muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 01 Январь 2018 00:00

Олимнинг шукронаси кўпроқ бўлади...

Мисрда икки бекзода бор эдилар. Бириси илм ўрганди ва бириси мол жам қилди. Охирул амр илм ўргангани алломаи замон бўлди ва мол йиққани ҳокими Миср бўлди. Бу ҳолда ҳокими Миср бўлғони ҳақорат назари билан олим бўлғон биродариға назар қилди ва дедики: “Мен салтанатқа етиштим, ваҳоланки сен қадимгидек зиллатда қолдинг”.

Олим биродари айди: “Эй биродар, Аллоҳ таолонинг неъматининг шукри менинг зиммамда кўпроқдур, зероки пайғамбарлар меросини топтим, яъни илмни. Сен эса Фиръавн ва Ҳомоннинг меросини топтинг, яъни салтанати Мисрни”.

Оёқ остида қолғон мўрдурман,

Қачон ниш ургувчи занбурдирман.

Бу неъмат шукриға бўлдум сазовор,

Биҳамдуллоҳ, эмасман мардумзор.

 

Шайх Саъдий Шеърозийнинг “Гулистон”идан

Воскресенье, 31 Декабрь 2017 00:00

Жаҳон саҳнасини қачон забт этамиз?..

Кино санъати тарбия воситалари ичида энг таъсирчан соҳалардан саналади. Айниқса, маданиятлар тўқнашуви ва мафкуралар ўртасидаги кураш авжига чиққан, ёшларнинг қалби ва онгини эгаллаш учун турли кучлар ўртасида рақобат кескин тус олган паллада энг оммавий санъат бўлган кино беқиёс тарғибот воситаларидан бирига айланди. Шу боисдан бу санъат ҳар доим давлатимиз эътиборида бўлиб келмоқда. “Ўзбеккино” миллий агентлиги ва унинг тизимидаги ижодий ташкилотларнинг самарали фаолият юритиши борасида фармонлар, қарорлар қабул қилинади, ҳар йили соҳа ривожи учун давлат бюджетдан жуда катта миқдорда маблағ ажратилади. Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 7 августдаги “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда кино санъати ва киноиндустриясини изчил тараққий эттириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасида муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда.

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида миллий кино санъати ва киноиндустриямизни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва бу борада мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда ҳудудларда кинотеатрлар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш билан боғлиқ ишлар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. 1996 йилга қадар мамлакатимизда мавжуд бўлган 342 та қишки ва ёзги кинотеатрларнинг 323 таси ўтган йиллар мобайнида хусусийлаштирилиб юборилгани, уларнинг асосий қисми савдо мажмуаси, тўйхона, бозорга айланиб кетгани, бугунги кунда мулкчилик шакли турлича бўлган 176 та кинотеатрдан 8 таси авария ҳолатида экани, 65 таси жиддий таъмирталаб бўлиб, қолганларининг деярли ярми фаолият кўрсатмаётгани айтилди.

Дарҳақиқат, кинотеатрлар хусусийлаштирилиб юборилмасдан фаолиятини замон талабларига мослаштириб борганида бугунги кунга келиб том маънода маърифат ва маънавият марказига айланган бўлар эди. Зотан, у ерда фақат бадиий фильмлар намойиш этилмайди. Маърифий анжуманлар, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бўлган ҳужжатли фильмлар, саҳна асарлари ҳам намойиш этилади. Ўша, хусусийлаштириб юборилган кинотеатрлар ўрнида унинг ўрнини босадиган ҳеч нима қурилмади. Натижада ҳозирда кўплаб қишлоқ ва туманларда катта йиғинлар ўтказиладиган бинолар йўқ. Борлари ҳам кинотеатрларда бўлган шароитга эга эмас.

Давлатимиз раҳбари Ёшларимизни истиқлол ғояси руҳида тарбиялашга кўмаклашадиган, бой тарихимиз, буюк аждодларимизнинг бетимсол жасорати, замондошларимизнинг фидокорона меҳнатини акс эттирадиган, уларни ёрқин образларда тасвирлаган фильмлар кўриш ҳақидаги орзуларини амалга ошириш йўлида барча куч ва имкониятларини ишга солишлари лозимлигини таъкидлади.

Шуни ҳам тан олиш керакки, киноиндустрияси ҳар доим ОАВ нигоҳида танқид қилишга ўнғай соҳа бўлиб келган. Хусусан, “Ўзбеккино” миллий агентлигида ишланган бадиий фильмлар билан хусусий киностудияларда ишланган фильмларни фарқламайдиган қаламкашлар иккаласини аралаштириб уриб кетаверади ва танқидий фикрларига “Ўзбеккино”ни мўлжал қилиб олади.

Лекин, инсоф билан айтганда, мамлакатимиз киноиндустрияси фаолияти камчиликлардан ҳам холи эмас. Ана шундай хато ва камчиликларни кўрсатиб берган давлатимиз раҳбари соҳа мутахассисларига мурожаат қилар экан, “Нега Имом Бухорий ҳақида фильм йўқ? Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Имом Насафий ҳақида нега фильм ишланмаяпти? Биз Ислом цивилизация марказини қуряпмиз. Исломни тараннум этиш жуда катта тарбия воситаси. Фильмлар ишланса, уни масжидларда ҳам кўрсатса бўлади. Биз шу орқали Бухорий, Термизий, Мотуридий ва Насафий боболаримизнинг қилган ишларини одамларга етказамиз. Биринчидан, онгимиз ўзгаради. Иккинчидан, биз ўз устимизда ишлаш орқали атрофимизда муҳит яратамиз ва одамларни ёмон иллатлардан сақлаб, ижодга йўналтирамиз. Энг асосийси, биз ўзлигимизни англамас эканмиз, айтилган гапларни меъёрига етказа олмаймиз”,  деди.

Бинобарин, корейсларнинг “Сарой жавоҳири” деган табиб аёл ҳақидаги сериалини роса маза қилиб томоша қилдик. Чунки сериал катта маҳорат билан ишланган. Ҳатто уни кўриб баъзилар табиблик ҳам қилаётганини эшитдик. Маълум бўлишича, тарихда Тангем деган табиб аёл бўлмаган экан, у умумлашма образ экан. 2013 йил олмонлар “Лекарь: Ученик Авиценны” деган фильм ишлади. Фильмни шу қадар катта маҳорат билан ишлаганки, ҳеч қачон ҳаётда бўлмаган, Ибн Синони кўрмаган одамни Ибн Синога шогирд тушиб табобат илмида ундан ҳам илгарилаб кетганига томошабинни ишонтириб қўйган. Бизда ростакам табибнинг ўзи бор. Аммо у ҳақида ишланган кино йўқ.

Ҳолливудда ишланган “Шерюрак”, “Гладиатор”, “Ватанпарвар” ва шу каби машҳур киноларнинг бош қаҳрамонлари прототиплари бизнинг ватанимизда ҳақиқатан яшаб ўтган Томир она, Широқ, Спитамен, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур, Бобур Мирзо, Намоз Баҳодир, Дўкчи Эшон, Генерал Жўрабекларнинг тиззасидан ҳам келмайди. Аммо бизнинг киноижодкорлар улар ҳақида олган фильмлар Ҳолливудда ишланган фильмларнинг тўпиғига ҳам етмайди. 

Президентимиз тилга олган Бухорий, Термизий, Мотуридий, Насафий... каби мўътабар зотларнинг сиймосини кинода жонлантириш эса янада катта масъулият, профессионализмни талаб қилади.

Шунинг учун ҳам давлат ажратадиган ижодий грантлар учун ўтказиладиган танловларда хусусий студияларнинг иштироки ўзига хос соғлом ижодий рақобатни юзага келтиради, деди давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида барча соҳалар қатори миллий киноиндустриямизни ҳам инновацион ёндашувлар асосида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди.

Биз буюк халқимизни улуғламоқчи, Ўзбекистон номини бутун дунёга тараннум этмоқчи эканмиз, бу ишни биринчи навбатда кино санъати ёрдамида амалга оширишимиз керак. Айнан кино санъати орқали жаҳон экранларини забт этишимиз мумкин. Бунинг учун яна бир бор куч ва имкониятлар, ижодий салоҳиятни ишга солишимиз керак, деди пировардида давлатимиз раҳбари.

Ҳақиқатан, турк киноижодкорлари ишлаган Азиз Маҳмуд Худойи ва бошқа улуғлар ҳақидаги киноларни томоша қилган одам жуда қаттиқ таъсирланади. Кўп вақтлар ўша фильм таъсирида юради, ўша азизларнинг зиёратларига боргиси келади, имконини топганлар боради ҳам. Бу ҳақда кечаги “Сарҳисоб” танлови йиғилишида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам тўхталиб ўтдилар. Биз ҳам ана шундай таъсирчан кинолар ишласак – ҳам ўтган аждодларимизнинг руҳини шод этамиз, ҳам халқимизнинг, ёшларимизнинг тарбиясини юксалтирамиз ҳамда Ватанимизга зиёрат туризмига келувчиларнинг сони кўпайишига ҳисса қўшамиз.

Воскресенье, 31 Декабрь 2017 00:00

Икки тилда сўзлашувчи бир халқмиз

Ўзбекистон – кўп миллатли мамлакат. Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Бу Конституциямизда белгиланган “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар” деган қоиданинг ҳаётий ифодасидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бундан бир йил аввал – 2016 йил 14 декабрда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида “мамлакатимизда ҳукм сураётган миллатлар ва фуқаролар тотувлиги, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини кўз қорачиғидек сақлаш ҳамда мустаҳкамлашни ўзимнинг устувор вазифам, деб ҳисоблайман”, деб таъкидлаган эди. Давлатимиз раҳбарининг ўтган бир йил давомидаги жўшқин фаолиятида бунга барчамиз гувоҳ бўлдик. Яқинда эса Президентимиз Парламент палаталарига Мурожаатномасида ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб берди. Уларни бажаришда эса биз – миллий маданий марказлар вакиллари ҳам ўзимизни масъул деб билиб, фаоллик кўрсатишимиз зарур.

Самарқанд вилоятида истиқомат қилаётган тожик миллатига мансуб аҳолининг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ўз миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаши ва ривожлантириши учун кенг имкониятлар яратилган.

Айни пайтда вилоятдаги 37 умумтаълим мактабида ўқувчиларга ўзбек тили билан бирга тожик тилида сабоқ берилмоқда. 20 дан ортиқ мактабда таълим тожик тилида олиб борилади. Ўқувчилар давлатимиз томонидан зарур дарслик ва ўқув қўлланмалар билан таъминланган. Юртимиздаги нуфузли олий таълим муассасаларидан ҳисобланган Самарқанд давлат университетида тожик филологияси факультети фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, ушбу даргоҳнинг олти бўлимида тожик тили гуруҳлари мавжуд бўлиб, ҳар йили ўнлаб юқори малакали мутахассислар тайёрланмоқда.

Вилоят ҳокимлиги муассислигида тожик тилида “Овози Самарқанд” газетаси чоп этилади. Яна бир қатор туманлар газеталарида тожик тилида ҳам материаллар берилади. Вилоят телерадиокомпанияси ҳамда “Самарқанд-СТВ” телевизион ижодий уюшмаси теле ва радиоканалларида тожик тилида махсус кўрсатув ва эшиттиришлар эфирга узатилади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Ўзбекистон Бадиий академияси вилоят бўлимлари билан ҳамкорликда тожик тилида ижод қилаётган шоир ва ёзувчиларнинг китоблари, ранг-тасвир асарлари тақдимотини ўтказиш анъанага айланган. Жумладан, 2017 йилда 10 дан ортиқ ижодкорнинг асарлари тақдимотини ўтказдик. Самарқанд шаҳридаги Рўдакий ҳайкали ўрнатилган майдонда эса турли миллатлар вакиллари иштирокида мушоиралар ташкил этилади.

Ўзбек ва тожик халқлари тили бошқа бўлса-да, байрамлари, анъана ва урф-одатлари, маросимлари деярли бир хил. Шу боис барча байрамлар, муҳим саналарни биргаликда нишонлаймиз. Тўй-маърака, тадбирларни бирга ўтказамиз. Аслида, биз икки тилда сўзлашувчи битта халқмиз.

Фурсатдан фойдаланиб, юртимизда яшаётган барча миллат ва элатларни Янги йил байрами билан табриклайман. Илоҳим, аҳиллигимизга, ишонч ва самимийликка асосланган дўстлигимизга кўз тегмасин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Абдуваҳоб ВОҲИДОВ, Самарқанд вилояти тожик миллий маданий маркази раиси.

Манба: УзА

Воскресенье, 31 Декабрь 2017 00:00

САБРНИНГ ОЛТИ УСТУНИ

Сабр бахту саодатга эриштиради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: «Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!», деб  марҳамат қилган (Оли Имрон сураси, 200-оят).

Бинобарин:

  1. Ҳар бир банда синовга дучор бўлувчидир. Зотан, бу дунё – синов майдони. Ундаги синовлар бири ортидан тўхтамай иккинчиси, учинчиси... етиб келаверади. Ҳаёт аслида ана шундай битмас-туганмас имтиҳонлар ҳалқасидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда огоҳлантириб: «Сизларни бир оз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)!” дейди (Бақара сураси, 155-оят).
  2. Синов бандаларнинг тоқатига қараб бўлади. Чунки «Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди» (Бақара сураси, 286-оят).

Пайғамбарлар ҳаммадан кўра кўпроқ азият чеккан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Инсонлар ичида мусибати энг оғири пайғамбарлардир. Сўнгра уларга эргашган солиҳлар, ундан сўнг ўшаларга эргашган солиҳларга бўлади”, деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Албатта, Аллоҳ таоло ризқ миқдорига қараб ёрдамчиларни туширади. Бало даражасига қараб сабрни туширади, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

  1. Мусибатларга сабр қилувчилар учун улкан ажру мукофотлар бор. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларни, албатта, жаннатда остидан анҳорлар оқиб турадиган кўшкларга жойлаштирурмиз. Улар у ерда мангу қолурлар. (Яхши) амал қилувчиларнинг (қиёмат куни оладиган) мукофоти нақадар яхшидир! Улар сабр қилган ва ёлғиз Парвардигорларигагина таваккул қиладиган зотлардир» (Анкабут сураси, 58-59-оят).
  2. Ҳар бир қийинчилик ортидан албатта енгиллик келади.

Раббимиз ҳеч бир бандасига бирор синов юбормайдики, унинг ортидан яхшиликлар, муваффақиятлар келмаса. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир» (Шарҳ сураси, 5-6-оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кенгчиликда Аллоҳни танигин, У ҳам сени қийинчилик пайтида танийди. Билгинки, сенга етмаган нарса, сенга етадиган эмас эди. Сенга етган нарса, сенга етмайдиган эмас эди. Албатта, нусрат (ғалаба) сабр билан бирга, албатта, шодлик ғам ила бирга, қийинчилик енгиллик билан бирга бўлади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Сабр қилувчиларга Аллоҳ таолонинг чексиз неъматлари етиши ҳақдир: «Бас, (эй, Муҳаммад!) Сабр қилинг! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир...» (Рум сураси, 60-оят).  

  1. Ҳар бир синов замирида Аллоҳнинг ҳикмати бор.

Албатта, Аллоҳ таоло бандаларига ўта меҳрибон ва раҳмлидир. Аллоҳ бандаларига бирор ёмонликни раво кўрмайди. Синовлар орқали Аллоҳ ўз бандаларини синаб, Ўзига яқин қилади ва гуноҳларни мағфират этади. Муваффақиятларга эришиш учун машаққат талаб қилинганидек, Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун ҳам синовларга сабр қилиш лозим.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Яхшиликлар катта синовлар билан келади. Қачонки Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, Аллоҳ ўша бандага бир синовни юборади. Агар банда синовга сабр қилса, Аллоҳнинг раҳматига эришади, аммо сабрсизлик қилса Унинг ғазабига дучор бўлади”, деганлар.

  1. Синовлар келишига имонда бўлиш. Инсон ўзига етган мусибатни Аллоҳ таолонинг ҳузуридан эканини билса, унга қалби ила рози бўлади. Ҳар қандай синовларни розилик билан қабул қилиш мусибатларни енгишнинг гўзал муолажасидир. Аксинча, синовларга ношукрлик қилиш, жазавага тушиш мусибат устига мусибатдир. Зеро, ношукрликнинг ўзи энг катта мусибат.

Дарҳақиқат, мусибатнинг албатта келишини Раббимизнинг ўзи бизга хабар қилиб, унга тайёр бўлиб туришимиз зарурлигини қуйидагича огоҳлантиргандир: «Хоҳ ерга ва хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллоҳга осондир» (Ҳадид сураси, 22-оят).

Энди ана шунга ҳам қарамасдан, озгина мусибат етса ҳам жазавага тушиш кўрнамакликдан ўзга нарса бўлмайди ва Аллоҳ таолонинг ғазабини қўзғайди.

Даврон НУРМУҲАММАД

Воскресенье, 31 Декабрь 2017 00:00

Меҳр-мурувват – миллий фазилат

28 декабрь, пайшанба куни имом-хатиблар учун ташкил этилган “маънавият соат”ларининг 2017 йилдаги охирги машғулоти ўтказилди.

Унда “Меҳр ва мурувват – миллий фазилатимиз” мавзуида маънавият ва маърифат марказининг шаҳар ва туман бўлими раҳбарлари имом-хатиблар билан суҳбатлашди.

Шунингдек, бош имомлар йил давомида олиб борган ишлар сарҳисоби бўйича имом хатибларга маълумотлар берилди. Эришилган ютуқлар, камчиликлар борасида тўхталиб ўтилди. Хулосалар чиқарилди, янги йил учун режалар муҳокама этилди.

Одатга биноан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг қаламига мансуб “Сўраган эдингиз” ҳамда марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайнинг “Кифоя” китобидан маълум миқдор ўқилиб, мулоҳаза юритилди.

Таъкидлаш жоизки, роппа-роса бир йилдан бери давом этиб келаётган “маънавият соат”лари натижаси ўлароқ имом-хатибларимизнинг диний билимлари бирмунча ўсди ва вилоятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга доир фаолликлари сезиларли даражада жонланди, бу борадаги кўникма ва тажрибалари мустаҳкамланди.

“Маънавият соат”ларини янги 2018 йилда янада сермазмун тарзда олиб бориш режалаштирилган.

 

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги

Мақолалар

Top