз уни умидсизлик исканжасидан қутқариб оласиз. Арзимасдай кўринган меҳр-оқибатингиз хайрли бўлади, иншоаллоҳ.
Атрофга разм солиб, ҳаётни кузатинг. Дабдабаю асъасалар ичра юрган кимсаларга, турмуш ташвишлари билан андармон одамларга эътибор беринг. Оқибат ва оқибатсизликнинг турфа манзараларини, кўнгил сўралмаган фурсатларнинг изларини илғайсиз. Жуда кичкина бўлса-да, вақтида берилган кўмак, чин юракдан айтилган оддийгина лутфу карам, тамасиз хайрихоҳлик ҳам далдага муҳтож кўнгилларга мустаҳкам таянч бўлишини ҳис этасиз.
Маъмура АБДУРАҲИМОВА
Нафсин енга олган барчадан ғолиб
* * *
Тил боис одамлар душман ёки дўст,
Ошкор этиб бўлмас неки кўрса кўз.
Баъзан ҳақиқат ҳам ёқмас барчага,
Баъзан қалқон бўлар айтилмаган сўз.
* * *
Аллоҳ кам этмасин ақлий қувватда,
Не савдо кечмайди бошдан ҳаётда.
Минг машаққат чекиб, эзилган чоқ ҳам
Руҳингни сақлай бил мувозанатда.
* * *
Эй ўғил, хулқингда нуқсон кам бўлсин,
Не ишга қўл урсанг, ақл жам бўлсин.
Ҳаёт ўтхонаси ичра тоблангин,
Ироданг темирдек мустаҳкам бўлсин.
* * *
Гоҳида енгилар ёлғонларга рост,
Ҳар ким тўн бичади ўз жисмига мос.
Тиконни босамиз гоҳида кўрмай,
Баъзан ақлимизни енгар эҳтирос.
* * *
Дунё ишларига боқсанг кўз солиб,
Ҳаёт муаллимдир, барчамиз толиб.
Майдонда кучини кўрсатган эмас,
Нафсин енга олган барчадан ғолиб.
* * *
Покликка чақириб ҳар саҳар, ҳар тун,
Виждонинг ҳайқирар балиқдай беун.
Ҳаётнинг энг олий дарсхонасида
Эътиқод синови ўтади ҳар кун.
* * *
Чарақлаган каби само юлдузи
Доим кулиб турар яхшининг кўзи.
Шаббода гул баргин титратганидек,
Одоб белгисидир қизарса юзи.
* * *
Кўкда қуёш бўлиб меҳр бер дилга,
Мард бўлиб оқизгин дарёни чўлга.
Барча орзуларинг бўлсин ижобат,
Манзилни белгила чиқмасдан йўлга.
* * *
Кимдир нур қадрини кўзга илмайди,
Нодон ўз ҳаёти қадрин билмайди.
Инсондан аяма ҳароратингни,
Жаҳонда эримас муз топилмайди.
* * *
Катта йўлнинг боши сўқмоқдан,
Бошланади дарёлар тоғдан.
Оғир ишдан бурма юзингни,
Қўрққин ҳатто кичик гуноҳдан.
* * *
Отингга қамчи бос, ғафлатда қолма,
Жабҳалар аро кир, курашдан толма.
Ярим йўлда қолмоқ ярашмас мардга,
Зафарга етмасдан ноғора чалма.
* * *
Елга соврилади номарднинг суқи,
Нишонга тегади ботирнинг ўқи.
Пастда қолаверар ҳасад қилганлар,
Забт этганни қучиб олқишлар чўққи!
* * *
Кузги дарахтлардек бўлмагин сўлғин,
Доим ҳаракатда қувватга тўлгин.
Қариликни йўлдан чалғитмоқ бўлсанг,
Завқли меҳнат билан ошино бўлгин.
Рашидхон ШУКУРОВ
Қўқон
Ноанъанавий услубдаги масжид қад ростлади
Динлараро бағрикенгликни ривожлантириш мақсадида Сиднейда 99 қуббадан иборат масжид қурилди. Австралия пойтахтида қад ростлаган ажойиб меъморий ечимли иншоотнинг архитектори Анжело Кандалепас мақтовга сазовор бўлишдан кўра, масжид динлараро бағрикенгликни тарғиб этишига умид боғлаган.
Си-эн-эн ахборот порталининг хабарига кўра, 2018 йилнинг Рамазон ойида очилиши кўзда тутилган масжид лойиҳасида бу ерга ташриф буюрадиган ҳар бир меҳмонга қулай шароит бўлиши ҳисобга олинган.
2017 йилнинг сентябрь ойида ўтказилган Сидней архитектура фестивалида масжид қурилиши тугалланмаган бўлса-да, архитекторлар иншоотни кўздан кечириб, ўз фикрларини билдиришди. Бу антиқа масжиднинг қурилишига 9 млн. АҚШ доллари маблағ ажратилган бўлиб, ташқи қиёфаси замонавий-ноанъанавий услубда барпо этилмоқда.
“Замонавий-ноанъанавий услубдаги масжиднинг қурилиши бу – янги масжидлар қурилиши учун лицензия олиш муаммоларининг ҳал этилишидир. Сўнги йилларда масжид қурилиши учун лицензия олиш жуда қийин эди, аммо бахтимизга ушбу масжид қурилиши шаҳар кенгаши томонидан тез фурсатда ҳал этилди”, деди Закария Мэтьюз.
Алишер САТТОРОВ
тайёрлади